Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 46 / Расмий ҳужжатлар

«Пахта хом ашёсини етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Пахта хом ашёси етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш ҳамда маҳсулотни чуқур қайта ишлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. 2022 йил ҳосилидан бошлаб пахта хом ашёсини етиштиришни ва пахта йиғим-теримини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағларидан молиялаштиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:

а) пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-теримини имтиёзли молиялаштириш пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликлари орқали амалга оширилади;

б) тижорат банклари томонидан Жамғарма ресурслари ҳисобидан қуйидагилар учун имтиёзли кредитлар ажратилади:

пахта-тўқимачилик кластерларига пахта етиштириш учун – пахта хом ашёси қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 24 ойга, шу жумладан, 18 ойлик имтиёзли давр ва 19-ойдан бошлаб сўнгги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;

Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта хом ашёси етиштириш учун – пахта хом ашёси қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 14 ойга;

пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта йиғим-теримини молиялаштириш учун – пахта хом ашёси қийматининг 20 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ойга, шу жумладан, 3 ойлик имтиёзли давр билан.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра пахта-тўқимачилик кластерларига пахта хом ашёси хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб учун 12 ойгача муддатга миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Жамғарма ҳисобидан компенсация тўланади. Бунда, якуний ҳисоб-китоб учун ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича компенсация харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилади.

3. Белгилансинки:

2023 йил ҳосилидан бошлаб пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларининг пахта ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш тегишли ҳосил йили учун олдинги йилнинг 1 октябридан бошланади;

пахта хом ашёсини етиштириш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерларига ажратилган имтиёзли кредитлар пахта хом ашёси етиштириш билан боғлиқ агротехник тадбирларни молиялаштириш учун фермер хўжаликларига йўналтирилади, бундан пахта-тўқимачилик кластерларига улар томонидан ижарага олинган қишлоқ хўжалиги ерларида пахта хом ашёсини етиштириш учун ажратилган кредитлар мустасно;

пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларига пахта хом ашёси етиштириш учун олдиндан тўлов пул шаклида амалга оширилади. Бунда, олдиндан тўловни натура шаклида амалга оширишга йўл қўйилмайди;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, техника ва техника хизматларига (ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларидан ташқари) оид масалалар, шу жумладан, уларни импорт қилишни мустақил ҳал қилинади, бунга ҳар қандай тарзда аралашиш тақиқланади.

4. Жамғарма томонидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланилиши ва кластерларнинг молиявий ҳолати устидан доимий мониторингни ташкил этиш мақсадида Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига Жамғарма таркибида 5 штат бирлигидан иборат бўлим ташкил этилсин.

Жамғармага ўзи томонидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланилишини аудит ва бизнес консалтинг ташкилотларини шартнома асосида жалб қилган ҳолда аудитдан ўтказиш ҳуқуқи берилсин.

5. Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар пакетини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

товар омборларига қўйиладиган талаблар, товар омборлари фаолиятини ташкил этиш ва сақлаш учун берилган мол-мулк бўйича томонлар мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш тартиби, шунингдек, қатъий ҳисобда турувчи омбор гувоҳномасига қўйиладиган талаблар;

омборга сақлаш учун берилган мол-мулк миқдори, тури, сақлаш муддати ва бошқа маълумотларни акс эттирувчи Омбор гувоҳномаси ягона реестрини яратиш ҳамда унда тадбиркорлик субъектлари, тижорат банклари ва давлат бошқаруви органлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини йўлга қўйиш.

Тижорат банкларига мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган қонунчилик ҳужжатлари қабул қилингунга қадар, кредитлаш учун пахта-тўқимачилик кластерларининг ип-калава захирасини, башарти ушбу захира қарз мажбуриятларидан ва гаровдан ҳоли бўлган тақдирда, гаровга олиш тавсия этилсин. Бунда, гаровга қўйилган ип-калава захиралари гаровга олувчи тижорат банкининг розилиги асосида тасарруф этилади.

6. Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва молия вазири ­Т.А.Ишметов қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ тадбирларни узлуксиз молиялаштириш учун 2022 йилда Жамғармага Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 5 триллион сўм беғараз молиявий ёрдам ҳамда Жамғарманинг асосланган ҳисоб-китобларига кўра 7,5 триллион сўмгача бюджет ссудаси ажратилишини таъминласин.

7. Пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга бўлган пахта-тўқимачилик кластерларига 2021 йил ҳосили учун пахта хом ашёсини етиштиришга ажратилган имтиёзли кредитлар 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб 6 ой давомида тенг улушларда қайтарилиши белгилаб қўйилсин.

Бунда, Жамғарма ҳисобидан ушбу мақсадлар учун тижорат банкларига ажратилган ресурсларни қайтариш имтиёзли кредитларни қайтариш муддатига мутаносиб равишда узайтирилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага** мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

9. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

10. Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлашда масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А.Ходжаев, молия вазири Т.А.Ишметов белгилансин.

Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ. 

Тошкент ш.,

2021 йил 10 ноябрь

ПҚ-2-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 10.11.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга илова «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 387 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика