Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 32 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 11 майдаги ПҚ-5113-сон қарори ҳамда «Кўчма савдо фаолиятига ахборот технологияларини жорий этиш ва савдо автомати орқали чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 4 июндаги ПҚ-5136-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, умумий овқатланиш корхоналари ва кўчма савдо фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 4 июндаги ПҚ-5136-сон қарори билан 2021 йил 1 декабрдан бошлаб:

кўчма савдо фаолияти тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда «K – SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда – «K – SAVDO» ААТ) рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга ошириш;

кўчма савдо жойи (хусусий мулкдорларга тегишли жойлардан ташқари) кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари бўйича «K – SAVDO» ААТ орқали электрон аукционда сотиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

кўчма савдони амалга ошириш талаблари ва шартлари, кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш, объектларнинг жойлашиш схемасини тузиш, электрон аукцион орқали кўчма савдо жойларини сотиш, кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш тартиби, кўчма савдони амалга ошириш даврининг тугатилиши ва кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатларини узайтириш тартибини назарда тутувчи Кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

«K – SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимига уланадиган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар рўйхати 2-иловага** мувофиқ;

Кўчма савдо фаолиятини тартибга солиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси 3-иловага** мувофиқ;

мавсумий кафеларни ўрнатиш (қуриш) бўйича рухсатнома бериш, уларни ўрнатишга (қуришга) ва уларнинг ишлашига қўйиладиган талаблар, мавсумий кафени ўрнатиш (қуриш) ва улардан фойдаланиш бўйича назоратни амалга ошириш механизмларини назарда тутувчи Умумий овқатланиш корхоналари мавсумий кафеларининг ишлаш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

3. Давлат мулкини балансида сақловчи вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ўзларининг тизимларидаги ташкилотларда савдо автоматларини ўрнатиш мумкин бўлган майдонларни тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш мақсадида белгиланган тартибда онлайн-аукционга чиқариш чораларини кўрсин.

Бунда, савдо автоматларини ўрнатиш учун давлат мулкини ижарага бериш бўйича тадбиркорлик субъектлари томонидан ташаббус кўрсатилганда, давлат мулкини балансида сақловчи вазирлик ва идоралар ушбу ташаббусларни икки кунлик муддатда кўриб чиқиб, давлат мулкини ижарага бериш бўйича ваколатли органга таклифларни тақдим қилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи «K – SAVDO» ААТни ишга туширсин:

кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш учун буюртма бериш;

кўчма савдо жойларининг хариталари билан танишиш;

аҳоли пунктлари бўйича кўчма савдо жойларининг схемаларига мувофиқ электрон аукционларни амалга ошириш;

аукцион ғолиби томонидан кўчма савдо жойи учун тўловларнинг амалга оширилиши, шунингдек, пул маблағларини қайтариш;

тадбиркорлик субъектларига реал вақт режимида QR-код қўйилган электрон шаклдаги гувоҳнома юбориш;

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга кўчма савдо объектлари тўғрисида маълумот юбориш;

кўчма савдо жойлашиш схемасида мавжуд бўш турган ва банд қилинган кўчма савдо жойлари тўғрисида маълумот олиш;

кўчма савдо объектлари реестрини юритиш.

Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси «K – SAVDO» ААТни ишлаб чиқиш, амалиётга жорий этиш ва техник қўллаб-қувватлашни молиялаштириш манбаи этиб белгилансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда:

2021 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафеларини жойлаштириш бўйича электрон ариза бериш хизматини жорий этишни;

2021 йил 1 ноябрга қадар ҳар бир туман (шаҳар) кесимида кўчма савдо жойларини танлаш ва кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемаларини тузиш ҳамда уларни «K – SAVDO» ААТга жойлаштиришни;

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларни «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграцион платформаси ёрдамида «K – SAVDO» ААТга интеграция қилишни таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, савдо автоматлари учун давлат стандартларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат Таснифлагичини қайта кўриб чиқсин ҳамда унда савдо автоматлари орқали чакана савдо ва (ёки) хизмат кўрсатиш фаолият турини назарда тутсин.

7. «Ўзэлтехсаноат» уюшмасига «Uzvend» ассоциацияси билан биргаликда уюшма таркибига кирувчи корхоналар негизида савдо автоматларини, уларнинг эҳтиёт қисмлари ва материалларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда ҳудудларда уларга техник хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага** мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д.Кудбиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 3 август

485-сон.

