Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2025 год / № 45 / Расмий ҳужжатлар

«Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Жойларда иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш суръатларини жадаллаштириш, бу борада маҳаллий бошқарувни «аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида такомиллаштириш, туман (шаҳар) ҳокимликларининг долзарб муаммоларга тез ечим топиш борасидаги ваколатлари ва молиявий имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кўзда тутилган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида қарор қиламан:

 

I. Мақсадлар 

1. Қуйидагилар туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:

(а) «аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш» тамойилини ҳаётга тўлиқ жорий этиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимликларини аҳоли ва тадбиркорларга комплекс хизмат кўрсатувчи замонавий тузилмага трансформация қилиш;

(б) маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этишда туман (шаҳар) ҳокимликларининг маъмурий ваколатларини янада кенгайтириш;

(в) туман (шаҳар) ҳокимларининг ҳудудий ривожланишга оид устувор вазифалари ва масъулият доирасини аниқ белгилаш;

(г) ҳудудлар ўртасида ҳамкорликни ташкил этиш ва ўзаро тажриба алмашишнинг самарали механизмларини жорий қилиш.

 

II. Туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарувнинг ихчам ва натижадорликка йўналтирилган самарали тизимини йўлга қўйиш 

2. 2026 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрдаги ПҚ-298-сон қарорида белгиланган «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» мақомидаги 33 та ҳамда Сурхондарё вилоятининг қолган барча туман (шаҳар)ларида 1-иловага** мувофиқ республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинмалари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасига ўтказилсин.

3. Белгилансинки, тажриба-синов даврида:

(а) республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинмалари уларнинг амалдаги мақоми, ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари сақланган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасига ўтказилади, юридик шахс мақоми бўлмаган ташкилотлар харажатлари тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан амалга оширилади;

(б) туман (шаҳар) ҳокимлари республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинмалари (кейинги ўринларда – бўлинмалар) фаолияти устидан бевосита раҳбарликни амалга оширади, уларга юклатилган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилишини ташкил этади;

(в) туман (шаҳар) ҳокимларига:

(i) ажратилган маблағлар ва ходимларнинг белгиланган чекланган сони доирасида бўлинмаларнинг штат бирликларини мустақил тасдиқлаш ва ўзгартириш киритиш;

(ii) бўлинмалар ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, уларга нисбатан рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш ҳуқуқи берилади.

4. Тажриба-синов даврида бўлинмалар фаолиятини ташкил этишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

(а) республика ижро этувчи ҳокимият органлари:

(i) тегишли соҳаларда ягона давлат сиёсатини амалга оширади, соҳа фаолиятини мувофиқлаштиради ва тартибга солади, ҳуқуқни қўллаш функцияларини амалга оширади;

(ii) бўлинмалар фаолиятига услубий жиҳатдан кўмаклашади;

(iii) бўлинмалар ходимларининг малакасини ошириш бўйича чоралар кўради;

(iv) туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан қўйилган долзарб масалаларга тез ва аниқ ечим топиш бўйича ишларни амалга оширади;

(v) туман (шаҳар) ҳокимликларининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга кўмаклашади;

(б) республика ижро этувчи ҳокимият органларининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўлинмалари:

(i) бўлинмалар фаолияти натижаларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

(ii) бўлинмалар фаолиятини самарали ташкил қилишга кўмаклашади.

5. Белгилансинки:

(а) тажриба-синов татбиқ этилаётган туман (шаҳар) ҳокимликлари бошқарув аппаратининг тузилмаси ва штатлари туман (шаҳар) ҳокимининг тақдимномасига биноан тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади;

(б) тажриба-синов татбиқ этилаётган туман (шаҳар) ҳокимликлари бошқарув аппарати тузилмасида:

(i) ташкилий-кадр, ахборот-таҳлил, ижро назорати, ахборот хизмати, энергия менежменти, рақамлаштириш офиси, юридик хизмат ва молия-иқтисод таркибий бўлинмалари (лавозимлари);

(ii) стратегик вазифаларни ҳал этадиган, ҳокимлик фаолиятини ташкилий-техник, ахборот-таҳлил, назорат ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган, бошқарув аппарати бўлинмалари фаолиятини умумий мувофиқлаштирадиган Ижро аппарати раҳбари лавозими ташкил этилиши мажбурий ҳисобланади.

6. Тажриба-синов даврида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

(а) ҳоким ўринбосарларининг чекланган сони Сурхондарё вилояти ҳокимлигида 6 нафар, туман (шаҳар) ҳокимликларида 4 нафар этиб белгиланади;

(б) ҳокимларга ҳудудни ривожлантириш режалари, ҳудуд ихтисослашуви ва драйверларидан келиб чиқиб ҳоким ўринбосарлари масъул бўлган йўналишларни белгилаш ҳуқуқи берилади;

(в) туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосарлари тегишли ҳоким томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, бу хусусда қабул қилинган қарор туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашининг тасдиғига киритилади;

(г) ҳар бир ҳоким ўринбосари ўзи мувофиқлаштирадиган йўналиш бўйича лойиҳа гуруҳлари ташкил этиши мумкин. Бунда лойиҳа гуруҳлари:

(i) тегишли соҳаларда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мониторингини юритиш билан шуғулланади;

(ii) лойиҳа йўналишидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) ташкилотлари ходимларини жалб қилиш орқали ташкил этилади;

(д) туман (шаҳар) ҳокимликлари штат бирликлари 1 та раҳбарга камида 3 та ходим нисбатида шакллантирилади.

 

III. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳудудий ривожланиш бўйича салоҳиятини кучайтириш

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ тажриба-синов татбиқ этилаётган туман (шаҳар) ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари:

(а) самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига (KPI) тўлиқ эришган тақдирда келгуси йил учун ҳудудга «драйвер» лойиҳалар инфратузилмасини яратиш учун ажратиладиган маблағлар миқдори 15 фоизга оширилади. Бунда қўшимча маблағлар «драйвер» лойиҳалар инфратузилмасини яратиш учун режалаштирилган жами маблағлар доирасида ажратилади;

(б) самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига (KPI) эришмаган тақдирда келгуси йил учун тегишли ҳудудга «драйвер» лойиҳалар инфратузилмасини яратиш учун ажратиладиган маблағлар миқдори камайтирилади ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.

8. Стратегик ислоҳотлар агентлиги бир ой муддатда:

(а) 2026 йилдан бошлаб ҳар йили ҳар бир ҳудудда навбатма-навбат тажриба алмашиш, ҳудуд тадбиркорларининг ўзаро мулоқоти ва ҳамкорлик муносабатлари шаклланишига шароит яратиш мақсадида Ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик форумини ўтказишни назарда тутувчи тартибни тасдиқлаш;

(б) Адлия вазирлиги, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти билан биргаликда ҳудудий ривожланиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш, маҳаллий аҳамиятга эга муаммоли масалаларга ўзаро келишилган ечим топиш ҳамда ҳудудлараро тажриба алмашиш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида Ҳудудий ҳамкорлик кенгаши фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

 

IV. Ташкилий чора-тадбирлар

9. Қуйидагилар:

(а) Сурхондарё вилояти ҳокимлиги бошқарув аппаратининг тавсиявий тузилмаси 2-иловага** мувофиқ;

(б) тузилмасига республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинмалари ўтказилаётган туман (шаҳар) ҳокимликлари бошқарув аппаратининг тавсиявий тузилмаси 3.1-3.2-иловаларга** мувофиқ;

(в) Тажриба-синов даврида туман (шаҳар) ҳокимликлари бошқарув аппарати тузилмасига ўтказилаётган республика ижро этувчи ҳокимият органлари туман (шаҳар) бўлинмаларининг штат бирликлари 4-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

10. Адлия вазирлиги ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги 2026 йил 1 июнга қадар:

(а) Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузган ҳолда ва жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш натижалари асосида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасини;

(б) маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари функцияларининг очиқ реестрини шакллантириш ва уни доимий юритиш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини;

(в) Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти билан биргаликда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг малакали экспертларини ҳамда халқаро ташкилотларнинг молиявий-техник кўмагини жалб этган ҳолда 2030 йилга қадар давлат бошқарувини номарказлаштириш стратегиясини тасдиқлашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

 

V. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

11. Бошқарув самарадорлиги агентлиги:

(а) доимий равишда тажриба-синов натижаларини ўрганиб борсин ҳамда унинг таҳлили, янги тизимни такомиллаштириш ва бошқа ҳудудларда жорий қилиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борсин;

(б) Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда туман (шаҳар) ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари раҳбарлигидаги комиссияларни хатловдан ўтказиб, самарасиз фаолият юритаётган комиссияларни тугатиш ёки бошқа давлат органларига ўтказиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

12. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда тажриба-синов ўтказилаётган туман (шаҳар)ларда ҳокимликлар иш фаолиятини ташкил этиш бўйича вақтинчалик тартибни тасдиқласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги «Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ­ПҚ-2691-сон қарорига 3-илованинг «Бошқарув ходимларининг чекланган сони» устунида:

(а) 2-позициядаги «66» рақами «71» рақами билан алмаштирилсин;

(б) «Жами» позициясидаги «868» рақами «873» рақами билан алмаштирилсин.

14. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2025 йил 21 октябрь

ПФ-186-сон.

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.10.2025 йилдан кучга кирди.

**Ушбу Фармонга 1–4-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

 

 

Прочитано: 193 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика