Norma.uz

Рақамли жамоат жойида бўлиш қоидаларини белгилаш вақти келди… Кеч қолмайлик!

 

Инсоният интернетни кашф қилибдими, унда порнография ва бошқа зарарли ахборотни жойлаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Глобаллашув даврида худди атом энергиясидан фойдаланиш глобал тарзда тартибга солингани каби интернет ҳам глобал тарзда тартибга солиниши лозим! 

 

Интернет кашф этилганидан кейин «рақамли майдон»да яхши ва ёмон, фойдали ва зарарли, тоза ва ифлос нарсалар, қадрият ва иллат, одоб ва одобсизлик – барчаси аралашиб кетди, мисли саранжом-саришда жой ахлатхона билан аралашиб-ўралашиб кетгандек...

Бу майдонда эркинлик шиорлари остида ва замонавийлик ниқоби билан ёввойилик, стихияли, анархия ҳолатига яқин вазият юзага келиб, тобора мураккаблашиб бормоқда. Шундай кетаверса, ҳозирги ҳолат ҳолва бўлиб қолади...

Майли, эҳтиросларни қўйиб турайлик-да, бироз таҳлил қилишга уриниб кўрайлик.

Техника-технология ривожлангани сари инсон имкониятлари доираси кенгайиб боради. Бунда аксариятимиз ўйлаймизки, эркинлигимиз ҳам шунча кенгаяди деб... Аслида глобаллашган-рақамлашган дунёда хавф-хатарлар шунча ошади. Тараққийлашганимиз сари қонун-қоидалар билан тартибга солиниши керак бўлган соҳалар, нарсалар, муносабатлар, ҳаракатлар, фаолият турлари сони ошади... Бундан 30-40 йил олдин рулда ўтирганда телефонда гаплашиш мумкин эмас деган қоида ғалати туюлган бўлар эди, чунки қўл телефонлари бўлмаган... Қўл телефонлари оммалашгандан кейин Йўл ҳаракати қоидаларига тегишли норма киритилди. Кўчада пиёда кетаётганда ҳам қўл телефонидан, «наушник»лардан фойдаланиш қоидаларини жорий этишда кечикдик... Бир неча фожиалардан – одамлар «наушник»да қўшиқ эшитаётиб, трамвай тагида қолгандан кейингина ҳушёр тортдик...

Инсоният интернетни кашф қилибдими, унда порнография ва бошқа зарарли ахборотни жойлаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Глобаллашув даврида худди атом энергиясидан фойдаланиш глобал тарзда тартибга солингани каби интернет ҳам глобал тарзда тартибга солиниши лозим!

Қонунчиликда «жамоат жойлари» деган тушунча қўлланилади, лекин бу тушунча алоҳида махсус таъриф берилмасдан, муайян ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳақида сўз юритилганда жамоат жойлари турларини санаб ўтиш тарзида ифодаланади.

Бу тушунча ҳақида кўп ўйлаб, камина шундай хулосага келдим: инсон шахсий уй-катагидан бошқа ҳамма жой – жамоат жойи... Уйингиз (квартирангиз) эшигини ёпиб йўлакка (подъездга) қадам ташладингизми – жамоат жойидасиз! Муайян қонун-қоидаларга риоя этишингиз шарт. Ҳатто жамоат жойи бўлмаган ўз уйингизда ҳам ҳамма вақт истаганингизни қила олмайсиз! Масалан, кўп квартирали уйда яшасангиз, соат 23.00 дан кейин ухлаётган қўшниларингизнинг тинчини бузадиган баланд овозда мусиқа эшитишингиз мумкин эмас... Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192-моддасида жаримага тортиш шаклида жазо чораси белгиланган.

Интернет яратилиши билан рақамли жамоат жойлари – сайтлар, ижтимоий тармоқлар (фейсбук, телеграм, твиттер, инстаграмм ва ҳ.к.) шаклланди. Аммо рақамли майдон ҳам ҳар ким истаганини жойлаштириши, ёзиши, кўрсатиши, гапириши мумкин бўлган жой эмаслиги кўпчилик томонидан англаб етилгани йўқ. Қонунчилик ҳам бу борада анча орқада қолиб кетди...

Рақамли жамоат жойлари – ахборот ва мулоқот майдони, унда бўлиш қоидалари белгиланиши зарур. Бунда тушунчаларни тўғри талқин қилиш, уларни чалкаштирмаслик муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, цензура ва назорат алоҳида-алоҳида тушунчалардир. Цензура – ахборотни тарқатишдан олдин махсус текшириш, у тарихимизда қолиб кетди, уни ҳеч ким тиклай олмайди ва бунга ҳожат ҳам йўқ. Назорат эса жамият барча аъзолари умумий манфаатларини таъминлаш воситаси бўлиб, ҳар жабҳада зарур. Бундай воситасиз инсоният махлуққа айланади-қўяди...

Тарқатилган ахборотнинг рақамли жамоат жойларида бўлиш қоидаларига мувофиқлиги борасида назорат қилиш – бу цензура эмас, чунки ахборот аллақачон тарқатилиб, манзилига етган, «эффектини» берган. У кейинчалик олиб ташланганда ҳам сақлаб қолиш имкониятлари кўп.

Бинобарин, рақамли жамоат жойларида профессионал ёки нопрофессионал фаолият юритишда зарарли, жамоатчиликда носоғлом кайфият уйғотувчи ахборот тарқатилиши олдини олувчи, шахслар дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қоидаларни белгилаш зарур. Бунда ҳар бир шахс рақамли жамоат жойида бўлишда, масалан, ўз телеграм каналини очиб ахборот тарқатишда эркин бўлиб, айни вақтда муайян мажбуриятларни ўз зиммасига олиши лозим.

Ҳаётий мисол. Профессионал журналистларимиздан бири шу кунларда* жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётган суд жараёнига тааллуқли ахборотни ўз телеграм каналида ўқувчиларига мурожаат сифатида эрталабдан қуйидаги мазмунда ёзади: «... мен судга кетяпман.... Бугун суд ишни ёпиқ тарзда кўришга ўтиши мумкин,... махфий ҳужжатлар тақдим этилган.... Сизнинг фикрингиз қандай?». Кун бўйи ҳазилу-ҳақоратлар билан ўқувчилар ўз «коммент»ларини ёзишади... Кечга томон маълум бўладики, суд очиқ тарзда бошланиб, кейинчалик ёпиқ тарзда давом этади. Аслида суд ишида, айниқса унда давлат идоралари иштирок этганда, бу табиий ҳол. Қандай бўлмасин, бу ҳолатда журналист подадан олдин чанг кўтариб, носоғлом, эҳтиросли муҳокамаларга сабабчи бўлган.

Фикримизча, рақамли жамоат жойидаги канал, саҳифа эгаси ўз ўқувчиларининг фикрлари мазмуни ва шаклига бефарқ бўлмаслиги керак ва унинг бу борада масъулияти қонун билан белгиланиши лозим. Афсуски, мақолалари-ю кўрсатувларида маҳоратли профессионал сифатида ўзини намоён этаётган журналистларимизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари кўплаб имло хато, тил қоидаларига риоя қилмасдан, уятли сўзлар, ҳақоратлар билан ёзилган «коммент»ларга тўлган ҳоллар учраб турибди.

Сайтлар ва ижтимоий тармоқлар шов-шувли ахборотга жуда ўч. Буни тушунса бўлади – шундай ахборот кўп ўқилади, рейтинги юқори бўлади, қолаверса даромад келтиради. Аммо, амалиётнинг кўрсатишича, шов-шувли ахборот аксарият ҳолларда нохуш, фавқулодда, ғайриоддий воқеалар, жиноятлар, бахтсиз ҳодисалар ҳақида бўлиб чиқади... Қарангки, бундай ахборот энг кўп ўқилади. Ҳар бир сайтда биринчи саҳифада «Энг кўп ўқилган» материаллар рўйхати туради.

Айни дамда* шу сатрлар ёзилаётган пайтда ЎзА сайтида «Ўзбекистонда электр етиб бормаган, «солярка» тутатиб 19-аср шароитида яшаётган қишлоқ топилди» материали «пешқадам» бўлиб турибди, kun.uz да «Собиқ иттифоқ республикалари орасида аҳолиси энг камбағали маълум бўлди» материали биринчи ўринда, daryo.uz да «Зарина Низомиддинова Москвада нима иш қилаётгани ҳамда турмуш ўртоғи ҳақидаги саволларга жавоб берди» материали биринчи, сарлавҳаси фалончиева «...ҳомиладорми?» сўзлари билан тугайдиган материал иккинчи ўринда турибди ва ҳ.к. Ушбу материалларни мазмун жиҳатидан шу даражада долзарб ва аҳамиятли деб бўлмайди. Фикримча, ҳар бир сайт мутасаддилари энг кўп ўқилган материаллар статистикасини ўзлари учун – ўз ички ахбороти сифатида юритиши керак. Ҳар бир материал неча марта ўқилгани сарлавҳа тагида ёзилиб туради-ку! Шунинг ўзи етарли эмасми? Шов-шувли материалларни яна алоҳида кўз-кўз қилиш инсон руҳиятига салбий таъсир қилмайдими? «Информацион ошқозон»ни айнитмайдими? Бунга не ҳожат?

Рақамли жамоат жойларида бир мавзу борки, унга аксарият сайтлар ва ижтимоий тармоқ каналлари эгалари алоҳида «меҳр» қўйишган – бу шоу-бизнес мавзуси. Унга алоҳида рукн ажратилади. Лекин гап шундаки, бу рукн материалларида юқорида қайд этганимиздек, ҳамма нарса аралашиб қолган. Майли, қўшиқчилик, актёрлик, киночилик каби фаолият турларини «шоу-бизнес» деб номлайлик. Лекин, «шоу-бизнес» рукнида бериладиган материалларнинг аксарияти ким кимга уйланди-ю, ким ким билан ажрашди, ким қаерда ҳордиқ чиқарди-ю ким ким билан жанжаллашди, ким кимдан фарзанд кўрди ва ҳ.к. Фикримизча, қонунчилигимизда «шоу-бизнес» деб номланган фаолият турларини юритишни тартибга солиш билан бирга ушбу соҳа тушунчаларини ҳам аниқлаштириб олиш ва уни ахборот воситаларида ёритиш қоидаларини ҳам белгилаш вақти аллақачон етилган (бу борада муаллифнинг таклифлари «Шоу бизнес ва маънавият», «Реклама ва маънавият» номли мақолаларда эълон қилинган1). Айрим «машҳур» кишиларнинг шахсий ҳаёти воқеаларини бизнес тури билан чалкаштирмайлик.

...Ва умуман, ҳамма жойда – анъанавий жамоат жойларида ҳам, рақамли жамоат жойларида ҳам маданиятли инсон бўлишга ҳаракат қилайлик.

 

Фарҳод Қурбонбоев, иқтисод фанлари номзоди.

Манба: https://t.me/ijtimoiyiqtisodiytahlil

 

*Мақола 2020 йил октябрь ойида тайёрланган.

1http://uzhurriyat.uz/2015/03/24/shou-biznes-va-ma-naviyat/

https://uzhurriyat.uz/2015/10/17/reklama-va-ma-naviyat/

Прочитано: 352 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика