Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 34 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 июлдаги ПҚ-5203-сон қарорига мувофиқ ҳамда талабаларга олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 июлдаги ПҚ-5203-сон қарори 1-бандига мувофиқ:

олий таълим ташкилотлари талабаларига ажратиладиган таълим кредитлари бўйича тижорат банкларини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилганлиги;

ушбу Жамғармага Давлат бюджетидан 2021 йилда камида 1 триллион сўм, кейинги йилларда эса ҳақиқий талабдан келиб чиқиб маблағ ажратиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

таълим кредитлари бўйича юзага келадиган кредит таваккалчилигини Молия вазирлиги ва тижорат банклари ўртасида тақсимлаш ҳамда Жамғармадан ажратилган маблағларнинг бир қисмини тижорат банклари томонидан гаров депозити сифатида қабул қилиш;

республикадаги давлат олий таълим муассасалари, хусусий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиаллари талабаларига контракт тўловлари учун кредит ажратиш;

Жамғарма томонидан таълим кредитлари учун маблағлар ажратишда тижорат банкларига қўйиладиган мувофиқлик мезонларини ўрнатиш.

3. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда таълим кредитлари, шу жумладан, тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тартиби ва унинг ижтимоий аҳамиятини кенг ёритиш тавсия этилсин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 ноябрдаги 917-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига кирадиган давлат мақсадли жамғармаларининг рўйхати қуйидаги мазмундаги 20-банд билан тўлдирилсин:

«20. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси».

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага** мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А.Мусаев, олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов ҳамда молия вазири Т.А.Ишметов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 18 август

527-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 18 августдаги 527-сон қарорига

1-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ТАЪЛИМ КРЕДИТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ЖАМҒАРМАСИ ҲИСОБИДАН ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ОРҚАЛИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА ТЎЛОВ-КОНТРАКТ АСОСИДА ЎҚИШ УЧУН ТАЪЛИМ КРЕДИТЛАРИНИ АЖРАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган барча олий таълим ташкилотлари (давлат, нодавлат олий таълим ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий олий таълим ташкилотлари ва хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари)да (кейинги ўринларда – олий таълим ташкилоти) ва қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини (кейинги ўринларда – таълим кредитлари) ажратиш ва уларни қайтариш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом қоидалари:

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан;

тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағларидан ташқари бошқа манбалар ҳисобидан бериладиган таълим кредитларига нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Таълим кредитларини бериш тижорат банклари томонидан уларнинг қайтарилиши, тўловлилиги, муддатлилиги ва улардан мақсадли фойдаланиш шартлари асосида белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилади.

3. Таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислигига тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёки қабул қилинган, шунингдек ўқишини кўчирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларга (кейинги ўринларда – кредит олувчи) берилади.

Бунда, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари таълим кредити шартномасида биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашишлари мумкин.

Олий таълим ташкилотида таҳсил олиш мақсадида табақалаштирилган тўлов-контрактни ва табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун таълим кредити ажратилишига йўл қўйилмайди.

4. Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.

Бунда, таълим кредитлари учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш олий таълим ташкилотига маблағлар ўтказилган санадан бошлаб, асосий қарзни қайтариш эса кредит олувчи томонидан олий таълим ташкилотида таълимнинг ушбу тури бўйича ўқишнинг расмий белгиланган муддати тугаллангaндан сўнг еттинчи ойдан бошлаб амалга оширилади.

 

2-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН МУВОФИҚЛИК МЕЗОНЛАРИ ВА УЛАРГА МАБЛАҒЛАР АЖРАТИШ ТАРТИБИ

5. Жамғарма томонидан таълим кредитлари учун маблағлар ажратишда тижорат банкларига нисбатан қуйидаги мувофиқлик мезонлари белгиланади:

тижорат банкида таълим кредитларини ажратиш юзасидан аниқ белгиланган ички тартибнинг мавжудлиги;

тижорат банки «Fitch Ratings» ёки «Standard & Poor`s» рейтинг агентликларининг «В» даражасидан ёки «Moody`s Investors Service» рейтинг агентлигининг «В2» рейтингидан паст бўлмаган даражада узоқ муддатли кредит рейтингига эга бўлиши;

охирги уч йиллик молиявий ҳисоботлар бўйича аудиторлик ташкилоти ижобий хулосасининг мавжудлиги. Агар тижорат банки уч йилдан кам муддат фаолият кўрсатган бўлса, тижорат банкининг фаолият юритган йиллар учун молиявий ҳисоботлари бўйича аудиторлик ташкилотининг ижобий хулосаси мавжуд бўлиши;

банкнинг регулятив капитали 500 миллиард сўмдан кам бўлмаслиги;

банк Давлат бюджети маблағлари, шу жумладан, Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар бўйича муддати ўтган қарздорликка эга бўлмаслиги;

Марказий банк томонидан белгиланган пруденциал нормативлар бузилганлиги сабабли унга нисбатан таълим кредити берилишига тўсқинлик қилувчи амалдаги чора ва санкциялар мавжуд бўлмаслиги.

Молия вазирлиги мазкур банднинг иккинчи-олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни мурожаат этувчи тижорат банклардан, мазкур банднинг еттинчи хатбошисида келтирилган маълумотларни Марказий банкдан белгиланган тартибда сўраб олади.

Молия вазирлиги тижорат банкларининг мувофиқлик мезонларига мос келишини баҳолашда Марказий банкдан уларнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.

6. Тижорат банклари мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжат ва маълумотларни Жамғармага тақдим этади.

Тақдим этилган ҳужжат ва маълумотлар Жамғарма томонидан беш иш кунида ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқлиги юзасидан ўрганилади.

Белгиланган мезонларга мувофиқ деб топилган тижорат банклари билан Молия вазирлиги ўртасида таълим кредитлари учун маблағлар ажратиш юзасидан Бош битим (кейинги ўринларда – Бош битим) тузилади.

Жамғарма томонидан ушбу Низом доирасида ажратиладиган маблағлар банкнинг биринчи даражали регулятив капиталидан ошиб кетмаслиги лозим.

7. Тижорат банклари мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқ эмас деб топилганда, улар билан Бош битим тузишни рад этиш ҳақида ёзма тарзда хабардор қилинади.

8. Молия вазирлиги доимий равишда мазкур Низом доирасида Молия вазирлиги билан Бош битим тузган тижорат банкларининг рўйхатини ўзининг расмий веб-сайтларида эълон қилади.

9. Молия вазирлиги тижорат банкларига таълим кредитлари ажратиш учун 15 йилдан кўп бўлмаган муддатга депозит маблағларни жойлаштиради.

10. Тижорат банклари таълим кредити олиш истагини билдирган кредит олувчилар реестрини (кейинги ўринларда – Реестр):

тўлов-контракт миқдорининг 25 фоизи бўйича – кредит олувчилардан ҳар йили 1 сентябрга қадар кредит олиш учун келиб тушган аризалар асосида;

тўлов-контракт миқдорининг 50, 75 ва 100 фоизи бўйича – ўқув йили давомида таълим кредити шартномаси тузган кредит олувчилар эҳтиёжи ҳисоб-китобидан ва ҳар йили, мос равишда, 15 декабрь, 15 март ва 15 июнга қадар кредит олиш учун янги келиб тушган аризалар асосида шакллантиради.

11. Тижорат банклари ҳар чорак учун шакллантирилган реестрлар асосида 5 сентябрь, 20 декабрь, 20 март ва 20 июнга қадар Жамғармага таълим кредити учун маблағларни олиш мақсадида буюртманомани тақдим қилади.

Тижорат банклари томонидан мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган муддатларга қадар шакллантириладиган Реестрга асосан Жамғармага бир ёки бир неча марта буюртманома тақдим этиши мумкин.

Тижорат банклари томонидан фуқароларнинг таълим кредитига бўлган талабини ўз вақтида қондириш мақсадида тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан мазкур Низомда белгиланган шартларда ажратилган таълим кредитлари Молия вазирлигидан ажратилган маблағлар ҳисобидан қайта молиялаштирилиши мумкин.

12. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда – Давлат комиссияси) томонидан олий таълим ташкилотлари қабул параметрларига ўзгартириш киритилиши ва бошқа сабабларга кўра мазкур Низомнинг 10-бандида келтирилган муддатлардан кейин тақдим этилган аризалар асосида тижорат банклари Реестр шакллантириб боради ва ҳар ойнинг 15-санаси ва охирги санасида Жамғармага буюртманома юборади.

13. Олий таълим ташкилотлари ўқув йили давомида тўлов-контракт миқдори ўзгарган тақдирда, бу ҳақида тижорат банкларини тўлов-контракт миқдори ўзгарган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида хабардор қилади.

14. Жамғарма буюртманомалар келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида тижорат банклари билан Молия вазирлиги ўртасида таълим кредити учун маблағларни ажратиш бўйича депозит шартномаси имзолаб, ушбу маблағларни тижорат банкларининг тегишли ҳисобварағига ўтказиб беради.

15. Бош битимга мувофиқ Жамғарма маблағларни тижорат банкларига Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга паст ставкада жойлаштиради.

Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда Молия вазирлиги ва тижорат банклари ўртасида тузилган таълим кредити учун маблағларни ажратиш тўғрисидаги депозит шартномасига фоиз ставкани тегишли давр учун мос равишдаги фоиз бандга тушириш бўйича тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Марказий банкнинг асосий ставкаси кўтарилган тақдирда, таълим кредити учун маблағларни ажратиш бўйича фоиз ставка ўзгаришсиз қолдирилади.

16. Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига жойлаштирилган таълим кредити учун маблағларни қайтариш ва улар бўйича фоизларни тўлаш тижорат банклари ва Молия вазирлиги ўртасида тузилган депозит шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.

17. Таълим кредитлари бўйича юзага келиши мумкин бўлган кредит таваккалчиликларини ўзаро тақсимлаш мақсадида Молия вазирлиги томонидан Бош битимга мувофиқ тижорат банкларига жойлаштирилган маблағларининг 50 фоизини Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига гаров депозити сифатида қўйиш бўйича тижорат банки ва Молия вазирлиги ўртасида гаров шартномаси (кейинги ўринларда – гаров шартномаси) тузилади.

 

3-БОБ. ТАЪЛИМ КРЕДИТИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА АЖРАТИШ ТАРТИБИ

18. Кредит олувчи таълим кредитини олиш учун Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) таълим кредити олиш тўғрисидаги ариза;

б) талаба ва олий таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт) ва унга илова қилинадиган ҳисоб варақаси/фактураси (мавжуд бўлганда). Шартнома (контракт)да ўқишни тамомлашнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим;

в) банкнинг кредит сиёсати ва ички тартибига мувофиқ таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат. Бунда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилаларнинг фарзандларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди;

г) «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилганлигини тасдиқловчи маълумотнома («Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилалар фарзандлари учун);

д) банкнинг ички ҳужжатларида (сиёсатида) белгиланган бошқа ҳужжатлар, шу жумладан, биргаликда кредит олувчига тегишли маълумот ва ҳужжатлар.

19. Кредит олувчи (биргаликда кредит олувчи) юқоридаги ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан бир вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, жумладан фуқаролик паспортини ёки шахснинг идентификация ID-картасини шахсан кўрсатади. Банк тақдим этилган ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олишга ҳақлидир.

20. Тижорат банклари кредит олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банкка тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган барча ҳужжатларни беш иш куни мобайнида кўриб чиқиши ва таълим кредити шартномасини имзолаши ёки кредит беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, аризачига кредит беришнинг рад этилиши сабаби кўрсатилган ҳолда жавоб хати бериши лозим.

21. Таълим кредити шартномаси кредит олувчи томонидан тақдим этилган талаба ва олий таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартнома (контракт)да кўрсатилган бир йиллик тўлов суммасига тенг миқдордаги суммага тузилади.

Бунда, кейинги ўқув йили учун тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартномада белгиланган тўлов миқдори ва таълим кредити олиш тўғрисидаги аризадан келиб чиқиб, кредит миқдори таълим кредити шартномасига қўшимча келишув имзолаш орқали ошириб борилади.

22. Таълим кредити тижорат банклари томонидан кредит олувчига Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида ажратилади.

Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.

Мазкур банднинг иккинчи хатбошисида келтирилган шартлар тижорат банки ва кредит олувчи ўртасида тузиладиган таълим кредити шартномасида aкс эттирилиши лозим.

23. Тижорат банклари томонидан таълим кредити кредит олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг шахсий ёзма топшириғи асосида кредит олувчи ва олий таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт) ёки ҳисоб варақаси/фактурасида кўрсатиб ўтилган ҳисобварағига маблағ ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

24. Таълим кредитлари бўйича маблағлар олий таълим ташкилотларига тижорат банклари томонидан таълим кредити шартномасида кўрсатилган шартларда ўқув йили мобайнида ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини белгиланган тартибда, тенг улушларда тўрт қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади.

Бунда:

кредит олувчининг ёзма топшириғи ва олий таълим ташкилоти томонидан тақдим этилган мос давр учун тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида шартномада (контракт) белгиланган тўлов миқдорининг камида 25 фоизи талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун ҳар йили 15 сентябргача ёки Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатгача ҳамда иккинчи ва ундан кейинги босқич талабалари учун – ҳар йили 1 октябргача, белгиланган тўлов миқдорининг камида 50 фоизи – ҳар йили 1 январгача, 75 фоизи – ҳар йили 1 апрелгача ва 100 фоизи – ҳар йили 1 июлгача бўлган муддатда ўтказиб берилади;

кредит олувчи тегишли тўловни амалга ошириш учун тижорат банкига мазкур банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган мос саналарга қадар мурожаат қилиш лозим.

Давлат комиссияси томонидан олий таълим ташкилотларининг қабул параметрлари ўзгартирилиши муносабати билан ва бошқа сабабларга кўра таълим кредити олиш тўғрисидаги аризани белгиланган муддатлардан кейин топширган кредит олувчиларнинг тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартномаси (контракти) бўйича мазкур банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган муддатлардан кейин ҳам таълим кредити ҳисобидан тўловлар ўтказилиши мумкин.

Тижорат банклари кредит олувчининг ёзма аризасига асосан тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартномасида (контрактида) назарда тутилган ҳолларда ўқишнинг ярим йил ёки тўлиқ бир йил учун тўлов суммасини бирйўла амалга ошириши мумкин.

25. Тижорат банклари Молия вазирлигидан жалб қилинган, бироқ кредит олувчи томонидан таълим кредитининг ўзлаштирилмаган қисми миқдордаги маблағларни 24-банднинг иккинчи хатбошисида келтирилган мос муддатлардан сўнг уч иш куни мобайнида Молия вазирлигига қайтаради.

26. Кредит олувчининг тижорат банкидан олган таълим кредити бўйича муддати ўтган фоиз қарздорлиги мавжуд бўлса ёки мунтазам равишда тўлов муддатини ўтказиб келган бўлса, тижорат банки таълим кредити шартномасида белгиланган тартибда кредит олувчига тўлов-контрактнинг навбатдаги қисми бўйича ёки кейинги йиллар учун таълим кредитини ажратишни рад этиши мумкин.

 

4-БОБ. КРЕДИТНИ ҚАЙТАРИШ ВА КРЕДИТ МОНИТОРИНГИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ

27. Асосий қарз ва фоиз тўловлари кредит олувчи (биргаликда кредит олувчи) томонидан таълим кредити шартномасида кўрсатилган шартларда тўланади.

28. Кредит олувчи (биргаликда кредит олувчи) таълим кредитини таълим кредити шартномасида белгиланган муддатлардан олдин қайтаришга ҳақлидир.

29. Кредит олувчи (биргаликда кредит олувчи) таълим кредити бўйича фоиз тўловлари ва асосий қарзни таълим кредити шартномасида белгиланган муддатларда қайтармаса, тижорат банки таълим кредити бўйича муддати ўтган қарздорликларни ўзининг ички ҳужжатларига асосан қайтариш чораларини кўради.

30. Таълим кредитининг асосий қарзи ва (ёки) фоизи бўйича 180 кундан ортиқ муддати ўтган қарздорлик юзага келганда банк гаров шартномасига мувофиқ ўзининг Молия вазирлиги олдидаги мажбуриятларини таълим кредитининг асосий қарзи қолдиғининг 50 фоизи миқдорига камайтириш юзасидан тегишли бухгалтерия ўтказмасини амалга оширади ва бу ҳақда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15 санасига қадар Молия вазирлигини хабардор қилади.

31. Тижорат банкининг Молия вазирлиги олдида ўз мажбуриятини мазкур Низомнинг 30-бандида кўрсатилган ҳолатларда камайтириши кредит олувчи (биргаликда кредит олувчи)нинг банкка таълим кредити бўйича фоиз ва асосий қарзни тўлиқ тўлаш мажбуриятидан озод этмайди.

32. Агар таълим кредити тижорат банкининг Молия вазирлиги олдидаги мажбурияти камайтирилгандан сўнг тўлиқ ёки қисман қайтарилса, тижорат банки қайтарилган маблағнинг 50 фоизига тенг миқдорда ўзининг Молия вазирлиги олдидаги мажбуриятини оширади ва қайтган маблағдан ушбу мажбуриятни сўндиради.

Тижорат банки қайтарилган маблағнинг қолган қисмини кредит олувчининг тижорат банки олдидаги қарздорлигини сўндиришга йўналтиради.

 

5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

33. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

34. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.08.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2-илова «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 453 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика