Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 6 / Эътироф

«Ўзтадбиркорэкспорт» тадбиркорга жаҳон бозорига чиқишга ёрдам беради

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодиётнинг мутаносиблиги самарасида юртимизда ишлаб чиқариш ҳажми ошиб, экспорт қилинаётган маҳсулотлар таркиби ва сифати яхшиланиб бормоқда. 2012 йилда экспорт ҳажми 11,6 фоизга ўсиб, экспорт таркибида тайёр товарлар улуши 70 фоиздан ошгани бунинг тасдиғидир.

Бундай юқори натижаларга эришишда экспорт қилувчи корхоналар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани муҳим омил бўлаётир. Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг жаҳон бозорига чиқишида «Ўзтадбиркорэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси ўз ҳиссасини қўшмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 24.08.2011 йилдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4354-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг «Марказсаноатэкспорт» давлат-акциядорлик ташқи савдо компанияси қошида ташкил этилган мазкур компания кичик бизнес вакилларининг маҳсулотларини сертификатлаштиришга ёрдамлашиш, реклама тадбирларини ўтказиш, халқаро ярмарка ва кўргазмаларда иштирок этиш бўйича маслаҳатлар бериш, рақобатбардош товарларни жаҳон бозорларига етказиш орқали уларнинг мамлакатимиз иқтисодиёти ва ташқи савдодаги улушини янада кўпайтириш йўналишларида фаолият олиб бормоқда.

Компания ваколатхоналари бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудида фаолият кўрсатмоқда. Уларда ҳудудий корхоналар ва маҳсулотлар бўйича электрон база яратилгани янги хорижий шериклар билан ҳамкорлик доирасини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

«Ўзтадбиркорэкспорт» компанияси 2012 йилда ўз маҳсулотларини хорижга сотиш истагини билдирган 123 тадбиркорнинг ташқи бозорга чиқишига кўмаклашди. Мисол учун, компания ёрдамида Тошкент шаҳридаги «Vkusnof Trade» ҚК қадоқланган қовурилган кунгабоқар пистаси ва ерёнғоқ, «White Machine Technology» ҚК «Artel» савдо белгиси билан чиқарилаётган телевизор ва газ плиталари, «Culminal Invest» ҚК ПВА елими, Жалақудуқ туманидаги «Алёртекс» ҚК ип калава, пойтахтимиздаги «Зебунисо она» ХК карамель, шоколад ва печеньелар, Қашқадарё вилоятидаги «Chiroqchi Kvars» ишлаб чиқариш корхонаси кварц қумини экспорт қилишни йўлга қўйди.

Ҳозир экспорт қилинаётган маҳсулотлар тури ва географияси изчил кенгайиб, 20 га яқин мамлакатга турли қурилиш материаллари, пластмасса буюмлари, полиэтилен қувурлар, сархил ва қуритилган мева-сабзавот ҳамда полиз экинлари экспорт қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 25.08.2011 йилдаги «Бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1604-сон қарори тадбиркорларни ортиқча оворагарчиликдан халос қилиш ва маҳсулотларини экспортга чиқариш борасида янада кенг қулайликлар яратишга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2011 йил 1 октябрдан бошлаб экспортга етказиб бериш билан боғлиқ ҳужжатларнинг божхона расмийлаштируви, декларация қилиш, сертификатлаштириш, санитария-эпидемиология назорати жараёнлари «бир дарча» тамойили асосида амалга оширилмоқда.

– Тадбиркорлар бизга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулот, унинг йиллик миқдори, нархи, турини кўрсатади, – дейди «Ўзтадбиркорэкспорт» ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси директорининг ўринбосари Акмалхон Олимхонов.

«Ўзтадбиркорэкспорт» компанияси деҳқонларимиз етиштирган маҳсулотларни дунёнинг исталган бурчагига етказиб беришга тайёр. Ўзбекистон ноз-неъматлари ўзининг хуштаъмлиги, қуёш нурида пишиб етилгани учун ниҳоятда қадрланади. Фақат маҳсулотни чет эллик истеъмолчиларга дид билан қадоқлаб, замонавий, киши эътиборини тортадиган идишларда тақдим этиш керак. Ўтган йили 20 хил мева ва сабзавот, полиз экинлари ҳамда уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган 50 турдаги маҳсулот ташқи бозорларга чиқарилди.

Хорижда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларимизга ҳам талаб юқори. Шу боис компания томонидан бундай маҳсулотлар тўғрисида чет эллик харидорларга кенг маълумот бериш ва уни етказиб беришда қулайлик яратиш мақсадида он-лайн режимидаги халқаро интернет магазин яратилди. Унга бешик, ўтов, лавҳ, сурнай, рубоб, доира, чинни буюмлар, миллий либослар, хуллас, экспорт қилиш учун рухсат этилган барча буюмлар тўғрисида маълумотлар жойлаштирилган. Сайтда 66 тилда маълумотлар мавжуд бўлиб, дунёнинг исталган мамлакатидаги одамлар ўзи учун зарур маҳсулотга буюртма бериши ҳамда банк орқали пул тўлаб харид қилиши мумкин.

«Ўзтадбиркорэкспорт» компанияси 2013 йилда ҳам экспорт билан шуғулланувчи корхоналар ва маҳсулот турларини кўпайтириш мақсадида кичик бизнес субъектлари билан ҳамкорликда тижорат таклифлари тайёрламоқда. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда жаҳон андозаларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, иқтисодиётимизни барқарор суръатларда ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатимизда илғор технологиялар асосида етиштирилаётган олмани замонавий совутгичли омборда сақлаб, экспорт қилиш бир гектар майдондан ўртача 50 минг доллар миқдорида даромад келтирар экан. Айни вақтда Ўзбекистонда етиштирилаётган олма, анор, узум, ўрик, хурмо, олхўри ва қовун-тарвуз дунё бозорига кенг кириб бормоқда.

ЎзА материаллари асосида тайёрланди.

Прочитано: 2574 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика