Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 33 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ҳудудларда «маҳаллабай» ишлаш асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг доимий даромад манбаларини кўпайтириш орқали камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори

 

Ҳудудларда «маҳаллабай» ишлаш тизимини ташкил этиш орқали ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаб, «ўсиш нуқталари»ни ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 августдаги «Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5214-сон қарорига мувофиқ «маҳаллабай» ишлаш асосида «оғир» маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш бўйича «Андижон тажрибаси»ни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан давлат улушига эга бўлган тижорат банкларига алоҳида тасдиқланадиган тақсимотга асосан 100 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар ажратилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. «Маҳаллабай» ишлаш тизими орқали «оғир» маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларда оилавий тадбиркорликни кенгайтириш, аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш ва ишсизликни бартараф этишнинг (Андижон тажрибаси) устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни (ихтисослашув йўналишларини) аниқлаш ва янги тадбиркорликни, жумладан, «драйвер» лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускорларга кўмаклашиш ва шу орқали ҳар бир маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ўсишини таъминлаш;

аҳолининг доимий даромад манбаларини янада кўпайтириш, оилавий тадбиркорликни ва ўзини ўзи банд қилиб ишлаш фаолиятини янада кенгайтириш чораларини кўриш;

маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истаги бўлган ташаббускорларни бизнес асосларига ўқитиш;

хонадонларда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, даромадлилигини янада ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хом ашё билан имтиёзли кредитлар асосида таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш учун «етакчи» тадбиркорлик субъектларини бириктириш;

тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш ва фаолиятини мониторинг қилиб бориш, ишлаб чиқарадиган маҳсулоти (хизмати) бозорини топишига ёрдам бериш.

3. Ривожланишда орқада қолаётган ҳамда ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш орқали оилаларнинг даромад манбаини яратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки:

«етакчи» тадбиркорлар етарли тадбиркорлик тажрибасига ва ижобий молиявий кўрсаткичларга эга, фаолияти маҳалла ихтисослашувига мос бўлган, хонадонларни кооперация асосида юқори даражада қамраб оладиган, «оғир» маҳаллаларда ўз бизнесини ривожлантириш дастурига эга бўлган тадбиркорлар орасидан танлаб олинади;

тижорат банклари томонидан кредитлар кооперация асосида кичик бизнесни ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш учун «оғир» маҳаллаларга бириктирилган «етакчи» тадбиркорлик субъектларига 3 йил муддатгача йиллик 10 фоиз ставкада битта маҳалла учун 2 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади;

ҳар бир «оғир» маҳаллага ажратилган 2 млрд сўм маблағларнинг 10 фоизигача бўлган қисми уларнинг тегишли ихтисослашув йўналишларида биттадан намуна ва ўрнак кўрсатадиган тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун йўналтирилади;

«етакчи» тадбиркорларга кооперация асосида ишлаётган фуқаро томонидан ишлаб чиқарилаётган (етиштирилаётган) маҳсулотларни сотиб олиш ёки шартномага асосан фуқарога ойлик иш ҳақи тўлаш шарти ўрнатилади.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

а) бир ой муддатда:

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда тижорат банклари билан биргаликда танлаб олинган «оғир» маҳаллалардаги аҳолининг турмуш шароити, истак-хоҳиши ва имкониятларини ўрганиб чиқсин;

«оғир» маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни тасдиқласин. Бунда, ҳар бир маҳаллада аҳолининг азалдан шаклланган меҳнат кўникмасидан келиб чиқиб, энг самарали «ўсиш нуқталари» сифатида – ҳунармандчилик, косибчилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, гулчилик, чорвачилик, паррандачилик ва кичик ишлаб чиқариш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилсин;

б) икки ой муддатда «етакчи» тадбиркорлик субъектларини белгиланган тартибда танлаб олсин ва «оғир» маҳаллаларга бириктирсин;

в) «оғир» маҳаллалардаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истаги бўлган аҳолини «етакчи» тадбиркорлар билан боғлаш ёки ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашиш чораларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тижорат банклари билан биргаликда икки ҳафта муддатда хонадонларда кичик тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишда аҳоли фойдаланиши учун қулай бўлган бизнес-режалар акс этган қўлланма ишлаб чиқсин ва аҳолига етказсин.

7. Белгилаб қўйилсинки, тижорат банклари кредитларни сектор раҳбарлари томонидан «оғир» маҳаллада тадбиркорликни ҳамда иқтисодий кооперацияни ривожлантириш бўйича «йўл хариталар» ва дастурлар Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказида ҳимоя қилиниб, унинг ижобий хулосаси олингандан сўнг ажратади.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 июндаги «Янги Андижон» шаҳарчасини барпо этиш ва Андижон вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5154-сон қарорига мувофиқ Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан «етакчи» тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга 40 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банклари орқали ҳамда иссиқхона массивларини барпо этиш ва аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этишни молиялаштиришга 40 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар «Агробанк» акциядорлик тижорат банки орқали ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки:

«Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банклари томонидан ушбу банднинг 1-хатбошида назарда тутилган маблағларни тижорат банкларига қайта молиялаштиришга рухсат берилади;

«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан кредитлар кичик ва оилавий тадбиркорлик субъектларига майдони 10 сотихдан 50 сотихгача бўлган замонавий иссиқхоналар барпо этиш учун Марказий банкнинг асосий ставкасида 7 йил муддатгача ажратилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва С.Ў.Умурзоқов:

ҳар икки ҳафтада ҳудудларга чиқиб, «маҳаллабай» ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб борсин;

шаҳарлар ва туманларда доимий равишда «маҳаллабай» ишлаш тизимининг самарали ишлашини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва вилоят ҳокимликлари янги тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиши бўйича доимий мониторинг олиб борсин ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чораларни кўрсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 9 август

504-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 9 августдаги 504-сон қарорига
ИЛОВА

РИВОЖЛАНИШДА ОРҚАДА ҚОЛАЁТГАН ҲАМДА ИШСИЗЛИК ДАРАЖАСИ НИСБАТАН ЮҚОРИ БЎЛГАН МАҲАЛЛАЛАРДА АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ОРҚАЛИ ОИЛАЛАРНИНГ ДАРОМАД МАНБАИНИ ЯРАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом ривожланишдан орқада қолаётган ҳамда ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган маҳаллаларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали оилаларнинг меҳнатга лаёқатли ишсизлари бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг доимий даромад манбаини яратишнинг тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

секторлар – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг кўмаклашувчи коллегиал ишчи тузилмаси (кейинги ўринларда – секторлар);

бошқарув офиси – секторлар ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан ташкил этилган республика ва ҳудудий давлат бошқаруви органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари ва ходимларидан иборат бошқарув офиси;

«оғир» маҳалла – секторлар томонидан ўрганиш давомида аниқланган ижтимоий аҳволи оғир ва ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш ихтисослашуви бўлмаган маҳалла;

«етакчи» тадбиркор – етарли тадбиркорлик тажрибаси ва ижобий молиявий кўрсаткичларга эга, фаолиятини маҳалланинг ихтисослашувига мос равишда ташкил этадиган, хонадон аъзоларини кооперация асосида бирлаштириб, маҳсулот ишлаб чиқариш (етиштириш) ёки хизмат кўрсатишга буюртма бериш, бириктирилган аҳолига кўникмаларни ўргатиш ва улардан тайёр маҳсулотни сотиб олишни ўз зиммасига оладиган ташаббускор.

 

2-БОБ. АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ОРҚАЛИ ОИЛАЛАРНИНГ ДАРОМАД МАНБАИНИ ЯРАТИШ БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН АСОСИЙ ВАЗИФАЛАР

3. Туман ва шаҳар сектор раҳбарлари томонидан «оғир» маҳаллаларни аниқлаш қуйидаги босқичлардан иборат:

биринчи босқич: ҳар бир хонадон ўрганилиб, қуйидаги 3 тоифага ажратилади:

а) намунали хонадон – даромади юқори, ўзгалар ёрдамига эҳтиёжи бўлмаган бир ёки ундан кўп оила яшайдиган хонадон;

б) ўрта хонадон – жонбошига тўғри келадиган даромади минимал истеъмол харажатлари миқдоридан юқори бўлсада, оила аъзолари ичида ишсиз ёки тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш истаги бор хонадон;

в) эҳтиёжманд хонадон – жонбошига тўғри келадиган даромади минимал истеъмол харажатлари миқдоридан кам, оила аъзолари ичида меҳнатга лаёқатли бир ёки ундан кўп ишсизлар мавжуд хонадон;

иккинчи босқич: хонадонларни ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, маҳаллалар 3 тоифага бўлинади:

а) намунали маҳалла – жами хонадонлар сонига нисбатан намунали хонадонларнинг улуши 60 фоиздан юқори ҳамда эҳтиёжманд хонадонларнинг улуши 25 фоиздан кам бўлган маҳалла бўлган маҳалла;

б) ўрта маҳалла – жами хонадонлар сонига нисбатан ўрта хонадонларнинг улуши 60 фоиздан юқори ҳамда эҳтиёжманд хонадонларнинг улуши 25 фоиздан кам бўлган маҳалла;

в) «оғир» маҳалла – жами хонадонлар сонига нисбатан эҳтиёжманд хонадонларнинг улуши 25 фоиздан юқори бўлган маҳалла.

4. Туман (шаҳар) сектор раҳбарлари, секторлар бошқарув офислари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари масъул раҳбарлари томонидан «оғир» маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

маҳаллалардаги ҳар бир хонадонда аҳолининг турмуш шароити, хоҳиш-истаги ва имкониятлари ўрганиб чиқилади;

маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш учун «ўсиш нуқталари» аниқланади;

маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»дан келиб чиқиб ҳар бир тадбиркорлик йўналишига салоҳиятли «етакчи» тадбиркорлар бириктирилади;

маҳаллалардаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги бўлган аҳоли «етакчи» тадбиркорларга бириктирилади ёки ўзининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашади (тадбиркорликка ўқитиш, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит ажратиш ва бошқа масалалар).

5. Хонадонлар қуйидаги мезонлар асосида ўрганиб чиқилади:

доимий даромадга эгалиги (ўрта ҳолатдаги), ёрдамга муҳтож ёки муҳтож эмаслиги;

сўнгги уч йил давомида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олганлиги;

мавсумий ёки норасмий даромади мавжудлиги;

«етакчи» тадбиркор билан ишлаш истаги мавжудлиги;

ўзининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истаги борлиги;

доимий ишга жойлашишга эҳтиёжи борлиги;

меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари мавжудлиги;

ишлаш истаги йўқ хонадон аъзолари мавжудлиги.

6. Ўтказилган хатлов натижасида:

ўзининг мустақил тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ўрнатилган тартибда кредитлар ажратиш чоралари кўрилади;

ўқиш истаги бўлган фуқаролар учун Савдо-саноат палатаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш курслари ташкил этилади;

доимий ишга жойлашишда эҳтиёжи бўлган фуқаролар учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан туман ва шаҳарлардаги бюджет ташкилотлари ҳамда хусусий сектордаги мавжуд вакант жойлар аниқланиб, уларга ишсиз аҳолини жалб этиш чоралари кўрилади;

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўзини ўзи банд қилган аҳоли фаолиятини легаллаштириш ишлари амалга оширилади;

маҳаллий ҳокимликлар томонидан умуман тадбиркорлик қилиш салоҳияти ва ишлаш имконияти бўлмаган оилаларга доимий даромад манбаига эга бўлиши учун «Саховат ва кўмак» жамғармаси ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 50–100 тадан хонаки товуқ тарқатиш чоралари кўрилади.

 

3-БОБ. АҲОЛИНИ «ЕТАКЧИ» ТАДБИРКОРЛАРГА БИРИКТИРИШ ОРҚАЛИ УЛАРНИНГ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА ДАРОМАД МАНБАИНИ ЯРАТИШ

7. Туман ва шаҳар ҳокимликлари «оғир» маҳаллаларда «етакчи» тадбиркор билан ишлаш истаги бўлган ташаббускорларни ўқитиш, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хом ашё билан таъминлаш, шунингдек ишлаб чиқарган (етиштирилган) маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш учун уларга «етакчи» тадбиркорларни бириктиради.

8. «Оғир» маҳаллага бириктирилган «етакчи» тадбиркор кооперация асосида кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳалла ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда кўпроқ янги иш ўринлари яратиш бўйича ўз тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш дастурини (кейинги ўринларда – «етакчи» тадбиркор дастури) сектор бошқарув офиси билан биргаликда ишлаб чиқади ва тегишли сектор раҳбарига тақдим этади.

9. Сектор раҳбарлари «етакчи» тадбиркор дастурини кўриб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари бошчилигида тузилган Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказида (кейинги ўринларда – Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази) ижобий хулоса бериш учун ҳимоя қилади.

10. Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан «етакчи» тадбиркор дастурини амалга ошириш ва унга имтиёзли кредит ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижобий хулоса беради. Ушбу ижобий хулоса тижорат банкларига имтиёзли кредит ажратиш учун берилади.

«Етакчи» тадбиркор дастури белгиланган талабга жавоб бермаса, шунингдек, маҳалла ихтисослашувига мос келмайдиган, янги иш ўринлари кам яратиладиган дастурлар тадбиркорга қайта ишлаш учун юборилади.

11. «Етакчи» тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кредит суммасининг 75 фоизи миқдоригача кафиллик берилади.

 

4-БОБ. ТОМОНЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

12. «Етакчи» тадбиркорга туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан қуйидаги вазифалар юклатилади:

ўз дастури доирасида кооперация асосида ишсиз аҳоли билан маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хом ашё билан таъминлаш, шунингдек ишлаб чиқарилган (етиштирилган) маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш бўйича бириктирилган хонадон билан шартнома тузиш;

хонадонларнинг ишларни ташкил қилишида уларга маслаҳат, техник-иқтисодий жиҳатдан кўмак берувчи маслаҳатчилар бириктириш ҳамда ушбу маслаҳатчининг ҳар ҳафтада камида бир маротаба маҳсулот ишлаб чиқараётган (етиштираётган) оилаларга кириб, улар билан ишлашини ташкил этиш;

хонадонларда маҳсулот ишлаб чиқариш (етиштириш) жараёнида юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида агротехник, зооветеринария ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатиб борилишини таъминлаш;

фаолиятини янада кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари ва инновацияларини ўз бизнес соҳасига мунтазам жорий этиб бориш;

шартнома бўйича кооперация асосида ишлаётган оилаларни ўз вақтида зарур хом ашё маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаб бориш;

ишлаб чиқариладиган (етиштириладиган) маҳсулотлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш.

ҳар бир «оғир» маҳаллада уларнинг тегишли ихтисослашув йўналишларида биттадан намуна ва ўрнак кўрсатадиган тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш ва бу орқали аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш, иш юритишга қизиқишини уйғотиш, оғир шароитдаги оилаларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш.

13. «Етакчи» тадбиркор кооперация асосида ишлаётган фуқаро томонидан ишлаб чиқарилаётган (етиштирилаётган) маҳсулотларни сотиб олишга ёки шартномага асосан фуқарога ойлик иш ҳақи тўлашга мажбур.

14. «Оғир» маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

маҳаллага бириктирилган «етакчи» тадбиркор билан биргаликда маҳаллада истиқомат қилаётган фуқаролар, айниқса ёшлар ва аёлларга тадбиркорлик бўйича маслаҳатлар беради, уларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида кўмаклашади;

маҳалладаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истаги бўлган аҳоли ўртасида «етакчи» тадбиркорлар билан шартнома асосида ишлаш бўйича тушунтириш ишларини ташкил этади;

маҳалланинг қадимий анъаналаридан келиб чиққан ҳолда хонадонларни оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турлари билан шуғулланишга жалб қилади;

ишсиз аҳоли рўйхатини шакллантиради ҳамда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда уларни ишга жойлаштириш чораларини кўради;

маҳаллада ишлаш хоҳиши бўлмаган хонадон аъзоларини тадбиркорликка жалб қилиш ва даромад топишга қизиқтириш (мотивация бериш) бўйича тарғибот ишларини мунтазам равишда олиб боради.

15. «Етакчи» тадбиркор билан кооперация асосида ишлаётган фуқаролар қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ташкил этиладиган ўқув курсларида иштирок этиб, ўзининг билим ва кўникмаларини оширади;

«етакчи» тадбиркор билан шартнома асосида ишлаётган фуқаро тадбиркорлик қилиши учун берилган мол-мулкдан тўғри фойдаланилишига шахсан жавобгар бўлади;

берилган мол-мулкдан доимий ва самарали фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқаради (етиштиради) ҳамда шартномага асосан ишлаб чиқарилган (етиштирилган) маҳсулотларни «етакчи» тадбиркорга етказиб берилишини таъминлайди;

маҳсулот ишлаб чиқариш (етиштириш) жараёнида юзага келаётган муаммолар тўғрисида ўз вақтида «етакчи» тадбиркорни хабардор қилади;

маҳсулот ишлаб чиқариш (етиштириш) жараёнини назорат қилиш ва кўмаклашиш бўйича «етакчи» тадбиркор томонидан бириктирилган маслаҳатчининг ҳар ҳафта иш жараёни билан танишиб боришига имконият яратиб беради.

 

5-БОБ. «ЕТАКЧИ» ТАДБИРКОРГА ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТ АЖРАТИШ ТАРТИБИ

16. Тижорат банклари томонидан кредитлар кооперация асосида кичик бизнесни ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш учун «оғир» маҳаллаларга бириктирилган «етакчи» тадбиркорлик субъектларига 3 йил муддатгача йиллик 10 фоиз ставкасида битта маҳаллага 2 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади.

17. «Етакчи» тадбиркор тижорат банкига имтиёзли кредит олиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) ариза;

б) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг ижобий хулосаси;

в) маҳсулот олди-сотди шартномаси (мавжуд бўлганда);

г) бизнес режа;

д) тегишли давлат солиқ инспекциясига охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл), (янги ташкил этилган юридик шахслар бундан мустасно);

е) кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида банкка қуйидаги таъминот турларидан бирини:

мол-мулк (шу жумладан, кредит ҳисобига олинаётган мол-мулклар) гарови;

учинчи шахс кафиллиги;

суғурта полислари;

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги;

қонунчилик ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари.

Молиялаштириладиган «етакчи» тадбиркор дастури хусусиятидан келиб чиқиб, банк томонидан ички кредит сиёсатига мувофиқ бошқа ҳужжатлар сўралиши мумкин.

18. Тижорат банки ички кредит сиёсати асосида кредит ажратиш масаласини кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилади.

 

6-БОБ. АЖРАТИЛГАН КРЕДИТ МАҚСАДЛИ ИШЛАТИЛИШИ УСТИДАН МОНИТОРИНГ ЎРНАТИШ ТАРТИБИ

19. «Етакчи» тадбиркорга ажратилган кредит мақсадли ишлатилиши устидан тижорат банки ва бошқарув офиси томонидан доимий мониторинг ўрнатилади. Бунда:

«етакчи» тадбиркор томонидан шартномага асосан тегишли фуқарога маҳсулот етказиб берилиши ёки хизмат кўрсатилиши;

«етакчи» тадбиркор ва фуқаро ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоб жараёнлари кузатиб борилади.

20. Маҳаллада «етакчи» тадбиркор томонидан кредит маблағларини «етакчи» тадбиркор дастурида белгиланмаган мақсадларга ишлатилган тақдирда, ушбу тадбиркорга мазкур мақсадда ажратилган кредитлар бўйича фоиз ставкалари Марказий банк асосий ставкасининг 2 баробари миқдоридаги фоиз ставкасига ўзгартирилиб, кредит фоиз харажатлари миқдори кредитдан умумий фойдаланиш даврига қайтадан ҳисобланади.

21. «Етакчи» тадбиркор олинган кредитлар бўйича ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзларни тузилган шартномага мувофиқ тасдиқланган кредит қайтариш режа-графигига асосан ўз муддатларида ўрнатилган тартибда сўндириб боради.

 

7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

22. Республика ҳудудларида «маҳаллабай» ишлаш тизимини ташкил этиш бўйича республика комиссияси ушбу Низом талабларига риоя этилиши устидан назорат олиб боради.

23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 9.08.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 275 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика