Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 35 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида»; «Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

Тадбиркорларнинг муаммо ва масалаларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, инсофли солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришлари учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида:

1. 2021 йил 1 октябрдан бошлаб экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) қўшилган қиймат солиғи суммасини солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварағига чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъи назар ҳиcобга олиш тартиби ўрнатилсин.

2. Ўрнатилсинки:

мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган имконият охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган ва экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаган – интизомли солиқ тўловчиларга татбиқ этилади;

товарлар «экспорт» божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида валюта тушуми ёки унинг бир қисми экспорт қилувчининг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги ҳисобварағига келиб тушмаган тақдирда, қўшилган қиймат солиғининг ҳисобга олинган суммаси ёки унинг тегишли қисми белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.

3. Белгилансинки, 2022 йил 1 январдан бошлаб:

қўшилган қиймат солиғининг салбий суммасини қоплаш (қайтариш) учун солиқ органларига ариза билан алоҳида мурожаат қилиш ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади;

солиқ тўловчига тегишли солиқ даври учун солиқ ҳисоботини топширишда, солиқ органларини хабардор этган ҳолда қўшилган қиймат солиғи салбий суммасини қоплаш (қайтариш) талабини билдириш ҳуқуқи берилади.

Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев) уч ой муддатда қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғининг салбий миқдорини қоплаб бериш (қайтариш) бўйича солиқ органларига мурожаат қилишни акс эттирувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.

4. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) Давлат солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев), Давлат божхона қўмитаси (М.Азимов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков) билан биргаликда 2021 йил якунига қадар товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартибини ишлаб чиқсин ва мазкур тартибни тажриба тариқасида 2022 йил 31 декабргача амалиётга жорий қилсин.

5. Молия вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарор моҳияти ва мазмунининг, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали кенг тушунтирилишини ташкил қилсин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 24 август

ПҚ-5231-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 25.08.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 247 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика