Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 32 / Бухгалтерга ёрдам

Фойда солиғининг ноль даражади ставкаси: қандай қўлланилади ва солиқ ҳисоботида қандай акс эттирилади

 

Тавсиялар 2021 йилдаги янги ҳисобот шаклларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланди.

 

 

Фойда солиғи Ҳисоб-китобига 5-илова қандай тўлдирилади

Агар фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллайдиган бўлсангиз, Ҳисоб-китобга 5-илова «Ноль ставка қўлланиладиган солиқ тўловчилар фойдаси»ни (3-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.) тўлдиринг.

Ноль ставкани қуйидагилар қўллаши мумкин (СК ­337-м.):

● қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари – ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан олинган фойда бўйича (СК 57-м.);

● ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар (СК 59-м.);

● қўшимча манбалардан даромадлар олувчи бюджет ташкилотлари;

● товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан фойда олувчи корхоналар;

● ягона иштирокчилари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари бўлган юридик шахслар. Бунда, уларнинг умумий сони камида 50%ни, МҲТФ эса – жами МҲТФнинг камида 50%ини ташкил этиши лозим;

● Халқ банки – фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланишдан олинган даромадлар бўйича.

Ҳисоб-китобга 5-илованинг 010-сатрида қуйидагилар автоматик равишда ифодаланади:

3-устунда – Ҳисоб-китобга 1-илованинг 010-сатридан ҳисобот даври учун жами даромад;

4-устунда – 100%.

011-016-сатрларда ноль даражали ставка қўлланиладиган фаолият турлари бўйича даромадларни акс эттиринг.

4-устунда 010-сатрдаги жами даромаддан автоматик равишда ушбу турдаги даромаднинг фоизи аниқланади. Бу, фаолиятнинг ушбу тури бўйича кейинчалик, фойда улушини аниқлаш учун зарурдир.

020-сатрда Ҳисоб-китобнинг 030-сатридаги солиқ солинадиган фойда ифодаланади.

030-сатрда ноль даражали ставка қўлланиладиган фойданинг умумий суммаси автоматик равишда 031-036-сатрлар йиғиндиси сифатида аниқланади.

031-036-сатрлардан ўзингизнинг фаолият турларингиз учун фойда акс эттириладиган сатрларини тўлдиринг.

5-илова 030-сатрининг қиймати бир вақтнинг ўзида Ҳисоб-китобнинг 050-«Ноль ставка қўлланиладиган солиқ тўловчилар фойдаси» сатрида акс эттирилади ва Ҳисоб-китобнинг 060-сатридаги солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланади.

 

Солиқ солинадиган фойдани даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишда қўлланиладиган усулга (тўғридан-тўғри ёки мутаносиб) мувофиқ акс эттиринг.

 

 

Фойда солиғи бўйича ноль даражали ставкани қўллайдиган корхоналар муайян шартларга жавоб бериши керак. Фақат ушбу ҳолатда улар Ҳисоб-китобнинг 5-иловасини тўлдирадилар.

Келинг, уларни батафсилроқ кўриб чиқайлик.

 

Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари

Агар корхонангиз бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берса, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси бўлиб ҳисобланади:

● қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарса ва унга бирламчи қайта ишлов берса. Бунда жами даромадда уни реализация қилишдан улуш солиқ даврида камида 80%ни ташкил этади;

● қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқариш учун ер участкаларига эга бўлиб, улар бундай ишлаб чиқариш учун зарур бўлса.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жумласига қуйидаги маҳсулотлар киради:

● қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ўсимликшунослиги маҳсулотлари;

● чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик маҳсулотлари;

● ипакчилик маҳсулотлари;

● балиқчилик маҳсулотлари ва сувда етиштириладиган экинлар (СК 57-м.).  

 

Саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти қишлоқ хўжалиги маҳсулоти деб эътироф этилмайди. Шу сабабли, уни реализация қилишдан олинган даромад ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш улушини аниқлаш пайтида ҳисобга олинмайди.

 

Юқорида кўрсатилган шартларга мувофиқ келсангиз, ўзингиз ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдага нисбатан ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқига эга бўласиз.

Ўзингиз ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромадлар жами даромаднинг ­90%идан ошса, фаолиятнинг барча турлари бўйича ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқига эга бўласиз.

 

Ўзингиз ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойда улуши ва суммасини тўғри аниқлаш учун даромадлар ва харажатларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритинг. Алоҳида-алоҳида ҳисоб юритишнинг қўлланилаётган усулини (тўғридан-тўғри ёки мутаносиб) ҳисоб сиёсатида акс эттиринг, сабаби турли усулларнинг қўлланилиши ҳар хил натижа беради ва тегишинча, фойда солиғи суммасига ўз таъсирини кўрсатади.

 

МИСОЛ. Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш ҳажмининг улушини аниқлаш

Қишлоқ хўжалиги корхонаси ҳисобот даврида 100 000 минг сўмлик реализация қилиш ҳажмига эга бўлиб, даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритишнинг мутаносиб усулини қўллайди. Корхонада бошқа даромадлар олинмаган.

1-вариант. Реализация қилишдан олинган даромад қуйидагиларни ўз ичига олади:

ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 92 000 минг сўм;

саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 5 000 минг сўм;

сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 3 000 минг сўм.

Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш улуши қуйидагини ташкил этади: 92 000 / (92 000 + 5 000 + 3 000) х 100 = 92%.

Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш ҳажми 90%дан ошгани сабабли, корхона бутун фойдасига нисбатан фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаши мумкин бўлади.

2-вариант. Реализация қилишдан олинган даромад қуйидагиларни ўз ичига олади:

ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 82 000 минг сўм;

саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 5 000 минг сўм;

сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 13 000 минг сўм.

Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш улуши қуйидаги миқдорга тенг бўлади: 82 000 / (82 000 + 5 000 + 13 000) х 100 = 82%.

Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш ҳажми 90%дан кам эканлиги сабабли, корхона фақат ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдага нисбатан фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаши мумкин. Саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ва сотиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдага 15%лик ставкада фойда солиғи солинади.

 

Мисол. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари фойдасининг солиқ ҳисоботида акс эттирилиши

Корхонанинг ҳисобот давридаги жами даромади 450 млн сўмни ташкил этади, жумладан қуйидагилардан олинган даромадларни ўз ичига олади:

ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан – 380 млн сўм;

мол-мулкни ижарага беришдан – 70 млн сўм.

Солиқ солинадиган фойда 120 млн сўмни, жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан фойда – 100 млн сўмни ташкил этади.

Жами даромаддаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш улуши 84%ни (380 / 450 х 100) ташкил этганлиги ва корхона ер  участкасига эга бўлганлиги сабабли, у қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси бўлиб ҳисобланади ҳамда ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдага ноль даражали ставкани қўллаши мумкин бўлади.

Фойда солиғининг Ҳисоб-китобига 5-иловада у тегишли сатрларда қуйидагиларни кўрсатади:

011 – қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган даромад – 380 млн сўм;

031 – қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари олган фойда – 100 млн сўм.

 

Ижтимоий соҳа

Корхонангиз қуйидаги соҳаларда фаолият кўрсатса, ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчилар жумласига киради:

1) лицензия асосида кўрсатиладиган тиббий хизматлар (бундан косметология хизматлари мустасно). Тиббий хизматлар жумласига қуйидаги тиббий ёрдам хизматлари ва санитария хизматлари кўрсатиш киради:

● ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш хизматлари;

● стоматологик хизматлар, шу жумладан тиш протезларини ўрнатиш хизматлари;

2) таълимга оид хизматлар, шу жумладан тестлар ва имтиҳонлар ўтказишни ташкил этиш;

3) илм-фан соҳасидаги ваколатли орган томонидан аккредитация қилинган илмий ва фан соҳасида амалга ошириладиган фаолият. Илмий фаолиятга илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, муаллиф томонидан илмий-интеллектуал мулкни реализация қилиш киради;

4) жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматлар. Бундай хизматларга, хусусан, қуйидагилар киради:

● жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ҳамда жамоаларида ўтказиш хизматлари, умумжисмоний тайёргарлик хизматлари;

● спорт мусобақалари ёки байрамларини, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш хизматлари, ушбу тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш;

● спорт-техника асбоб-ускуналарини, тренажёрларни, анжомларни, спорт кийим-бошларини бериб туриш бўйича хизматлар;

5) болаларни, кексаларни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий таъминоти соҳасидаги хизматлар (СК 59-м.).

Бунда санаб ўтилган фаолият турларидан олинган даромадлар текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадлар ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромаднинг камида 90%ини ташкил этиши керак.

Фақат, ушбу ҳолатдагина фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллашингиз мумкин.

 

Агар календарь йил бошидан ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилиш ҳажми 90%дан камни ташкил этса, жорий йилнинг ўтган ҳисобот чораклари учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этган ҳолда, бутун фойдага нисбатан 15%лик солиқ ставкаси қўлланилади (СК 337-м. 4-қ.).

 

 

Мисол. Ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилиш ҳажмининг улушини аниқлаш

Корхонанинг I чоракдаги жами даромади 100 000 минг сўмни, шу жумладан ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан – 95 000 минг сўмни ташкил этади.

Ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан олинган даромад 95%ни (95 000 / 100 000 х 100) ташкил этади, шу сабабли корхона бутун фойдага нисбатан фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллайди.

1-ярим йилликдаги жами даромад 200 000 минг сўмни, шу жумладан ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан – 170 000 минг сўмни ташкил этади.

Ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан олинган даромад 85%ни (170 000 / 200 000 х 100) ташкил этганлиги сабабли, корхона ноль даражали ставкани қўллай олмайди,  балки у 1-ярим йилликда олинган бутун фойдага нисбатан 15%лик ставкани қўллайди. Бунда, корхона фойда солиғини 15%лик ставкада қайта ҳисоблаган ҳолда I чорак учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт.

 

Агар сиз ижтимоий соҳада хизматларни тақдим этишдан ташқари акциз тўланадиган товарларни реализация қилсангиз ёки фойдали қазилмаларни қазиб олсангиз, корхонангиз ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар жумласига кирмайди ва тегишинча, фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга бўлмайди.

 

Мисол. Ижтимоий соҳада хизматларни реализация қилишдан олинган фойдани солиқ ҳисоботида акс эттириш

Корхонанинг ҳисобот давридаги жами даромади 960 млн сўмни ташкил этади, жумладан қуйидагилардан олинган даромадларни ўз ичига олади:

тиббий хизматлар кўрсатишдан (бундан косметология хизматлари мустасно) – 930 млн сўм;

асосий воситалар чиқиб кетишидан – 30 млн сўм.

Солиқ солинадиган фойда 300 млн сўмни, жумладан тиббий хизматлар кўрсатишдан фойда – 280 млн сўмни ташкил этади.

Жами даромаддаги тиббий хизматлар кўрсатиш улуши 97%ни (930 / 960 х 100) ташкил этганлиги сабабли, корхона фойда солиғи бўйича ноль даражали ставкани қўллаши мумкин бўлади.

Ҳисоб-китобга 5-иловада у тегишли сатрларда қуйидагиларни кўрсатади:

012 – ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширишдан олинган даромад – 930 млн сўм;

032 – ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширишдан олинган фойда – 280 млн сўм.

 

Қўшимча манбалардан даромадлар олувчи бюджет ташкилотлари

Агар сизнинг ташкилотингиз – бюджет ташкилоти бўлиб, қўшимча манбалардан даромад олган тақдирда, башарти бўшатилаётган маблағлардан ташкилотнинг моддий-техника ва ижтимоий базасини мустаҳкамлаш, ўз ходимларингизни моддий рағбатлантириш учун мақсадли тарзда фойдалансангиз, сиз фойда солиғи бўйича ноль даражали ставкани қўллашингиз мумкин бўлади (СК 337-м. 6-қ.).

Ушбу қоида 2023 йил 1 январга қадар амал қилади.

 

Мисол. Бюджет ташкилотлари фойдасининг солиқ ҳисоботида акс эттирилиши

Бюджет ташкилотининг қўшимча манбалардан олган жами даромади 240 млн сўмни ташкил этади.

Ушбу фаолиятдан солиқ солинадиган фойда – 70 млн сўм.

Ҳисоб-китобга 5-иловада ташкилот тегишли сатрларда қуйидагиларни кўрсатади:

013 – қўшимча манбалардан даромадлар олувчи бюджет ташкилотлари даромади – 240 млн сўм;

033 – қўшимча манбалардан даромадлар олувчи бюджет ташкилотлари фойдаси – 70 млн сўм.

 

Бюджет ташкилотлари солиқ ҳисоботини солиқ даври якунларига кўра тақдим этади. Йил якунлари бўйича жами даромад мавжуд бўлмаган тақдирда, солиқ ҳисоботи тақдим этилмайди (СК 339-м. 6-қ.).

 

Экспортга реализация қилиш

Агар товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ошса, фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўлланг. Бунда, ноль даражали ставка экспорт қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда қўлланилади. Уларга қуйидагилар киритилади:

● контракт ёки унинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси;

● товарларни чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиси қўйилган божхона юк декларацияси;

● Ўзбекистон божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.

Товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинганда экспортни тасдиқлаш учун воситачилик (топшириқ) шартномасини ҳам тақдим этинг.

Товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун амалга оширилаётган фаолият турига қараб, бошқа ҳужжатлар ҳам тақдим этилиши мумкин (СК 261-м.).

 

Товарлар (хизматлар) экспорт режимига чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида товарлар ёки хизматлар экспортидан чет эл валютасида даромад келиб тушмаган бўлса, фойда солиғининг ноль даражали ставкаси қўлланилмайди (СК 337-м. 10-қ.).

 

Мисол. Валюта тушуми келиб тушадиган муддатни бузиш

Корхона апрель ойининг бошида маҳсулотни экспорт қилиб, 1-ярим йиллик учун фойда солиғининг ҳисоб-китобида ушбу реализация бўйича ноль даражали ставкани қўллайди. Аммо, ушбу операция бўйича чет эл валютасидаги тушум товарлар экспорт режимига чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ўтгач – ҳисобот йилининг ноябрь ойида келиб тушади.

Шу сабабли, корхона 9 ой учун фойда солиғи бўйича Ҳисоб-китобни тайёрлаш чоғида экспортдан олинган фойдага нисбатан 15%лик ставкани қўллайди.

Бундан ташқари, корхонанинг товарлар экспортидан олинган фойдани ноль даражали ставкада солиқ солинадиган фойдадан чиқариб ташлаб, 1-ярим йиллик учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишига тўғри келди.

Ноль даражали ставка қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

● рўйхати Президентнинг қарори билан тасдиқланадиган хом ашё товарлар экспортига;

● халқаро ташишлар хизматларига, бундан автотранспортда ташишлар мустасно;

● товарларни қувурлар орқали ва газ қувурлари орқали ташиш бўйича хизматларга.

Мисол. Товарлар экспортида солиқ ҳисоботида фойда солиғи бўйича ноль даражали солиқ ставкасини қўлланилишини акс эттириш

Корхона ички бозорда ва экспортга реализация қилиш учун маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

I чоракда товарларни реализация қилишдан олинган даромад 54 000 000 минг сўмни, шу жумладан экспорт – 21 600 000 минг сўмни ташкил этади.

Ушбу давр учун корхонанинг солиқ солинадиган фойдаси 16 700 000 минг сўмни ташкил этади.

Экспортдан даромадлар улуши – 40% (21 600 000 / 54 000 000 х 100).

Товарларнинг экспорт қилишдан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ошганлиги сабабли, корхона товарларнинг экспортга реализация қилишдан олинган фойда бўйича ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.

Корхона даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритишнинг мутаносиб усулини қўллайди.

Ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган фойда суммасини аниқлаймиз: 16 700 000 х 40% = 6 680 000 минг сўм.

Фойда солиғи Ҳисоб-китобининг 5-иловасида корхона қуйидагиларни акс эттиради:

010-сатрида – фойда солиғи Ҳисоб-китобининг 1-иловасининг 010-сатридан жами даромад суммаси – 54 000 000 минг сўмни;

016-сатри 3-устунида – товарларни экспортга реализация қилишдан олинган даромад суммаси – 21 600 000 минг сўмни, ­4-устунда – 40%;

020-сатрида – Ҳисоб-китобнинг 030-сатридан солиқ солинадиган фойда – 16 700 000 минг сўмни;

036-сатрида – 030-сатрида ҳам акс эттириладиган товарларни экспортга реализация қилишдан олинган фойда – 6 680 000 минг сўмни.

 

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланадиган корхоналар

Сизнинг корхонангиз қуйидаги шартларда фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаши мумкин:

● сизнинг ягона иштирокчингиз – ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмаси;

● умумий ходимлар сонида ногиронлиги бўлган шахслар камида 50%ни ташкил этади;

● ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш жамғармаси – камида 50% (СК 337-м. 1-қ. 9-б.).

 

Мисол. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланадиган корхоналар фойдасининг солиқ ҳисоботида акс эттирилиши

Ягона иштирокчиси ногиронлар жамоат бирлашмаси ҳисобланмиш корхонанинг жами даромади 360 млн сўмни ташкил этади.

Ушбу фаолиятдан олинган солиқ солинадиган фойда – 100 млн сўм.

Корхонанинг умумий ходимлар сонида ногиронлиги бўлган шахслар камида 50%ни, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди эса – умумий МҲТФнинг камида 50%ини ташкил этади.

Ҳисоб-китобга 5-иловада корхона тегишли сатрларда қуйидагиларни кўрсатади:

014 – 360 млн сўм даромадни;

034 – 100 млн сўм фойдани.

 

Агар корхонангиз юқорида кўрсатилган шартларга тўғри келмаса, бироқ бунда ишга ногирон бўлган шахсларни жалб этса, сиз фойда солиғи ставкасини камайтиришингиз мумкин, бунинг учун банд бўлган ногиронлиги бўлган шахсларнинг сони ишловчиларнинг умумий ўртача йиллик сонининг 3%идан кўпроқ бўлиши керак.

Ўрнатилган 3% меъёрдан ортиқча ишга жойлаштирилган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳар бир фоизига солиқ ставкасининг 1%и ҳисобидан камайтирилади (СК 337-м. 7-қ.).

Мисол учун, агар банд бўлган ногиронлиги бўлган шахсларнинг сони ишловчиларнинг умумий ўртача йиллик сонининг 5%ини ташкил этса, сиз фойда солиғини 2%га (5 – 3) камайтирилган ставка бўйича тўлашингиз, яъни 14,7% (15 – 15 х 2%) ставкани қўллашингиз мумкин.

Тузатилган ставка Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 071-сатрида акс эттирилади.

 

Даромадлар ва харажатларни алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш

Агар сиз бир нечта фаолият турларини амалга ошириб, уларнинг айримлари бўйича ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқига эга бўлсангиз, даромадлар ва харажатларнинг ҳисобини алоҳида-алоҳида юритинг.

Бунинг учун мутаносиб ёки тўғридан-тўғри усуллардан бирини қўлланг( СК 80-м.).

Мутаносиб усулда даромадлар ва харажатларни реализация қилишдан олинган тушумнинг умумий суммасида ушбу фаолият турлари бўйича (ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаган ҳолда) тушум улушига мутаносиб равишда муайян фаолият турларига киритасиз.

 

МИСОЛ. Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг мутаносиб усули

Корхона маҳсулот ишлаб чиқариб, уни ички бозорда ва экспортга реализация қилади.

Ҳисобот даврида товарларни реализация қилишдан тушган тушум ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаганда 5 400 млн сўмни, шу жумладан экспортга – 2 160 млн сўмни ташкил этади. Бошқа даромадлар олинмаган.

Ушбу даврда чегириладиган харажатлар 3 600 млн сўмни ташкил этади.

Экспортнинг жами даромаддаги улуши – 40% (2 160 / 5 400 х 100).

Товарлар экспортидан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ошгани сабабли, корхона товарларни экспортга реализация қилишдан олинган фойда бўйича ноль даражали солиқ ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.

Корхона даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг мутаносиб усулини қўллайди.

Экспорт билан боғлиқ чегириладиган харажатлар 1 440 млн сўмни (3 600 х 40%) ташкил этади.

Экспорт бўйича фойда – 720 млн сўм (2 160 – 1 440) – ноль даражали ставкада фойда солиғига тортилади.

 

Тўғридан-тўғри усулда даромадлар ва харажатларни, улар фаолиятнинг қайси тури амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса, шу турига киритасиз. Фаолиятнинг фақат битта аниқ турига киритиш мумкин бўлмаган даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг мутаносиб усули орқали фаолият турлари бўйича тақсимлайсиз.

 

Мисол. Даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг тўғридан-тўғри усули

Корхона маҳсулот ишлаб чиқариб, уни ички бозорда ва экспортга реализация қилади.

Ҳисобот даврида товарларни реализация қилишдан тушган тушум ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаганда 5 400 млн сўмни, шу жумладан экспортга – 2 160 млн сўмни ташкил этади. Бошқа даромадлар олинмаган.

Экспортнинг жами даромаддаги улуши – 40% (2 160 / 5 400 х 100).

Товарлар экспортидан олинган даромадлар жами даромаднинг 15%идан ошгани сабабли, корхона товарларни экспортга реализация қилишдан олинган фойда бўйича ноль даражали солиқ ставкасини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.

Корхона даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишнинг тўғридан-тўғри усулини қўллайди.

Экспортга реализация қилинган товарларнинг таннархи 1 310 млн сўмни ташкил этади.

Товарларни ички бозорга ёки экспортга реализация қилишга тўғридан-тўғри киритиб бўлмайдиган умумий чегириладиган харажатлар 260 млн сўмни ташкил этади.

Мутаносиб усулда экспортга киритиладиган харажатлар суммасини аниқлаймиз: 260 х 40% = 104 млн сўм.

Экспортга тааллуқли бўлган чегириладиган харажатларнинг умумий суммаси 1 414 млн сўмни (1 310 + 104) ташкил этади.

Экспорт бўйича фойда – 746 млн сўм (2 160 – 1 414) – ноль даражали ставкада фойда солиғига тортилади.

 

Алоҳида-алоҳида ҳисобга олишнинг қўлланиладиган усулини ҳисоб сиёсатида албатта акс эттирасиз.

 

Дилшод СУЛТОНОВ,

Молия вазирининг ўринбосари,

Гулнора ЭРГАШЕВА,

солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 956 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика