Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 31 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармонига мувофиқ 2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

иш берувчиларга 25 ёшдан ошмаган ходимлари учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини маълум бир давр учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартиби;

иш берувчига Давлат солиқ қўмитаси томонидан ижтимоий солиқ суммасини тўлаб бериш ёки тўлаб беришни рад этиш асослари;

иш берувчи томонидан имтиёздан фойдаланиш учун топшириладиган солиқ ҳисоботлари;

Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб бериладиган маблағларни иш берувчининг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб бериш тартиби.

3. Иш берувчиларга ижтимоий солиқ суммасининг қоплаб берилиши 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ажратиладиган трансфертлар ҳисобидан амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2022 йил ва 2023 йил учун Давлат бюджетини шакллантиришда ижтимоий солиқ ҳисоботи ортиб борувчи якун билан ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15 санасидан кечиктирмасдан топширилишини инобатга олиб, 2022 йил ва 2023 йилнинг I чорагида иш берувчиларга ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш харажатларини алоҳида қаторда режалаштиришни назарда тутсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси иш берувчиларга қоплаб бериладиган ижтимоий солиқ суммаси тўғри ҳисобланиши устидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ солиқ назоратини амалга оширсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 24 июль

460-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 24 июлдаги 460-сон қарорига
ИЛОВА

ИШ БЕРУВЧИЛАРГА УЛАР ТОМОНИДАН 25 ЁШДАН ОШМАГАН ХОДИМЛАР УЧУН
ТЎЛАНГАН ИЖТИМОИЙ СОЛИҚ СУММАСИНИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИДАН
ТЎЛИҚ ҚОПЛАБ БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Вақтинчалик низом (кейинги ўринларда – Низом) иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар (кейинги ўринларда – ёш ходимлар) учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

автоматлаштирилган дастур – иш берувчиларга улар томонидан ёш ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш ёки қоплаб беришни рад этиш асосларини текширадиган, Молия вазирлиги Давлат молиясини бошқаришнинг ахборот тизимига (кейинги ўринларда – ДМБАТ) интеграция қилинган Давлат солиқ қўмитасининг автоматлаштирилган дастури;

иш берувчининг аризаси – иш берувчининг ижтимоий солиқ суммаси кўрсатилган, Солиқ органларининг электрон давлат хизматлари порталидаги (my.soliq.uz) солиқ тўловчининг шахсий кабинети (кейинги ўринларда – солиқ тўловчининг шахсий кабинети) орқали ушбу Низомга 1-иловада** келтирилган намунага мувофиқ аризаси.

4. Ижтимоий солиқ ҳисоботи ортиб борувчи якун билан ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15 санасидан кечиктирмасдан топширилишини инобатга олиб, ушбу Низом 2021 йил 1 майдан 2023 йил 15 январга қадар тўланган ижтимоий солиқ суммасини Давлат бюджетидан қоплаб беришга нисбатан татбиқ этилади. Бунда, 2022 йил декабрь ойи учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш учун иш берувчи томонидан ариза беришнинг охирги муддати 2023 йил 1 апрель куни этиб белгиланади.

5. Иш берувчиларга нисбатан улар томонидан тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш шаклидаги қўллаб-қувватлаш чораси қўлланилиши учун уларнинг ёш ходимлари қуйидаги талабларга мос келиши шарт:

ижтимоий солиқ суммаси қоплаб берилиши сўралаётган ҳисобот ойида ёш ходим 25 ёшдан ошмаган бўлиши;

узлуксиз 6 ой давомида меҳнат фаолиятини амалга оширган ҳамда иш берувчи томонидан белгиланган тартибда ижтимоий солиқ узлуксиз тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (электрон қайд) мавжудлиги;

Иш берувчининг аризасини ушбу бандда назарда тутилган талаблардан бошқа асосларга кўра рад этиш тақиқланади.

6. Иш берувчиларга улар томонидан ёш ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

 

2-БОБ. ИШ БЕРУВЧИ ТОМОНИДАН АРИЗА ТАҚДИМ ЭТИШ ҲАМДА УНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

7. Иш берувчи томонидан ариза у солиқ тўловчи сифатида рўйхатда турган солиқ органига (кейинги ўринларда – солиқ органи) ижтимоий солиқ ҳисоботи тақдим этилганидан кейин 3 ойдан кечиктирмасдан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тақдим этилади.

8. Иш берувчининг аризаси келиб тушган санадан бошлаб 5 иш куни мобайнида солиқ органи томонидан автоматлаштирилган дастур ёрдамида аризанинг ушбу Низом талабларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги ўрганилади. Бунда, иш берувчининг аризасидаги маълумотлар ва тўланган ижтимоий солиқ суммаси қоплаб берилиши сўралаётган ҳисобот ойидаги ҳисобот маълумотлари ўртасида фарқ аниқланса, солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетига иш берувчининг аризаси кўрилмасдан қолдирилганлиги ҳақида хабар юборилади.

9. Тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинганда, автоматлаштирилган дастурда 1 иш кунида солиқ органининг хулосаси шакллантирилади, шаклланган хулоса билан иш берувчининг аризаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига (кейинги ўринларда – Ғазначилик) юборилади ҳамда бу ҳақда иш берувчи солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилинади.

10. Солиқ органи тўланган ижтимоий солиқ суммасини қоплаб беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилганда, ушбу қарор автоматлаштирилган дастур орқали солиқ тўловчининг шахсий кабинетига ижтимоий солиқ суммасини қоплаб беришни рад этиш сабаблари асослантирилган ҳолда юборилади.

11. Иш берувчи ижтимоий солиқ суммасини қоплаб беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

12. Иш берувчининг аризаси келиб тушганда, унинг солиқлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлса, ижтимоий солиқ суммаси мавжуд қарздорликлар тўлалигича бартараф этилгандан сўнг ушбу Низом талаблари доирасида қоплаб берилади.

 

3-БОБ. ИЖТИМОИЙ СОЛИҚ СУММАСИНИ ИШ БЕРУВЧИНИНГ БАНКДАГИ ҲИСОБВАРАҒИГА ЎТКАЗИБ БЕРИШ ТАРТИБИ

13. Ғазначилик автоматлаштирилган дастур орқали ­ДМБАТга келиб тушган ҳужжатларни 3 иш куни давомида кўриб чиқади ва қоплаб бериладиган ижтимоий солиқ суммасини иш берувчининг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб беради.

14. Ғазначилик иш берувчининг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб берилган ижтимоий солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотларни ДМБАТ орқали автоматлаштирилган дастурга юборади.

 

4-БОБ. ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

15. Солиқ органи иш берувчиларга Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилган ижтимоий солиқ суммасининг ҳисоби ва ҳисоботини юритади.

16. Иш берувчиларга Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилган ижтимоий солиқ суммасига доир чораклик ҳисоботи Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25 санасига қадар Молия вазирлигига киритиб борилади.

17. Иш берувчи томонидан қайта ҳисобот бериш орқали умумий иш ҳақи фонди доирасида ходимларга ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар қайта тақсимланган тақдирда, қоплаб берилган ижтимоий солиқ суммаси иш берувчи ёки солиқ органининг ташаббусига кўра ўзаро қайта ҳисоб-китоб қилинади.

 

5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

18. Ушбу Низом 2023 йил 1 январга қадар амал қилади.

19. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Вақтинчалик низомга
2-ИЛОВА

ИШ БЕРУВЧИЛАР ТОМОНИДАН ЁШ ХОДИМЛАР УЧУН
ТЎЛАНГАН ИЖТИМОИЙ СОЛИҚ СУММАСИНИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИДАН ТЎЛИҚ ҚОПЛАБ БЕРИШ
СХЕМАСИ

Босқичлар

 

 

Субъектлар

 

 

Тадбирлар

 

 

Ижро муддати

 

 

 

 

 

 

 

 

1-босқич

 

 

Иш берувчи

 

 

Солиқ тўловчи сифатида рўйхатда турган солиқ органига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ариза тақдим этади.

 

 

Ҳисобот тақдим этиш муддатидан сўнг, лекин 3 ойдан кечиктирмасдан

 

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

 

Солиқ органи

 

 

Келиб тушган аризада кўрсатилган маълумотларнинг Иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом талабларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини ўрганади.

 

 

5 иш кунида

 

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

 

Автоматлаштирилган дастур

 

 

Ижтимоий солиқ суммасини қоплаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинганда, автоматлаштирилган дастур 1 иш кунида солиқ органининг хулосасини шакллантиради ва шаклланган хулоса билан иш берувчининг аризасини Молия вазирлиги Ғазначилигига юборади ҳамда бу ҳақда иш берувчини солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ҳабардор қилади.

 

 

1 иш кунида

 

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

 

Молия вазирлиги Ғазначилиги

 

 

Автоматлаштирилган дастур орқали ДМБАТга келиб тушган ҳужжатларни кўриб чиқади ва қоплаб бериладиган ижтимоий солиқ суммасини иш берувчининг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб беради ва бир вақтнинг ўзида ўтказиб берилган ижтимоий солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотларни автоматлаштирилган дастурга юборади.

 

 

3 иш кунида

 

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 24.07.2021 йилдан кучга кирди.

**Низомга 1-илова «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 239 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика