Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 16 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Атроф муҳит ифлосланиши ва чиқиндилар жойлаштирилишини бошқаришнинг иқтисодий механизмини янада такомиллаштириш, «ифлослантирувчи тўлайди» тамойилини амалиётга янада кенгроқ жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 30 октябрдаги ПФ–5863-сон ва «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 3 февралдаги ПФ–6155-сон фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат экология қўмитаси) ҳамда Молия вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ифлослантирувчи моддалар ташламаларини атмосфера ҳавосига чиқариб ташловчи, очиқ сув ҳавзалари ва жойларнинг рельефига оқова сувларни оқизувчи ва чиқиндиларни жойлаштирувчи 55,1 мингта юридик шахс хатловдан ўтказилганлиги;

2020 йилда атроф муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун Давлат экология қўмитасининг Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасига 68,3 млрд сўм маблағ тушганлиги;

ушбу маблағларнинг 17,75 млрд сўми Давлат бюджетига ўтказилганлиги, қолган маблағлар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари ҳамда бошқа тадбирларни амалга оширишга, Давлат экология қўмитасининг моддий-техник базасини ривожлантиришга, шунингдек, ходимларини моддий рағбатлантиришга сарфланганлиги ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки:

а) қуйидагилар:

турғун ва кўчма манбалардан ифлослантирувчи моддаларни атмосфера ҳавосига чиқариб ташлаш массаси;

ифлослантирувчи моддаларни сув объектларига ва жойларнинг рельефига оқизиш массаси;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириладиган хавфли ва хавфсиз чиқиндилар массаси;

юридик шахслар, шунингдек, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар томонидан коммунал канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларнинг нормативдан ортиқча оқизилган массаси атроф муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловлари (кейинги ўринларда – компенсация тўловлари) объектлари ҳисобланади;

б) қуйидагилар:

махсус сақланаётган ва ҳар хил турдаги махсус жиҳозланган тўплаш жойларида жойлаштириладиган хом ашё ресурслари разрядига тегишли бўлган балансдан ташқари рудалар;

махсус ажратилган майдонларда вақтинча (олти ойгача) жойлаштирилганлиги тўғрисидаги ҳисоб-китоблар асосида ҳужжатлаштирилган ва сўнгра иккиламчи хом ашё сифатида фойдаланиладиган ишлаб чиқариш чиқиндилари;

техника экинлари ва ўсимликларини суғориш учун белгиланган тартибда фойдаланиладиган тозаланган оқова сувлар;

ажратилган ерда жойлаштириладиган, кон саноатининг кон юзасини очишдаги ва қоришма жинслар;

конларнинг ишлатилган қатламларига қайтариладиган, шунингдек, қатламдаги босимни ушлаб туриш учун ҳайдаладиган ер ости йўлдош қатлам сувлари;

фойдали қазилмалар хом ашё ресурслари сифатида махсус жиҳозланган чиқинди сақлаш шохобчаларида жойлаштирилганлиги тўғрисидаги ҳисоб-китоблар асосида ҳужжатлаштирилган ва кейинчалик (узоғи билан икки йил давомида) қайта ишланадиган кон қазиш саноати чиқиндилари;

минерал ўғитлар ва иқтисодиёт тармоқлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хом ашё ресурслари сифатида жойлаштирилганлиги тўғрисидаги ҳисоб-китоблар асосида ҳужжатлаштирилган, кейинчалик (узоғи билан беш йил давомида) қайта ишланадиган ҳамда махсус жиҳозланган сақлаш жойлари (уюмлар)да жойлаштириладиган фосфорли ўғитлар (фосфогипс) ишлаб чиқариш чиқиндилари компенсация тўлови объектлари ҳисобланмайди;

в) қуйидагилар:

ифлослантирувчи моддалар ташламаларини атроф табиий муҳитга чиқариб ташловчи, оқова сувларни оқизувчи ва чиқиндиларни жойлаштирувчи юридик шахслар;

юридик шахслар, шунингдек, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳамда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари коммунал канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни нормативдан ортиқча оқизувчи жисмоний шахслар компенсация тўловчи субъектлар ҳисобланади.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 15 июлдан бошлаб:

ифлослантирувчи моддаларни атроф муҳитга чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштириш массаси тасдиқланган экологик нормативлардан 1 баравардан 5 бараваргача ёки ундан ортиқ (кам) бўлганда компенсация тўловчи субъектлар мос равишда 1 баравардан 20 бараваргача кўпайтирилган (камайтирилган) миқдорда компенсация тўловларини тўлайдилар;

экологик нормативлар тасдиқланмаган ёки уларнинг амал қилиш муддати тугаган бўлса, атроф муҳитга юқори (I тоифа) ва ўртача (II тоифа) даражада хавфли таъсир кўрсатадиган компенсация тўловчи субъектлар ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш, чиқиндиларни жойлаштиришнинг амалдаги массасига нисбатан 20 баравар, шунингдек, паст (III тоифа) ва маҳаллий (IV тоифа) даражада таъсир кўрсатувчи компенсация тўловчи субъектлар 10 баравар кўпайтирилган миқдорда компенсация тўловларини тўлайдилар;

ифлослантирувчи моддаларни бирваракайига ташлаганлик ва оқизганлик учун компенсация тўловлари ҳар бир модда бўйича белгиланган базавий ставкаларга нисбатан 10 баравар кўпайтирилган миқдорда тўланади.

4. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

5. Давлат экология қўмитаси:

Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда компенсация тўловлари тўғри ҳисобланиши ва тўланиши устидан доимий назорат ўрнатиб, ўзаро маълумот алмашинувини йўлга қўйсин;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар компенсация тўловлари ҳисобланиши ва тўланиши билан боғлиқ электрон ахборот тизимини амалиётга тўлиқ жорий этсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага** мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов, Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси А.И.Максудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 12 апрель

202-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.04.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–2-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 305 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика