Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 32 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида аудиторнинг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонининг шаффофлигини таъминлайдиган аудиторларни сертификатлашнинг замонавий тизимини жорий этиш, шунингдек, ушбу соҳадаги халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни ўрнатиш мақсадида:

1. Молия вазирлиги ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларининг (кейинги ўринларда – аудиторларнинг жамоат бирлашмалари) 2021 йил 15 августдан бошлаб Молия вазирлигининг қуйидаги функцияларини аудиторларнинг жамоат бирлашмаларига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

аудиторнинг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини (кейинги ўринларда – малака имтиҳонлари) ўтказиш;

аудиторнинг малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ва унинг амал қилишини тугатиш;

аудиторларнинг малакасини ошириш дастурларини тасдиқлаш.

2. Белгилансинки:

малака имтиҳонларини ўтказиш регламенти, аудиторнинг малака сертификатини бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ва унинг амал қилишини тугатиш тартиби, аудиторларнинг малакасини ошириш дастурлари аудиторларнинг жамоат бирлашмалари томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

малака имтиҳонларининг ташкил этилиши ва тузилиши, малака имтиҳонларига тайёргарлик кўриш учун тавсия этилган материаллар ва ўқув дастурлари, шунингдек, малака имтиҳонлари натижалари тўғрисидаги маълумотлар аудиторлар жамоат бирлашмаларининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади;

малака имтиҳонларида қатнашиш учун талабгорлар ва аудиторнинг малака сертификатига эга аудиторлар ҳақида маълумотлар базаси аудиторларнинг жамоат бирлашмалари томонидан юритилади.

3. Республика ҳудудларида аудиторлик фаолияти соҳасида малакали мутахассислар тайёрлашнинг илғор усулларини жорий этиш ва аудиторлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

4. Аудиторларнинг жамоат бирлашмаларига қуйидаги ҳуқуқлар тақдим этилсин:

малака имтиҳонларини тасдиқланган тартиб ва регламентга мувофиқ ўтказиш учун мустақил равишда ёки биргаликда имтиҳон марказларини ташкил этиш;

республиканинг барча ҳудудларида малака имтиҳонларини ташкил этиш ва аудиторлар малакасини ошириш мақсадида ҳудудлардаги тармоқларни ривожлантириш.

5. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Молия вазирлиги билан биргаликда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг (кейинги ўринларда – тажриба-синов олий таълим муассасалари) «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог кадрларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида аудитнинг халқаро стандартлари (кейинги ўринларда – АХС) бўйича тезлаштирилган тарзда ўқитиш жадвалини тасдиқласин;

2022 йил 1 августдан бошлаб тажриба-синов олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълими йўналишлари ва магистратура мутахассислигидаги «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича АХСни чуқур ўрганишни назарда тутувчи янгиланган ўқув дастурларини таълим жараёнига жорий этсин;

бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида аккредитациядан ўтган ўқув марказларида таҳсил олган олий таълим муассасалари педагог кадрлари тўғрисидаги маълумотлар базасини 2022 йил 1 январга қадар расмий веб-сайтида эълон қилсин ва доимий равишда уни янгилаб борсин.

6. Молия вазирлиги:

бир ой муддатда аудиторларнинг жамоат бирлашмалари билан биргаликда аудиторнинг малака сертификатини малака имтиҳонини топширмасдан бериш ва муддатини узайтириш учун асос бўладиган бухгалтерларнинг халқаро сертификатлари рўйхатини тасдиқласин;

аудиторларнинг жамоат бирлашмаларига малака имтиҳонларини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича техник ва услубий ёрдам кўрсатсин;

аудиторларнинг жамоат бирлашмалари билан биргаликда ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида имтиҳонлар ўтказиш ва натижаларни баҳолашнинг шаффофлигини таъминловчи самарали аудиторларни сертификатлаш тизимини, шунингдек, малака имтиҳонлари, аудиторларнинг малакасини ошириш ва аудиторлик фаолиятининг ташқи сифат назорати натижалари бўйича ахборот алмашинувини ташкил этсин;

2021 йил охирига қадар бухгалтерларни сертификатлаш соҳасидаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда «Ҳуқуқ» ва «Солиққа тортиш» йўналишлари бўйича натижалари бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида қабул қилинадиган миллий малака имтиҳонини ўтказиш тизимини жорий этиш масаласини кўриб чиқсин;

бухгалтер ва аудиторлар учун халқаро таълим стандартларини тан олиш ва республикада қўллаш мақсадида бухгалтерларни сертификатлаш соҳасидаги халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўрсин;

аудиторларнинг жамоат бирлашмалари билан биргаликда халқаро молия институтларининг грант маблағларини жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 мартдаги ПҚ-2847-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тўғрисидаги низомга 2-иловага** мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 3-иловага** мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов белгилансин.

Мазкур қарорнинг ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, унинг ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 4 август

ПҚ-5210-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.08.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 297 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика