Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 12 / Хўжалик юритиш қоидалари

ТМҚ олишга ишончнома ҳақидаги муҳим маълумотлар

 

Ишончнома беришдан мақсад товар-моддий қимматликларни бошқа ташкилотлардан олиш ишониб топширилган ташкилот вакилининг ҳуқуқларини тасдиқлашдан иборат. Ҳужжат етказиб берувчига тақдим этилади ва товар олинганидан кейин унда қолади. Ишончномада кўрсатилган паспорт маълумотларини ва шахсини тасдиқлаш учун сотиб олувчининг вакили ёнида паспорт бўлиши лозим. Ишончнома нотариал тасдиқланмайди, бироқ уларни ҳар бирида якка тартибдаги рақами бўлиши ва берилган санаси кўрсатилиши лозим. Ишончнома берадиган ташкилот қатъий ҳисоб юритиши ва уларни рўйхатга олиши керак. Асосий ва бошқа ишончномалардан фарқли ўлароқ, ТМҚ олишга ишончнома битта муайян шартнома ёки битим бўйича берилади.

 

Қуйидагилар учун ишончнома зарур бўлади:

● етказиб берувчининг омборидан ТМҚни ўзи олиб чиқиб кетишида ваколатларни тасдиқлаш учун;

● ТМҚ нейтрал ҳудудда бериладиган бўлса;

● товар етказиб берувчи томонидан тўғридан-тўғри сотиб олувчининг омборига етказиб берилганда. Омбор ходимлари моддий жавобгар шахслар ҳисобланишига ҳамда товарларни ўзларининг лавозим мажбуриятларига мувофиқ қабул қилишга ҳақли эканликларига қарамай, етказиб берувчи ҳар доим товар жўнатилганлигини тасдиқлай олиши учун ишончнома зарур бўлади.

Қуйидаги ҳолатларда ишончнома талаб этилмайди:

● товар ташкилот раҳбари томонидан олинганда. Юридик шахснинг раҳбари ҳар доим унинг номидан чиқади ва ишончномасиз иш юритади («Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 14-м.; «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонуннинг 13-м.; «Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 39-м.; «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 79-м.);

 

ВАЗИЯТ

Якка тартибдаги тадбиркор товарни олишга ишончнома тақдим этиши лозимми?

● Тақдим этиши лозим эмас. Бу қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилмаган, бироқ тегишли нормалар мазмун-моҳиятидан келиб чиқади.

Бир шахс томонидан бошқа шахсга учинчи шахсларга кўрсатиш учун бериладиган ёзма ваколат ишончнома деб эътироф этилади (ФК ­134-м.). Бундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркор ўзига ТМҚни олишни ишониб топшира олмайди.

 

● товар компания ичида омборга олиб борилганда. Товар компания ичида ҳаракатланганда унинг мулкдори ўзгармайди. У ердан бу ерга кўчириш жараёни учун эса моддий жавобгар ходимлар масъул бўлади.

 

ТМҚ олишга ишончнома учун қандай шартлар мажбурий ҳисобланади

ТМҚ олишга ишончнома берилган ишончномаларни ҳисобга олишга боғлиқ ҳолда белгиланган шакллардан бири бўйича расмийлаштирилади:

● Ишончномалар дафтари корешогида (94-б., 4-сон БҲМСга 1-илова, АВ томонидан 30.06.2020 йилда 3259-сон билан рўйхатдан ўтказилган);

● Ишончномалар журналида (94-б., 4-сон БҲМСга 2-илова).

Ишончномани ёзма шаклда ва электрон шаклда расмийлаштириш мумкин. Электрон ишончномаларни расмийлаштиришда уларни олиш ва қоғоз шаклидаги нусхаларини тақдим этиш имкониятини таъминлаган бўлишингиз шарт (4-сон БҲМСнинг 95-б.).

 

Ишончноманинг ҳақиқийлиги юзасидан мажбурий шарт уни тузилган сана кўрсатилиши ҳисобланади (ФК 139-м.). Ушбу талаб бажарилмаган тақдирда ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди, ва томонларнинг ҳуқуқи ёки мажбуриятлари юзага келмайди.

 

Уни расмийлаштириш ва мазмунига доир мажбурий шартларга риоя этилиши лозим:

● ёзма шакли;

● берилган санаси;

● амал қилиш муддати;

● мўлжали;

● ишончли шахснинг маълумотлари ва унинг имзоси;

● ишонч билдирувчининг маълумотлари ва унинг имзоси.

 

Электрон ишончномаларни расмийлаштиришда улар жавобгар шахснинг ЭРИси билан тасдиқланиши лозим. Бунда ишончли шахснинг имзо намунаси талаб этилмайди (4-сон БҲМС 95, 96-б.).

 

Ҳужжат бир нусхада тузилади. Раҳбар ёки таъсис ҳужжатлари ёки асосий ишончномага мувофиқ юридик шахснинг номидан ҳаракат қиладиган бошқа шахс ТМҚ олишга ишончномани беришга ва ушбу ҳужжатни тасдиқлашга ҳақлидир.

 

ТМҚ олишга ишончнома моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома тузилган штатдаги ходимларга берилиши лозим. Товар қимматликларига бевосита хизмат кўрсатадиган ходим махсус ёзма шаклдаги шартномага асосан уларнинг бут сақланмаганлиги учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади. Шу боисдан ташкилот ходими бўлмаган шахсга ишончнома ёзиб берилишига йўл қўйилмайди. Буни тасдиқланган ишочноманинг шакллари ҳам тасдиқлайди, уларда ишончли шахснинг лавозими кўрсатилади (МК 203-м. 1-қ.; 4-сон БҲМСга 1, 2-иловалар).

 

ВАЗИЯТ

Ишончномада бош бухгалтернинг имзоси бўлиши лозимми?

● Ишончномада бош бухгалтернинг имзоси бўлиши керак.

Пул ва бошқа мулкий қимматликларни олишга ёки беришга ишончнома бош бухгалтер томонидан имзоланган бўлиши лозим (ФК 138-м.). Бундан ташқари, раҳбарлик функцияларини ва бухгалтерия ҳисоби функцияларини амалга оширадиган шахсларнинг имзолари бўлмаган ТМҚни қабул қилиб олиш ҳужжатлари ҳақиқий эмас деб тан олинади («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 13-м.).

Масъул ходим номига берилган электрон ишончномани тузишда фақат корхонангизнинг ЭРИси бўлиши етарлидир.

 

ВАЗИЯТ

ТМҚни турли омборлардан бир шартнома доирасида берилган қоғоз шаклидаги битта ишончнома бўйича олиш мумкинми?

● Мумкин эмас. Бир шартнома бўйича ТМҚни турли омборлардан олиш керак бўлса, ҳар бир омбор учун алоҳида ишончнома ёзиб берилиши лозим, сабаби ҳар бир омборда товар жўнатилганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши керак. Бир нечта шартномалар бўйича ТМҚ бир жойдан олинган ҳолатда эса битта ишончнома берилади, унда барча шартномаларнинг рақами ва санаси кўрсатилади.

 

ТМҚни олишга ишончномани қандай тўғри расмийлаштириш керак

Ишончномани фақат тасдиқланган икки шаклдан бири бўйича расмийлаштиринг. Унда шаклидан қатъи назар, қуйидагиларни кўрсатинг:

● рўйхатдан ўтказилган рақами;

● берилган санаси, ҳақиқийлиги қачонгача бўлганлиги белгиланган сана ёки амал қилиш муддати;

● ташкилот номи ва унинг манзили;

● ишончли шахснинг лавозими, ­Ф.И.О. ва паспорт маълумотлари (паспорт серияси, қачон ва ким томонидан берилган);

● етказиб берувчи ташкилотнинг номи;

● ТМҚни олишга оид шартноманинг рақами ва санаси;

● олиниши лозим бўлган товарлар рўйхати (номи, ўлчов бирлиги, сони);

● ишончномани олган шахснинг имзо намунаси (электрон ишончномадан ташқари);

● раҳбар ва бош бухгалтернинг имзоси (электрон шаклдаги ишончномада – ЭРИ).

 

Электрон ишончномалардан ташқари, номларига ёзиб бериладиган шахсларнинг имзо намуналарисиз ишончномаларнинг берилишига йўл қўйилмайди (4-сон БҲМСнинг 96-б.).

 

ВАЗИЯТ

Ишончномада «Товарлар ассортиментда» ёзувини кўрсатиш мумкинми?

● Бундай ёзувни кўрсатиш мумкин эмас.

Амалиётда илгари «Товарлар номи» графасида «Товарлар ассортиментда» деб ёзилар эди. Ҳозир амалдаги қоидаларга мувофиқ қатъий белгиланган шаклда олинган товарлар рўйхати тўлдирилиши талаб этилади.

Ушбу тартиб-таомил соддалаштирилган, электрон шаклда шартномани расмийлаштиришда товарлар рўйхати электрон шаклда дарҳол шакллантирилади, у автоматик тарзда электрон ҳисобварақ-фактурага ва ишончномага кўчирилади.

 

Товарлар рўйхатининг тўлдирилмай қолган барча сатрларини қўшиб ёзишларнинг олдини олиш учун чизиб қўйиш лозим.

 

Ишончноманинг амал қилиш муддати шартнома бўйича ТМҚни олиш ва олиб чиқиб кетиш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўз ихтиёрига биноан кўрсатилади. Бироқ умумий муддат 3 йилдан ошириб кетмаслиги лозим (ФК 139-м.; 4-сон БҲМСнинг 97-б.).

Ишончнома якка тартибдаги тадбиркор томонидан тўлдирилганда «Ташкилот номи» графасида ЯТТнинг Ф.И.О. кўрсатилади ва унинг қисқартмалари қўшиб қўйилади.

 

Сотувчи товарни беришда ишончномада кўрсатилган маълумотларни паспорт маълумотлари билан солиштириб кўриши лозим (4-сон БҲМСнинг 101-б.). Паспорт лотин ёзувида тўлдирилганлиги сабабли ишончли вакилнинг маълумотларини киритишда лотин графикасига амал қилиш лозим.

 

ТМҚ бир шахсга турли вақтда қисмларга бўлиб бериладиган бўлса, уларни битта ишончнома бўйича бериш мумкин. Мазкур ҳолатда ишончномалар амал қилиш муддатидан қатъи назар, ТМҚ нинг дастлабки берилишида етказиб берувчида қолдирилади. ТМҚ ни қисмларга бўлиб беришда ҳар бир берилган қисмга юкхат (қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки бошқа тегишли ҳужжат) тузилади, унда ишончнома рақами ва у берилган сана кўрсатилади. Бундай ҳолларда юкхатнинг (ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжатнинг) бир нусхаси ТМҚни олувчига берилади, бошқаси етказиб берувчида қолади. Юкхатлар ишончномага кўра бойликларни бериш устидан кузатув ва назорат учун қўлланилади (4-сон БҲМСнинг 100-б.).

Сотиб олувчининг бир нечта вакилларига товарлар қисмларга бўлиб турли вақтларда бериладиган бўлса, ҳар бир шахсда ишончнома бўлиши лозим.

 

Чек-варақ. ТМҚни беришда ишочномани қандай текшириш мумкин

ТМҚни беришда ишончномада қуйидагилар кўрсатилганлигини текшириш лозим:

● рақами ва берилган санаси;

● амал қилиш муддати – ишончнома ТМҚ олинадиган санада ҳақиқий бўлиши лозим;

● ташкилот номи ва манзили, шунингдек ТМҚ бериладиган шартнома рақами ва санаси;

● ишончли вакилнинг паспортдаги билан мос келадиган маълумотлари;

● бериладиган ТМҚга мувофиқ тўлдирилган олиниши керак бўлган товарлар рўйхати;

● ишончномани олган шахснинг, раҳбар ва бош бухгалтернинг имзоси.

Ишончноманинг бандларидан бири тўлдирилмаган ёки нотўғри тўлдирилган бўлса, етказиб берувчи товарни бермасликка ҳақлидир. Бундан ташқари ТМҚ қуйидаги ҳолларда берилмайди:

● ишончномаларни тўлдириш тартибини бузилганда;

● тўлдирилмаган реквизитлар билан берилган ишончномалар тақдим этилганда;

● тузатилган ва бўялган жойлари мавжуд бўлган ишончномалар тақдим этилганда;

● ишончномада кўрсатилган шахснинг паспорти тақдим этилмаганда;

● қабул қилиб олувчидан ишончнома бекор қилинганлиги тўғрисида хабар олинганда;

● унинг номидан ишончнома берилган юридик шахснинг фаолияти тўхтатилганда (4-сон БҲМСнинг 101-м.).

 

Ишончномани бекор қилиш тўғрисидаги хабар олинганидан кейин ишончнома бўйича ТМҚ берганлик учун жавобгарлик фақат етказиб берувчининг зиммасига юкланади.

 

ТМҚ олишга ишончномалар ҳисобини юритиш лозимми

Ишончномалар дафтари ва Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналининг корешогида ишончномалар ҳисобга олинади. Улардан қуйидагилар кўрсатилади:

● ишончнома рақами, берилган санаси;

● амал қилиш муддати;

● ишончнома берилган шахснинг лавозими, Ф.И.О.;

● ишончномани олган шахснинг имзоси;

● етказиб берувчининг номи;

● шартноманинг рақами ва санаси;

● ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси;

● ишончнома бўйича топшириқ бажарилиши ҳақидаги қайд.

 

Ишончномалар дафтари ёки берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журнали рақамланади ва ип билан тикилади. Дафтарнинг сўнгги варағида «Мазкур дафтарда ... варақ рақамланди» деган ёзув қайд этилади. Варақлар сони ёзув билан кўрсатилади. Ушбу ёзув ташкилот раҳбари ёки у томонидан ушбу ҳужжатларни юритиш учун белгиланган шахсларнинг имзоси билан тасдиқланади (4-сон БҲМСнинг 96-б.).

 

Ишончномалар дафтари ва Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журнали ишончномаларни рўйхатдан ўтказиш учун масъул бўлган шахсда, қоидага кўра, бухгалтерга сақланади.

Фойдаланилмаган ишончномалар амал қилиш муддати тугаган кундан кейинги санада уни берган ташкилотга қайтарилиши керак. Бу ҳақда қуйидагиларда ёзув қайд этилади:

● Ишончномалар дафтари корешогида – «Топшириқ бажарилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг рақами ва санаси» устунида;

● Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналида – «Ишончнома бўйича топшириқлар бажарилганлиги тўғрисидаги қайдлар» устунида.

Қайтарилган фойдаланилмаган ишончномалар «фойдаланилмаган» ёзуви билан сўндирилади ва уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўлган шахс томонидан ҳисобот йили охирига қадар сақланади. Ҳисобот йили тугагач фойдаланилмаган ишончномалар далолатномага асосан йўқ қилинади (4-сон БҲМСнинг 99-б.).

 

Амал қилиш муддати тугаган ишончномалардан фойдаланиш юзасидан ҳисобот бермаган шахсларга янги ишончномалар берилмайди.

ТМҚни беришда ишончнома товар берилган ҳисобварақ-фактура билан бирга сақланади.

 

 

Электрон ишончномани расмийлаштиришда қандай муаммолар юзага келиши мумкин

Ишончномани электрон тарзда бериш имконияти яқинда пайдо бўлди. Шу боисдан ушбу усул норматив жиҳатдан ва амалиётда қўлланилиши бобида етарлича такомиллашмаган. Масалан, электрон ишончномани расмийлаштиришда у масъул шахснинг ЭРИси билан тасдиқланади. Бунда ишончли шахснинг имзо намунаси реквизитлари талаб этилмайди (4-сон БҲМСнинг 96-б.). Моҳияти шундаки, қоғоз шаклидаги ишончномани расмийлаштиришда етказиб берувчига товарни юклаш ҳужжатларида қандай имзо бўлиши лозимлиги кўрсатилади. Электрон ишончномада эса бундай талаб мавжуд эмас, бунда фақат ишончномада кўрсатилган паспорт маълумотлари ТМҚ олувчи шахснинг паспорти асли билан таққосланиши лозим.

Амалиётда эса роуминг-операторлар ишончли шахснинг ЭРИси бўлмаган электрон ишончномаларни жўнатишга имкон бермайди. Бу аввало, бир нечта омборларга эга бўлган ва бир нечта моддий жавобгар шахслар тайинланган йирик компаниялар учун ноқулайлик туғдиради. Уларда ишончномани ишончли шахснинг ЭРИси билан имзоланишини тезкор назорат қилиш имконияти чекланган, натижада улар қоғоз шаклидаги ишончномани ёзиб беришга мажбур бўладилар.

Бундан ташқари, электрон ҳисобварақ-фактуралар имзоланишини назорат қилишда муаммолар мавжуд, сабаби ишончномаларни беришда электрон ҳисобварақ-фактураларда ишончли шахснинг номига юборилади. Улар ишончли шахс томонидан қабул қилинмагунига қадар бухгалтерия уларни кўра олмайди.

 

Элеонора Мазурова,

Альберт Сафин,

«Norma» МЧЖ экспертлари.

Прочитано: 721 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика