Norma.uz

Маълумотномалар, нафақалар, ўзини ўзи банд қилганлар учун пенсиялар ва доимий яшаш жойига чиқиб кетиш ҳақида…

 

Бизда 04.04.1973 йилда туғилган ходима бор. У 01.09.1990 йилдан 1995 йил июнгача ТошДУда кундузги таълимда ўқиган. 16.08.1995 йилдан 31.01.2011 йилгача мактабда математика ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Ушбу даврда икки марта умумий ҳисобда тўрт йиллик давомийликдаги болани парваришлаш таътилида бўлган. 25.09.2017 йилдан 31.07.2024 йилгача – 6 йилу 9 ой – вабога чалинганларни даволовчи муассасада кадрлар бўйича инспектор бўлиб ишлаган. 01.08.2024 йилдан буён ҳозирги вақтга қадар «Way II Management» МЧЖда ишлайди.

Бизнинг ходимамиз 52 ёшда, яъни 2025 йил апрелда, юқорида айтилган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда имтиёзли пенсияни расмийлаштириши мумкинми? 52 ёшда имтиёзли пенсияни расмийлаштириш учун зарурий меҳнат стажига ТошДУда ўқиган вақти кирадими? Пенсия жамғармасига мурожаат қилганда унга «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддасига асосан рад жавоби берилган.

 

– Талаб этиладиган 20 йиллик стажга ўқиш ҳам, болани парваришлаш таътили ҳам киради (Қонун «е», «ж» б.), ва, агар унда ҳақиқатан ҳам умумий иш стажи 23 йил, махсус стаж эса 6 йилдан ортиқ бўлса, Пенсия жамғармаси пенсия тайинлашни рад этишга ҳақли бўлмайди.

Вазиятни аниқлаштириш учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Ижроия қўмитасига ёки судга мурожаат қилишингизни тавсия этамиз.

 

 

Пенсия масаласи билан шуғулланишни бошладим. Аниқланишича, базада 2004 йилдан кейин ҳеч нарса акс эттирилмаган, фақат охирги 10 йил бор холос. Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларни йиғяпман.

«Норма» ва GisInfo да 12.01.2011 йилдан 30.04.2014 йилгача (асосий иш жойи тариқасида) ишлаганман. Тегишли равишда, 2011–2014 йиллар учун иш ҳақи тўғрисида маълумотнома керак. Бундай маълумотномани қандай олиш мумкин?

– Меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқлайдиган асосий ҳужжат ҳисобланади (592-сон Низом 56-б.). Тегишли равишда, сиз иш стажини тасдиқлаш учун қўшимча бўладиган иш ҳақи тўғрисида тегишли маълумотномани олиш учун иш берувчига мурожаат қилишга ҳақлисиз.

Шунингдек жисмоний шахслар ташаббус тартибида мустақил рақишда ЯММТга ўзларининг аввалги иш жойлари ҳақидаги маълумотларни киритишлари мумкин. Бунда киритилган маълумотлар Пенсия жамғармаси томонидан ёзувлар киритилганидан кейин 15 кун ичида верификация қилиниши (тасдиқланиши) лозим (Низом 54-б., 05.12.2019 йилдаги 971-сон ВМҚга 1-илова).

Ишламайдиган фуқаролар «ЯММТ» ИДАКга ўзларининг меҳнат дафтарчаларига мувофиқ меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни киритиш учун Бандликка кўмаклашиш ва камбағалликни қисқартириш бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин. Бунда маълумотлар жисмоний шахснинг шахсий идентификацияловчи рақами орқали киритилади.

 

 

Стажи бўлмаган шахсларга нафақа тайинланади деб эшитдим. Бундай нафақани олиш учун нима қилиш керак?

– Стаж мавжуд бўлмаганда ёшга доир нафақа тайинланади:

• эркакларга – 65 ёшга тўлганда;

• аёлларга – 60 ёшга тўлганда;

• болалигидан ногирон бўлган болаларни тарбиялаётган оналарга – 55 ёшга тўлганда.

Нафақа Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали ариза берилганда Пенсия жамғармаси томонидан тайинланади.

Нафақа тўлови ҳар ойда Пенсия жамғармаси бўлими томонидан белгиланган муддатларда, бироқ тўлов тўланадиган жорий ойдан кечикмасдан амалга оширилади (23.03.2023 йилдаги 119-сон ВМҚ)

 

III гуруҳ ногиронларига пенсия тўланиши лозимми?

– Ногиронликнинг III гуруҳи белгиланган шахсларга (2011 йил 1 январдан кейин такрорий тиббий кўрикдан ўтказилгандан сўнг ногиронликнинг III гуруҳи белгиланган шахсларга) ногиронлик пенсияси тайинланмайди ва тўланмайди, Чернобиль ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлигини олган шахслар бундан мустасно (592-сон Низом 150-б.).

 

Болалар нафақасини расмийлаштиришда қандай ҳужжатлар керак бўлади?

– Болалар нафақаси ва моддий ёрдам олиш учун қуйидагилар керак бўлади:

• ариза (оиланинг муомалага лаёқатли исталган аъзоси ариза билан мурожаат қилиши мумкин);

• ариза берувчи ва оила аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси паспорти ёки ID-карталари (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);

• чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);

• болалари васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органи қарорининг нусхаси илова қилинади;

• оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари ҳақидаги маълумотлар;

• ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни МБ томонидан «Ягона реестр» АТга тақдим этиш тўғрисида оилада бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзолари билан тасдиқланган ариза. Моддий ёрдам 6 ой мобайнида тўланади (Низом, 21.10.2021 йилдаги 654-сон ВМҚга 1-илова).

 

Пенсияни расмийлаштиришда ўриндошлик бўйича иш жойидан иш ҳақини тақдим этиш зарурми?

– Пенсияни ҳисоблаш учун ПҲБМнинг 12 бараваридан ошмайдиган суммадаги ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинишини (Қонун 31-м. 6-қ.) ҳисобга оладиган бўлсак, сиз, агар асосий иш жойи бўйича иш ҳақидан ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи ПҲБМнинг 12 бараваридан кам бўлса, ўриндошлик бўйича иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишингиз мумкин.

Ўриндошлик бўйича иш стажига келадиган бўлсак, у пенсия миқдорини оширмайди. Агар даврлар бир вақтнинг ўзида бир даврга тўғри келса, пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун иш стажига пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг хоҳишига кўра фақат бир давр қўшиб ҳисобланади (592-сон Низом 28-б.). Бироқ, агар сиз асосий иш жойи бўйича иш стажини тасдиқлай олмасангиз, лекин сизда ўриндошлик жойи бўйича тасдиқлар мавжуд бўлса, ушбу маълумотлар ҳисобга олинадиган иш стажини ошириши мумкин.

Шунингдек ҳисобга олиш лозимки, келгусида пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдорига чеклов ошириш томонига ўзгартирилиши мумкин. Бундай ҳолатда пенсия йиғмажилдида қўшимча иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлиги келгусидаги пенсиянинг миқдори ошишига олиб келиши мумкин.

 

Агар II гуруҳ ногирони ишлайдиган бўлса, унга ушбу давр ёшга доир пенсияни тайинлашда иш стажига қўшиладими?

– Ҳа, бундай даврлар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўйича пенсия олувчиларнинг иш стажига қўшиб ҳисобланади. Дарвоқе фуқаронинг аризаси асосида иш стажи ва иш ҳақи инобатга олинган ҳолда пенсия ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаб чиқилади. Бунда пенсияни қайта ҳисоблаш фуқаро пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилган санадаги белгиланган ёшга нисбатан талаб қилинган иш стажидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлигида бўлинган вақт ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади.

Фақат ёшга доир пенсия тайинланганидан кейинги ишланган вақт пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун стажга қўшиб ҳисобланмайди (26.10.2022 йилдаги ЎРҚ-795-сон).

 

Ўзини ўзи банд қилган шахслар қачон пенсияга чиқиши мумкин?

– Ўзини ўзи банд қилган шахслар Ўзбекистоннинг барча фуқаролари сингари ёшга доир пенсияга қуйидаги тартибда чиқишга ҳақли:

• эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;

• аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда (Қонун 7-м.).

 

Агар шахс вафот этган бўлса, унинг ШЖБПҲдаги жамғармалари Пенсия жамғармасида қоладими?

Йўқ, бундай эмас. Фуқаро вафот этган тақдирда, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 17-м., 02.12.2004 йилдаги 702-II-сон ЎРҚ).

 

Божхоначиларнинг оила аъзоларига қандайдир нафақа берилиши лозим экан, деб эшитдим. Шу тўғрими?

– Ҳақиқатан ҳам, божхона органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш турлари «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонунда (18.10.2018 йилдаги ЎРҚ-502-сон) назарда тутилган. Хусусан, ижтимоий ҳимоя қилиш қуйидагилар орқали таъминланади: соғлиғини сақлаш; меҳнатига ҳақ тўлаш; уй-жой майдони билан таъминлаш; мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш; давлат пенсия таъминоти; давлат суғуртаси; ижтимоий ёрдам кўрсатиш (ЎРҚ-502-сон Қонун 25-м.).

Шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларининг шахсий таркиби ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига (29.12.2023 йилдаги 700-сон ВМҚ) мувофиқ қуйидаги ҳолатларда оила аъзоларига нафақа тўланиши назарда тутилган:

• ходим Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлганда, марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва махсус унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида;

• ходим хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлганда (вафот этганда), 100 баравари миқдорида.

Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган (етказилган) ходимга:

• оғир тан жароҳати олганда (етказилганда) ходимнинг маошлари йиғиндисининг 50 баравари миқдорида;

• ўртача оғир тан жароҳати олганда (етказилганда) ходимнинг маошлари йиғиндисининг 20 баравари миқдорида.

 

 

Пенсия олиш учун ўзимда мавжуд пластик картадан фойдаланишим мумкинми?

Йўқ, мумкин эмас. Пенсия ва нафақа олувчилар учун банк пластик картасининг алоҳида тури очилади.

 

P.S. 1 октябрдан пенсионерлар хоҳишларига кўра ёшга доир пенсияни, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ижтимоий картага ўтказишлари мумкин.

Бироқ, 2027 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий тўловлар мажбурий тартибда фақатгина ижтимоий карталарга ўтказилади (27.12.2024 йилдаги 897-сон ВМҚ).

 

Аёл доимий яшаш учун РФга чиқиб кетяпти. Пенсия тайинланганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни олиб кетиши шартми?

– Ўзбекистон Республикаси билан пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатларга, доимий яшаш учун кетаётган фуқароларга тайинланган пенсия ёки қўшимча тўловлар турар жойидан рўйхатдан чиққан ойнинг охиригача тўлиқ миқдорда тўланади (592-сон Низом 163-б.).

Бунда Пенсия таъминоти соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг фуқаролари ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида 1992 йил 13 мартдаги Битим қатнашчилари бўлган давлатларга ва ижтимоий таъминот (пенсия таъминоти) тўғрисида икки томонлама шартномалар қатнашчилари бўлган давлатларга доимий яшаш учун жўнаб кетаётган шахснинг пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди, агар аҳдлашаётган давлатлар томонидан ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса, Пенсия жамғармаси бўлими томонидан пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдидан аввал нусха олинади ва пенсионер (ишончли вакил)нинг аризасига асосан пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди шахсан қўлига берилади ёки пенсия олувчининг янги яшаш манзили бўйича почта орқали жўнатилади (592-сон Низом 191-б.).

 

Зафаржон Хўжаев, «Норма» эксперти.

 

Маълумот учун!

Ижтимоий солиқ фаолиятни ЮРИДИК ШАХС ТАШКИЛ ЭТМАГАН ҲОЛДА, оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширувчи оила аъзоларининг доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағида очилган шахсий ғазна ҳисобварағига ТЎЛАНАДИ.

Прочитано: 139 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика