Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 37 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

ЎзР коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг «Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи

 

Идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 8 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3319

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Директор А.БУРХАНОВ. 

Тошкент ш.,

2021 йил 6 сентябрь

27-сон.

ЎзР АВда 2021 йил 8 сентябрда 3319-сон билан рўйхатга олинган

ЎзР коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг

2021 йил 6 сентябрдаги 27-сон буйруғига

ИЛОВА

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ИЧКИ НАЗОРАТ ТУЗИЛМАЛАРИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ НАМУНАВИЙ НИЗОМ

Ушбу Намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг (бундан буён матнда Назорат тузилмалари деб юритилади) мақсади, вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Намунавий низомда давлат органлари ва ташкилотлари деганда – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) тушунилади.

2. Назорат тузилмалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, ўзлари фаолият юритаётган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарининг қарорлари, буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Намунавий низомга амал қилади.

3. Назорат тузилмалари ўз ташкилотларида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўришга масъул ҳисобланади.

 

2-БОБ. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ НАЗОРАТ ТУЗИЛМАЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

4. Назорат тузилмалари ўз фаолиятида бевосита ташкилотнинг биринчи раҳбарига (кузатув кенгашига) бўйсунади.

5. Назорат тузилмалари раҳбарлари ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади.

6. Назорат тузилмалари раҳбарларини лавозимидан озод этиш масаласи Агентлик билан келишилади.

Бунда, ташкилот томонидан Агентликка ташкилот раҳбарининг Назорат тузилмаси раҳбарини лавозимидан озод этиш ҳақидаги тақдимномаси берилади.

Ушбу тақдимномада ходимни лавозимидан озод этиш сабаблари, мотивлари кўрсатилади. Тақдимномага ходимни лавозимидан озод этиш сабаблари ва мотивларини тасдиқловчи ҳужжатлар (масалан, ходимнинг аризаси, ички меҳнат тартиби қоидаларини бузганлигини кўрсатувчи маълумотлар ва бошқа шу каби ҳужжатлар) илова қилинади.

7. Агентлик томонидан Назорат тузилмаси раҳбарини лавозимидан озод этиш сабаблари, мотивлари етарли эмас деб ҳисобланса, шу жумладан Назорат тузилмаси раҳбари таъқиб қилинаётганлиги ҳақида маълумотларга эга бўлса, ушбу масалада Назорат тузилмасининг раҳбари билан суҳбат ўтказилиши мумкин.

8. Қуйидагилар Назорат тузилмаси раҳбарини лавозимидан озод этишни келишишни рад этиш учун асос бўлади:

Назорат тузилмаси раҳбарини лавозимидан озод этиш учун сабаблар етарли эмас деб топилганда;

Назорат тузилмаси раҳбарининг зиммасига юклатилган вазифа ва мажбуриятлар доирасидан ташқари вазифаларни бажармаганлиги ёки ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни бажарганлиги учун таъқиб қилинганлиги ҳолати аниқланганда.

9. Тақдим этилган ҳужжатлар Агентлик томонидан уч иш куни ичида кўриб чиқилиб, тегишли ташкилотга Назорат тузилмаси раҳбарини лавозимидан озод этишни келишиш ёки келишишнинг рад этилганлиги сабаблари кўрсатилган хат тақдим этилади.

 

3-БОБ. НАЗОРАТ ТУЗИЛМАЛАРИНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ, ВАЗИФА ВА ФУНКЦИЯЛАРИ

10. Назорат тузилмаларининг асосий мақсади ташкилотда, шунингдек, унинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларида (бундан буён матнда ташкилот тизими деб юритилади) коррупцияга қарши кураш бўйича ISO37001:2016 халқаро стандарти талабларига жавоб берувчи комплекс тизимни, хусусан, коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этиш ва ривожлантириш, коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, ташкилот тизими ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ташкилот тизимида коррупцияга қарши профилактик чора-тадбирларни ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳужжатлар ижросини таъминлашдан иборат.

11. Қуйидагилар Назорат тузилмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш;

ташкилотда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга қарши курашиш;

ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимини самарали ишлашини таъминлаш ва назорат қилиш;

коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликни олиб бориш.

12. Назорат тузилмалари ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш соҳасида:

ташкилот тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун ташкилот раҳбарига киритади;

ташкилотнинг фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ички идоравий ҳужжатларда аниқланган коррупциявий нормаларни бартараф қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

ташкилот томонидан ишлаб чиқиладиган коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар лойиҳаларини ташкилот тизимида коррупцияга қарши курашиш сиёсатига мослиги, мақбуллиги ва долзарблиги нуқтаи назардан баҳолайди ва хулосалар беради;

ташкилотда коррупцияга қарши курашиш фаолиятини янада самарали ташкил этиш ва такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифларни Агентликка киритиб боради.

б) ташкилотда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга қарши курашиш соҳасида:

ташкилотда коррупциявий хавф-хатарларни баҳолайди, уларнинг натижалари бўйича аниқланган хавф-хатарларни камайтириш юзасидан чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқади ва ташкилотда коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимлар рўйхатини яратади;

ташкилот томонидан ўхшаш ҳуқуқбузарликлар содир этилиши эҳтимолини баҳолаш мақсадида давлат ҳокимиятининг бошқа органларида коррупциявий хуқуқбузарликлар содир этилишининг ҳолати ва йўналишлари ҳақида маълумот тўплайди;

махсус ахборот алоқа каналлари орқали ташкилот ходимлари томонидан коррупциявий хавф-хатарлар ва хуқуқбузарликлар ҳақида келиб тушадиган мурожаатларни таҳлил қилади ва уларни белгиланган тартибда кўриб чиқилишини таъминлайди;

ташкилотда юритиладиган хизмат текширувлари реестри ёки ўтказилган хизмат текширувларини рўйхатга оладиган бошқа тегишли ҳужжатда коррупция фактларига доир хизмат текширувлари бўйича маълумотларнинг тўғри ва тўлиқ акс эттириб борилишини назорат қилади;

давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувини таҳлил қилишда ва ташкилот билан шартномавий муносабатларга (меҳнат муносабатлари бундан мустасно) киришган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахсларнинг ишончлилигини текшириш жараёнида иштирок этади;

ташкилот ходимларига коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича тушунтириш ва тавсиялар беради;

коррупция фактлари ҳақида хабар беришга мўлжалланган махсус ахборот алоқа каналларининг фаолият натижаларини таҳлил қилади ва таҳлилий материалларни ташкилот ходимларига етказади;

ташкилот фаолиятидаги коррупциявий ҳолатларни ва хавф-хатарларни аниқлаш мақсадида аҳоли ва ходимлар орасида сўровлар ўтказади;

коррупцияга қарши курашишга оид талаб ва нормаларнинг бузилиши масалалари бўйича интизомий жавобгарликка тортилаётган шахсларга жазо чораларининг мутаносиблиги ва етарлилигини назорат қилади;

коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ташкилотда коррупция фактлари юзасидан ўтказилган хизмат текширувлари натижалари ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилади;

ҳар чоракда ва ташкилот раҳбари талабига кўра ташкилотда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда улардаги коррупциявий ҳолат ҳақида ташкилот биринчи раҳбарига маълумот киритиб боради;

в) ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимини самарали ишлашини таъминлаш ва назорат қилиш соҳасида:

коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларида ташкилотга юклатилган вазифалар ижросини мониторинг қилади ва назоратини амалга оширади;

ташкилот тизимида коррупцияга қарши курашиш тизимининг ISO37001:2016 Коррупцияга қарши халқаро стандарти талабларига мослигини таъминлайди;

ташкилот ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув режаларининг коррупцияга қарши нормаларга оид қисмини ишлаб чиқишда иштирок этади;

ташкилот ходимлари, шу жумладан коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимлардаги ходимлар учун коррупцияни олдини олиш бўйича ўқув материалларини ишлаб чиқади;

ўқув режага мувофиқ ташкилотнинг барча ходимлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тренингларнинг ўтказилишини ҳамда уларда ходимларнинг иштирок этишини назорат килади;

ташкилот тизими ходимлари ва фуқаролар ўртасида коррупцияга қарши курашиш бўйича тарғибот тадбирларида иштирок этади;

ташкилотнинг расмий веб-сайтидаги «Коррупцияга қарши курашиш» бўлими ҳамда ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига жойлаштирилган маълумотларни янгиланиб борилишини таъминлайди;

ташкилот тизимидаги ходимлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва ташкилотнинг коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ички ҳужжатларига риоя қилинишини мониторинг ва назорат қилади;

ташкилот тизимидаги коррупциявий хатти-ҳаракатлар бўйича хизмат текширувларини ўтказиш ташаббусини илгари суради ва унда иштирок этади;

одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича қабул қилинган қарорларнинг холислиги ва мақбуллигини текширади;

амалга оширилган мониторинг, хизмат текширувлари ва назорат тадбирлари натижалари бўйича коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади;

ташкилот тизимидаги коррупцияга қарши курашишга масъул тузилма(шахс)лар билан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш бўйича ишларни ташкил этиш ва ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган конференциялар, учрашувлар, семинарлар, танловлар ва бошқа тадбирларни ташкил этади;

ташкилот фаолияти унинг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички ҳужжатларига ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан текширувлар ўтказади;

г) коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликни олиб бориш соҳасида:

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этади;

қонунчилик ҳужжатлари билан ташкилот зиммасига юклатилган коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифаларга мувофиқ хорижий давлатларнинг ваколатли органларига зарур ахборотни тақдим этиш тўғрисида сўровлар юборади ва уларнинг сўровларига жавоб беришда иштирок этади;

ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш юзасидан хорижий мутахассисларни жалб этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

коррупциявий хатти-ҳаракатларни бартараф қилиш ёки коррупциявий жиноятларни тергов қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилади.

Назорат тузилмаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.

13. Назорат тузилмаларига ва уларнинг ходимларига ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган функцияларнинг юклатилишига йўл қўйилмайди.

 

4-БОБ. НАЗОРАТ ТУЗИЛМАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

14. Назорат тузилмалари ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзи фаолият юритаётган ташкилот ходимларидан уларнинг ваколатига кирувчи масалалар юзасидан таҳлилий материалларни, хулосаларни, статистик ва бошқа маълумотларни олиш;

хизмат мажбуриятларини бажариш доирасида ташкилот ходимларидан зарур ёрдам сўраш ва олиш;

ташкилот тизими ходимлари фаолиятида аниқланган коррупциявий ҳуқуқбузарликлар юзасидан хизмат текширувларини ўтказиш;

ташкилот раҳбариятига коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

ўз фаолияти доирасида ташкилот тизимига ёзма кўрсатмалар, топшириқ хатлари ва тавсиялар бериш;

ташкилотнинг коррупцияга оид мажлисларида иштирок этиш;

текширувлар ўтказиш, ҳужжатларни талаб қилиш, ходимлардан ёзма тушунтиришлар олиш.

Назорат тузилмалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

15. Назорат тузилмалари ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги мажбуриятларга эга:

ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан юклатилган функцияларни зарур даражада ва самарали бажариш;

қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш ва ўз ваколат доирасидан четга чиқмаслик;

ташкилот тизимида жиноят аломатлари, хусусан коррупция ҳолатлари аниқланганлиги тўғрисида зудлик билан тўғридан-тўғри юқори турувчи орган, Агентлик ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш;

ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, одоб-ахлоқ қоидаларининг коррупцияга оид қисмининг бузилганлиги факти юзасидан ташкилот раҳбариятига маълумотномалар киритиш;

ҳар чоракда, кейинги чорак биринчи ойининг биринчи ўн кунлигида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар ва чора-тадбирлар тўғрисидаги чораклик ҳисоботни Агентликка тақдим этиш;

Назорат тузилмалари ходими қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

16. Назорат тузилмалари ходимлари коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият юритувчи ходимларга мўлжалланган ўқув курслари ёки махсус семинар-тренингларда иштирок этади. Ўқув курслари ёки махсус семинар-тренинглар ташкилот ёхуд Агентлик томонидан ташкил этилиши мумкин.

17. Назорат тузилмаси фаолиятининг натижадорлиги ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимининг самарадорлик ва мақсадли кўрсаткичларига эришиш натижаларига асосан баҳоланади.

Назорат тузилмалари фаолиятининг мақсадли кўрсаткичлари ташкилотнинг биринчи раҳбари томонидан тасдиқланади.

Назорат тузилмаси фаолияти самарадорлигининг мақсадли кўрсаткичларига эришиш устидан назорат Агентлик томонидан амалга оширилади.

 

5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

18. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор деб топилган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

19. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.

 

*Ушбу буйруқ Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.09.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 371 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика