Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 31 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

 

Мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ёндашувларни такомиллаштириш, ҳудудлар ва тармоқларнинг жадал ривожланишини таъминлаш учун уларнинг инвестициявий жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилсин.

2. Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг стратегик масалаларини ўрганиш, инвестиция фаолиятининг истиқболли тармоқлари ва йўналишларини аниқлаш;

мамлакатда инвестиция муҳитини ва ташқи савдо фаолиятини такомиллаштириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш, ҳудудлар ва тармоқларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатнинг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш мақсадида халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш;

халқаро методлардан фойдаланган ҳамда мунтазам сўровлар ўтказган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги рейтингини шакллантириш ва доимий юритиш, шу асосда давлат органларининг инвестиция муҳитини яхшилаш, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни ҳал қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши котибияти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчисининг лойиҳа офиси ишини ташкил этиш;

инвесторларни ахборот билан қўллаб-қувватлаш, йирик стратегик муҳим ва юқори самарадор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ташаббуси билан чиқиш, шунингдек, уларни янада қўллаб-қувватлашни ташкил этиш;

ҳудудлар ва тармоқларнинг инвестициявий жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини янада ошириш стратегияси ва сиёсатини белгилаш, эркин иқтисодий зоналардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ислоҳ қилиш, шунингдек, ҳудудларнинг инвестиция салоҳиятини ошириш бўйича стратегик вазифаларни амалга ошириш учун халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар ва экспертларни жалб қилиш;

иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ қилишнинг муҳим тизимли муаммоларини ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида давлат органлари, халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа манфаатдор томонларнинг самарали ҳамкорлиги учун эксперт майдончаларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасида инвестиция форумларини ўтказишни ташкиллаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш, шу жумладан эксперт-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ва уларни ўтказиш якунлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

қўшилган қиймат занжирларини, шу жумладан қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш асосида интеграция қилиш имкониятларини яратиш учун минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ташаббуси билан чиқиш;

ҳудудларни ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш самарадорлигини манзилли мониторинг қилиш, уларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

хорижий ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий муносабатлар ва инвестициявий ҳамкорлик масалаларида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

давлат органларида маъмурий тартиб-таомилларни таҳлил қилиш ва иқтисодий ислоҳотларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш соҳасидаги стратегик ташаббусларни амалга ошириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигининг Кенгаши 1-иловага** мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Агентликнинг Кенгаши:

Агентлик фаолиятининг устувор йўналишларини, самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини, унинг фаолияти билан боғлиқ бошқа қарорларни;

Агентлик томонидан улар олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар, «йўл хариталари» ва дастурларни;

харажатлар сметасини, Агентлик ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини, шунингдек Агентлик ҳамда у томонидан ташкил этиладиган лойиҳа офислари фаолиятини молиялаштириш манбаларини тасдиқлайди.

Белгилаб қўйилсинки, Кенгаш мажлисларида қабул қилинган қарорлар барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган баённомалар билан расмийлаштирилади.

4. Қуйидагилар:

бошқарув ходимларининг чекланган сони 50 та штат бирлигидан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигининг марказий аппарати тузилмаси 2-иловага** мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигининг Кенгаши тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин, уни шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

республика бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ва имтиёзли кредитлари маблағлари;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бир ой муддатда Жамғармага Агентлик харажатларини қоплаш учун 30 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказсин.

6. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағлари Агентлик томонидан моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шартнома асосида жалб қилинадиган юқори малакали, шу жумладан хорижий мутахассисларнинг харажатларини (меҳнатга ҳақ тўлаш, транспорт харажатлари ва бошқалар) молиялаштириш, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирлар, шу жумладан чет элда ўтказиладиган тадбирларни ташкил қилиш ва иштирок этиш ҳамда Агентлик олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга сарфланади.

7. Белгилаб қўйилсинки, Агентлик:

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бош директор томонидан бошқарилади;

ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, шунингдек, бошқа вазирлик, идоралар ва таҳлил марказлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширади;

лойиҳа офислари ва эксперт гуруҳларни, шу жумладан давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва мамлакатнинг ижобий имижини мустаҳкамлаш стратегия ва дастурларини амалга ошириш бўйича ташкил этади ва улар ишини ташкиллаштиради;

маҳаллий ва хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда оммавий ахборот воситаларида, конференцияларда, давра суҳбатларида ва семинарларда стратегик ташаббусларнинг очиқ муҳокамасини ташкил этади;

инвестиция муҳитини яхшилаш ва мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш соҳасида стратегик ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар, хорижий таҳлил марказлари ва экспертлар билан ҳамкорлик қилади.

8. Агентликка:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи илмий, тадқиқот ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини ҳамда экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш;

малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақини миллий ёки чет эл валютасида, шу жумладан, маблағларни уларнинг хориждаги ҳисобварақларига ўтказиш орқали тўлаш;

хорижий давлатларнинг тегишли идоралари, халқаро ташкилотлар ва хорижий юридик шахслар билан халқаро шартномалар ва битимлар тузиш;

ўз ваколатлари доирасида маслаҳат-кенгаш органлари ва эксперт комиссияларини ташкил этиш ҳуқуқи берилсин.

9. Давлат органлари ва ташкилотларининг ресурсларини сафарбар этган ҳолда инвестициявий фаолликни ошириш соҳасидаги энг долзарб муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этиш мақсадида Агентлик ҳузурида Стратегик ташаббуслар акселератори (кейинги ўринларда – Акселератор) ташкил этилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Акселератор доирасида кўриб чиқиладиган масалалар ва муаммолар рўйхати Агентлик томонидан олиб бориладиган тадқиқотлар, оммавий ахборот воситаларидаги таҳлилий материаллар, ахборотларни ўрганиш, шунингдек, давлат органларининг таклифлари асосида шакллантирилади;

Акселератор доирасидаги масалалар ҳар бир йўналиш бўйича Агентлик бош директори ёки унинг ўринбосарлари бошчилигида Агентлик, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар ходимларидан иборат ишчи гуруҳларни ташкил этган ҳолда ҳал қилинади;

Акселератор иши Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бўлинмалари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади;

Акселератор иши якунлари бўйича шакллантирилган таклифлар Агентликнинг Кенгаши муҳокамасига бир вақтнинг ўзида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари билан бирга киритилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида Агентлик тадқиқотлари натижаларини эълон қилиш ва муҳокама қилишни ташкил этишга кўмаклашсин.

11. Белгилаб қўйилсинки:

Агентлик юридик шахс ҳуқуқига эга давлат муассасаси ҳисобланади;

Давлат бюджети маблағлари, Жамғарма маблағлари, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, вақтинча бўш маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

Агентлик даромадлари солиққа солиш объекти ҳисобланмайди;

Агентлик фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Агентлик билан келишилиши лозим;

давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари Агентликнинг сўровига кўра тегишли маълумотларни, шу жумладан бирламчи статистик маълумотларни ўрнатилган тартибда тақдим этади ва маълумотлар базаларидан фойдаланишга рухсат беради.

12. Белгилаб қўйилсинки:

Агентлик бош директори уч нафар ўринбосарга, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Агентлик бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, бош директор ўринбосарлари эса вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Агентлик ходимларига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари, бюджет маблағлари ҳисобидан иш ҳақи миқдорлари, тиббий хизмат ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади.

Агентлик бош директори Акселератор раҳбари ҳисобланади;

Агентлик ходимларига илгари ишлаган жойида берилган, шу жумладан кўп йиллик меҳнати, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба ва малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун устамалар ва қўшимча ҳақлар сақланиб қолади, ҳарбий ва махсус унвонларга эга бўлмаган олий юридик маълумотли ходимлар учун эса ўрнатилган тартибда адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун белгиланган мартаба даражалари берилиши мумкин;

Агентлик бош директори Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Агентлик ходимларига шахсий устамалар, бир марталик мукофотларни белгилаш ҳуқуқига эга.

13. Вазирлар Маҳкамаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Агентликни жойлаштириш чораларини кўрсин.

14. Молия вазирлиги:

Агентлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан биноларни таъмирлаш, мебель ва бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозлаш учун ўрнатилган тартибда маблағлар ажратиш чораларини кўрсин;

2021 йил июлдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларида алоҳида модда билан Агентлик фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.

15. Агентлик Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда:

бир ой муддатда Агентлик Кенгашига Агентлик ва Жамғарма тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш учун киритсин;

икки ой муддатда Агентликнинг зарур назарий билим ва амалий тажрибага эга бўлган, Агентликка юклатилган вазифаларни профессионал даражада амалга ошира оладиган юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин;

икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин.

16. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентликни белгиланган тартибда зарур телефон алоқаси, шу жумладан ҳукумат алоқаси, Интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти билан таъминласин.

17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 19 июль

ПФ-6264-сон.

ЎзР Президентининг 2021 йил 19 июлдаги ПФ-6264-сон Фармонига
3-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СТРАТЕГИК РИВОЖЛАНТИРИШ АГЕНТЛИГИ КЕНГАШИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлиги Кенгашининг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиш тартибини, шунингдек, унинг ваколатларини (кейинги ўринларда – Кенгаш) белгилайди.

2. Кенгаш юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) коллегиал бошқарув органи ҳисобланади ва унга Раис – Ўзбекистон Республикаси Президенти раислик қилади.

3. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.

4. Кенгашнинг таркибини тасдиқлаш, қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади.

5. Кенгаш мажлисларида қабул қилинган қарорлар барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган баённомалар билан расмийлаштирилади.

6. Кенгаш фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш Агентлик томонидан амалга оширилади.

 

2-БОБ. КЕНГАШНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

7. Кенгаш Агентлик тақдимномасига кўра, қуйидагиларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади:

мамлакат рақобатбардошлигини янада ошириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича стратегик қарорлар лойиҳалари;

ҳудудлар ва тармоқларнинг инвестиция ва экспорт салоҳиятини янада ошириш стратегияси ва сиёсати, инвестицияларни жалб қилишнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ислоҳ қилиш, шунингдек, ҳудудларнинг инвестиция салоҳиятини ошириш бўйича стратегик вазифаларни амалга ошириш мақсадида халқаро ташкилотлар ва хорижий компаниялар билан ҳамкорлик дастурлари;

Ўзбекистон Республикасида қўшилган қиймат занжирларини интеграция қилиш имкониятларини яратиш учун минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларида инвестиция форумларини ўтказишни ташкил қилиш;

Агентлик олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа масалалар.

8. Кенгаш қуйидагиларни тасдиқлаш ва уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга:

Стратегик ривожланиш агентлигининг бюджетдан ташқари қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги Низом;

Агентлик фаолиятининг устувор йўналишлари, самарадорлигининг асосий кўрсаткичлари (KPI), унинг фаолияти билан боғлиқ бошқа қарорлар;

Агентлик томонидан ишлаб чиқилган таклифлар, шу жумладан лойиҳа офисларини ташкил этиш;

харажатлар сметаси, Агентлик бошқарув ходимларининг штатлар сони, шунингдек, Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбаларини;

Агентлик дастурлари ва ташаббусларини амалга ошириш учун яратиладиган лойиҳа офисларининг таркиби, уларнинг молиялаштириш манбалари.

9. Кенгаш томонидан Агентлик фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар кўриб чиқилиши мумкин.

10. Кенгашнинг ваколати доирасига кирувчи соҳавий масалалар бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида Кенгаш ҳузурида маслаҳат ва кенгаш қўмиталари тузилиши мумкин. Мазкур органларни шакллантириш ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақидаги қарор Кенгаш томонидан қабул қилинади.

 

3-БОБ. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИНГ ТАРТИБИ

11. Кенгашнинг мажлислари Кенгаш раиси ёки Кенгаш раисининг топшириғига кўра унинг ўринбосарларидан бири бошчилигида камида чоракда бир маротаба чақирилади ва юзма-юз ўтказилади.

Агар объектив сабабларга кўра, мажлис юзма-юз ўтказилмаса, у видеоконференцалоқа шаклида, шунингдек, реал вақт режимида алоқа қилиш имконини берувчи техник алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мумкин.

Кенгашнинг шахсан қатнашиш шаклидаги мажлислари, агар уларнинг ярмидан кўп аъзолари иштирокида бўлса, ваколатли ҳисобланади.

12. Кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этилган масалалар бўйича материаллар Агентлик Бош директори томонидан тайёрланади ва тақдим этилади.

13. Материаллар тўплами қуйидагилардан иборат:

Кенгаш мажлисининг кун тартиби;

муҳокама учун таклиф этилган масалалар рўйхати;

Кенгаш мажлисининг якуний баённома лойиҳаси;

кун тартибидаги масалалар бўйича ахборот материаллари ва ҳужжатлар.

14. Кенгаш йиғилиши учун материаллар Кенгаш мажлисига тайёргарлик кўриш вақтида Агентликнинг амалдаги иш юритиш тартибига мувофиқ расмийлаштирилади.

15. Кенгаш мажлисларидаги қарорлар қатнашувчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Кенгаш йиғилишларида Кенгашнинг ҳар бир аъзоси битта овозга эга.

16. Кенгаш раиси Кенгаш мажлислари доирасида қарор қабул қилиш бўйича ҳал қилувчи овоз бериш ҳуқуқига эга.

17. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.

18. Кенгаш мажлисининг баённомасида қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

Кенгаш мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва жойи;

мажлисда иштирок этган шахслар;

мажлис кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар.

19. Баённома имзоланган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида Агентлик тасдиқланган баённома нусхаларини Кенгаш аъзоларига, давлат органлари ва ташкилотларига ижро учун юборади.

20. Агентлик Кенгаш мажлисининг баённомаси билан тасдиқланган қарорларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатади.

 

4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

21. Ушбу Низомда назарда тутилмаган барча масалалар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва Кенгашнинг алоҳида қарорлари билан тартибга солинади.

22. Ушбу Низом қоидаларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.07.2021 йилдан кучга кирди.

**Фармонга 1 ва 2-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 622 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика