Турмуш ўртоғим оғир жиноят содир этди ва бунинг учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида умрбод жазони ўташга маҳкум қилинди.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига унинг доимий рўйхатга олинганлигини бекор қилиш юзасидан мурожаат қилсам бўладими?
– Фуқаронинг доимий рўйхатга олинганлиги қуйидаги ҳолларда МваФРБ томонидан бекор қилинади:
● Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бир манзилдан бошқа манзилга доимий рўйхатга олинганда;
● мулкдорнинг аризасига кўра Уй-жой кодексида белгиланган бир киши учун турар жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидалар асосида доимий рўйхатга олинган фуқаролар;
● мулкдор ўзгарганда, унинг аризаси ва уй-жойга эгалик қилишни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида;
● суднинг фуқарони уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, шахсни бедарак йўқолган деб топиш ва кўчириш ҳақидаги қарори асосида;
● фуқаро қонунда белгиланган тартибда хорижга доимий яшашга кетганда;
● сохта ҳужжатлар ёки ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган ҳужжатлар асосида доимий рўйхатга олинганлиги аниқланганда – суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми асосида;
● умрбод озодликдан маҳрум қилинганда – суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукми асосида;
● вафот этганда – ФҲДЁ органининг ўлим ҳақидаги гувоҳномаси ёки маълумотномаси асосида.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг доимий рўйхатини бекор қилиш маҳкумнинг ишончномаси асосида ёки уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотганлик ҳақидаги суд қарорига мувофиқ амалга оширилади (Низомнинг 32-б.).
Шу тариқа, сиз ФваМРБга суднинг айблов ҳукмининг нусхасини тақдим этган ҳолда турмуш ўртоғингизни доимий рўйхатга олинганлигини бекор қилишингиз мумкин.