Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 39 / Бухгалтерга тавсиялар

ЖШДС: кимлар тўлайди, солиқ солиш объекти ва базаси қандай аниқланади

 

ЖШДС солиш объекти

Резидентлар ва норезиденлар учун уларнинг жами даромади ЖШДС солиш объекти ҳисобланади (СК 365-м.). Лекин, у жисмоний шахсларнинг солиқ мақомидан келиб чиққан ҳолда, турлича аниқланади.

Резидент учун унинг барча даромадлари, уларнинг Ўзбекистондан ёки чет элдан – олиниши манбаидан қатъи назар, солиқ солиш объектига киритилади. Солиқ резидентлари ўзининг бўлиб турган жойидаги давлатнинг олдида тўлиқ солиқ мажбуриятини бажаради. Улар ҳар қандай жойдан қуйидаги олинган барча даромадларидан солиқ тўлашга мажбурдир:

● ўзи резидент бўлиб ҳисобланган давлат ҳудудидаги, яъни Ўзбекистондаги манбалардан;

● ҳар қандай бошқа давлатнинг манбаларидан.

Норезидент эса чекланган солиқ мажбуриятини бажаради. У ЖШДСни Ўзбекистон бюджетига, фақат Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромадлардан тўлайди.

 

Мисол. Жисмоний шахс – норезидент томонидан Ўзбекистонда даромад олинганда

Чет эл фуқароси Ўзбекистондаги ҚКнинг иштирокчиларидан бири сифатида дивидендлар шаклида даромад олади. Ўзбекистон таъсисчи истиқомат қиладиган мамлакат билан иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида халқаро шартномани имзоламаган.

Даромад Ўзбекистон ҳудудидаги манбадан олинганлиги сабабли, ундан ЖШДС ушлаб қолиниши лозим бўлади. Солиқ ставкаси чет эл фуқаросининг солиқ мақомига: унинг резидент ёки норезидент эканлигига боғлиқ бўлади.

Резидент, дивидендлар кўринишидаги даромаддан ЖШДСни 5% ставка бўйича тўлайди (СК 381-м.), норезидент – 10% ставка бўйича (СК 382-м.).

Солиқ агенти – Ўзбекистондаги ҚК – дивидендларни олувчига, уни ўтказиб бериш пайтида ЖШДСни бюджетга тўлаши лозим.

 

Резидент меҳнат шартномалари ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича даромадлардан ЖШДСни 12% ставка бўйича тўлайди (СК 381-м.), норезидент – 20% ставка бўйича (СК 382-м).

 

Жисмоний шахснинг жами даромадига нималар киради

Жисмоний шахснинг жами даромадига қуйидагилар киритилади (СК 370-м.):

● меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар (СК 371-м.);

● мулкий даромадлар (СК 375-м.);

● моддий наф тарзидаги даромадлар (СК 376-м.);

● бошқа даромадлар (СК 377-м.).

Ушбу тўрт турдаги даромадларнинг барчасига ЖШДС солинади, резидентлар учун назарда тутилган имтиёзли тўловлар бундан мустасно (СК 378-м.). Улардан фақат, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга ижтимоий солиқ солинади (СК 371-м.).

Якка тартибдаги тадбиркор учун қуйидагилар солиқ солиш объекти бўлиб ҳисобланади:

● жами даромад – агар у декларация асосида солиқ солишни танлаган бўлса (СК 393-м. 1-қ. 7-хатбоши);

● фаолият турини тавсифловчи физик кўрсаткич – агар у қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўласа (СК 392-м.).

 

ЖШДС бўйича солиқ базаси қандай аниқланади

Солиқни ҳисоб-китоб қилиш учун, аввало, уни қайси суммадан ҳисоблаб чиқариш кераклигини аниқланг. Солиқ базаси – бу солиқ ставкасига кўпайтирган ҳолда солиқ суммаси ҳосил қилинадиган миқдор. ЖШДС бўйича солиқ базаси миқдори, солиқ тўловчининг ким бўлишлигига – резидентлиги ёки норезидентлигига боғлиқ.

Солиқ базасини қуйидагича аниқланг (СК 366, 370, 378, 380-м.):

● резидентлар учун – Солиқ кодексида назарда тутилган, солиқ имтиёзларини қўллаган ҳолда:

Солиқ базаси = Жами даромад – Солиқ имтиёзлари.

● норезидентлар учун – Солиқ кодексида назарда тутилган, солиқ имтиёзларини қўлламаган ҳолда:

Солиқ базаси = Жами даромад.

Резидентлар ва норезидентлар учун жами даромаднинг ва солиқ базасининг шакллантирилишидаги фарқларни қуйидаги схема кўринишида тақдим этиш мумкин:

 

ЖШДС ҳисоб-китобида нималарга эътибор қаратиш керак

Aмалиётда, бухгалтерлар кўпинча ЖШДСнинг солиқ базасини аниқлашда хатоликларга йўл қўйишади. Келинг, баъзи вазиятларни кўриб чиқайлик:

1. Даромад чет эл валютасида тўланди

Солиқ базаси сўмда ҳисобланиши лозим, чунки Ўзбекистонда барча солиқлар миллий валютада тўланади. Aгар солиқ тўловчисининг валютадаги даромади мавжуд бўлса нима қилиш керак? Даромад манбаи тегишли давлатдан ташқарида жойлашган ҳолатларда, ушбу ҳолат юзага келади. Ўзбекистон ҳудудида фуқароларига чет эл валютасида ҳисоб-китоб қилиш таъқиқланган, иш ҳақи тўлашдаги бир нечта ҳолатлар бундан мустасно.

Мазкур ҳолатда, жисмоний шахснинг даромадини даромад амалда олинган санада МБ томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада қайтадан ҳисоблаб чиқинг (СК 366-м. 3-қ.).

 

2. Жисмоний шахснинг даромадидан ушлаб қолишлар

Ходимнинг иш ҳақидан, унинг аризасига асосан масалан, алиментлар ёки унинг мажбуриятларини қоплаб берилишининг бошқа суммалари ушлаб қолиниши мумкин. Мазкур ҳолатда ушбу суммалар солиқ базасини камайтирмайди, солиқ унинг бутун суммасидан ҳисоблаб чиқарилади.

 

ЖШДСнинг солиқ базасига жисмоний шахс томонидан олинган барча солиқ солинадиган даромадларни киритинг. Ва агар улардан корхонанинг фармойишига, суднинг ёки бошқа органларнинг қарорига кўра, ушлаб қолишлар амалга оширилса, бундай ушлаб қолишлар солиқ базасини камайтирмайди (СК 366-м. 9-қ.).

 

Мисол. Aлиментларни ушлаб қолишда ЖШДС бўйича солиқ базасини аниқлаш

Ходимга февраль ойида 3 000 000 сўм ҳисобланди. Суд қарорига асосан у ўзининг иш ҳақининг 1/4 миқдорида бир нафар фарзандига алимент тўлашга мажбурдир.

Қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолинадиган суммалар миқдори солиқлар ушлаб қолингандан кейин қолган суммадан ҳисоблаб чиқарилади («Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун 65-м.).

Aлиментлар суммаси қуйидаги тартибда аниқланади:

1-қадам. ЖШДСни ҳисобланг:

3 000 000 х 12% = 360 000 сўм.

2-қадам. Aлиментлар ҳисоб-китоб қилинадиган суммани аниқланг:

3 000 000 – 360 000 = 2 640 000 сўм.

3-қадам. Ушлаб қолинадиган суммани ҳисобланг:

2 640 000 х 0,25 = 660 000 сўм.

 

Умид ҲАМРОЕВ, Молия вазирлиги бўлим бошлиғи,

Дилором САИДОВА, «Norma» МЧЖ эксперти

Прочитано: 482 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика