Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 32 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида».

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

 

Мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда.

Хусусан, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилди, давлат хизматлари марказлари томонидан қамраб олинган хизматларни кўрсатиш муддати ва талаб этиладиган ҳужжатлар сони ўртача икки баробарга қисқартирилди.

Шу билан бирга, давлат хизматлари марказлари томонидан хизматларнинг қамраб олиш даражаси пастлиги, давлат хизматларини кўрсатиш муддатларининг узунлиги, улар бўйича тўловларнинг юқорилиги, аксарият давлат органларининг зарур маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилмаганлиги ушбу йўналишда олдимизда турган вазифаларнинг долзарблигидан далолат беради.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни жадаллаштириш, давлат хизматлари сифатли кўрсатилишини таъминлаш, турли тоифадаги давлат хизматлари кўрсатиш тизимини рақамлаштириш жараёнларини уйғунлаштириш мақсадида:

1. 2021 йил 1 ноябрдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно);

б) Давлат хизматлари марказлари, «Лицензия» ахборот тизими ҳамда ЯИДХП орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатидан уч иш кунидан ортиқ вақтга кечиктирилганда, ариза берувчиларнинг мурожаатларига асосан, хизматдан фойдаланиш учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг 50 фоизи уларга бир иш кунида қайтарилади. Бунда:

ариза берувчига тўловлар Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтарилади ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан давлат хизматини кўрсатиш муддатини кечиктирган давлат органи ва ташкилотининг бюджетдан ташқари ва бошқа маблағлари ҳисобидан сўзсиз (акцептсиз) тартибда ундириб олинади;

ариза берувчига тегишли давлат хизмати тўлиқ ҳажмда кўрсатилади.

2. 2022 йил 1 январдан айрим давлат хизматларини кўрсатишда ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлар миқдорлари 1-иловага мувофиқ камайтирилсин.

3. Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг:

а) 2021 йил 1 декабрдан бошлаб:

чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратиш;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида амалга ошириш;

лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун қонунчилик ҳужжатларида миллий валютада белгиланган тўловларни базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизигача миқдорда белгилаш (қонунчилик ҳужжатларида тўловлар белгиланмаган ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизидан кам миқдорда белгиланган ҳоллар бундан мустасно). Бунда, QR-код қўйилган лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатларини бериш учун тўлов ундирилмайди;

б) 2022 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва беришни, шу жумладан давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширишни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин.

4. Қуйидагилар:

Давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали босқичма-босқич жорий этиладиган давлат хизматлари рўйхати 2-иловага** мувофиқ;

2021 йил 1 октябрдан айрим турдаги маълумотлар ва электрон кўринишдаги ҳужжатларни «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда бериш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати 3-иловага** мувофиқ;

2022 йил 1 январдан кўрсатиш муддатлари қисқартириладиган давлат хизматларининг айрим турлари рўйхати 4-иловага** мувофиқ;

Давлат хизматларини кўрсатиш тартибини янада соддалаштириш, муддатларини, талаб қилинадиган ҳужжатларини қисқартириш ҳамда рақамлаштириш бўйича «йўл харитаси» 5-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилансинки, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат ташкилотлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан:

а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи маълумотларни:

тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини;

лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлигини;

давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлигини;

қимматли қоғозларга эгалигини, қимматли қоғозлар билан операциялар амалга оширилганлигини, дивидендлар олинганлигини;

кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлигини;

жисмоний шахслар томонидан алиментлар тўланганлигини ва олинганлигини;

олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини;

жисмоний шахс томонидан ўрта махсус, профессионал (касб-ҳунар) таълим муассасаси тугатилганлигини;

жисмоний шахс томонидан умумий ўрта таълим муассасаси (11-синф негизида) тугатилганлигини;

фуқаро «Ёшлар дафтари» ёки «Аёллар дафтари»да мавжудлигини;

ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотларни;

олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни;

б) қуйидаги ҳужжатларни:

молиявий ҳисоботлар нусхаларини;

жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни;

ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинади.

Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда мазкур бандда назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни ушбу Фармонга 4-иловада белгиланган масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда ўзларининг идоравий ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларида мавжуд бўлган ахборот ва маълумотларнинг «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасига интеграция қилинишини таъминласин.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига электрон маълумот базаларини ўз вақтида ва сифатли шакллантириш, маълумотларни рақамлаштириш, маълумотлар ҳамда электрон кўринишдаги ҳужжатларни муддатида бериш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

Мазкур бандда кўрсатилган ҳужжат ва маълумотларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳолидан талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш деб ҳисобланади.

6. Белгилансинки, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматларини кўрсатганлик учун ундириладиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларнинг давлат хизматини кўрсатиш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари ҳисобига йўналтириладиган қисмининг камида 20 фоизи ушбу ташкилотда ахборот технологияларини ривожлантириш, шунингдек, қоғоз кўринишдаги ҳужжатларни рақамлаштириш учун йўналтирилади.

Молия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда давлат органлари ва ташкилотларида мазкур бандда назарда тутилган маблағларнинг ахборот технологияларини ривожлантириш, шунингдек, қоғоз кўринишдаги ҳужжатларни рақамлаштириш учун йўналтирилишини доимий равишда мониторинг қилиб борсин.

7. 2022 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга айрим фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатларини бериш ҳамда уларни ушбу мақсадда аттестациядан ўтказишнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:

малака сертификатларини бериш ва аттестациядан ўтказиш учун мурожаатлар электрон шаклда қабул қилинади;

малака сертификатларини бериш учун ўтказиладиган имтиҳон жараёнлари узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва видеотасвир камида бир йил сақланади;

малака сертификатларини бериш ва аттестациядан ўтказиш учун жисмоний шахслардан ундириладиган тўловлар давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисобини юритувчи Ягона биллинг тизими орқали амалга оширилади;

талабгорлардан имтиҳон олишда саволлар тест кўринишида компьютер воситаси орқали олинади ва натижаси шу вақтнинг ўзида маълум қилинади (алоҳида иқтидор ҳамда амалий синовлар талаб этиладиган йўналишлар бундан мустасно);

малака сертификатлари ва аттестация гувоҳномалари QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштирилади.

8. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар электрон (онлайн) кўрсатиладиган хизматлар улушини ошириш ҳамда фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида «Электрон ҳукумат» тизими фойдаланувчиларини идентификациялаш ягона ахборот тизимининг (OneID) янги талқини ҳамда унинг мобил иловаси ишлаб чиқилишини таъминласин.

Бунда, масофавий идентификация қилишни йўлга қўйиш, давлат хизматидан фойдаланишда шахсни мобил алоқа телефони орқали тасдиқлаш, давлат хизматларини кўрсатиш ҳолати тўғрисида абонентларга SMS-хабар юбориш имкониятини яратсин.

9. 2022 йил 1 январдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида ўлимни қайд қилиш бўйича қуйидагилардан иборат композит хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилсин:

тиббиёт бирлашмаси ходими вафот этганлик тўғрисидаги маълумотномани расмийлаштириб, «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон шаклда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (кейинги ўринларда – ФҲДЁ) органига юборади. Бунда, вафот этганлик тўғрисидаги тиббиёт маълумотномаси вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга қоғоз шаклида берилиши ва улар тўғридан-тўғри ФҲДЁ органига мурожаат қилиши ҳам мумкин;

ФҲДЁ органи маълумотнома келиб тушгандан сўнг бир иш куни мобайнида шахснинг ўлимини «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимида қайд қилиб, QR-код орқали тасдиқлайди;

ФҲДЁ органи вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга вафот этганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини гербли гувоҳномада экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб беради ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юборади.

10. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

а) 2021 йил 1 октябрга қадар:

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ҳамда «ТМЭК» ахборот тизимлари ЯИДХП билан интеграция қилинишини таъминласин;

давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали давлат хизматлари кўрсатилишида тўловлар бўйича имтиёзга эга бўлган шахсларни реал вақт режимида аниқлаш ва тўлов миқдорини автоматик тарзда белгилаш тизимини жорий этсин;

Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан электрон рақамли имзо калити сертификатларини бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратсин;

Марказий банк ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда хориждан туриб электрон давлат хизматларидан фойдаланишда давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловларни чет эл валютасида халқаро тўлов тизимлари ва бошқа воситалар орқали амалга ошириш механизмини жорий этсин;

б) «Ўзбектелеком» АК билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрдан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ва тезкорлигини ошириш мақсадида республика ҳудудидаги барча давлат хизматлари марказлари (уларнинг филиаллари) ҳамда ФҲДЁ органларининг Интернет тармоғи ҳамда ҳимояланган VPN тармоғига Тошкент шаҳри учун мўлжалланган энг арзон тарифлар бўйича уланишини ва хизмат кўрсатилишини таъминласин.

11. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи комиссияси (А.Н.Арипов) 6-иловага** мувофиқ таркибда тузилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш ва таъминлаш;

давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини, шу жумладан давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида қўлланиладиган маълумотларнинг рақамлаштирилганлик ҳолатини мониторинг қилиш, таҳлил қилиш ва хизмат кўрсатувчи органларнинг ҳисоботларини тинглаш;

мазкур Фармонда назарда тутилган ҳамда давлат хизматларини жорий этиш ва ривожлантириш билан боғлиқ бўлган вазифа ва топшириқларнинг ижросини назорат қилиш;

давлат хизматларини тақдим этишни оптималлаштириш, тартиб, муддат ва зарур ҳужжатларни қисқартириш бўйича чоралар кўриш;

жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини самарали кўрсатишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, вазирлик ва идораларга бажарилиши мажбурий бўлган топшириқ ва кўрсатмалар бериш;

давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига кўриб чиқиш учун киритиш.

12. Давлат хизматлари агентлиги марказий аппарати тузилмасида:

а) директор ўринбосари лавозими тугатилсин;

б) қуйидаги лавозимлар киритилсин:

давлат хизматларини жорий этиш ва ривожлантиришга, давлат органларининг давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришга ҳамда Давлат хизматлари агентлиги тизимида давлат хизматлари кўрсатилишини ташкил этишга масъул – директорнинг биринчи ўринбосари;

давлат хизматларини рақамлаштиришга ҳамда илмий-таҳлилий фаолият ва давлат хизматлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга масъул – директор ўринбосари.

13. Давлат хизматлари агентлиги ҳузуридаги Ахборот хизматларини ривожлантириш маркази негизида Давлат хизматларини ривожлантириш илмий-амалий маркази ташкил этилсин ва унга қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

аҳолининг турли ижтимоий қатламлари томонидан давлат хизматларидан фойдаланишда юзага келадиган муаммоларни аниқлаш ва илмий таҳлил қилиш;

давлат хизматлари республиканинг барча ҳудудларига кириб бориш ҳолатини таҳлил қилиш ва ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талабини ўрганиш;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида ундириладиган тўловларнинг мақбуллигини доимий таҳлил қилиш;

илмий таҳлиллар, шу жумладан давлат хизматлари марказларида ташкил этиладиган ғоялар акселераторлари натижалари асосида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида қонунчилик ҳужжатларини манзилли такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани Ўзбекистон Республикасига имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат хизматлари ва бизнес жараёнлари реинжиниринги соҳасидаги халқаро ва маҳаллий экспертлар билан доимий ҳамкорлик олиб бориш.

Белгилансинки, Давлат хизматларини ривожлантириш илмий-амалий маркази директори мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра Давлат хизматлари агентлиги марказий аппарати бошқарма бошлиғига, ходимлари тегишлича марказий аппарат ходимларига тенглаштирилади.

14. Ички ишлар вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар «автомобиль тарихи» маълумотларини (давлат рўйхатидан ўтказилган санаси, юрган масофаси, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузилганлиги, йўл транспорт ҳодисаси содир этилганлиги ва бошқалар ҳақида) автомототранспорт воситаларига берилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиси орқали шартномавий асосда давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали аниқлаш давлат хизматини йўлга қўйсин.

15. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Давлат персоналлаштириш маркази, Энергетика вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Кадастр агентлиги, «O‘ZSUVTA’MINOT» АЖ ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар коммунал тармоқлардаги барча рақамлар (газ, электр, иссиқ сув, ичимлик суви, канализация, чиқинди) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига ва юридик шахсларнинг солиқ тўловчининг идентификация рақамига боғланишини таъминласин ҳамда бу орқали ҳар бир шахсга «ягона мижоз» тамойили асосида уникал рақамдан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатилишини йўлга қўйсин.

Кадастр агентлиги коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан биргаликда уч ой муддатда барча кўчмас мулк объектларининг кадастр рақамларига боғланишини ҳамда кўчмас мулк объектларининг ягона манзиллар реестри билан интеграция қилинишини таъминласин.

16. Адлия вазирлиги:

2021 йил 1 декабрга қадар 2022–2026 йилларда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш миллий стратегиясини ишлаб чиқсин;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарларидаги давлат хизматлари марказлари биноларида Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан зарур техник жиҳозлар билан таъминланган «Саломатлик бурчаклари»ни ташкил қилсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда 2021 йил 20 августга қадар давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари биноларида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган экспозициялар ташкил қилсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 7-иловага** мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

18. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

19. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир маслаҳатчиси О.М.Умаров, адлия вазири Р.К.Давлетов ҳамда Давлат хизматлари агентлиги директори У.И.Мухаммадиев белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 январь ва 2022 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 24 июль

ПФ-6269-сон.

ЎзР Президентининг
2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сон Фармонига
1-ИЛОВА

2022 ЙИЛ 1 ЯНВАРДАН КЎРСАТИЛИШИ УЧУН УНДИРИЛАДИГАН ДАВЛАТ БОЖЛАРИ,
ЙИҒИМЛАР ВА БОШҚА ТЎЛОВЛАР МИҚДОРИ КАМАЙТИРИЛАДИГАН ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ
РЎЙХАТИ

Т/р

 

Давлат хизмати номи

 

Амалдаги тўлов миқдори

 

Ўрнатилаётган тўлов миқдори

 

1.

 

Адвокатлик бюроларини, адвокатлик фирмаларини ва адвокатлар ҳайъатларини давлат рўйхатидан ўтказиш

 

БҲМнинг 2 баравари

 

БҲМнинг 1 баравари

 

2.

 

Хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олишга доир битимларга олдиндан розилик бериш

 

БҲМнинг 10 баравари

 

БҲМнинг 7 баравари

 

3.

 

Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга доир битимларга олдиндан розилик бериш

 

БҲМнинг 10 баравари

 

БҲМнинг 7 баравари

 

4.

 

Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига хорижга чиқиш учун биометрик паспорт бериш

 

БҲМнинг 1,2 баравари

 

БҲМнинг 1 баравари

 

5.

 

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет эллик фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни бериш

 

БҲМнинг 10 фоизи

 

БҲМнинг 5 фоизи

 

6.

 

Хусусий бандлик агентликлари реестрига киритиш

 

БҲМнинг 1 баравари

 

Бепул

 

7.

 

Тадбиркорлик субъектларига давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида янги намунадаги гувоҳнома бериш

 

БҲМнинг 1 баравари

 

БҲМнинг 20 фоизи

 

8.

 

Ўзбекистон Республикасининг тегишли дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган герб бланкаси учун йиғим

 

5 АҚШ доллари

 

Бепул

 

 

 

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 24.07.2021 йилдан кучга кирди.

**Фармонга 2–7-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 357 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика