Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 20 / Расмий ҳужжатлар

Ички аудит хизмати ходимларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Корпоратив бошқарувда ички назорат тизимини самарали ташкил қилиш ва ички аудит хизматини малакали мутахассислар билан бутланишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин, жумладан:

талабгорга қўйиладиган малака талаблари;

сертификат олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати;

малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби;

сертификат олиш учун малака имтиҳонини топшириш, сертификатни расмийлаштириш ва бериш, амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш ҳамда амал қилишини тугатиш тартиби;

ички аудиторлар реестирини юритиш тартиби.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 октябрдаги 215-сон қарори билан тасдиқланган Корхоналардаги ички аудит хизмати тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ва молия вазири Т.А.Ишметов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 5 май

280-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 5 майдаги 280-сон қарорига
1-ИЛОВА

ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИНИ СЕРТИФИКАТЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом қоидалари тижорат банкларига ва бюджет ташкилотларига татбиқ этилмайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ички аудитор – ички аудитор сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;

ички аудитор сертификати (кейинги ўринларда – Сертификат) – ички аудит хизматида фаолият олиб бориш учун ички аудиторнинг профессионал малакасини тасдиқловчи ҳужжат;

малака имтиҳони – талабгорнинг билим даражаси ички аудиторга қўйилган талабларга мос келишини текширишга йўналтирилган, малака имтиҳони комиссияси томонидан тест синови шаклида ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган имтиҳон;

талабгор – ички аудитор сертификатини олишга ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришга даъвогар жисмоний шахс;

халқаро сертификат – «Сертификатланган дипломли бухгалтер (АССА)», «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR АССА)», «Сертификатланган жамоатчи бухгалтер (СРА)», «Бирлашган дипломли бухгалтерлар (ACA)», «Дипломли ички аудитор (CIA)», «Бошқарув ҳисоби бўйича сертификат (CIMA)», «Молиявий ташкилотлар дипломли аудитори (CFSA)», «Давлат ташкилотининг дипломли аудитори (CGAP)» ва «Рискни бошқаришни баҳолаш бўйича дипломли мутахассис (CRMA)» сертификати.

3. Сертификат, башарти талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширса, аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан берилади.

Сертификат ички аудиторнинг профессионал малакасини тасдиқлайди ва сертификат эгасига тадбиркорлик субъектларининг ички аудит хизматида фаолият кўрсатиш ҳуқуқини беради.

Сертификат дастлаб беш йиллик муддатга берилади, унинг амал қилиши навбатдаги ўн йиллик муддатга ва кейинчалик муддатсиз даврга узайтирилиши мумкин.

4. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари (Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон аудиторлар палатаси):

малака имтиҳонини ўтказишни ташкил қилади, шунингдек, ўзларининг веб-сайтларига малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги ахборотни жойлаштиради;

тест саволларига киритилган фанлар бўйича мавзуларни веб-сайтига жойлаштиради;

малака оширишнинг намунавий дастурини тасдиқлайди;

талабгорларни малака имтиҳонига қўйиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

5. Сертификат эгаси сертификатини олган йилдан кейинги йилидан бошлаб ҳар йили аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан тасдиқланган малака ошириш намунавий дастури бўйича 20 соатдан кам бўлмаган ҳажмда малака ошириш курсларини ўтиши шарт.

Халқаро сертификат эгаси бўлган ички аудитор ўз танловига кўра намунавий дастур бўйича ёки халқаро сертификат дастури доирасида малака ошириш курсларидан бирини ўтиши мумкин.

Ички аудиторлар малакасини ошириш бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотларда аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан амалга оширилади.

Ички аудитор йил якунлари бўйича унинг малака ошириш курсларидан ўтганлигини тасдиқловчи маълумотни ҳар йили 10 январга қадар сертификатни берган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига тақдим этади.

6. Малака имтиҳонини ўтказувчи комиссия (кейинги ўринларда – комиссия) таркибига аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари вакиллари ва бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ ва хўжалик ҳуқуқи соҳаларининг етакчи мутахассислари киритилади.

7. Комиссия аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан камида бешта аъзодан, шу жумладан, комиссия раисидан иборат таркибда тузилади.

8. Сертификат олиш, унинг амал қилишини узайтириш, қайта расмийлаштириш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун талабгор томонидан мазкур Низомда белгиланган миқдорларда йиғим тўланади.

Йиғим талабгор томонидан ҳужжат топширилган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси ҳисобварағига ўтказилади ва малака имтиҳонини ташкил қилиш, сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун сарфланади. Йиғим тўлаш учун банк реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари веб-сайтларига жойлаштирилади.

9. Ички аудитор сертификатини бериш мазкур Низомга 1-иловадаги** схемага мувофиқ амалга оширилади.

 

2-БОБ. ТАЛАБГОРГА ҚЎЙИЛАДИГАН МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ

10. Сертификат олишга талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) олий маълумотга ҳамда олий таълим муассасасини битирганидан кейин охирги ўн йилдан камида икки йил бухгалтерия ҳисоби ва аудит, солиқ маслаҳати ва молия соҳасида ёки олий таълим муассасаларида «Бухгалтерия ҳисоби» ёхуд «Аудит» фанидан таълим бериш соҳасида амалий иш стажига (шу жумладан, ўриндошлик асосида);

б) халқаро сертификат доирасида «Молиявий ҳисоб» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлиш.

Иқтисодий ихтисосликлар бўйича илмий даражаси бўлган ёки «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» ихтисосликлари бўйича магистр дипломига эга бўлган талабгор учун амалий иш стажи талаб этилмайди.

11. Талабгор қуйидагилардан бирига эга бўлган тақдирда сертификатни бериш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш малака имтиҳони топширилмасдан амалга оширилади:

аудитор малака сертификати (ариза берилган санада аудитор малака сертификатининг амал қилиш муддати тугашига камида 6 ой вақт қолган бўлса) мавжуд бўлса;

халқаро сертификати (бунда олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб, белгиланган даврийликда халқаро сертификат доирасида малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжат) мавжуд бўлса;

бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (МҲХС) бўйича молиявий ҳисобот» фанини муваффақиятли топширганлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлса;

камида ўн йил узлуксиз ички аудитор иш стажи мавжуд бўлса.

 

3-БОБ. СЕРТИФИКАТ ОЛИШ УЧУН ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР РЎЙХАТИ

12. Сертификат олиш учун талабгор аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига мазкур Низомга 2-иловада** келтирилган шаклдаги аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қилинган ҳолда тақдим этади:

паспорт ёки идентификация ID-картаси нусхаси;

олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ёки илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатнинг ёхуд хорижий мамлакатларда олинган олий маълумот ёки илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ҳақидаги ваколатли давлат органи томонидан берилган гувоҳнома нусхаси;

меҳнат дафтарчаси нусхаси (ўриндошлик асосида иш стажи мавжуд бўлган тақдирда бу ҳақда меҳнат дафтарчасига ёзув киритилган бўлиши лозим) ёки меҳнат стажини тасдиқловчи «Электрон меҳнат дафтарчаси» тизимидан кўчирма;

халқаро сертификат доирасида «Молиявий ҳисоб» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (бундан мазкур Низомнинг 11-бандида қайд этилган талабгорлар мустасно);

икки дона фотосурат (3 х 4 см ўлчамда);

белгиланган даврийлик билан малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, халқаро сертификат ёки аудитор малака сертификати нусхаси ёхуд бухгалтерларни халқаро сертификатлаш дастури доирасида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);

аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатининг нусхаси.

13. Талабгордан мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилмаган ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

14. Мазкур Низомнинг 12-бандида кўрсатилган ҳужжатлар талабгор томонидан аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига шахсан, почта ёки электрон алоқа воситалари орқали тақдим этилади.

 

4-БОБ. МАЛАКА ИМТИҲОНИНИ ТОПШИРИШГА РУХСАТ БЕРИШ ЁКИ РУХСАТ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

15. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари ариза келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунида талабгорнинг малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

16. Қуйидаги ҳолларда талабгорга малака имтиҳонини топширишга рухсат берилмайди:

мазкур Низомнинг 10-бандида белгиланган малака талабларига жавоб бермаса;

мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ёки тўлиқ ҳолда тақдим этилмаганда.

17. Малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан қабул қилинган қарор тўғрисида рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда уч иш куни ичида талабгор ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилинади.

Рад этиш учун асос бўлган камчиликларни бартараф этиш учун талабгорга ўн кун муддат берилади.

Талабгор томонидан малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этиш учун асос бўлган камчиликлар бартараф этилган ҳолда қайта тақдим этилган ҳужжатлар уч кун ичида кўриб чиқилади. Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилган ҳолда тақдим этилган аризани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

Рад этиш учун асос бўлган камчиликлар ўн кун ичида бартараф этилмаган тақдирда, талабгорнинг аризаси янгидан тақдим этилган деб ҳисобланади.

18. Малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорларнинг тасдиқланган рўйхати аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан имтиҳон комиссиясига топширилади.

19. Гуруҳлар талабгорларнинг аризаларини рўйхатга олиш кетма-кетлигида шакллантирилади (бир гуруҳда камида 10 киши ва кўпи билан 20 киши). Малака имтиҳони гуруҳлар шаклланишига қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

20. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари малака имтиҳонини топширишга рухсат берилган талабгорлар рўйхатини гуруҳлар кесимида шакллантириб, малака имтиҳони ўтказиладиган санадан камида ўн беш кун олдин имтиҳон ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги хабарномани аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари веб-сайтларига жойлаштиради ҳамда ҳар бир талабгорни электрон алоқа воситалари орқали хабардор қилади.

 

5-БОБ. СЕРТИФИКАТ ОЛИШ УЧУН МАЛАКА ИМТИҲОНИНИ ТОПШИРИШ ТАРТИБИ

21. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари малака имтиҳонини ўтказиш мақсадида:

талабгорларни рўйхатдан ўтказади;

малака имтиҳонини ўтказиш учун жиҳозланган хонани зарурий техника воситалари билан таъминлайди;

малака имтиҳонини ўтказиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар ва материаллар сақланишини таъминлайди;

малака имтиҳонини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга оширади.

22. Талабгорлар малака имтиҳонига паспорти ёки идентификация ID-картаси ёхуд шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат асосида киритилади. Шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган ёки малака имтиҳонига кечиккан талабгорлар имтиҳонга келмаган деб ҳисобланади ва улар навбатдаги имтиҳон топширишга рухсат бериладиган шахслар рўйхатига киритилади.

23. Агарда талабгор республика жамоат бирлашмаларига ҳужжатларни топширган санадан кейин икки маротаба малака имтиҳонини топширишга келмаса, тақдим этилган ҳужжатлар талабгорга қайтарилади. Бунда аризани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим қайтариб берилмайди.

24. Малака имтиҳони тест синови усулида ахборот-технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

Талабгорга малака имтиҳонини топшириш учун уч соат вақт берилади.

Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёни узлуксиз равишда видеоёзувга туширилади.

25. Тест синови қуйидаги бўлимлар бўйича 60 та саволдан иборат бўлади:

корпоратив молия;

бошқарув ҳисоби;

ички аудит;

солиққа тортиш ва тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш.

26. Тест саволларини шакллантириш тартиби аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан белгиланади.

27. Малака имтиҳони ўтказилаётган пайтда қонун ҳужжатлари, йўриқнома материаллари, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан, уяли телефондан ёки бошқа ахборот технология воситаларидан (шу жумладан, калькулятор сифатида) фойдаланиш, бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиш тақиқланади.

Ушбу талабларни бузган талабгорлар аудиториядан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган деб ҳисобланади.

Ўзи билан бирга ичимлик суви, дори ва малака имтиҳонини топшириш учун зарур бўлган бошқа воситалар (кўзойнак, линзалар) бўлишига рухсат этилади. Талабгорнинг барча шахсий буюмлари, шу жумладан, уяли телефон ёки бошқа ахборот технология воситалари (ўчирилган ҳолатда) махсус ажратилган жойда сақланади.

28. Малака имтиҳони натижалари имтиҳон ўтказилган куни малака имтиҳони комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади.

29. Малака имтиҳон натижалари аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларининг веб-сайтида имтиҳон ўтказилганидан кейин икки иш кунида эълон қилинади.

30. Талабгорнинг тўғри жавоблари малака имтиҳонидаги тест саволлари сонининг камида 75 фоизини ташкил қилса, у малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ҳисобланади.

31. Бегона шахсларнинг малака имтиҳонида қатнашишига рухсат этилмайди.

32. Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгорларга йиғим қайтариб берилмайди.

33. Малака имтиҳонини топшириш натижалари салбий баҳоланган талабгорнинг ҳужжатлари унга қайтарилмайди.

34. Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгорлар малака имтиҳонини топшириш учун ҳужжатларни мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган тартибда қайта тақдим этишга ҳақлидир.

35. Малака имтиҳонида иштирок этиш учун талабгорлар томонидан берилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда комиссиянинг йиғилиш баённомалари беш йил мобайнида аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларида сақланади.

 

6-БОБ. СЕРТИФИКАТНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ ТАРТИБИ

36. Малака имтиҳони натижалари комиссия баённомаси билан расмийлаштирилади ва аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларига топширилади.

37. Сертификат малака имтиҳонида қатнашиш учун ариза топширилган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан берилади.

38. Сертификат мазкур Низомга 3-иловага** мувофиқ шаклда расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади. Сертификат аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасининг расмий қисқартирилган номидан кейин оралиқ бўшлиқларсиз (Х...Х 000000 кўринишида) кетма-кетликда рақамланади.

39. Сертификат аудиторлар республика жамоат бирлашмасининг QR – коди (матрик штрихли коди) қўйилган ҳолда расмийлаштирилади ва у ички аудиторлар реестрига киритилади.

40. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари белгиланган тартибда берилган ва қайта расмийлаштирилган сертификатлар ҳисобини юритади.

41. Сертификат малака имтиҳони комиссиясининг баённомалари олинганидан кейин уч кун ичида расмийлаштирилади ва сертификат эгасига берилади.

42. Сертификат дастлаб беш йиллик муддатга талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширганда ёхуд мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган мезонларнинг бирортасига жавоб берадиган талабгорларга малака имтиҳони топширилмасдан берилади.

 

7-БОБ. СЕРТИФИКАТНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ ВА ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

43. Сертификатнинг амал қилиш муддати тугашидан уч ой олдин, бироқ сертификатнинг амал қилиш муддати тугашидан олти ойдан кўп бўлмаган муддатда, аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш юзасидан мазкур Низомга 2-иловада келтирилган шаклдаги аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади:

сертификатнинг асл нусхаси;

ҳар йили малака ошириш курсларидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари;

белгиланган даврийлик билан малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, халқаро сертификат ёки аудитор малака сертификати нусхаси ёхуд бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);

меҳнат дафтарчаси нусхаси (ўриндошлик асосида ички аудитор иш стажи мавжуд бўлган тақдирда бу ҳақда меҳнат дафтарчасига ёзув киритилган бўлиши лозим) ёки меҳнат стажини тасдиқловчи «Электрон меҳнат дафтарчаси» тизимидан кўчирма;

аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатининг нусхаси.

44. Дастлабки беш йиллик муддат тугагандан сўнг сертификатнинг амал қилиш муддатини навбатдаги ўн йилга узайтириш малака имтиҳонини муваффақиятли топширганда ёхуд талабгор мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган мезонларнинг бирортасига жавоб берганда малака имтиҳонини топширмасдан амалга оширилади.

Сертификатни кейинги муддатсиз даврга узайтириш талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширганда ёхуд у мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган мезонларнинг бирортасига мос бўлганда малака имтиҳонини топширмасдан амалга оширилади.

45. Сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун ҳужжатлар мазкур Низомнинг 43-бандига мувофиқ тақдим этилганда, сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза тақдим этилган санадан бошлаб сертификатнинг амал қилиш муддати тугайдиган санагача бўлган вақт оралиғи ички аудитор сифатида узлуксиз иш стажини ҳисоблашда инобатга олинади.

Ички аудитор лавозимига тайинлашлар оралиғидаги вақт бир ойдан ошмаган бўлса, ушбу давр ички аудитор сифатидаги узлуксиз иш стажини аниқлашда узилиш деб ҳисобланмайди.

46. Сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш мазкур Низомнинг 43–45-бандларидаги меъёрларга риоя этилганда амалга оширилади.

Сертификатнинг амал қилиш муддати сертификатда кўрсатилган амал қилиш муддати тугаган пайтдан бошлаб узайтирилади.

47. Талабгор сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун малака имтиҳонидан ўта олмаган тақдирда, сертификатни қайтадан бериш мазкур Низом асосида амалга оширилади.

Агарда талабгор, мазкур Низомда назарда тутилган тартибда хабардор қилинганидан сўнг, сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун малака имтиҳонини топширишга келмаса, сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин тақдим этилган ҳужжатлар (сертификатнинг асл нусхасидан ташқари) қайтарилади. Бунда аризани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим қайтариб берилмайди.

48. Сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш илгари берилган сертификатга тегишли ёзув киритиш орқали амалга оширилади.

Сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун унда ажратилган тегишли реквизитлар тўлган бўлса, илгари берилган рақам билан янги сертификат берилади. Янги сертификатнинг пастки ўнг бурчагига илгари берилган сертификат ҳақидаги ахборотлар ёзиб қўйилади.

49. Сертификат эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган тақдирда, у тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатлар берилган санадан сўнг бир ой ичида сертификатни берган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига мазкур Низомга 2-иловада келтирилган шаклда сертификатни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Бунда аризага қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган сертификатнинг асл нусхаси билан бирга иккита фотосурат (3 х 4 ҳажмдаги) ва тегишли ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.

Сертификатни қайта расмийлаштириш учун талабгордан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

50. Сертификат ариза топширилган кундан бошлаб беш иш куни ичида илгари берилган сертификат рақами ва амал қилиш муддати билан қайта расмийлаштирилади.

 

8-БОБ. СЕРТИФИКАТНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТУГАТИШ

51. Сертификатнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

сертификат эгаси томонидан сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза тақдим этилганда;

сертификат эгаси вафот этганда;

сертификат эгаси ҳар йилги малака ошириш курсидан ўтмаганда;

сертификат эгаси сертификат расмийлаштирилган санадан эътиборан олти ой мобайнида сертификатни олиш учун келмаганда;

сертификат эгаси томонидан ички аудит хизматидаги фаолияти мобайнида олинган конфиденциал ахборот хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг ёзма рухсатисиз учинчи шахсларга тақдим этилганда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

сертификат эгасини белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганда;

аудиторлар республика жамоат бирлашмасининг сертификат бериш тўғрисидаги қарори қонунга хилоф эканлиги ҳолати аниқланганда;

сертификат қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги исботланганда.

52. Сертификатнинг амал қилиши аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси қарори билан тугатилади. Сертификатнинг амал қилиши уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.

53. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

54. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси веб-сайтида эълон қилиниши керак.

Сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор беш иш куни ичида сертификат эгасига юборилади.

 

9-БОБ. ИЧКИ АУДИТОРЛАР РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

55. Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан ички аудиторлар реестри юритилади ва унда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:

ички аудиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

паспорт ёки идентификация ID-картаси маълумотлари ва яшаш манзили;

иш жойи;

сертификатнинг рақами, берилган санаси;

сертификат олган шахснинг фамилияси, исми ва имзоси, шунингдек, сертификат олинган сана;

ҳар йилги малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

аудиторнинг малака сертификати, халқаро бухгалтер сертификатининг (мавжуд бўлган тақдирда) номи ва берилган санаси;

сертификатнинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги, амал қилиши тугатилганлиги ва қайта расмийлаштирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.

56. Ички аудиторлар реестрдаги қуйидаги маълумотлар аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси веб-сайтига жойлаштирилади ва барчанинг танишиши учун очиқ ҳисобланади:

ички аудиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

сертификатнинг рақами, берилган санаси;

сертификатнинг амал қилиш муддати;

ички аудиторларнинг малака оширганлиги тўғрисидаги маълумотлар (йил якунларига кўра);

сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумотлар.

 

10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

57. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

58. Аудиторлар республика жамоат бирлашмаларининг мазкур Низом талабларига риоя этишлари устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 5 майдаги 280-сон қарорига
2-ИЛОВА

КОРХОНАЛАРДАГИ ИЧКИ АУДИТ ХИЗМАТИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР

 

1. 4-банднинг бешинчи хатбошидан «ташқи» сўзи чиқариб ташлансин.

2. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«6. Ички аудит хизмати ходимлари ички аудиторнинг малака сертификатига эга бўлиши шарт».

3. 12 ва 13-бандлардаги «бошқа мажбурий тўловлар» сўзлари «йиғимлар» сўзи билан алмаштирилсин.

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 6.05.2021 йилдан кучга кирди.

**Низомга 1–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 1155 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика