Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 39 / Мутахассис жавоб беради

Сизда назорат харидини ўтказишган бўлса, нима қилиш керак

 

Агар сизнинг харидорингиз онлайн НКМ ва тўлов терминалларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши қайд этилган назорат хариди иштирокчиси бўлса, нима қилиш керак?  

 

Назорат хариди – бу назорат-касса техникаси ва тўлов терминалларини қўллаш қоидаларининг бузилишини аниқлашга қаратилган, сайёр солиқ текшируви кўринишидир. Унинг қоидалари Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом (7.01.2021 йилдаги 1-сон ВМҚга 2-илова) билан белгиланади.

Харид ҳисоб-китоблари якунлангандан сўнг, текширувчи текширув тугаганлиги тўғрисида эълон қилиши ва тасдиқланган шакл бўйича баённома тузиши шарт (Низомга 9-илова). Баённома текширувчи – солиқ органи вакили, харидор ва текширилаётган солиқ тўловчи томонидан имзоланади (Низом 82-б.).

Амалиётда назорат хариди ўтказилган хўжалик юритувчи субъект вакиллари кўпинча баённомани имзолашдан ва уларнинг нусхасини қабул қилишдан бош тортадилар. Бу хатти-ҳаракатлар нотўғри.

Сиз ҳужжатнинг қонуний кучига бундай тарзда таъсир қила олмайсиз. Текширувчи сизни ҳужжатни имзолашни рад этганлигингизни қайд этиб қўяди. Баённома асосида – ҳатто сизнинг имзоингиз бўлмаса ҳам аниқланган қоидабузарликлар учун сизга нисбатан жарима санкцияси қўлланилади (Низом 82-б.). Рад этиш билан сиз ўзингизни ҳужжатда ҳамма нарса тўғрилигини текшириш имкониятидан маҳрум қиласиз. Шунда баённомани тайёрлашда ноаниқликлар бўлганини исботлаш анча қийин бўлади.

Эътибор беринг, НКМ ва тўлов терминалларидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги учун қоидабузарлик турига қараб 5 млн дан 20 млн сўмгача жарималар назарда тутилган. Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш)га олиб келувчи НМК фискал хотирасига хизмат кўрсатиш дастурига ноқонуний ўзгартиш киритганлик учун жарима – яширилган солиқ базасининг 20%ни ташкил этади (СК 221, ­223-моддалари).

Бундан ташқари, қоида тариқасида, солиқ тўловчининг масъул шахслари МЖТК 164-моддаси ва ЖК 189-моддаси бўйича шахсий жавобгарликка тортилади. Жавобгарлик етказилган зарар миқдорига боғлиқ – жиноий жавобгарлик 500 БҲМ ва ундан ортиқ зарар бўлган тақдирда юзага келади.

Баённомани имзолашда қуйидагиларга эътибор беринг:

1) баённомада назорат хариди доирасида сотиб олинган товарларнинг номи, уларнинг миқдори ва нархи аниқ қайд этилиши шарт. Текширувчига маълумотларингиз ҳужжатларингизда имкон қадар аниқроқ кўрсатилишида кўмаклашинг. Бу сизга амалда 1 кг ҳажмдаги музқаймоқ қадоғи эмас, 0,5 кг сотилганини исботлашингиз учун ва бошқа вазиятларнинг олдини олишингизга имкон беради;

2) баённоманинг тасдиқланган шакли нақд пулда ўзаро ҳисоб-китоб қилинган ҳолатлар учун мўлжалланган. Унда ҳатто, харидор томонидан сотувчига берилган банкнотларнинг серия ва рақамини ҳам қайд этиш назарда тутилган. Ҳисоб-китобни банк картаси ёрдамида амалга ошириш мумкинлиги қонун чиқарувчилар эътиборидан четда қолган. Аммо бу банк картаси билан тўлашда ҳеч нарсани кўрсатиш шарт эмас, деган нарсани англатмайди. Сизнинг манфаатингиз учун, банкнотларнинг серияси ва рақамини кўрсатишга мўлжалланган қаторга ҳисоб-китоб амалга оширилган пластик карта рақамини ёзиш зарур. Тўлов миқдорини рақамлар ва сўзлар билан кўрсатинг;

3) аниқланган қонунбузарликларни тавсифлашда диққатли бўлинг. Қонунчиликда назарда тутилган жумлаларни қўллаш мақсадга мувофиқ ва бу қоидабузарлик нималарда акс этганлигини тушунтириб бериш лозим. Масалан: «Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низом 6-бандининг бузилиши. Тўлов терминали ёрдамида ҳисоб-китоб қилишда онлайн-НКМ чеки берилмаган».

 

Солиқ кодексининг 221 ва 223-моддаларига мувофиқ қонун бузилиши турлари

1. Назорат-касса техникаси ва (ёки) тўлов терминалларидан фойдаланмасдан савдо қилиш ва (ёки) хизматлар кўрсатиш, агар улардан фойдаланиш мажбурий бўлса. Харидорга тақдим этиш мажбурий ҳисобланган квитанция, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бермасдан товарларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш.

Товарлар ва хизматларни чакана реализация қилишни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар тўловларнинг банк карталаридан фойдаланган ҳолда қабул қилинишини таъминлаши шарт («Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонун 36-б.).

 

Маълумот учун: Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга (23.11.2019 йилдаги 943-сон ВМҚга 1-илова) мувофиқ онлайн назорат-касса ва виртуал касса машиналаридан фойдаланиш мажбурийдир.

Қуйидаги ҳолатлар бундан мустасно:

сиз онлайн НКМга ўтиш жадвалига (9.06.2019 й. ПФ-5813-сон Фармон билан тасдиқланган) мувофиқ мазкур техникадан фойдаланишга ўтмаган бўлсангиз;

агар сиз 5813-сонли ПФга мувофиқ, онлайн-НКМга ўтиш учун белгиланган жадвалга риоя этмасликка рухсат берилган ҳудудда ишлаётган бўлсангиз (онлайн-НКМда ишлаш учун зарур бўлган сифатли Интернет бўлмаган ҳудудлар);

агар савдо вендинг автомати орқали олиб борилаётган бўлса (4.06.2021 й. ПҚ-5136-сон қарор 4-б.).

 

2. Тўловларни тўлов терминаллари орқали қабул қилишдан бош тортиш.

3. Солиқ органларида рўйхатдан ўтмаган НКМдан фойдаланган ёки квитанциялар, талонлар, чеклар ва уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни тақдим этган ҳолда савдо қилиш ва (ёки) хизматлар кўрсатиш.

4. Солиқ тўловчи томонидан бошқа шахслар номига расмийлаштирилган тўлов терминалларидан фойдаланиш.

5. Техник талабларга жавоб бермайдиган ёки электрон хизмат кўрсатиш дастурини бузган ҳолда НКМдан фойдаланиш.

6. НКМ фискал хотирасига хизмат кўрсатиш дастурига ноқонуний равишда ўзгартириш киритиш.

 

Гулнора ЭРГАШEВА,

солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 304 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика