Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 34 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ижтимоий-иқтисодий ривожланишда иқтисодий тадқиқотлар сифати ва ролини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»; «Автомобиль транспортида юк ташувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

 

Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган ташаббусларнинг сифатини, олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигини тубдан ошириш, шунингдек, 2022–2026 йилларда ҳудудлар, тармоқлар ва соҳаларни ривожлантириш бўйича дастурларни илмий асосланган инновацион ёндашувлар асосида ишлаб чиқиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (кейинги ўринларда – Марказ) зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини илмий асосланган таклиф ва тавсиялар билан доимий равишда таъминлаб бориш;

жойларда мавжуд ресурслар базасини ўрганиш орқали иқтисодиёт тармоқларида янги ишлаб чиқариш занжирларини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар чоракда туманлар кесимида аҳоли орасида сўровлар ўтказиб бориш;

Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига қўшилиши жараёнларининг миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганиб бориш ҳамда мазкур йўналишларда илмий асосланган таклиф ва тавсияларни ваколатли идораларга тақдим этиб бориш;

саноатда кластерлар фаолиятини ривожлантириб бориш бўйича илғор халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш орқали илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиб, ваколатли идораларга тақдим этиб бориш;

замонавий ахборот технологиялари ва идоралараро интеграциялашган маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига долзарб муаммоларни бартараф этишга қаратилган бизнес таҳлилларни тақдим этиб бориш;

Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиб бориш.

2. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) Марказ тузилмасида:

Саноат кластерлари фаолиятини ривожлантириш шуъбаси;

IT-технологияларни жорий этиш ва маълумотлар базасини интеграциялаш шуъбаси;

Жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг шуъбасини ташкил этиш;

б) Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида Марказнинг ҳудудий филиалларини тузиш.

3. Белгилансинки:

Марказнинг ҳудудий филиаллари юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тузилади;

ҳудудий филиаллар ходимлари Марказ директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

ҳудудий филиаллар илмий ходимларига Марказ ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва тиббий хизмат кўрсатиш тартиби татбиқ этилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тузилмаси 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотлари Марказга ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолати бўйича мавжуд маълумотлар базаларидан фойдаланишга рухсат беради ва ҳудудлар бўйича маълумотлар базасини интеграциялашга кўмаклашади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Марказнинг ҳудудий филиалларига мазкур қарор билан юклатилаётган вазифаларни самарали бажаришлари учун ҳар томонлама ёрдам беради.

6. Белгилансинки, ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар 2021 йилда Инновацион ривожланиш вазирлигига давлат илмий дастурлари доирасида бажариладиган илмий лойиҳаларни молиялаштиришга ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади, 2022 йилдан эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

7. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда Марказнинг ҳудудий филиаллари олий ўқув юртларининг биноларида бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги «Ижтимоий-иқтисодий ривожланишда иқтисодий тадқиқотлар сифати ва ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4471-сон қарорига 2-иловага** мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 13 август

ПҚ-5223-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 13.08.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–2-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 245 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика