Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори
Саноат тармоқларида ишлаб чиқариш ва инвестициялар ҳажмини ошириш ҳамда импорт қилинаётган технологик асбоб-ускуналар учун божхона имтиёзлари бериш механизмини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхати 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 ноябрдаги 750-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудига четдан олиб киришда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири
А.АРИПОВ.
Тошкент ш.,
2021 йил 4 июнь
352-сон.
ЎзР ВМнинг 2021 йил 4 июндаги 352-сон қарорига
2-илова
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИГА ЧЕТДАН ОЛИБ КИРИШДА БОЖХОНА БОЖИ ВА ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ ТЎЛАШДАН ОЗОД ҚИЛИНАДИГАН, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЎХШАШИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМАЙДИГАН ТЕХНОЛОГИК АСБОБ-УСКУНАЛАР РЎЙХАТИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА КИРИТИЛАЁТГАН
ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР
1. 8-бандда:
биринчи хатбошидаги «бир ой» сўзлари «йигирма кун» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги таҳрирдаги учинчи хатбоши қўшилсин:
«Бунда хизмат сафари билан боғлиқ барча сарф-харажатлар (транспорт, яшаш, овқатланиш ва бошқалар) Марказ ҳисобидан амалга оширилади. Хизмат сафари якуни бўйича ходим томонидан уч иш куни мобайнида Марказ раҳбариятига тегишли ҳисобот тақдим қилинади».
2. 10-бандда қуйидаги таҳрирдаги иккинчи хатбоши қўшилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари маркази республикада ишлаб чиқариладиган технологик асбоб-ускуналар номенклатураси ва турлари тўғрисидаги мунтазам янгиланиб бориладиган маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича Марказга тақдим этиб боради».
*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 4.06.2021 йилдан кучга кирди.
**Қарорга 1-илова «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.