ЎзР ВМнинг

2021 йил 3 августдаги 485-сон қарорига

1-ИЛОВА

КЎЧМА САВДОНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчма савдони амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;

жойлашиш схемаси – кўчма савдо объектларининг олдиндан тасдиқланган жойлашуви;

иштирокчи – электрон аукционда иштирок этиш учун буюртма берган тадбиркорлик субъекти;

кўчма савдо жойи – кўчма савдо объектининг «K – SAVDO» ААТда рўйхатдан ўтишда кўрсатилган ҳудудий жойлашган жойи;

кўчма савдо объектининг ихтисослашуви – сотиладиган товарларнинг товар гуруҳларидан бирига мансублиги билан ифодаланган хилма-хиллиги;

кўчма савдо объектлари – вақтинчалик асосда жойлаштирилган ва мавсумий хусусиятга эга бўлган, шунингдек, иш куни якунлангандан сўнг объектни кўчириш имкони бўлган кўчма савдо объектлари (лотоклар, палаткалар, савдо аравалари, пештахталар, автодўконлар, автотиркамалар, автоцистерналар, фудтраклар, тонарлар, савдо автоматлари);

кўчма савдо субъектлари – кўчма савдони амалга ошириш учун «K – SAVDO» ААТда белгиланган тартибда кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказган ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи шахслар;

кўчма савдо – кўчма савдо объектларидан фойдаланган ҳолда, турғун савдо шохобчалари жойлашган жойдан ташқарида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилиш.

3. Кўчма савдо объектлари жойлашуви схемасини тузиш, шунингдек, электрон аукцион орқали кўчма савдо жойларини сотиб олиш ушбу Низомга 1-иловада*** келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

4. Ушбу Низом талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

байрам кунлари ва байрамолди кунларда савдо хизмати кўрсатиш юзасидан юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган кўчма савдоларга;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ташкил этилган кўргазма ва ярмарка савдоларига;

бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудида сотиладиган мева-сабзавот маҳсулотларининг чакана савдоларига;

амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган бошқа ҳолларга.

5. «K – SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда – «K – SAVDO» ААТ) кўчма савдо объектларини ушбу Низомда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказган тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчма савдо билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

 

2-БОБ. КЎЧМА САВДОНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАЛАБ ВА ШАРТЛАРИ

6. Кўчма савдони амалга оширишнинг мажбурий талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

чакана савдо соҳасида қонунчилик ҳужжатларига, шу жумладан, санитария, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига риоя қилиш;

давлат ветеринария хизматининг ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари ёки ветеринария-санитария экспертизаси лабораториялари томонидан берилган ижобий хулосалар асосида гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, тухумлар, шунингдек, ўсимлик озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш;

назорат-касса машиналари, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалар ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш учун ҳисоб-китоб терминалининг мавжудлиги (савдо автоматлари бундан мустасно);

кўчма савдо объектлари яқинида маиший чиқинди қутиларини ўрнатиш;

товарларни кўчма савдо объектлари орқали ва рўйхатдан ўтилган жойда сотиш.

7. Савдо объекти ихтисослашув турлари қуйидагилардан иборат:

нон ва нон маҳсулотлари, қандолат маҳсулотлари;

гўшт ва гўшт маҳсулотлари;

сут ва сут маҳсулотлари;

ўтириш жойлари ташкил этмасдан, доналаб сотиладиган таомлар;

сабзавотлар-мевалар ва полиз экинлари, шунингдек, қуруқ мевалар, писта ва ёнғоқлар;

музқаймоқ, алкоголсиз яхна ва иссиқ ичимликлар;

озиқ-овқат маҳсулотлари;

нашриёт маҳсулотлари;

гуллар;

халқ бадиий ва бошқа ҳунармандчилик буюмлари;

ҳунармандчилик маҳсулотлари, сувенирлар, кийим-кечак, пойабзал ва енгил саноат буюмлари;

ноозиқ-овқат маҳсулотлари.

Тадбиркорлик субъектлари кўчма савдо объекти ихтисослашув турларининг бир нечтаси билан савдо қоидаларига риоя этган ҳолда шуғулланиши мумкин.

8. Қуйидаги турдаги товарларнинг кўчма савдоси тақиқланади:

техник жиҳатдан мураккаб маиший маҳсулотлар (маиший металл кесиш ва ёғочни қайта ишлаш дастгоҳлари, маиший электротехника ва асбоб-ускуналар, маиший радиоэлектрон ускуналар, маиший ҳисоблаш ва кўпайтириш техникаси, фото ва кино ускуналар, телефон аппаратлари ва факс машиналари, электр мусиқа асбоблари, электрон ўйинчоқлар, маиший газ ускуналари ва қурилмалари);

тез бузиладиган товарлар (совуткич ва (ёки) музлаткич билан жиҳозланган ва тез бузиладиган товарлар совуткич ва (ёки) музлаткичларда сақланган ҳоллар бундан мустасно);

енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар;

болалар озиқ-овқат маҳсулотлари (қуруқ сут, кукунсимон бўтқа ёрмаси, озуқавий аралашмалар, мева ва сабзавот консервалари ва пюреси);

ҳайвонлар, термик ишлов берилмаган, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёлар, ветеринария дори воситалари, микроорганизмлар штаммлари, озиқалар ва озуқабоп қўшимчалар;

акциз солинадиган товарлар, шу жумладан, спиртли ичимликлар;

ҳашаротлар ва зараркунандаларни заҳарлашда қўлланиладиган кимёвий моддалар ва заҳарлар;

диний мазмундаги материаллар;

қонунчилик ҳужжатлари билан кўчма савдо объектлари орқали сотилиши тақиқланган товарлар.

9. Қуйидаги жойларда кўчма савдо объектларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди:

маъмурий бинолар (савдо автоматлари бундан мустасно), маданий мерос объектлари ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар фасади олдида;

бино ва иншоотларнинг ёнғинга қарши оралиқларида;

муҳандислик коммуникациялари хавфсизлик зоналарида;

жамоат транспорти бекатларида йўлак (тротуар)нинг иккала томонидан 15 метр масофадан яқинроқда (савдо автоматлари бундан мустасно);

чорраҳаларга 15 метрдан яқинроқда;

маиший чиқиндиларни йиғиш пунктларига 20 метр масофа орасида;

сунъий иншоотларда (тўхташ бостирмалари, ерости ўтиш жойлари, кўприклар, туннеллар, транспорт боғламалари ва йўл ўтказгичлар);

пиёдалар ўтиш жойларида ва улардан олдин 15 метрдан кам масофада;

велосипед йўлакларида;

қатнов қисмининг хавфли бурилишларида;

лоақал бир йўналишдаги кўриниш масофаси 100 метрдан кам бўлган йўл дўнгликлари яқинида;

қатнов қисми кесишмаларида ва кесишаётган қатнов қисми четига 15 метрдан кам масофада (уч томонлама кесишмаларда (чорраҳаларда) ёндан туташган йўлнинг сидирға чизиқ ёки ажратувчи бўлак билан ажратилган қарама-қарши томони бундан мустасно);

транспорт воситаси светофор ишоралари, йўл белгиларини бошқа ҳайдовчилардан тўсиб қўядиган, бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига (кириш ва чиқишига) имкон қолдирмайдиган ёки пиёдаларнинг ҳаракатига халақит берадиган жойларда;

«Тўхташ тақиқланади» йўл белгиси ёки «тўхташ тақиқланади» йўл чизиғи таъсири доирасида.

10. Кўчма савдо объекти истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш вақтида витриналар ва пештахта (пештахталар), ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига жавоб берадиган зарур савдо, совитиш ва бошқа технологик ускуналар билан жиҳозланган бўлиши керак.

11. Рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо жойини ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга фойдаланишга ёки ижарага бериш тақиқланади.

12. Кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситаси техник кўрикдан ўтиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига жавоб бериши, шунингдек, техник жиҳатдан соз ва тегишли санитария ҳолатида сақланиши керак.

Кўчма савдо автотранспорт воситасининг конструкциясини ўзгартириш (қайта жиҳозлаш) талаб қилинса, ўрнатилган тартибда автомототранспорт воситасини қайта жиҳозлашга рухсатнома олиниши шарт.

13. Харидорларга хизмат кўрсатиладиган витриналар ва пештахтага харидорларнинг эркин келиши таъминламаган тақдирда кўчма савдо объектини жойлаштиришга рухсат берилмайди.

14. Кўчма савдо субъектлари:

кўчма савдо объектида кўчма савдо субъекти тўғрисида QR-код қўйилган ва электрон шаклда олинган гувоҳноманинг нусхаси, шунингдек, савдо автоматларида техник хизматнинг телефон рақамларини жойлаштириши;

ваколатли органга «K – SAVDO» ААТда кўчма савдо объектлари реестридаги кўчма савдо объекти тўғрисидаги маълумотларнинг ўзгарганлиги ҳақидаги ахборотни тегишли ўзгартиришлар киритилган кундан бошлаб ўн кун ичида тегишли ўзгартиришлар киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда ёки электрон ҳужжат кўринишида (электрон рақамли имзо билан) ариза юбориш йўли билан тақдим этиши лозим.

15. Сотиш учун таклиф этилаётган товарлар турлари, кўрсатиладиган хизматлар рўйхати кўчма савдо объектининг ихтисослашувига мувофиқ сотувчи томонидан мустақил равишда белгиланади.

16. Кўчма савдо субъектлари рўйхатдан ўтишда кўрсатган иш режимига мувофиқ кўчма савдони амалга оширадилар.

17. Транспорт воситаси орқали кўчма савдо фаолияти ­«K – SAVDO» ААТ орқали савдо қилинадиган жой ҳақида хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилади.

Бунда транспорт воситаси орқали кўчма савдо қилиш йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ транспорт воситаси тўхтаб туриши тақиқланмаган жойларда амалга оширилиши мумкин.

18. Савдо автоматлари орқали оммавий талабдаги, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб берадиган товарлар (чой, кофе, салқин ва алкоголсиз ичимликлар, ноозиқ-овқат товарлар (газета ва матбаа маҳсулотлари), қандолат ва нон маҳсулотлари, ширинликлар) сотилади, хизматлар кўрсатилади.

Савдо автоматларини маҳсулот билан таъминлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш савдо автоматини «K – SAVDO» ААТда рўйхатдан ўтказган кўчма савдо субъектларига юкланади, шунингдек, улар зиммасига товар-моддий бойликларни сақлаш бўйича чоралар кўриш ҳамда савдо автомати бузилганда товарлар бузилишининг олдини олиш ҳам юкланади.

 

3-БОБ. КЎЧМА САВДО ОБЪЕКТЛАРИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

 

1-§. Кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказишнинг умумий қоидалари

19. «K – SAVDO» ААТда кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш тадбиркорлик субъекти томонидан кўчма савдо схемаси доирасида ва савдо жойини аниқ кўрсатган ҳолда электрон бланкани тўлдириш йўли билан амалга оширилади, транспорт воситалари бундан мустасно.

20. Кўчма савдо жойи жойлашиш схемалари доирасида «K – SAVDO» ААТ орқали электрон аукционда сотилади. Бунда тадбиркорлик субъектига электрон аукционда сотиб олинган кўчма савдо жойидан кўпи билан 36 ой муддатга фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Мазкур Низом талаблари асосида белгиланган жойлаштириш схемаси доирасида кўчма савдо майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини олган тадбиркорлик субъектлари ушбу Низом талаблари ва шартларига риоя этган ҳолда, фақат байрам ва оммавий тадбирлар ўтказиш даврида вақтинчалик асосда жойлаштириш схемасидан ташқарида фаолият юритиши мумкин.

21. «K – SAVDO» ААТда кўчма савдо объектини рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди.

22. Аукцион савдолари ўтказилишидан олинган пул маблағлари суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

20 фоизи – ваколатли органнинг махсус ҳисобварағига;

80 фоизи – тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига ўтказилади.

 

2-§. Жойлашиш схемасини тузиш

23. Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда йилнинг 1 декабрига қадар, илгари жойлаштирилган схемалар бўйича эса уларни қайта кўриб чиқиш муддатидан камида бир ой олдин ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган талабларга мувофиқ жойлар сони кўрсатилган ҳолда, тегишли туман (шаҳар) ҳудудида кўчма савдо объектларининг жойлашувини ўз ичига олган жойлашиш схемаларини тузади.

24. Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси кўчма савдо объектларини жойлаштириш схемаларини тегишлича туман (шаҳар) ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари билан уч кун муддатда келишади.

25. Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси томонидан кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари келишилганидан кейин ўн кун ичида «K – SAVDO» ААТда жойлаштирилади.

Бунда туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси келишилган кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон бериши мумкин.

Жойлашиш схемалари ҳар уч йилда бир марта қайта кўриб чиқилади.

26. Тадбиркорлик субъектлари «K – SAVDO» ААТ орқали кейинчалик реализация қилиш учун жойлашиш схемаларига кўчма савдо қилинадиган аниқ жойни киритиш бўйича таклифлар бериш ҳуқуқига эга.

27. Тадбиркорлик субъектлари томонидан таклиф этилган кўчма савдо жойи уч кун ичида туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси томонидан ушбу Низом талабларига мувофиқлиги жиҳатдан кўриб чиқилади.

28. Кўриб чиқиш якунлари бўйича туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси таклиф этилган кўчма савдо жойини «K – SAVDO» ААТга жойлаштиради ёки сабабларини кўрсатган ҳолда жойлаштиришни рад этади. Бунда тадбиркорлик субъектлари рад этилган таклифлар бўйича қонунчиликка мувофиқ шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

 

3-§. Электрон аукцион орқали кўчма савдо жойларини сотиш

29. Жойлашиш схемалари доирасида кўчма савдо жойларини сотиш «K – SAVDO» ААТда электрон аукцион орқали амалга оширилади ва аукцион натижаларига кўра энг юқори нархни таклиф қилган иштирокчи кўчма савдо объектини жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.

30. Аукцион нархларни ошириш принципи бўйича ўтказилади.

Бошланғич нарх тегишли туман (шаҳар)даги ер участкасининг ер солиғига тенг.

31. Аукционда ҳар қандай юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор иштирокчи сифатида қатнашиши мумкин.

32. Аукцион унда иштирок этиш учун биринчи буюртма топширилган пайтдан бошланади. Аукцион ўтказиш муддати беш календарь кунни ташкил этади.

33. Аукционда қатнашиш учун иштирокчи «K – SAVDO» ААТда тегишли электрон бланкани тўлдиради ва бошланғич нархнинг 25 фоизи миқдорида закалат суммасини тўлайди.

Электрон бланкада қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

юридик шахснинг номи ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми (агар мавжуд бўлса);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

кўчма савдо объектининг ихтисослашуви;

иш тартиби (иш кунлари, иш вақти);

кўчма савдо объектини жойлаштириш даври, бунда муддат 36 ойдан ошмаслиги лозим;

электрон почта манзили (мавжуд бўлганда).

34. Электрон бланкани тўлдиргач, иштирокчи «K – SAVDO» ААТга киритган маълумотларнинг тўғрилигини электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида тасдиқлайди.

35. Аукцион якунлангач, «K – SAVDO» ААТда аукцион ғолибининг номи ва охирги нарх миқдори автоматик тарзда кўрсатилади.

36. Аукцион ғолиби аукцион тугаган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмасдан, кўчма савдо жойининг тўлиқ нархини тўлаши лозим.

37. Кўчма савдо жойининг тўлиқ қиймати белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, аукцион ўтказилмаган ҳисобланади.

38. Кўчма савдо жойининг қиймати тўланганлиги «K – SAVDO» ААТ орқали аниқланади.

39. Кўчма савдо жойининг қиймати тўланганлиги тасдиқлангандан кейин ғолибга автоматик тарзда «K – SAVDO» ААТ орқали ушбу Низомга 2-иловага*** мувофиқ электрон шаклда кўчма савдо объектининг рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи QR-код (матрицали-штрихли код) қўйилган гувоҳнома юборилади.

40. Аукцион тугагандан сўнг закалат суммаси ғолиб бўлмаган аукцион иштирокчиларига уч иш куни мобайнида қайтарилади.

41. Рўйхатдан ўтган кўчма савдо жойи жойлашиш схемасида унинг кўчма савдо объектини жойлаштириш даврида бандлигини кўрсатувчи махсус белги билан белгиланади.

 

4-БОБ. КЎЧМА САВДО АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

42. Кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситаси «K – SAVDO» ААТда жойлашиш схемасидан ташқарида, электрон аукцион ўтказмасдан рўйхатга олинади.

43. «K – SAVDO» ААТда транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш учун тадбиркорлик субъекти тегишли электрон бланкани тўлдиради.

Электрон бланкада қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

юридик шахснинг номи ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми (агар мавжуд бўлса);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

автомототранспорт воситасининг маркаси, тури ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси;

савдо объектининг ихтисослашуви;

иш тартиби (иш кунлари, иш вақти);

кўчма савдо объектини жойлаштириш даври, бунда муддат 36 ойдан ошмаслиги лозим;

электрон почта манзили (мавжуд бўлганда).

44. Электрон бланка тўлдирилгач, «K – SAVDO» ААТ тадбиркорлик субъекти томонидан киритилган маълумотларни онлайн тарзда қайта ишлайди ва кўчма савдо объектининг рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи QR-код (матрицали-штрихли код) қўйилган электрон шаклдаги гувоҳнома юборади.

45. Рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи электрон шаклдаги гувоҳнома тадбиркорлик субъектининг мавжуд электрон почта манзилига ҳам юборилади.

46. Тадбиркорлик субъектида кўчма савдони амалга ошириш учун бир нечта транспорт воситалари мавжуд бўлса, рўйхатга олиш ҳар бир транспорт воситаси бўйича алоҳида амалга оширилади.

 

 

5-БОБ. КЎЧМА САВДО ОБЪЕКТЛАРИ РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

47. «K – SAVDO» ААТда кўчма савдо объектлари реестри (кейинги ўринларда – реестр) электрон шаклда юритилади.

48. Реестрда ҳар бир рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо объекти бўйича қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлади:

рўйхатга олиш санаси ва унинг рақами;

юридик шахснинг тўлиқ номи, якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (агар мавжуд бўлса);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

кўчма савдо объектининг ихтисослашуви;

кўчма савдо амалга ошириладиган транспорт воситасининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақами белгиси тўғрисидаги маълумотлар (транспорт воситаси орқали кўчма савдо амалга оширилганда);

кўчма савдо объектини жойлаштириш даври, бунда муддат 36 ойдан ошмаслиги лозим;

иш тартиби (иш кунлари, иш вақти);

кўчма савдо объекти жойлашган жой.

49. Кўчма савдо объектлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда:

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига юборилади.

 

6-БОБ. КЎЧМА САВДОНИ АМАЛГА ОШИРИШ ДАВРИНИНГ ТУГАТИЛИШИ ВА КЎЧМА САВДО ОБЪЕКТИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ МУДДАТЛАРИНИ УЗАЙТИРИШ

50. Кўчма савдони амалга ошириш жойини ўзгартириш кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган умумий тартибда амалга оширилиши мумкин.

51. Туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси кўчма савдо объектини реестрдан қуйидаги ҳолларда чиқариб ташлайди:

ушбу кўчма савдо объекти бўйича тақдим этилган маълумотларнинг нотўғрилиги аниқланганда;

юридик шахс тугатилганда, жисмоний шахс томонидан якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги фаолияти тўхтатилганда;

кўчма савдо субъекти томонидан кўчма савдо объектидан фойдаланган ҳолда кўчма савдони амалга оширишни бутунлай тўхтатганлиги тўғрисида ёзма ахборот киритилганда.

Тадбиркорлик субъектига ушбу Низомда белгиланган тартибда фойдаланиш учун ажратилган кўчма савдони амалга ошириш жойи қонунчиликда белгиланган асосларга кўра туман (шаҳар) ҳокимлигининг қарорига мувофиқ олиб қўйилган тақдирда, тадбиркорлик субъектига етказилган зарар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ пул суммасини тўлаш ёки бошқача компенсация тўлаш йўли билан бартараф этилади.

52. Реестрдан чиқариш кўчма савдо субъектининг кўчма савдо объекти жойлаштирилган жойда кўчма савдони амалга ошириш ҳуқуқини йўқотишига олиб келади. Реестрдан чиқариш қайта рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмайди.

53. Рўйхатдан ўтишда кўрсатилган кўчма савдо объектини жойлаштириш даври тугаши санасидан кечиктирмасдан тадбиркорлик субъекти кўчма савдо жойини бўшатиши лозим (узайтирилган ҳолатлар бундан мустасно).

54. Тегишли савдо жойида кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатини икки мартадан ортиқ узайтиришга йўл қўйилмайди (мазкур чеклов савдо автоматларига татбиқ этилмайди). Бунда кўчма савдо субъекти кўчма савдо объектини жойлаштириш муддати тугагунга қадар «K – SAVDO» ААТда кўчма савдо объектини жойлаштириш муддатини узайтириш тўғрисидаги электрон бланкани тўлдириши лозим.

55. Электрон бланка тўлдирилгандан сўнг «K – SAVDO» ААТ кўчма савдо субъектининг электрон почта манзилига кўчма савдо объектини жойлаштириш муддати узайтирилганлигини тасдиқловчи QR-код (матрицали-штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат юборади.

 

 

7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

56. «K – SAVDO» ААТда жойлаштирилган маълумотлар танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади.

57. Кўчма савдо объектлари:

электр энергия ва газ таъминоти билан фақатгина автоном қурилмалар орқали таъминланади;

ичимлик суви ва оқава сув тармоқларига уланиши, уларга уланиш имконияти мавжуд бўлган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

58. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.08.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2–5-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

***Низомга 1–2-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 357 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика