Norma.uz
Газета СБХ / 2026 год / № 36 / Пенсия иши

Санаторийга йўлланма, бола туғилганда бериладиган нафақа, поезд ва автобус чипталари ҳақида...

 

Пенсиядан кейинги стажга қайси даврлар киритилиши мумкин?

 

– Бундай даврлар фақат I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси олувчиларнинг иш стажига қўшиб ҳисобланади (Низом 51-б., 13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом). Бунда пенсияни қайта ҳисоблаш фуқаронинг аризасига кўра икки йилда бир марта иш стажи ва ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейин олинган иш ҳақи ҳисобга олинган ҳолда, бир йиллик иш стажи мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади. Қайта ҳисоблаш фуқаро пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилган санадаги белгиланган ёшга нисбатан талаб қилинган иш стажидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллигига чалиниш оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлигида бўлган вақт ёшга доир ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини тайинлашда стажга қўшиб ҳисобланади.

Ёшга доир пенсия тайинлангандан кейинги ишлаган вақти пенсияни ҳисоблаш учун стажга қўшилмайди. Аммо уни тайинлаш учун бирламчи мурожаат қилишда тақдим этилмаган қўшимча ҳужжатлар тақдим этилса, қайта ҳисоб-китоб қилинади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 49-м., 03.09.1993 й. ЎРҚ-938-ХII-сон, кейинги ўринларда – Қонун).

 

Пенсияга чиқишда қандай иш ҳақи ҳисобга олиниши мумкин?

 

– Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилувчининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади (592-сон Низом 78-б.).

Пенсияни ҳисоблаш учун пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг ўн икки бараваридан ортиқ бўлмаган суммадаги ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинади.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун ўртача ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар умуман мавжуд бўлмаган ҳолларда пенсия миқдори пенсияни ҳисоблаб чиқаришнинг базавий миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (592-сон Низом 94-95-б.).

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақига, шунингдек иш ҳақининг натурал қисмига қуйидагилар киритилади:

• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бадаллари ҳисобланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар (СК 371-м.).

 

Бола туғилганда кимларга бир марталик нафақа берилади?

 

– 2024 йил 1 апрелдан бошлаб қуйидаги ҳолатларда давлат томонидан бир марталик нафақа тўланади:

• биринчи фарзанд туғилганда – барча аёлларга;

• иккинчи бола туғилганда – бола туғилган пайтда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оила аъзоси бўлган аёлларга.

Қолган барча ҳолларда нафақа тўланмайди.

Нафақа олиш учун аризани давлат хизматлари марказларида ёки ЯИДХП орқали топшириш мумкин (20.10.2023 й. 550-сон ВМҚга 4-илова).

 

Касалхонадан чиқиб, Россияга кетдим. Аммо кейин Ўзбекистонга қайтиб келдим. Пенсия жамғармаси бўлимида энг кам пенсия ҳисобланишини, аввалги пенсия тикланмаслигини айтишди. Шу тўғрими?

 

– Қонунчиликда илгари тайинланган пенсия тўловини тиклаш назарда тутилмаган. Хусусан, бошқа давлатдан келган шахснинг, шу жумладан илгари Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетган шахснинг пенсия ҳужжатлари йиғмажилди ҳисобга олинганда, у бошқа давлатда пенсия олган-олмаганлигидан қатъи назар, пенсия ҳисобга олиш тўғрисида мурожаат қилинган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади ва Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилинган кундан бошлаб тўланади (592-сон Низом 106-б.).

 

Ўз томорқасида ишлаётганлар меҳнат стажига эга бўлиши мумкинми?

 

– Ҳа, шахсий томорқа ер участкалари эгалари меҳнат стажини ҳисоблаш учун ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлашлари мумкин. Илгари бу имконият фақат 0,04 гектар ер участкаси, йирик шохли қорамол ёки 50 бош парранда мавжуд бўлгандагина берилар эди. Эндиликда Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга (16.06.2023 й. ЎРҚ-847-сон) кўра, шахсий томорқа ер участкаларининг эгалари ёки уларнинг шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган ёхуд ушбу майдонда чорвачилик, иссиқхона хўжалиги, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик билан шуғулланаётган оила аъзолари – уларга тегишли томорқа ер участкасининг майдонидан ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар, меҳнат стажини ҳисоблаш учун ижтимоий солиқни ихтиёрий тартибда тўлашлари мумкин (СК 408-м. 2-қ.).

 

Ҳозир пенсия тайинлашда аёлнинг бола парвариши таътилида бўлган йиллари ҳисобга олинадими? Бу умумий меҳнат стажига қандай таъсир кўрсатади?

 

– Ҳа, албатта, пенсия олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига бола 3 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, бироқ жами кўпи билан 6 йил қўшиб ҳисобланади (592-сон Низом 27-б.).

 

Пенсионер поезд ёки шаҳарлараро автобусга бепул чиптани қандай олиши мумкин?

 

– Темир йўл транспорти ёки шаҳарлараро автобусга бепул чипталар бериш ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга тақдим этилади.

«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази бундай шахсларни «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимидаги махсус реестрга (Реестр) киритади. Реестрга киритилган пенсионерларга ва уларни бевосита ҳамроҳлик қилувчи шахсга бир йилда бир марта бепул темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратилади.

Бепул йўл чиптасини расмийлаштириш учун ёлғиз яшовчи, шунингдек ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бўлинмалари, автовокзалларнинг мансабдор шахсига ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этишлари керак (04.11.2024 й. 733-сон ВМҚ).

 

Кексалар ва ногиронлар санаторийда даволаниш учун йўлланмани қаердан ва қандай олишлари мумкин?

 

– Йўлланма олиш учун фақат ДХМ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш мумкин. Белгиланган шакл бўйича сўровномани тўлдириш кифоя. Ушбу давлат хизматини кўрсатиш учун йиғим ундирилмайди.

Йўлланмалар қуйидагиларга тақдим этилади:

а) ҳар йили:

• қуйидаги шахсларга:

– уруш ногиронларига тенглаштирилганларга;

– республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчиларга;

– Чернобиль АЭСдаги ҳалокати оқибатида жабрланганлар ва нурланиш касаллигига чалинганлар, шунингдек ногирон бўлиб қолганларга;

– ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга;

– ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексаларга;

б) икки йилда бир марта:

– уруш фахрийларига тенглаштирилган шахсларга;

– ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинларига (бева эрларига);

– I ва II гуруҳ ногиронларига, I гуруҳ ногиронларини парвариш қилувчи шахсларга;

в) уч йилда бир марта:

– ёшга доир пенсия олувчиларга (19.11.2021 й. 693-сон ВМҚ).

 

БУНИ БИЛИШ КЕРАК

 

ТЎЛОВДАН ОЗОД ҚИЛИНАДИ

 

Низомнинг (05.02.2016 й. 31-сон ВМҚ) 5-бандига мувофиқ тиббиёт муассасаларида овқатланиш учун тўловдан оғир касалликларга чалинган фуқаролар (31-сон ВМҚга 1-илова) ҳамда тегишли шахслар тоифаси (31-сон ВМҚга 2-илова) озод этилади:

• I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

• болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар;

• 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар;

• Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашиш натижасида ногиронлиги бўлган шахслар;

• 1941–1945 йиллардаги уруш йиллари меҳнат фронти қатнашчилари;

• байналмилалчи жангчилар;

• ғирт етимлар;

• ваколатли органларда ҳисобда турувчи ёлғиз пенсионерлар;

• 18 ёшгача бўлган болалар, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари;

• чақириқ комиссиялари хулосаларига кўра мудофаа ишлари бўлимларининг йўлланмалари бўйича 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган чақириқ ёшидагилар;

• «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланганлар;

• 1 ёшгача боласи бўлган эмизикли оналар;

• Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга қаровчи шахслар.

 

«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.

Прочитано: 235 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика