Norma.uz

Уй эгаси иккита курсида ўтира олармикин?

 

Кўп квартирали уйларнинг УМШдан бошқарув компанияларига ўтиши турар жой эгасини иккита курсида ўтирган одамга, ширкатни эса камбағал қариндошга ўхшатиб қўяди. Бунинг сабаби шундаки, бу ҳолда УМШлар тугатилмайди, балки амалда фаолият юритувчи юридик шахс сифатида сақланиб қолмоқда.

Бир томондан, бошқарув компанияси билан шартнома тузар экан, мулкдорлар компания мижозлари ва хизматлар истеъмолчиларига айланади. Бошқа томондан эса улар УМШ аъзолари бўлиб қолаверади, чунки у ёпилмаган. УМШдан БКга ўтиш тартибига риоя қилмаслик ҳар икки тараф учун ҳам чалкашликлар, тартибсизлигу оғир оқибатларни келтириб чиқаради.

Бу масала республикада кўп квартирали уйларни бошқаришни такомиллаштириш бўйича навбатдаги тажрибанинг ўтказилиши муносабати билан долзарб бўлиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг 15 шаҳри ва Қорақалпоғистондаги ККУга бириктирилган ҳудудларда хизматларни кўрсатиш бошқарувчи ташкилотларга ўтказилмоқда. Бу Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) назарда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида қонун ҳужжатларида белгиланган барча тартиб-қоидаларга риоя қилинармикин? 

 

Ширкат аъзоларими ёки БК хизматларининг истеъмолчиларими?

УМШ нотижорат ташкилоти бўлиб, аслида унинг аъзолари ҳар қандай ташкилот билан якка тартибдаги шартномаларни туза олади. Аммо УМШ билан БК – умумий мол-мулкни бошқаришда 2 та турлича усул дегани. Қонунга кўра, мулкдорлар бу усуллардан бирини танлаши керак. Агар БКни танлашса, улар хизматлар истеъмолчиларига айланади. Бу ҳолда УМШни тугатиш мантиқан тўғри бўлади, акс ҳолда мулкдорлар унинг аъзолари бўлиб қолаверади. Улар умумий мол-мулкни сақлаш харажатларини икки карра ўз зиммаларига оладиган вазият юзага келиши ҳам мумкин.

Янги бошқарувчилар ёлғон биланми-чин биланми, мулкдорларни ўзлари билан шартномалар тузишга кўндирган ҳоллар учраган. Натижада уйнинг ярми БКга ўтган, иккинчи ярми ширкатда қолган. Мулкдорларнинг бир қисми умумий мол-мулкни сақлаш учун тўловларни бошқарув компаниясига, иккинчиси УМШга тўлаган. Хўш, уйда жиддий авария ҳолати юз бергудек бўлса, нима қилиш керак? Ким уни бартараф этади? УМШ билан шартномани бекор қилмаган ва тўлов ўз вақтида тўланмагани туфайли хизматларни етказиб берувчилар олдидаги кредиторлик қарзи ўсиб бораётган мулкдорлар қандай йўл тутади? Дебиторлик қарзлари, яъни кредитлар хусусида ҳам шу аҳвол. Уйларни мукаммал таъмирлашга кредитлар ажратиш ҳақидаги шартномаларни банклар БК билан эмас, ширкатлар билан тузган. ПҚ-5152-сон қарорга биноан, уйлар УМШдан БКга ўтказилган тақдирдагина кредитни қайтариш 3 йилга «музлатилади». Маободо ширкатдан чиқиш юридик жиҳатдан тўғри расмийлаштирилмаган, яъни ширкат тугатилмаган бўлса-чи, унда бу қоида қандай ишлайди? Исталган вақтда бу бўйича низолашиш мумкин бўлади.

 

ККУ бошқарувига аралашиш муаммоларни келтириб чиқаради

УМШдан БКга ўтиш жараёни анчайин мураккаб кечмоқда. Қоидабузарликлар, шошма-шошарликлар, томонларнинг зиддият ва келишмовчиликлари остида ўтказилган бундан олдинги тажрибаларнинг яраси ҳали эскиргани йўқ. Бир қатор ҳокимлар ККУни БК бошқарувига ўтказиш, ширкатлар фаолиятини тугатиш, УМШ раҳбариятини ишдан четлатиш, ҳисобварақларни ёпиш, муҳрларни, ҳужжатларни топшириш ва бошқалар тўғрисида ноқонуний қарорлар қабул қилишди.

Адлия вазирлиги жой мулкдорлари бехабарлиги остида қабул қилинган қарорларни, умумий йиғилишлар ўтказилиши, БКни танлаш бўйича очиқ танловни ноқонуний деб топди. Шунга қарамай, фуқаролар бундай фактлар такрорланаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда маълум қилишмоқда. Кўп квартирали уйларни бошқариш ишига аралашиш муаммо туғдиришда давом этаверади ва аҳоли бир оёғи билан БКда, иккинчиси билан УМШда музозанат сақлашга ҳаракат қилади.

 

УМШ орқали бошқариш усулига устунлик берилмайди

Мулкдор ширкатдаги аъзоликни жойни бегоналаштириш, УМШни тугатиш ёхуд ширкатдан чиқишлик билан тўхтатиши мумкин. Уни тугатиш тартиб-таомили кўп вақтни олади. Бу жуда мураккаб, ҳажмдор иш бўлиб, Фуқаролик кодекси, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонун, Нодавлат нотижорат ташкилотларини тугатиш тартиби тўғрисидаги низомга (15.01.2015 йилдаги 5-сон ВМҚ) мувофиқ амалга оширилиши керак.

ККУга хизматлар буюртмачиси бўлган УМШ орқали хизмат кўрсатиш янги бошқарувчилар томонидан қўллаб-қувватланмайди. Ваҳоланки, бу уй-жой фондини профессионал бошқаришга ўтишни «юмшатадиган» ва осонлаштирадиган, бир қатор келишмовчиликлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этишга қодир бўлган мутлақо мақбул йўлдир. Бундай ҳолда ширкатни тугатиш талаб қилинмайди.

Уй-жой соҳасида ККУни воситачиларсиз, тўғридан-тўғри бошқарув компаниялари орқали бошқаришга ўтиш усули аниқ кўзга ташланади, зеро, юқоридаги схема қонун билан тақиқланмаган ва бизда бунга бир қанча ижобий мисоллар топилади. Модомики УМШни сақлаб қолиш янги бошқарувчиларнинг режаларига киритилмаган экан, у ҳолда ширкатларнинг бундан кейинги ҳаёти масаласи ҳал қилиниши керак.

 

Бетартибликка қарши тартиб йўқ

ККУни ширкатдан БКга ўтказиш тартиб-таомилини тартибга солувчи муайян ҳужжат мавжуд эмас. Алоҳида уй мулкдорларининг УМШдан чиқишлари варианти бўлиши мумкин. Шунда тугатиш билан боғлиқ бош оғриқлар юзага келмайди – ширкат ўз фаолиятини давом эттираверади. Бундай ҳолда, УМШнинг уйни капитал таъмирлаш мақсадида жойларнинг мулкдорлари томонидан тўпланган маблағлар ҳисобидан шакллантирилган пул маблағларининг тегишли қисми янги тузилаётган бошқарув органига ўтказилиши лозим бўлади («Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 36-м.). Аммо бу қоида юзага келаётган муносабатларнинг фақат бир жиҳатига тегишли. Мабодо бу янги тузилган БК эмас, балки эскидан ишлаб тургани бўлса-чи? Фақат тўпланган маблағлар ўтказилади. Лекин мулкдорларнинг асосий ҳисобрақамдаги маблағлари ва бошқалар ҳақида нима дейиш мумкин?

Бир нарса аниқ: уйларни БКга ўтказиш бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошираётганда бу ишлар бошланишидан олдин БК, УМШ ва мулкдорлар учун босқичма-босқич тартиб-таомилларни ёзиб чиқиш керак. Акс ҳолда бу бетартиблик, чалкашлик ва қоидабузарликлардан ҳеч қачон чиқа олмаймиз.

Прочитано: 330 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика