Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 19 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»;

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда илғор хорижий тажриба асосида устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган жамиятларни трансформация қилиш, соҳага бозор муносабатлари тамойилларини жорий этиш, рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда хусусий секторни кенг жалб қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган жамиятларга кузатув кенгашига аъзолар корпоратив бошқарув бўйича етарли даражада билим ва кўникмаларга эга бўлмаган шахслар орасидан сайланаётганлиги замонавий корпоратив бошқарув соҳасини ислоҳ қилишга тўсқинлик қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 24 апрелдаги ПФ-4720-сон Фармони, «Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 14 январдаги ПҚ-4112-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 30 июлдаги 460-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 14 январдаги ПҚ-4112-сон қарорига мувофиқ 2019 йил 1 июлидан бошлаб давлат органларининг раҳбарлари ёки раҳбар ўринбосарлари, уларда корпоратив бошқарув малака аттестати мавжуд бўлганда давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши аъзолигига давлат улуши бўйича сайланишлари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

корпоратив бошқарувчи малака аттестатини олиш талаб этиладиган шахслар доираси ҳамда корпоратив бошқарувчи малака аттестатини олиш учун қўйиладиган талаблар;

корпоратив бошқарувчи малака аттестатини олиш учун махсус ўқув курсларида ўқиш, малака аттестатини олишга даъвогарлик қилаётган шахслар билан суҳбат ўтказиш тартиби;

корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш, уни қайта расмийлаштириш тартиби;

корпоратив бошқарувчи малака аттестатига эга шахслар реестрини юритиш тартиби.

3. Белгилансинки:

корпоратив бошқарувчи малака аттестати Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби (кейинги ўринларда – Олий мактаб) томонидан корпоратив бошқарув соҳасида малака мавжудлигини тасдиқлаш учун берилади;

корпоратив бошқарувчи малака аттестатини олишга замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда қисқа муддатли, шу жумладан, онлайн, махсус ўқув курсини тугатиб, курс якуни бўйича синовдан муваффақиятли ўтган тингловчилар ҳамда Олий мактабнинг «Бизнесни бошқариш» магистратура мутахассислиги бўйича корпоратив бошқарув фанини 86 балл ва ундан юқори даражаларда ўзлаштирган тингловчилари талабгор бўла олади;

махсус ўқув дастури Олий мактабнинг корпоратив бошқарув соҳасидаги малакали мутахассисларни, катта тажрибага эга бўлган бошқарувчиларни ҳамда халқаро ҳамкорларни жалб қилган ҳолда доимий равишда такомиллаштирилиб борилади ва якуний дастур курслар бошланишидан олдин Олий мактаб Илмий кенгаши томонидан тасдиқланади;

махсус ўқув дастури илғор хорижий амалиётни ҳисобга олган ҳолда давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятига кузатув кенгашлари ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини оширишни, корпоратив бошқарувнинг халқаро тамойилларини назарда тутувчи корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишни қамраб олади;

корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш махсус дастур асосида ташкил этиладиган суҳбат натижалари бўйича амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:

икки ҳафта муддатда корпоратив бошқарувчи малака аттестати олиш учун суҳбат комиссияси манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ушбу соҳадаги етук ва малакали мутахассислари ҳамда Олий мактабнинг профессор-ўқитувчиларидан иборат таркибда шакллантирилишини таъминласин;

суҳбат комиссияси мажлисининг ўтказилиши санаси ва жойи ҳақидаги маълумотлар доимий равишда Олий мактабнинг веб-сайтида белгиланган муддатларда эълон қилиб борилишини ҳамда корпоратив бошқарувчи малака аттестати олиш учун суҳбат юқори савияда ўтказилишини ташкиллаштирсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага** мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 26 апрель

236-сон.

 

ЎзР ВМнинг 2021 йил 26 апрелдаги 236-сон қарорига
1-ИЛОВА

КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВЧИ МАЛАКА АТТЕСТАТИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш тартибини белгилайди.

2. Корпоратив бошқарувчи малака аттестати (кейинги ўринларда – малака аттестати) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (кейинги ўринларда – Иқтисодий тараққиёт вазирлиги) ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби (кейинги ўринларда – Олий мактаб) томонидан корпоратив бошқарув соҳасида малака мавжудлигини тасдиқлаш учун берилади.

3. Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган жамиятларнинг кузатув кенгаши аъзолари корпоратив бошқарувчи малака аттестатига эга бўлган шахслар орасидан сайланиши (тайинланиши) шарт, ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ходимлари, кузатув кенгашига мустақил аъзо сифатида илгари сурилган, тегишли тармоқда иш тажрибасига эга бўлган шахслар, шу жумладан, хорижий шахслар малака аттестатига эга бўлмаган ҳолда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларининг кузатув кенгаши аъзолари сифатида сайланиши мумкин.

 

2-БОБ. МАЛАКА АТТЕСТАТИНИ ОЛИШ ИСТАГИДА БЎЛГАН НОМЗОДЛАРНИ ЎҚИТИШ

4. Номзодларнинг корпоратив бошқарув соҳасидаги билимларини ошириш мақсадида Олий мактаб томонидан мазкур соҳадаги сўнгги замонавий билимлар мужассамлаштирилган қисқа муддатли (бир ҳафтадан кам бўлмаган муддатда), шу жумладан, онлайн, махсус ўқув дастури шакллантирилиб, доимий равишда такомиллаштириб борилади.

Мазкур дастур «Бизнесни бошқариш» магистратура мутахассисилиги бўйича корпоратив бошқарув фанида ҳам ўқитилади.

5. Номзодлар малака аттестатини олиш учун Олий мактаб томонидан ташкил қилинадиган махсус ўқув курсларида белгиланган муддатларда ўқийди ва дастур сўнггида синовдан ўтказилади. Олий мактабнинг «Бизнесни бошқариш» магистратура мутахассисилиги бўйича корпоратив бошқарув фанини 86 балл ва ундан юқори даражаларда ўзлаштирган тингловчилари бундан мустасно.

6. Малака аттестатини олиш учун Олий мактабнинг корпоратив бошқарувчи махсус дастури бўйича ўқув курсларини тамомлаганлик тўғрисидаги давлат сертификатига эга бўлган шахслар ва Олий мактабнинг «Бизнесни бошқариш» магистратура мутахассисилиги бўйича корпоратив бошқарув фанини 86 балл ва ундан юқори даражаларда ўзлаштирган тингловчилари даъвогарлик қилиш ҳуқуқига эга.

Бунда аризалар ушбу ўқув курслари ва магистратура тингловчилари томонидан мазкур фан ўқитилгандан кейин бир йил мобайнида берилиши мумкин.

Номзодлар ўқув курсининг якуни бўйича тест топшириб, умумий саволларнинг 55 фоизига жавоб берганда, тегишли тартибда давлат сертификатига эга бўлади. Мазкур давлат сертификати малака аттестати олишга даъвогарлик қилиш ҳуқуқини беради. Номзод тестдан ўта олмаган тақдирда, якуний тестни яна икки марта такроран топширишга ҳақли.

 

3-БОБ. МАЛАКА АТТЕСТАТИНИ ОЛИШГА НОМЗОДЛАР БИЛАН СУҲБАТ ЎТКАЗИШ

7. Малака аттестатини бериш тартиби ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича қонунийлик, ошкоралик, холислик, адолатлилик, тенглик ва шаффофлик принципларига асосланган суҳбат натижалари асосида амалга оширилади.

Суҳбат Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг ушбу соҳадаги етук мутахассислари ва Олий мактабнинг шу йўналишдаги профессор-ўқитувчиларидан иборат таркибдаги комиссия томонидан ўтказилади.

Комиссия камида 9 нафар аъзодан иборат бўлади. Комиссияга Олий мактаб директори ёки шу соҳадаги профессор-ўқитувчилардан бири раислик қилади.

Комиссиянинг таркиби йилда бир марта Олий мактаб директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

Комиссия корпоратив бошқарув кодексини мунтазам равишда такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ вазифасини ҳам бажаради.

Шунингдек, Комиссия устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини баҳолаш бўйича махсус саволнома таркибини янгилаб боради.

8. Суҳбат саволлари рўйхати махсус дастур асосида Олий мактаб томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Олий мактаб веб-сайтига жойлаштирилади. Суҳбат саволлари рўйхати соҳага оид қонунчилик ҳужжатларидаги ўзгаришлардан келиб чиқиб мунтазам такомиллаштирилиб борилади.

9. Малака аттестатини олишга даъвогарлик қилаётган шахс (кейинги ўринларда – ариза берувчи) Олий мактабга паспорт ёки идентификация ID-карта нусхаси, ўқув курсларини тамомлаганлик тўғрисидаги давлат сертификати, корпоратив бошқарув фани бўйича рейтинг баҳоларидан кўчирма, алоқа қилиш маълумотлари ва меҳнат фаолиятини юритиётган шахслар қўшимча равишда иш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган аризани тақдим этади.

Ариза берувчи томонидан ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаслиги ёки нотўғри ҳужжатлар тақдим этилиши малака аттестатини бериш суҳбатига киритмаслик учун асос ҳисобланади. Бунда қайд қилинган ҳужжатлардан ташқари қўшимча маълумотларни талаб қилиш тақиқланади. Малака аттестатини олиш учун ариза топширишга тўлов талаб этилмайди.

10. Ариза берувчи бевосита ўзи келиб, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон тарзда мазкур Низомга 2-иловада*** кўрсатилган шаклда ариза бериши мумкин.

11. Аризада кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун ариза берувчи жавобгар ҳисобланади.

12. Олий мактаб ариза олинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида ариза берувчини суҳбатга киритиш ҳақида қарор қабул қилади ёки мазкур Низомнинг 6-банди талабларига риоя этилмаган тақдирда, асосланган рад жавобини юборади.

13. Комиссия мажлислари аризалар сони 15 ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда ҳар жума куни ўтказилади.

14. Олий мактаб комиссия мажлиси ўтказилишидан камида 2 кун олдин мажлис ўтказиладиган сана ва жой ҳақидаги маълумотни ўз веб-сайтида эълон қилади ва комиссия аъзоларини хабардор қилади.

15. Комиссия йиғилиши аъзоларнинг камида 75 фоизи иштирок этганида ваколатли ҳисобланади.

16. Суҳбат ҳар бир номзод билан 20 дақиқа давомида якка тартибда номзоднинг:

корпоратив бошқарув мазмун-моҳияти, унинг тамойиллари, корпоратив бошқарувни баҳолаш ва диагностика қилиш қобилияти;

кузатув кенгашининг ваколатлари, вазифалари, мажбуриятлари, қарорлар қабул қилишдаги ташаббускорлиги ва бу борадаги жаҳон тажрибаси, қонунчилик нормаларининг талабларини билишлиги даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

17. Комиссия аъзолари якка тартибдаги суҳбатга кирган ҳар бир номзодга 4 та савол беради. Бунда саволлар Олий мактабда ўтказилган ўқув курси дастури йўналишларидан келиб чиқиб берилади.

18. Суҳбат натижалари бўйича комиссиянинг ҳар бир аъзоси 0 баллдан 100 баллгача баҳо қўяди. Қўйилган барча баллар умумлаштирилиб, номзоднинг ўртача арифметик балли аниқланади.

19. Суҳбат натижалари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

берилган саволнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ очиб берувчи далилларга асосланган жавоб берилиши;

саволлар юзасидан чуқур ва тизимли билим борлиги намоён этилиши;

корпоратив бошқарув тушунчаси ва атамаларидан эркин фойдалана олиш.

Номзод қўйилган саволларга асосли ва тўғри жавоб берадиган бўлса, ҳар бир тўғри жавобга 25 балл қўйилади. Суҳбат натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 55 фоизини тўплаган номзодлар суҳбатдан ўтган ҳисобланади.

20. Суҳбат давлат тилида ўтказилади. Суҳбат ариза берувчининг сўровига асосан Олий мактабнинг имкониятларидан келиб чиқиб бошқа тилларда ҳам ўтказилиши мумкин.

21. Комиссия қарорлари йиғилишда иштирок этаётган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади, овозлар тенг бўлган тақдирда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

22. Ўтказилган суҳбат натижалари бўйича комиссия томонидан малака аттестатини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.

Баённома комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва раис томонидан тасдиқланади.

23. Номзод суҳбатга келмаганда ёки ундан ўтмаганда комиссия кейинчалик ариза берувчини хабардор қилган ҳолда малака аттестатини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

24. Суҳбатдан ўтмаган ёки суҳбатга келмаган шахс корпоратив бошқарувчи махсус дастури бўйича ўқув курсларини тамомлаган кундан бошлаб бир йил мобайнида, шунингдек «Бизнесни бошқариш» магистратура мутахассислиги бўйича икки йил (кундузги ва сиртқи) ўқишни тамомлаб магистр дипломини олган кундан бошлаб бир йил мобайнида умумий тартибда комиссияга уч мартадан кўп бўлмаган такрорий аризалар бериши мумкин.

25. Суҳбат натижалари бўйича номзодларнинг шикоятлари улар натижаси эълон қилинган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида комиссия раисига тақдим этилади.

Шикоятни кўриб чиқадиган апелляция комиссияси Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Олий бизнес мактаби ва Давлат активларини бошқариш агентлиги вакилларидан (малака аттестатини берувчи махсус комиссияда қатнашмаган ушбу соҳадаги ўқитувчи ва мутахассислар) иборат таркибда тузилади.

26. Шикоятни кўриб чиқиш муддати номзод томонидан шикоят берилган санадан бошлаб уч иш кунидан ошмаслиги лозим.

27. Суҳбатдан ўтган шахс комиссиянинг малака аттестатини бериш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан сўнг уч ой муддатда Олий мактабга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатининг нусхасини тақдим этади.

Тўлов ҳужжатининг нусхаси тақдим этилгандан сўнг Олий мактаб уч кун муддатда малака аттестатини расмийлаштиради.

28. Ариза берувчи томонидан уч ой муддатда Олий мактабга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўлов тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатининг нусхаси тақдим этилмаганда, комиссия қарорининг ушбу ариза берувчига малака аттестатини бериш бўйича қисми ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

29. Малака аттестатининг амал қилиш муддати 5 йилни ташкил этади ҳамда узайтирилмайди.

30. Сертификат ва малака аттестати ҳисобга олиш серияси, тартиб рақами ҳамда QR кодга эга бўлади. Малака аттестати Олий мактабда ушбу Низомга 3-иловада*** кўрсатилган шаклда тайёрланади ҳамда QR код билан тасдиқланади.

 

4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

31. Малака аттестатини қайта расмийлаштириш унда кўрсатилган паспорт ёки идентификация ID-карта маълумотларининг ўзгариши муносабати билан амалга оширилади.

Бунинг учун малака аттестатининг эгаси Олий мактабга қуйидагиларни тақдим этади:

малака аттестатини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза;

қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган малака аттестатининг асл нусхаси;

паспорт ёки идентификация ID-карта маълумотларига киритилган ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;

малака аттестатини олишда тўланадиган тўловнинг ярми тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатининг нусхаси.

32. Малака аттестатини қайта расмийлаштириш мазкур Низомнинг 30-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 5 кун мобайнида олдин берилган малака аттестатининг қолган амал қилиш муддатига янги малака аттестатини бериш орқали амалга оширилади.

33. Олий мактаб малака аттестатига эга бўлган шахслар реестрини юритади.

Малака аттестатига эга бўлган шахслар реестрида қуйидагилар кўрсатилади:

малака аттестати берилган сана ва унинг рақами;

малака аттестатига эга бўлган шахсларнинг паспорти ёки идентификация ID-карта, алоқа қилиш маълумотлари ва иш жойи;

қайта расмийлаштирилган малака аттестатлари тўғрисидаги маълумотлар.

34. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Низомга 
1-ИЛОВА

КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВЧИ МАЛАКА АТТЕСТАТИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ

СХЕМАСИ

Босқичлар



Субъектлар



Тадбирлар



Бажариш муддатлари









1-босқич



Малака аттестатини олишга номзодлар



1. Олий мактабнинг корпоратив бошқарувчи махсус дастури бўйича ўқув курсларида иштирок этади ёки Олий мактабнинг «Бизнесни бошқариш» магистратура мутахассислиги бўйича корпоратив бошқарув фанини 86 балл ва ундан юқори даражаларда ўзлаштириши талаб этилади.



1. Махсус ўқув курси бўйича 72 соат ёки магистратура йўналишида 2 йил ўқув дастурлари мобайнида




2. Комиссияга суҳбатга кириш учун Олий мактабга тегишли маълумотлар кўрсатилган аризани тақдим этади.



2. Заруратга кўра









2-босқич



Олий мактаб



Олий мактаб корпоратив бошқарувчи махсус дастури бўйича ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ёки «Бизнесни бошқариш» магистратура мутахассислиги бўйича корпоратив бошқарув фанини 86 балл ва ундан юқори даражаларда ўзлаштирган ариза берувчини суҳбатга киритиш ҳақида қарор қабул қилади ёки мазкур талаблар бажарилмаган тақдирда, асосланган рад жавобини беради.



3 иш куни мобайнида









3-босқич



Комиссия*



1. Ариза берувчилар сони ўн беш нафардан ортиқ бўлганда уларни малака аттестатини олишга суҳбатдан ўтказади ҳамда суҳбат натижалари бўйича талабгорни баҳолайди.



1. Ҳар ҳафта жума куни




2. Суҳбат натижалари бўйича малака аттестатини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор эълон қилинади ва баённома билан расмийлаштирилади.



2. Суҳбат ўтказилган кунда









4-босқич



Малака аттестатини олишга талабгорлар



Комиссиянинг суҳбат натижалари бўйича малака аттестатини бериш тўғрисида ижобий қарори эълон қилингандан сўнг Олий мактаб ҳисобварағига тўлов (базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида) ўтказади.



Суҳбат ўтказилган кунда









5-босқич



Олий мактаб



Малака аттестатини расмийлаштириб беради.



3 иш куни мобайнида


 

 

 

Изоҳ. Комиссия таркиби Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг ушбу соҳадаги етук мутахассислари ҳамда Олий мактабнинг мазкур йўналишдаги профессор-ўқитувчиларидан иборат бўлади.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 27.04.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 2-илова «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

***Низомга 2–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 312 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика