Пенсияни тиклаш, паспортни алмаштириш, санаторийга йўлланмалар, имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқи ҳақида...
Кўпинча «аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатлами» деган иборани эшитамиз. Ушбу тоифага айнан кимлар киради?
– Ўтган йили Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари учун давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматларни кўрсатиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (06.08.2024 йилдаги 484-сон ВМҚ) қабул қилинди, унда Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари классификатори тасдиқланди. Унда 101 та субъектдан иборат рўйхат мавжуд бўлиб, 10 та асосий гуруҳга бўлинган – булар:
• ўзгалар парваришига муҳтож кишилар;
• ногиронлиги бўлган шахслар;
• одам савдосидан жабрланган шахслар;
• тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар;
• муайян яшаш жойиша эга бўлмаган шахслар;
• психоактив моддаларга қарам бўлган шахслар;
• оғир (қийин) ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёллар;
• фавқулодда вазиятлардан жабрланган шахслар;
• озодликдан маҳрум қилиш жойларидан озод қилинган шахслар;
• оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болалар.
Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларининг муайян тоифасига мансубликни текшириш шахснинг ёзма аризаси асосида ўтказилади.
Пенсионер холам ўғлиникидан (Россия) қайтди. Пенсия фонди унга кетганидан уч ой кейин пенсия тўлашни тўхтатди. Пенсия олишни қандай тиклаш мумкин? ПЖга бориш керакми, ёки аэропортдан фейсназорат пенсионернинг қайтганлиги тўғрисида маълумот бериб, пенсия тўлови автоматик равишда давом эттириладими?
– Ўзбекистонга қайтгандан сўнг пенсионер ёки унинг қонуний вакили ПЖ бўлимига ариза ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат қилиши керак ва шунда пенсия тўлови тикланади (Низом 159-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – 592-сон Низом). Шу билан бирга, пенсионер томонидан ўз вақтида талаб қилинмаган пенсия суммалари унга тўлаб берилади, лекин уни олиш учун мурожаат қилишдан олдинги 24 ойдан кўп бўлмаган муддатга (592-сон Низом 156-б.).
Онамнинг паспорт муддати октябрь ойи охирида тугайди. У соғлиғи туфайли ҳозирча паспортни ID-карта билан алмаштиришга топшира олмайди. Паспорт муддати тугагандан кейин бир ой ичида алмаштириш мумкинлиги тўғрими? Унга бу ой учун пенсия бериладими?
– Ҳақиқатан ҳам, паспорт муддати тугагандан ёки фамилия, исм, отаси исми, туғилган йили ва миллати ўзгарганидан сўнг фуқаро бир ойлик муддатда паспортни ID-картага алмаштириши шарт (Низом 11-б., 05.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонга 1-илова). Агар кекса киши маълумотларни йиғиш пунктига мустақил равишда бора олмаса, у ўзи ёки ўзининг қонуний вакили орқали (оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда) ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пункти масъул ходимига мурожаат қилиши мумкин, у 15 кун муддатда мурожаат қилувчининг яшаш жойига чиқиб ID-картани расмийлаштиради ва беради. Бунда кўрсатилган хизмат учун қўшимча ҳақ олинмайди (Низом 13-б., 22.09.2020 йилдаги ПФ-6065-сон Фармонга 1-илова).
Паспортни ID-карта билан алмаштириш пенсия тўловини тўхтатиш ёки тўхтатиб туришга сабаб бўлмайди.
Менга бола туғиш ва тарбиялаш вақти ҳисобга олинмади, бу даврда ҳеч қаерда ишламаганлигимга ҳавола қилдилар. Шу тўғрими?
– «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (03.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ) 37-моддаси биринчи қисми «ж» кичик бандига мувофиқ меҳнат стажига фақат болани 3 ёшга тўлгунга қадар парвариш таътилидаги вақт, лекин жами 6 йилдан кўп бўлмаган давр киритилади. Бу давр иш берувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ расмийлаштирилади.
Шунга мувофиқ, 592-сон Низомнинг 12-банди «в» кичик бандига кўра пенсионернинг аризасига болани уч ёшга тўлгунгача парваришлаш вақтини тасдиқловчи маълумотнома – аёл болани туғиш пайтидан уни уч ёшга етказишгача давр ичида меҳнат муносабатларида бўлган ташкилот (ташкилотлар) томонидан берилган, болани парваришлаш таътили берилганлиги ва ундан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқлар нусхалари илова қилинган ҳолда тақдим этилиши зарур.
Кимлар ҳар йили санаторийга йўлланма олиши мумкин?
– Қуйидаги шахслар ҳар йили йўлланма олишлари мумкин: уруш ногиронларига тенглаштирилган шахслар; республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчилар; Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган, шунингдек ногирон бўлиб қолган шахслар; ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсионерлар; ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар. Икки йилда бир марта: уруш ветеранларига тенглаштирилган шахслар; ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинлари (бева эрлари); I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, I гуруҳ ногиронларини кузатиб борувчи шахслар (19.11.2021 йилдаги 693-сон ВМҚ). Ёшга доир пенсия олувчиларга йўлланмалар уч йилда бир марта берилади.
Билишимча, имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқининг шартларидан бири меҳнат шароитларини баҳолашдир. Иш жойидаги меҳнат шароитларини қандай тоифалар бўйича баҳолайдилар?
– Имтиёзли пенсиялар 1, 2 ва 3-сонли ишлаб чиқариш, муассаса, иш, касб, лавозим ва кўрсаткичлар рўйхатларининг 9–12-моддаларига мувофиқ тайинланади (12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚ).
Меҳнат шароитларининг мувофиқлигини баҳолашда қуйидаги кўрсаткичларга эътибор берилади:
• меҳнат шароитларининг гигиена нормативларига мувофиқлиги;
• иш жойларининг жароҳатланиш хавфлилиги;
• ходимларнинг ШҲВ (шахсий ҳимоя воситалари) билан таъминланганлиги;
• меҳнат шароитларини комплекс баҳолаш. Биринчи икки позиция бўйича тегишли меҳнат шароитлари класси берилади. Меҳнат шароитини комплекс баҳолаш эса синфлар баҳоси натижалари ва ишчиларнинг ШҲВ билан таъминланганлигини ўз ичига олади (Низом 24, 46-б., 15.09.2014 йилдаги 263-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Эслатиб ўтаман, махсус стаж меҳнат шароитлари бўйича иш жойларини аттестациялаш натижалари билан тасдиқланади. Камида иккита аттестация натижаси бўлиши керак. Агар меҳнат шароитлари класси талаб этилган баҳога мос келмаса, имтиёзли пенсия ҳуқуқи пайдо бўлмайди.
«Саховат» интернат уйларига кимлар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва интернат уйларга қабул қилишни рад этишга нима сабаб бўлиши мумкин?
– 17.09.2021 йилдаги 575-сон ВМҚга мувофиқ «Саховат» интернат уйлари қуйидаги фуқаролар тоифасига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатувчи давлат тиббий-ижтимоий муассасаларига киради:
• Ўзбекистонда доимий яшовчи;
• Оила кодексининг 57-моддасига мувофиқ улар ҳақида ғамхўрлик қилиши шарт бўлган биринчи даражали қариндошлари ёки васийлари бўлмаган ёлғиз кексалар;
• 18 ёшга тўлган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
• ўзгалар парваришига муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз кексалар.
«Саховат» интернат уйларига қабул қилишни рад этишга сабаб бир қатор касалликлар мавжудлиги бўлиши мумкин:
• бир ойда 5 мартадан кўп тутқаноқ хуружлари содир бўладиган эпилепсия, мунтазам эпилептик тутқаноқларга мойиллик;
• жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;
• юқумли тери ва соч касалликлари;
• ўткир юқумли касалликлар;
• руҳий касалликлар ва бошқалар.
Чет элга кетган пенсионер пенсия тўловини қайта тиклаш учун қандай маълумотнома тақдим этиши керак?
– Агар пенсионер Ўзбекистон ҳудудидан кетгандан сўнг уч ойдан кўп муддатда қайтмаса, пенсия тўлови тўхтатиб турилади. Бундай бўлмаслиги учун, пенсионер турган мамлакатдаги Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллигида ишончнома расмийлаштириши керак. Шунингдек ушбу мамлакат ҳудудида доимий яшаш ва пенсия ёки ижтимоий нафақа олиш ҳолатининг мавжуд эмаслигини маълумотнома билан тасдиқлаши керак.
Маълумотнома намунаси билан яшаш жойидаги ПЖ бўлимида танишиш мумкин.
Маълумотнома консулликнинг гербли бланкида бўлиши керак. Унинг мазмуни қуйидагича бўлади (намуна):
Нью-Йоркдаги Ўзбекистон Республикаси Бош консуллиги Ўзбекистон Республикаси фуқароси фамилияси, исм-шарифи (туғилган санаси, ой, йил, паспорт рақами берилган – берилган сана, манзил: Тошкент шаҳридаги доимий рўйхатдан ўтиш манзили, АҚШда грин карта асосида турганлиги) тақдим этилган ҳужжатларга кўра АҚШ Ижтимоий суғурта хизмати (Сервиси)дан пенсия, нафақа ва имтиёзлар олувчи эмаслигини тасдиқлайди.
Маълумотнома талаб этилган жойга тақдим этиш учун берилди.
Консул муҳри ва имзоси.
Ҳарбий хизматчи қандай ҳолатларда уруш ногирони деб ҳисобланади?
– Ҳарбий хизматчи ҳарбий хизмат мажбуриятларини (хизмат мажбуриятларини) бажариш вақтида яраланиш, контузия олиш, майибланиш ёки касалланиш туфайли ногирон бўлса, уруш ногиронига тенглаштирилади. Шунингдек, ички ишлар органлари ва ДХХ ходимлари ҳам уруш ногиронларига тенглаштирилади, агар уларнинг ногиронлигининг сабаби тинчлик ўрнатувчи кучлар таркибида қатнашиш ва ҳарбий ҳаракатлар кетаётган мамлакатларда байналмилал бурчларини адо этиш бўлса. Ўқув машғулотлари ёки текшириш учун йиғинларига чақирилган ва ушбу йиғинларда ўз хизмат бурчларини бажараётиб яраланиш, контузия олиш, майибланиш ва касалланиш натижасида ногирон бўлганлар ҳам ушбу тоифага киради (592-сон Низомга 2-илова «ж»-«и» кичик б.).
Зафаржон Хўжаев, «Норма» эксперти.
Маълумот учун!
Ҳозирда пенсия олиш ҳуқуқини Пенсия жамғармасига бориб ТАСДИҚЛАТИШ зарурати йўқ.
Маълумот учун!
МАХСУС СТАЖ – қонунчиликка мувофиқ халқ хўжалигининг маълум тармоқлари, касблари ва лавозимларида имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берувчи меҳнат фаолияти давомийлиги.
