Norma.uz

Чиқинди ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаганда истеъмолчи қайта ҳисоб-китобни талаб қилиши мумкинми?

 

Сифатсиз коммунал хизматлар кўрсатилганлиги учун қонун ҳужжатларида ушбу хизматларни етказиб берувчиларнинг жавобгарлиги назарда тутилган. Тарафларнинг мажбуриятлари шартномада белгиланган ва истеъмолчи хизматлар лозим даражада кўрсатилишини талаб қилишга ҳақли. Иссиқлик, газ, электр энергияси етказиб бериш ва сув таъминотига келадиган бўлсак, фуқаролар жуда фаол бўлмаса-да, хизматлар лозим даражада кўрсатилмаганда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқдалар. Агар улар коммунал маҳсулотнинг белгиланган нормативлари бузилганини исботлаб бера олсалар, етказиб берувчи тўловни қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт. Бу чиқиндининг олиб чиқиб кетилишига тааллуқли бўлса-чи? Масалан, оператор чиқиндини бир ҳафтада олиб чиқиб кетмайди. Бакларга яқинлашиб бўлмайди – тўлиб тошиб кетади, уларнинг атрофида чиқиндилар сочилиб ётади, бадбўй ҳид, пашшалар, каламушлар тўлиб кетади, санитария ҳолатини айтмаса ҳам бўлади. Истеъмолчилар бундай вазиятларда ҚМЧларни олиб чиқиб кетиш бўйича оператордан ўз мажбуриятларини бажармаганлиги учун қайта ҳисоб-китоб қилишни талаб қилишлари мумкинми?

Қандай ҳужжатларга амал қилиш керак?  

 

– Бундай вазиятда истеъмолчи «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга (26.04.1996 йилдаги ЎРҚ-221-I-сон, кейинги ўринларда – Қонун) ва Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидаларига (6.02.2019 йилдаги ­95-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – Қоидалар) амал қилиши керак.

Истеъмолчининг лозим даражада сифатли хизматларни олишга бўлган ҳуқуқи Қонуннинг 8-моддасида белгиланган. Агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса, ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини талаб қилишга ҳақли (Қонун 19-м.).

Чиқинди мунтазам равишда олиб чиқиб кетилмаган тақдирда, бу талаб қандай ишлайди? Истеъмолчининг ҳаракатлари тартиби Қоидаларда белгиланган. Бундай вазиятларда умумий ёндашув қуйидагича: ҚМЧларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича тегишли бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганда ёки хизмат кўрсатилмаган тақдирда истеъмолчи тегишли давр учун тўловлардан озод этилади (Қоидалар 33-б.).

 

Истеъмолчининг ҳаракатлари

• Бундай вазиятлар аниқланган ҳолатларда хизматлар кўрсатилмаганлиги ёки тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганлиги ҳолатини тасдиқловчи далолатнома тузилади. Ушбу далолатнома истеъмолчи, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг вакили, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ККУ бошқаруви вакили томонидан имзоланади.

• Далолатнома маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш учун асос ҳисобланади.

• Далолатнома истеъмолчи, хизмат кўрсатувчи ташкилот, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ККУ бошқаруви вакилларининг имзолари бўлгандагина ҳақиқий ҳисобланади.

• Хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг вакили келмаган тақдирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ККУ бошқаруви вакилининг имзоси етарли ҳисобланади.

• Хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг вакили далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда у ушбу далолатномага имзо қўйишдан бош тортганлик сабабларини далолатнома тузилган куннинг ўзида ёзма равишда асослаши шарт.

Акс ҳолда истеъмолчи ҚМЧларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловларни суд қарори қабул қилингунига қадар тўхтатишга ҳақлидир (Қоидалар 34-б.).

 

Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги чиқинди тўплаш шохобчаларидан – бир кунда бир маротаба ва якка тартибдаги турар жой секторидан «сигнал» усулида – уч кунда бир маротабани ташкил қилади (Қоидалар 16-б.).

ҚМЧларни олиб чиқиб кетиш жадвали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишилган ҳолда белгиланади, бунда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ маиший чиқиндиларни сақлашнинг чекланган муддати ўтиб кетмаслиги лозим (Қоидалар 17-б.).

Хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан ҚМЧларни олиб чиқиб кетиш жадвалига риоя қилинмаган ҳолатларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ККУ бошқаруви органлари ёки бошқа шахслар оператив тартибда ҚМЧларни олиб чиқиб кетиш чораларини кўриш учун хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг диспетчерлик хизматига буюртманома беришга, шунингдек Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органларига мурожаат қилишга ҳақли (Қоидалар 18-б.).

Прочитано: 502 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика