Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 13 / Божхона

Йирик инспекцион кўрик мажмуалари: тезкорлик ва самарадорлик сари

 

Замонавий божхонада самарадорликнинг энг муҳим омили бу вақт! ­Яъни божхона назорати ва расмийлаштируви учун сарфланган вақт қанча қисқа бўлса ташқи савдо жараёнлари шунча жадаллашади. Табиийки, бунга эришишнинг энг муҳим шарти – соҳага замонавий илғор ахборот-коммуникация технологияларини жалб этиш ҳисобланади. 

 

Республикамизда экспорт-импорт тартибидаги юкларнинг асосий қисми темир йўл орқали ташилиши инобатга олинса, айнан темир йўл чегара-божхона постлари фаолиятига жалб этилаётган божхона назоратининг энг сўнгги инновацион технологиялари соҳа самарадорлигида алоҳида ўрин тутаётганини таъкидлаш ўринли.

Масалан, 2018 йилда экспорт-импорт тартибидаги 28,3 млн тонна ташқи савдо товарлари айнан темир йўл транспортида ташилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 29,1 млн тоннани, 2020 йилда эса 32,6 млн тоннани ташкил қилди.

Аҳамият беринг, ўтган 2020 йилда автомобиль ва темир йўл чегара ўтказиш пунктлари орқали оғирлиги 39,9 млн тонна товарлар олиб ўтилган бўлиб, шундан 32,6 млн тоннаси ёки 81,7 фоизи айнан темир йўл транспорти ҳиссасига тўғри келган. Айни шу рақам темир йўл чегара-божхона постларини замонавий йирик инспекцион кўрик мажмуалари билан жиҳозлашнинг аҳамиятини ўзида намоён қилади.

Ҳозирда «Рақамли божхона» тамойили асосида ­божхона постларига 20 та йирик инспекцион кўрик мажмуалари ўрнатилган бўлиб, шундан 7 таси «Қорақалпоғистон», «Хўжадавлат», «Айритом», «Сариосиё», «Бекобод», «Ўзбекистон» ва «Чуқурсой техник идора» темир йўл чегара-божхона постларида фаолият юритмоқда.

Мазкур мажмуалар кўмагида юк поезди вагонларини тўхтатмасдан туриб, саноқли сониялар ичида уларни божхона кўригидан ўтказиш мумкин. Энг муҳими, бунда инсон омили қисқаради, контрабанда ва божхона қонунбузилиши ҳолатларини фош этиш самарадорлиги ортади.

Маълумки, 2020 йилнинг апрель ойидан эътиборан темир йўл транспортида ташиладиган товарлар бўйича божхона органларига дастлабки электрон маълумот тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилган эди. Шу мақсадда Давлат божхона қўмитаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан ҳамкорликда темир йўл транспортида ташиладиган товарлар бўйича божхона органларига дастлабки электрон маълумот тақдим этиш бўйича барча учун фойдаланиш мумкин бўлган дастурий таъминот ишлаб чиқилди.

Эндиликда ташувчилар, товар эгалари ёки товарга нисбатан ваколатларга эга бўлган шахслар темир йўл транспортида ташиладиган товар ва транспорт воситалари тўғрисида дастлабки ахборотни темир йўл транспортининг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасига етиб келишидан бир соат олдин божхона органларига электрон равишда тақдим қилиб келмоқда.

Содда қилиб айтганда, товар келмасдан туриб, у ҳақдаги маълумотлар божхона органларига келиб тушади. Йирик инспекцион кўрик мажмуаси орқали ҳаракатланган юк поезди вагонларидаги товарлар айнан ушбу маълумотлар билан таққосланади. Агар маълумотлар билан товарлар ўртасида тафовутлар юзага келмаса, юк поездини тўхтатишга ҳожат қолмайди ва у манзилига тезроқ етиб боради.

Жорий йилнинг январь ойида Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Ўзбекистон» темир йўл чегара-божхона постига ҳам йирик инспекцион кўрик мажмуаси ўрнатилиб, фойдаланишга топширилган эди. Зангиота туманидаги Далагузар-Назарбек темир йўл станциялари оралиғида жойлашган мазкур мажмуа «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибидаги «Тошкент минтақавий темир йўл узели» фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

1 013 км узунликдаги темир йўлларни қамраб олган мазкур энг йирик темир йўл узели таркибидаги 50 га яқин станция ва разъездларда 2020 йилнинг ўзида темир йўлларда ташилган салкам 28 млн тонна юк ортиб-туширилган.

Шу вақтга қадар эса мазкур узел орқали ташилган ташқи савдо юкларининг барчаси «Чуқурсой техник идора» темир йўл чегара-божхона постига йўналтирилар ва ўша ердаги инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилар эди. Табиийки, бунинг учун қўшимча вақт ва маблағлар сарфланган, ўз ўрнида «Чуқурсой техник идора» божхона постидаги иш ҳажми ҳам ортган.

Эндиликда «Ўзбекистон-Сариоғоч» давлатлараро пункти орқали юк поездларининг ўтказиш қобилияти, юк ва вагон айланмаси ҳамда локомотив унумдорлиги ошди.

«Ўзбекистон» темир йўл чегара-божхона постига йирик инспекцион кўрик мажмуасини ўрнатиш жараёнида Давлат божхона қўмитаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамкорлигида кенг миқёсдаги қурилиш-монтаж ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

2021 йилнинг ўтган 2 ойи давомида республикамиздаги йирик инспекцион кўрик мажмуалари ўрнатилган темир йўл чегара-божхона постлари орқали 146 мингга яқин темир йўл вагонлари ҳаракатланган бўлса, шундан 136 мингдан ортиғи, яъни 93,3 фоизи мазкур мажмуа орқали кўздан кечирилган. Натижада 27 та божхона қонунбузилиши ҳолатлари фош қилиниб, қиймати 12,7 млрд сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилиши олди олинди.

 

Чегара-божхона постларига ўрнатилаётган йирик инспекцион кўрик мажмуаларининг аҳамияти фақат шу билан белгиланмайди. Энг муҳими, мазкур технологиялар кўмагида темир йўл орқали ташилаётган юкларнинг божхона назорати қисқа муддатларда ва сифатли амалга ошириляпти ҳамда экспорт-импорт юкларининг ташқи савдо иштирокчиларига тезроқ етиши таъминланмоқда.

Прочитано: 623 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика