Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 33 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўзбекистон Республикасида ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқларига депозит тизимини ихтиёрий жорий этиш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019–2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 17 апрелдаги ПҚ-4291-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқларини хўжалик айланмасига жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш ва улардан ҳосил бўладиган чиқиндилар ҳажмларини камайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади.

1. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ўзбекистон Республикасида ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқларига (кейинги ўринларда – тара) депозит тизимини ихтиёрий жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Белгилансинки:

маҳсулотларни депозитли тарада ишлаб чиқарувчи ёки қадоқловчилар, улгуржи ва чакана савдо соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, депозитли тарада қадоқланган маҳсулот истеъмолчилари, депозитли тараларни йиғиш пунктлари, шунингдек, депозит тизими операторлари депозит тизими иштирокчилари ҳисобланади;

депозит тизимини жорий этган ташаббускор томонидан сотувга чиқариладиган ҳар бир маҳсулот бирлигининг тарасига истеъмолчи учун депозит тўлови тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган депозит маркировкаси туширилади;

депозит тизими ташаббускорлари депозит тўлови миқдори ва депозитли тара айланмаси усулларини мустақил белгилайдилар;

депозит тўлови депозитли тарада маҳсулот реализация қилинганида истеъмолчидан қўшимча тарзда ундирилади ва депозитли тара белгиланган тартибда қайтариб топширилганида, уни топширувчисига қайтариб берилади;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ичимлик маҳсулотларининг тараларига депозит тизимини ихтиёрий жорий этиш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқларига депозит тизимини ихтиёрий татбиқ этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

депозит тизими татбиқ этиладиган таралар турларини аниқлаш, депозит тўлови миқдорини ўрнатиш, депозит тизимини жорий этиш юзасидан ваколатли органни хабардор қилиш ҳамда депозит тизимини амалга ошириш;

маҳсулотни депозитли тарада қадоқланганлигини идентификация қилиш учун депозит маркировкасини амалга ошириш;

депозитли тарада қадоқланган маҳсулотни реализация қилишда ундириладиган ва депозитли тарани қабул қилишда қайтариладиган депозит тўловини амалга ошириш;

депозитли тарани йиғишни ташкил этиш ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

депозит тизимини жорий этишда ушбу тизим иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

депозит тизимини ўзгартириш ёки татбиқ этилишини тўхтатиш.

4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ичимлик маҳсулотини муомалага чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига тараларга депозит тизимини татбиқ этиш тавсия этилсин.

5. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

6. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ушбу қарор қонуний кучга киргунига қадар депозит тизими иштирокчиларига унинг мақсад ва вазифаларини тушунтириш, шунингдек, депозит тизимини жорий этишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилишини бошласин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси А.И.Максудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 28 июль

468-сон.

 

ЎзР ВМнинг 2021 йил 28 июлдаги 468-сон қарорига
ИЛОВА

ИЧИМЛИК МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ИСТЕЪМОЛ ҚАДОҚЛАРИГА ДЕПОЗИТ ТИЗИМИНИ ИХТИЁРИЙ ТАТБИҚ ЭТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқларига (кейинги ўринларда – тара) депозит тизимини ихтиёрий равишда татбиқ этиш, шунингдек, ишлатилган тарани йиғиш тизимини жорий қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

бир марта фойдаланиладиган тара – фақат бир марта ишлатишга мўлжалланган, шунингдек, ўзининг физик хусусиятларига кўра ёки гигиеник жиҳатдан такрор фойдаланилмайдиган тара;

депозит маркировкаси – тарани депозитли тара эканлигини билдирувчи, истеъмолчи учун депозит тўлови тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган, тасдиқланган намунадаги маркировка белгиси;

депозит тизими – депозитли тарани комплекс бошқаришни таъминлаш мақсадида мазкур тизимда назоратга олинган молиявий механизм орқали иштирок этувчи юридик ва жисмоний шахслар фаолияти ҳамда мувофиқлаштирилган жараёнлар йиғиндиси;

депозит тизими иштирокчилари – маҳсулотларни депозитли тарада ишлаб чиқарувчи ёки қадоқловчилар, улгуржи ва чакана савдо соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, депозитли тарада қадоқланган маҳсулот истеъмолчилари, йиғиш пунктлари ҳамда депозит тизими операторлари;

депозит тўлови – депозитли тарада маҳсулот реализация қилинганида истеъмолчидан қўшимча тарзда ундириладиган ва депозитли тара ушбу Низомда назарда тутилган тартибда қайтариб топширилганида, уни топширувчисига тўлаб (қайтариб) бериладиган гаров пули суммаси;

депозитли тара – депозит маркировкаси билан белгиланган ва депозит тўлови ундириладиган тара;

йиғиш пункти – истеъмолчилардан ишлатилган депозитли тарани қабул қилиш ва депозит тўловини қайтариш амалга ошириладиган, депозитли тарани йиғиш жойи (савдо объектлари, тарани автоматлаштирилган тарзда қабул қилиш воситалари (тароматлар) ёки тарани қабул қилишнинг бошқа пунктлари);

кўп марта айланадиган тара – ўзининг фойдаланиш цикли давомида фойдаланиш мақсади, имкониятлари ва яроқлигига кўра белгиланган мақсадда такрор фойдаланишга мўлжалланган тара;

тара – маҳсулотни жойлаштириш, ҳимоялаш, етказиб бериш, сақлаш, ташиш ва намойиш қилиш учун мўлжалланган, ҳар қандай материалдан тайёрланган бирламчи (маҳсулотга тегиб турадиган) қадоқ идиш.

3. Депозит тизими кўп марта айланадиган ҳамда бир марта фойдаланиладиган тарага нисбатан татбиқ этилиши мумкин.

 

2-БОБ. ДЕПОЗИТ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШНИ ТАШАББУС ҚИЛИШ

4. Депозит тизимини жорий этиш ишлаб чиқарувчилар, қадоқловчилар ёки депозит тизими операторлари (кейинги ўринларда – депозит тизими ташаббускори) томонидан ташаббус қилиниши мумкин.

5. Депозит тизимини жорий этишни ташаббус қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

депозит тизими татбиқ этиладиган тара турларини аниқлаб олиш;

ушбу Низомга мувофиқ депозит тўлови миқдорини ўрнатиш;

депозит тизими иштирокчилари ўртасида тузиладиган шартнома лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

ушбу Низомга 1-иловага** мувофиқ шакл бўйича депозит тизимини жорий этиш лойиҳасини (кейинги ўринларда – лойиҳа) ишлаб чиқиш ва лойиҳани илова қилган ҳолда, уни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасини (кейинги ўринларда – Давлат экология қўмитаси) ёзма равишда хабардор қилиш;

депозит тизими иштирокчилари ўртасида (истеъмолчилардан ташқари) тегишли шартномалар тузиш;

депозит тизимини амалга ошириш.

6. Депозит тизими ушбу Низомга 2-иловага** мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

 

3-БОБ. ДЕПОЗИТ МАРКИРОВКАСИ

7. Депозитли тарани индентификация қилиш, сотувга чиқариладиган ҳар бир маҳсулот бирлигининг ушбу Низомга 3-иловага** мувофиқ маркировкаланадиган, депозит маркировкаси ҳисобига амалга оширилади.

8. Депозит маркировкаси уни идентификация қилиш элементларига эга бўлиши, шунингдек, аниқ кўринадиган, тушунарли ва ташқи таъсир омилларига бардошли бўлиши лозим.

Депозит маркировкаси маҳсулот ёрлиғига (этикеткасига) ёки бевосита таранинг ўзига туширилиши мумкин.

9. Тарага (маҳсулот этикеткасига) депозит маркировкасини тушириш, маҳсулотни бозорга дастлабки жойлаштирувчи субъект томонидан амалга оширилади.

 

4-БОБ. ДЕПОЗИТ ТЎЛОВИ

10. Депозит тизими ташаббускорлари депозит тўлови миқдори ва депозитли тара айланмаси усулларини мустақил белгилайдилар.

11. Депозит тўлови:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига реализация қилинадиган;

халқаро рейсни амалга оширувчи ҳаво кемаси бортида йўловчига маҳсулотни олиб кетиш учун сотиш сифатида етказиб бериладиган;

болалар озуқаси ҳисобланадиган;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтиладиган маҳсулот тарасига ўрнатилмайди.

12. Депозит тўлови депозитли тарани қабул қилишни ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни ўз ичига олмайди.

13. Ҳар бир турдаги таранинг депозит тўлови миқдори тўғрисидаги маълумот маҳсулотни сотишда истеъмолчига етказилиши, шунингдек, товар чекида кўрсатилиши лозим.

 

5-БОБ. ДЕПОЗИТЛИ ТАРАНИ ЙИҒИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ

14. Топшириладиган (қабул қилинадиган) депозитли тара:

деформацияланмаган (ўзининг дастлабки сифатини қисман ёки бутунлай йўқотмаган) ва кейинчалик тўғридан-тўғри белгиланган мақсадда такрор фойдаланишга яроқли бўлиши (бир марта фойдаланиладиган тара бундан мустасно);

идентификация қилинадиган амалдаги депозит маркировкасига эга бўлиши керак.

15. Депозитли тараларни қабул қилиш йиғиш пунктлари орқали амалга оширилади. Бунда ҳар бир қабул қилинган депозитли тара учун депозитли тара топширувчисига тегишли депозит тўлови суммаси тўлиқ миқдорда тўлаб берилади (қайтарилади).

Агар депозитли тара деформацияланган (ўзининг дастлабки сифатини қисман ёки бутунлай йўқотган) ва кейинчалик тўғридан-тўғри белгиланган мақсадда такрор фойдаланишга яроқсиз бўлган ҳолларда (бир марта фойдаланиладиган тара бундан мустасно), шунингдек, депозит маркировкасини идентификация қилишнинг имкони бўлмаса, депозит тўлови тўланмайди (қайтарилмайди).

16. Йиғиш пунктлари депозит маркировкали ёки маркировкасиз ҳар қандай тарани қабул қилиши мумкин. Лекин, депозит тўлови фақатгина амалдаги депозит маркировкаси билан белгиланган тара учун тўланади (қайтарилади).

17. Йиғиш пунктлари депозит тизими ташаббускорларининг бевосита ўзлари томонидан ва (ёки) депозит тизимига аъзоликка кириш шарти билан ўзга юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ташкил этилиши мумкин.

Депозит тизимига аъзолик депозит тизими ташаббускори билан тегишли шартнома тузиш орқали амалга оширилади.

Бундай шартномада қуйидагилар белгиланиши лозим:

йиғиш пунктларига қўйиладиган талаблар, депозитли тарани қабул қилиш, йиғиш, сақлаш ва ишлов бериш шартлари;

йиғиш пунктларига депозит тўловини тўлаш (қайтариш) шартлари;

депозитли тарани ташиш шартлари;

қабул қилинадиган депозитли таралар сони депозитли тарадаги маҳсулотнинг сотилган бирлигидан ортиб кетиш ҳолатлари учун шартлар;

қабул қилинадиган депозитли тара миқдори қабул қилиш пунктларидаги уларни жойлаштириш ва вақтинча сақлашнинг мавжуд имкониятларидан ортиб кетиш ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда, депозитли тарани олиб чиқиб кетиш даврийлиги шартлари;

тарани автоматлаштирилган тарзда қабул қилиш воситаларини (тароматларни) жойлаштириш ва улардан фойдаланиш шартлари;

тарани автоматлаштирилган тарзда қабул қилиш воситаларига (тароматларга), шунингдек, йиғилган депозитли тараларга шикаст етказилганда йиғиш пунктларининг жавобгарлик шартлари;

депозитли тара чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш шартлари;

депозитли тарани йиғишни ташкил этиш (қабул қилиш, сақлаш, ҳисобини юритиш, юклаш) учун ўзаро ҳисоб-китоб шартлари;

депозитли тарага доир бошқа шартлар.

18. Кўп марта айланадиган тара учун депозит тўлови уни қабул қилиб олинганидан (саноқдан ўтказилган ва текшириб олинганидан) сўнг, депозит тизими ташаббускорлари томонидан йиғиш пунктларига тўланади (қайтарилади).

19. Топшириладиган (қабул қилинадиган) депозитли тара учун ўзаро ҳисоб-китоблар юридик шахслар билан – нақд пулсиз шаклда ҳамда жисмоний шахслар билан – нақд пул шаклда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тўловнинг бошқа усулларида амалга оширилади.

20. Топширилмаган (қабул қилинмаган) депозитли таралар учун ўзаро ҳисоб-китоблар амалга оширилмаганлиги натижасида ҳосил бўладиган депозит тўловларининг қолдиқ қиймати депозит ташаббускорлари ихтиёрида қолади ва депозит тизимини татбиқ этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилади.

 

6-БОБ. ДЕПОЗИТ ТИЗИМИ ТАШАББУСКОРЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

21. Депозит тизимининг ташаббускорлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тарага депозит маркировкасини тушириш усулларини белгилаш;

йиғиш пунктлари томонидан депозитли тарани қабул қилиш тартибини белгилаш;

депозит тизимини бошқаришни амалга ошириш;

шартнома асосида йиғиш пунктлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

депозитли тарани қабул қилиш жараёнлари устидан назоратни амалга ошириш;

депозит тўлови маблағларини бошқаришни амалга ошириш;

йиғиш пунктлари ва истеъмолчилардан деформацияланган (ўзининг дастлабки сифатини қисман ёки бутунлай йўқотган) ва кейинчалик тўғридан-тўғри белгиланган мақсадда такрор фойдаланишга яроқсиз бўлган (бир марта фойдаланиладиган тара бундан мустасно), шунингдек, депозит маркировкаси бўйича идентификация қилишнинг имкони бўлмаган депозитли тарани қабул қилмаслик;

топширилмаган (қабул қилинмаган) депозитли таралар учун ўзаро ҳисоб-китоблар амалга оширилмаганлиги натижасида ҳосил бўладиган депозит тўловларининг қолдиқ қийматини ўз ихтиёрида қолдириш ва депозит тизимини татбиқ этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтириш;

депозит тизими иштирокчилари ўртасидаги низоларни ҳал этишда кўмаклашиш.

Депозит тизими ташаббускорлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

22. Депозит тизими ташаббускорлари қуйидагиларга мажбур:

йиғиш пунктлари ва истеъмолчиларни депозит тизимининг амалдаги тартиби, талаблари, қоидалари ва улардаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар билан оммавий ахборот воситалари ҳамда йиғиш пунктларига маълумот жойлаштириш орқали таъминлаш;

депозит тизими иштирокчилари (истеъмолчилардан ташқари) ўртасидаги барча тадбирларни мувофиқлаштириб бориш;

депозит тизимининг самарали амалга оширилишини таъминлаш;

йиғиш пунктлари ва истеъмолчилардан ушбу Низомнинг ­14-банди талабларига мувофиқ келувчи депозитли тарани қабул қилиш;

йиғиш пунктлари ва истеъмолчиларга ҳар бир қабул қилинган депозитли тара учун депозит тўловини тўлиқ миқдорда тўлаш (қайтариш);

ўзаро келишувга мувофиқ, истеъмолчилардан депозитли тарани йиғишни ташкил этиш (қабул қилиш, сақлаш, ҳисобини юритиш, юклаш ва ҳ.к.) учун йиғиш пунктларига пул мукофотлари тўловини амалга ошириш;

депозитли тарани саралаш ва ташишни ташкил этилишини таъминлаш;

йиғилган депозитли таранинг тури ва материали бўйича алоҳида ҳисобини юритиш;

депозитли тара ташувчиларининг реестрини юритиш;

депозитли тара чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилишини таъминлаш.

Депозит тизими ташаббускорлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

7-БОБ. ЙИҒИШ ПУНКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

23. Йиғиш пунктлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

депозит тизими ташаббускоридан депозит тизимининг амалдаги тартиби, талаблари, қоидалари ва улардаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни олиш;

ўзлари томонидан йиғилган, ушбу Низомнинг 14-банди талабларига мувофиқ келувчи депозитли тарани депозит тизими ташаббускорига топшириш;

топширилган ҳар бир депозитли тара учун депозит тизими ташаббускоридан депозит тўловини тўлиқ миқдорда олиш;

ўзаро келишувга мувофиқ, истеъмолчилардан депозитли тарани йиғишни ташкил этиш (қабул қилиш, сақлаш, ҳисобини юритиш, юклаш ва ҳ.к.) учун депозит тизими ташаббускоридан пул мукофотларини олиш;

истеъмолчилардан деформацияланган (ўзининг дастлабки сифатини қисман ёки бутунлай йўқотган) ва кейинчалик тўғридан-тўғри белгиланган мақсадда такрор фойдаланишга яроқсиз бўлган (бир марта фойдаланиладиган тара бундан мустасно), шунингдек, депозит маркировкаси бўйича идентификация қилишнинг имкони бўлмаган депозитли тарани қабул қилмаслик.

Йиғиш пунктлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

24. Йиғиш пунктлари қуйидагиларга мажбур:

истеъмолчилардан ушбу Низомнинг 14-банди талабларига мувофиқ келувчи депозитли тараларни қабул қилиш;

истеъмолчиларга ҳар бир қабул қилинган депозитли тара учун депозит тўловини тўлиқ миқдорда тўлаш (қайтариш);

қабул қилинган депозитли тарани тури ва материаллари бўйича саралаб йиғиш ва вақтинча сақлаш;

депозитли таранинг (бир марта фойдаланиладиган тара бундан мустасно), шунингдек, депозит маркировкасининг бус-бутунлигини ва унинг бўшлигини таъминлаш;

қабул қилинган ва топширилган депозитли таранинг тури ва материаллари бўйича алоҳида ҳисобини юритиш;

депозитли тара чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилишини таъминлаш.

Йиғиш пунктлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

8-БОБ. ДЕПОЗИТ ТИЗИМИДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

25. Истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

депозит тизими ташаббускоридан депозит тизимининг амалдаги тартиби, талаблари, қоидалари ва улардаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни олиш;

ушбу Низомнинг 14-банди талабларига мувофиқ келувчи депозитли тарани ихтиёрий йиғиш пунктига топшириш;

топширилган ҳар бир депозитли тара учун йиғиш пунктидан депозит тўловини тўлиқ миқдорда олиш;

депозит тизими билан боғлиқ муносабатларда бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларининг ҳимоя қилиниши бўйича судга ва бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш.

Истеъмолчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

26. Истеъмолчилар қуйидагиларга мажбур:

депозитли тарани топширишда депозитли таранинг бўшлигини, шунингдек, депозит маркировкасининг бус-бутунлигини (бир марта фойдаланиладиган тара бундан мустасно) ҳамда таранинг тури ва материали бўйича сараланишини таъминлаш;

депозитли тара чиқиндиларини рухсат этилмаган жойларга ва объектларга (кўчаларга, сув йўлларига ва маиший чиқиндиларни тўплаш ва кўмиш учун белгиланмаган бошқа жойларга) ташламаслик ҳамда жойлаштирмаслик;

депозитли тара чиқиндиларини контейнер ва урналарга жойлаштиришда маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш тартибларига риоя қилиш.

Истеъмолчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

9-БОБ. ДЕПОЗИТ ТИЗИМИНИ ЎЗГАРТИРИШ ЁКИ ТАТБИҚ ЭТИЛИШИНИ ТЎХТАТИШ

27. Депозит тизимининг ташаббускори депозит тўлови миқдорини ушбу Низомнинг 10-банди талабларига мувофиқ ўзгартириши ёки уни муайян тарага татбиқ этилишини тўхтатиши мумкин. Бунда депозит тизими ташаббускори депозит тўлови миқдори ўзгарадиган ёки депозит тизимининг муайян тарага татбиқ этилиши тўхтатиладиган санани кўрсатган ҳолда, бу тўғрисида Давлат экология қўмитасини ёзма равишда, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳамда йиғиш пунктларига маълумот жойлаштириш орқали депозит тизими иштирокчиларини хабардор қилиши шарт.

28. Депозит тизимининг муайян тарага татбиқ этилиши тўхтатилганидан кейин депозит маркировкаси ушбу тарага татбиқ этилмайди. Бунда депозит тизими ташаббускори ва йиғиш пунктлари депозит тизимининг муайян тарага татбиқ этилиши тўхтатилган санадан бошлаб, олти ой давомида мазкур депозитли тарани истеъмолчилардан қабул қилишни таъминлайди.

 

10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

29. Мазкур Низомга риоя этилиши устидан назорат истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

30. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Депозит тизимини ихтиёрий равишда татбиқ этишда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.10.2021 йилдан кучга киради.

**Низомга 1–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 267 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика