Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 41 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш, замонавий ахборот ечимларини жорий этиш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш, шунингдек, ушбу соҳада таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. Белгилансинки:

а) 2022 йил 1 январдан бошлаб:

чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобиль иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга уларнинг банк карталарига ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи республика бюджетидан қайтарилади, бундан автомобиль сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиа чипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов, шунингдек, тўлов тизими операторлари орқали тўловни амалга оширганда олинган харид чеклари мустасно;

сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек, идентификация қилиш воситалари билан мажбурий рақамли маркировка қилиш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммаси ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида назорат-касса техникасини ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибининг бузилиши бўйича белгиланган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади. Бунда, жариманинг қолган ундириладиган қисми белгиланган тартибда тақсимланади;

б) тўлов тизимлари операторлари ўз тўлов тизимларини онлайн назорат-касса машиналарига мажбурий равишда улаш ва шу орқали солиқ органларининг ахборот тизимларига интеграциялашни таъминлаш талаби ўрнатилади.

2. Қуйидагилар тақиқлансин:

а) 2022 йил 1 январдан бошлаб Маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги идентификациялаш кодлари акс эттирилмайдиган онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал касса чекларини тақдим этиш.

Давлат солиқ қўмитаси ушбу кичик банднинг биринчи хатбошисида ўрнатилган талаблар бузилган онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларни тегишли реестрдан чиқариб ташлаш чораларини кўриб борсин;

б) 2022 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги имкониятларга эга бўлмаган онлайн назорат-касса техникаларини давлат реестрига киритиш ҳамда солиқ органларида рўйхатга олиш, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса улардан аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланиш:

банк карталари орқали тўловларни қабул қилиш;

онлайн назорат-касса машинасининг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотни солиқ органларига тақдим этиш (виртуал кассалар ва онлайн назорат-касса машинаси сифатида фойдаланилаётган банк карталарини қабул қилувчи терминаллар бундан мустасно);

штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини эркин ўқиш ва аниқлаш.

3. 2022 йил 1 январдан бошлаб рақамли маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари учун онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал кассага уланган, штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмалардан (2D-сканерлар, маълумотларни йиғувчи терминаллар ёки бошқа турдаги махсус қурилмалар) мажбурий фойдаланиш талаби ўрнатилсин.

2023 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларига онлайн назорат-касса машинаси ҳамда мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган махсус қурилмаларнинг ҳар бирини сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин битта қурилма учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда, ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқ ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларини камайтириш ҳуқуқи берилсин.

4. Давлат солиқ қўмитаси Марказий банк билан биргаликда 2022 йил 1 апрелга қадар:

тўлов терминали орқали амалга оширилган тўловларнинг бир вақтнинг ўзида онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал касса чекларида ҳам акс эттирилишини;

барча тўлов тизимларини онлайн назорат-касса машиналари операторларига тўлиқ улашни таъминласин.

5. 2021 йил 1 декабрдан бошлаб электрон тўлов тизимлари хизматлари ёрдамида амалга оширилган транзакцияларнинг («P2P» тўловлари бундан мустасно) электрон чекларида солиқ органлари ахборотлар тизимларига интеграциялашган ва автоматик тарзда шаклланувчи фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби ўрнатилсин.

6. Давлат солиқ қўмитаси 2022 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқарувчилар ва чакана савдо тармоқлари томонидан ўз мижозлари ўртасида лотерея ва ютуқли ўйинлар ўтказиш учун маҳсулотларнинг чакана реализацияси ҳажмлари ва номенклатураси ҳақида маълумот бериш имкониятига эга ахборот платформасини ишлаб чиқишни якунласин.

7. Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитасининг ўрнатилган тартибдаги сўрови асосида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих-код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга харид суммасининг 1 фоизи республика бюджети маблағлари ҳисобидан белгиланган муддатларда ўтказиб борилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарор моҳияти ва мазмунининг, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали кенг тушунтирилишини ташкил қилсин.

9. Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д.Кудбиев белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 4 октябрь,

ПҚ-5252-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.10.2021 йилдан кучга кирди

Прочитано: 207 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика