Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 11 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларига нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Мамлакатимизда жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш, божхона жараёнларини соддалаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, божхона чегарасидан ўтаётган жисмоний шахслар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, мазкур соҳада самарали ҳуқуқий тартибга солишни талаб қиладиган бир қатор масалалар сақланиб қолмоқда. Хусусан, жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда товарлар олиб киришда уларнинг белгиланган меъёрлардан ортиқча қисмига божхона тўловларини тўлаш имконияти бўлмаган ҳолатларда амалга ошириладиган божхона тартиботлари белгилаб берилмаганлиги фуқаролар учун ноқулайликларга сабаб бўлмоқда.

Йўловчилар ва сайёҳларга янада қулайликлар яратиш, чегара ўтказиш пунктларида тирбандликнинг олдини олиш, жисмоний шахслар томонидан чегара божхона постлари орқали олиб ўтилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқча ёки тегишли рухсатномалар талаб этиладиган товарларни вақтинча сақлаш ва қайтариб юборишнинг ҳуқуқий механизмларини белгилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2020 йил 31 январдаги фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2020 йилга мўлжалланган фаолият дастурига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512-сон қарори билан божхона тўловларига тортилмайдиган республикага жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган товарларни айрим турлари нормалари тасдиқланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 7 ноябрдаги ПҚ-4508-сон қарорига асосан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати тасдиқланганлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 22 июндаги 463-сон қарорига асосан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор меъёрлари тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларига нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарлари (кейинги ўринларда – товарлар) ҳисобини электрон юритишга мўлжалланган ахборот тизими фаолият юритишини ташкил этиш;

товарларни ва уларга тегишли ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш ва қайтариш тартиби;

вақтинча сақлаш ва қайтариш учун қабул қилинган товарлар ҳамда уларга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш;

товарларни вақтинча сақлаганлик учун божхона йиғимини ундириш;

товарларни вақтинча сақлаш жойига қўйиладиган талаблар;

вақтинча сақлаш учун қабул қилинган ҳамда белгиланган муддатларда ва тартибда талаб қилиб олинмаган товарлар билан иш юритиш тартиби.

3. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси товарлар ҳисобини мавжуд автоматлаштирилган ахборот тизимларида электрон юритишни жорий этиш ва ишга тушириш бўйича буюртмачи ҳисобланади;

мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш Давлат божхона қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси уч ой муддатда:

товарлар ҳисобини электрон юритишни жорий этиш ахборот тизими (кейинги ўринларда – ахборот тизими) бўйича техник ҳужжатни ишлаб чиқсин, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказсин ҳамда ахборот тизимини ишга туширсин;

Қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан жиҳозланадиган жисмоний шахсларнинг вақтинча сақлашга қабул қилинган товарларини сақлашга мўлжалланган жойлар ташкил этиладиган чегара божхона постлари рўйхатини тасдиқласин ва белгиланган тартибда ташкил этилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги халқаро темир йўл ўтказиш пунктлари ва аэропортларда товарларни вақтинча сақлаш жойларини ташкил этишда Давлат божхона қўмитасига яқиндан кўмаклашсин.

6. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б.Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 25 февраль

102-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 25 февралдаги 102-сон қарорига
ИЛОВА

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ ЧЕГАРА БОЖХОНА ПОСТЛАРИ ОРҚАЛИ НОТИЖОРАТ МАҚСАДЛАРДА ОЛИБ КИРИЛАЁТГАН БЕЛГИЛАНГАН МЕЪЁРЛАРДАН ОРТИҚ БЎЛГАН ТОВАРЛАРИГА НИСБАТАН АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАР ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом жисмоний шахслар томонидан чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларга нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомилларни белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

автоматлаштирилган ахборот тизими – жисмоний шахслар томонидан чегара божхона постлари орқали олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган вақтинча сақланадиган товарлар ҳисобини юритишга мўлжалланган давлат божхона хизмати органларининг ахборот тизими;

белгиланган меъёр – жисмоний шахслар томонидан товарларни чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда қиймати ва (ёки) миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган божхона тўловларисиз олиб кириш нормаси;

ваколатли шахс – товарларнинг эгаси ёки товарларни божхона чегараси орқали олиб кираётган ёхуд шундай шахслар томонидан товарларни олиб кетиш учун давлат божхона хизмати органларига маълум қилинган, шунингдек, товарнинг эгаси номидан тегишли шартнома ёки ишончнома асосида иш кўрувчи шахс;

вақтинча сақлаш жойи – жисмоний шахслар томонидан чегара божхона постлари орқали олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган вақтинча сақланадиган товарларни сақлашга мўлжалланган, махсус ажратилган ҳамда жиҳозланган, ҳимоя ва видеокузатув тизимлари ўрнатилган алоҳида талабларга эга хона(лар);

вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар – жисмоний шахсларда қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган қисми учун божхона тўловларини тўлаш учун етарли пул маблағлари бўлмаган, ушбу Низомнинг 19-бандида белгиланган муддатларда ўз хоҳиши билан қайтариб олиб чиқиб кетиш ёки божхона тўловларини тўлаб расмийлаштирувни амалга оширган ҳолда олиб кетиш истаги билдирилган товарлар;

товар ҳужжатлари – вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар номи, қиймати, миқдори, вазни, ҳажми ва бошқа хусусиятларини тавсифловчи (чек, юкхати, товарнинг тафсилотли рўйхати (спецификация), ҳисоб-фактура, инвойс, товар ишлаб чиқарувчи ёрлиқлари ва бошқалар) қоғозда ёки электрон шаклда расмийлаштирилган ҳужжатлар;

товарларни вақтинча сақлаганлик учун божхона йиғими – жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган ва белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларини вақтинча сақлаш жойида сақлаганлик учун давлат божхона хизмати органлари томонидан ундириладиган йиғим;

чегара божхона постларида товарларни ҳамда уларга тегишли ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш ва топшириш далолатномаси – давлат божхона хизмати органлари томонидан товарларни қабул қилиб олиш ва чегара божхона постларида мавжуд вақтинча сақлаш жойига жойлаштириш жараёнида тузиладиган, ушбу Низомга 1-иловада** назарда тутилган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон шаклдаги далолатнома (кейинги ўринларда – далолатнома).

3. Мазкур Низом қоидалари:

ҳуқуқбузарлик ашёларига, жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни текшириш ҳамда маъмурий ишларни юритиш жараёнида ваколатли органларнинг тегишли қарорларига асосан олиб қўйилган ёки хатланган товарлар ва уларга тегишли ҳужжатларга;

тақдим этилган товар ҳужжатларида ва (ёки) товар ёрлиқларида яроқлилик, сақлаш, ишлатиш ва (ёки) реализация қилиш муддати тегишлилигига кўра ушбу Низомда белгиланган вақтинча сақлаш муддатларини инобатга олганда ўн календарь кунидан кам муддат қолган товарларга;

тирик ҳайвонлар, биологик чиқиндилар, карантин остида деб эътироф этилган маҳсулотларга;

Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши тақиқланган товарларга;

Ўзбекистон Республикаси орқали транзит тарзда ҳаракатланаётган шахсларнинг товарларига нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган қисми учун божхона тўловларини тўлаш учун етарли пул маблағлари бўлмаган, мазкур Низомнинг 19-бандида белгиланган муддатлар ичида қайтариб олиб чиқиб кетиш ёки божхона тўловларини тўлаб божхона расмийлаштирувини амалга оширган ҳолда олиб кетиш истаги билдирилган нотижорат мақсадлардаги товарлари уларнинг танловига кўра давлат божхона хизмати органлари томонидан вақтинча сақлашга қўйилиши мумкин.

5. Жисмоний шахслар томонидан баён қилинган (декларацияланган) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган товарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексида белгиланган тартиб-таомиллар амалга оширилади.

6. Жисмоний шахслар томонидан божхона декларациясида баён этилган товарларнинг миқдори ёки қиймати божхона тўловлари тўламасдан олиб кириш меъёрларидан ортадиган ҳолларда баён қилинган товарларнинг белгиланган меъёр доирасида қайси қисмини ўзи билан олиб кетиш ва белгиланган меъёрдан ортиқ қайси қисмини мазкур Низом талаблари асосида вақтинча сақлаш учун қолдириш ваколатли шахс томонидан ҳал қилинади.

7. Давлат божхона хизмати органлари томонидан вақтинча сақлаш учун қабул қилинган барча товарларнинг вазни ва миқдори ўлчовдан ўтказилиши шарт.

8. Жисмоний шахс томонидан маълум қилинган товарларнинг божхона қийматини тасдиқловчи товар ҳужжатлари тақдим этилмаган тақдирда, давлат божхона хизмати органи товарларнинг божхона қийматини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ мустақил равишда белгилайди.

9. Нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларнинг шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланганлиги уларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган сертификат ва (ёки) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олинишини истисно этмайди.

Сертификат ва (ёки) рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар олиниши лозим бўлганда, божхона тўловларини тўлаб божхона расмийлаштирувини амалга оширган ҳолда олиб кетиладиган товарнинг вақтинча сақлаш муддати уларни вақтинча сақлашга олинган куннинг эртасидан бошлаб бундай ҳужжатларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган расмийлаштириш муддатигача тўхтатиб турилади ва ушбу муддат тугаган куннинг эртасидан уч иш куни ўтгандан кейин қайта тикланади.

10. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни сақлаш, ҳисобини юритиш, бериш, белгиланган муддатларда талаб қилиб олинмаган товарлар билан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар чегара божхона пости бошлиғи ёки унинг вазифасини бажарувчи томонидан тайинланадиган ходимлар томонидан таъминланади.

11. Чегара божхона постларида товарларни ҳамда уларга тегишли ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш ва топшириш ушбу Низомга 3-иловада** келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

 

2-БОБ. ТОВАРЛАРНИ ВА УЛАРГА ТЕГИШЛИ ҲУЖЖАТЛАРНИ ВАҚТИНЧА САҚЛАШ УЧУН ҚАБУЛ ҚИЛИШ

12. Товарлар жисмоний шахснинг манзилига олиб келинаётганда мазкур Низом қоидалари товарларни олиб келган шахсга нисбатан қўлланилади.

13. Товарларни ва уларга тегишли ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш автоматлаштирилган ахборот тизимида электрон шакллантирилган далолатномани расмийлаштириш, шунингдек, мазкур далолатнома ва товарларни бундай товарларнинг ҳисобини юритиш тўғрисидаги ушбу Низомга 2-иловада** келтирилган шакл бўйича электрон китобга далолатнома маълумотлари асосида автоматик қайд этиш йўли билан амалга оширилади.

14. Далолатнома қоғоз шаклида икки нусхада чоп этилади ҳамда биринчи нусхасига қонун ҳужжатлари талаблари тушунтирилганлиги ва далолатнома нусхасини олганлиги тўғрисида ёзув ёзилиб имзо қўйилгандан сўнг унинг иккинчи нусхаси давлат божхона хизмати органлари мансабдор шахсининг шахсий муҳри ва имзоси билан тасдиқланган ҳолда ваколатли шахсга тақдим этилади.

Далолатномага ваколатли шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва йўловчи божхона декларацияси нусхалари, мавжуд бўлган ҳолларда товар ҳужжатлари, шунингдек, товарларни идентификация қилиш имконини берувчи турли кўринишдаги сифатли фотосуратлар (камида иккита) илова қилинади.

Далолатномада товарларни вақтинча сақлашнинг якуний муддати кўрсатилади.

15. Ваколатли шахс вақтинча сақлаш учун топширилган товарларни ушбу Низомнинг 19-бандида белгиланган муддатларда ва тартибда талаб қилиб олмаган тақдирда, товарлар мулк ҳуқуқини сақлаб қолиш ниятисиз қолдирилган деб ҳисобланади. Бунда ваколатли шахс давлат божхона хизмати органлари томонидан товарларни (мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича судга алоҳида тартибда иш юритиш бўйича даъво аризаси киритилиши ҳақида далолатнома орқали огоҳлантирилади.

 

3-БОБ. ВАҚТИНЧА САҚЛАШ ЖОЙИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

16. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар чегара божхона постларида ҳамда халқаро темир йўл ўтказиш пунктларида ва аэропортда мавжуд бўлган объект(лар)дан ажратилган, ушбу Низомда кўрсатилган шундай товарларни сақлаш учун жиҳозланган вақтинча сақлаш жойига жойлаштирилади.

17. Вақтинча сақлаш жойи:

видеокузатув тизимига эга бўлиши;

қулфлаш тизимига эга бўлиши, темир эшикли, деразалари (мавжуд бўлса) темир панжарали бўлиши;

ёнғинга қарши фойдаланиладиган махсус жиҳозларга эга бўлиши;

унда махсус жавонлар (токча) ўрнатилган бўлиши;

совитиш-иситиш тизими ва музлаткичли шкаф билан жиҳозланган бўлиши керак.

 

4-БОБ. ВАҚТИНЧА САҚЛАШ УЧУН ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ТОВАРЛАР ҲАМДА УЛАРГА ТЕГИШЛИ ҲУЖЖАТЛАРНИ САҚЛАШ ВА ҚАЙТАРИШ

18. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ва уларга тегишли ҳужжатлар вақтинча сақлаш жойларида ушбу Низомда белгиланган муддат давомида давлат божхона хизмати органлари томонидан вақтинча сақлаб турилади.

19. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ва уларнинг ҳужжатлари давлат божхона хизмати органлари томонидан кўпи билан ўттиз календарь кун мобайнида, тез бузиладиган товарлар эса кўпи билан икки календарь кун мобайнида сақланади.

20. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ва улар бўйича ҳужжатларни сақлаш муддати улар вақтинча сақлаш учун қабул қилинган куннинг кейинги кунидан ҳисобланади.

21. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларнинг тўлиқ сақланиши ва ушбу Низомда белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда ваколатли шахсга топширилишига товарларни вақтинча сақлаш учун қабул қилган давлат божхона хизмати органи жавобгар ҳисобланади. Бундан жисмоний шахсларнинг вақтинча сақлашга қабул қилинган товарларининг табиий эскириши ёки уларни ташиш ва (ёки) сақлашнинг нормал шароитларида камайиши оқибатида рўй берган ўзгаришлар (шунингдек, яроқлилик муддати жиҳатидан) ҳамда енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида сақлаш мажбуриятларини бажара олмаслик ҳолатлари мустасно.

22. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни қайтариш, ваколатли шахс томонидан далолатноманинг божхона органи томонидан тасдиқланган нусхаси ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этилиши билан амалга оширилади.

Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ҳисобланган божхона тўловлари ва (ёки) товарларни вақтинча сақлаганлик учун божхона йиғими тўлангандан ҳамда ҳужжатлар расмийлаштируви тугагандан кейин дарҳол қайтарилади.

23. Вақтинча сақлаш учун қабул қилган чегара божхона пости бошлиғи ёки унинг вазифасини бажарувчи номига товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтган шахснинг ёзган аризасига асосан товарлар ва улар бўйича ҳужжатлар бошқа жисмоний шахс томонидан қайтариб олиб чиқиб кетилиши ёки божхона расмийлаштирувини амалга оширган ҳолда олиб кетилиши мумкин.

Аризада товарларни олиб кетиши маълум қилинган жисмоний шахс тўғрисида батафсил маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган кун, ой, йили, аниқ яшаш манзили (вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ, маҳалла, кўча ва бошқалар), телефон рақами, мавжуд бўлганда шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси) кўрсатилиши талаб этилади.

24. Товарларни вақтинча сақлаган давлат божхона хизмати органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари (кейинги ўринларда – Чегара қўшинлари) билан ҳамкорликда белгиланган тартибда товарларни қайтариб олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ операцияларни бажариш бўйича мурожаат асосида товарлар ваколатли шахс билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан қайтариб чиқариб юборилишини назорат қилади.

25. Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни ташиш, юклаш (қайта юклаш), тушириш ва бошқа шу каби юк операциялари билан боғлиқ барча харажатлар ваколатли шахс ҳисобидан амалга оширилади.

26. Жисмоний шахслар томонидан автомобиль йўлларида жойлашган чегара божхона постлари орқали олиб келинган, мазкур Низом таъсири доирасига тушадиган товарлар шу вақтнинг ўзида ваколатли шахс томонидан қайтариб олиб чиқиб кетилиши баён қилинган тақдирда, бундай товарлар уларни олиб келган шахслар ёки уларнинг ўз хоҳишига кўра бошқа шахс билан биргаликда Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан қайтариб чиқариб юборилади.

Товарлар бошқа шахс томонидан олиб чиқиладиган ҳолларда товарларни топширувчи ва қабул қилувчи шахслар ўз розиликларини шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаларини илова қилган ҳолда ёзма баён қилишлари лозим.

27. Ушбу Низомда белгиланган муддат ва тартибда тегишли тартиб-таомилларни амалга оширмаган ҳолда товарларни олиб кетиш учун ваколатли шахснинг ҳозир бўлиши талаб этилади.

Ваколатли шахс ҳозир бўлган кун далолатноманинг биринчи нусхасида қайд этилади.

Ушбу Низомнинг 19-бандида белгиланган сақлаш муддатлари ўтганидан кейин товарларни олиб кетиш бўйича мурожаатлар кўриб чиқилмайди ва рад этилади.

28. Давлат божхона хизмати органлари вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар мазкур Низомда белгиланмаган бошқа асослар билан қайтарилишини рад этиш ҳуқуқига эга эмас.

 

5-БОБ. ВАҚТИНЧА САҚЛАШ УЧУН ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ТОВАРЛАРНИ САҚЛАГАНЛИК УЧУН БОЖХОНА ЙИҒИМИ

29. Чегара божхона постлари томонидан вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарларни сақлаганлик учун товарлар вақтинча сақловга олинган кундан эътиборан ҳар 100 кг гача оғирликка (брутто) тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган ҳар бир календарь кун учун:

дастлабки беш кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи миқдорида, кейинги ўн кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизи миқдорида, қолган кунларда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида;

тез бузиладиган товарларни вақтинча сақлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида миллий валюта – сўмда божхона йиғими ундирилади.

30. Нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган ва белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган шахсий эҳтиёжлар учун мўлжалланган товарларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган сертификат ва (ёки) рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар олиниши бундай ҳужжатларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган расмийлаштириш муддати давомида товарларни сақлаганлик учун божхона йиғими ундирилиши истисно этилмайди.

31. Товарларни вақтинча сақлаганлик учун божхона йиғими:

товарларга божхона тўловларини тўлаш билан боғлиқ операцияларни бажариш бўйича мурожаат бўлганда – ушбу товарларга нисбатан расмийлаштириладиган божхона кирим ордери асосида;

товарларни қайтариб олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ операцияларни бажариш бўйича мурожаат бўлганда – алоҳида божхона кирим ордери расмийлаштирилган ҳолда ундирилади.

 

6-БОБ. ВАКОЛАТЛИ ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

32. Ваколатли шахс:

товарларни божхона постида вақтинча сақловга топшириш, бунда товарларнинг белгиланган меъёр доирасида қайси қисмини олиб кетиш ва белгиланган меъёрдан ортиқ қайси қисмини вақтинча сақлаш учун қолдиришни ҳал этиш;

белгиланган муддат ичида ўз хоҳишлари билан товарларни қайтариб олиб чиқиб кетиш;

божхона расмийлаштирувини амалга оширган ҳолда товарларни олиб кетиш;

товарларнинг вазни ва миқдорини ўлчовдан ўтказишда қатнашиш;

ушбу Низомда белгиланган тартибда товарлар бошқа жисмоний шахс томонидан олиб кетилиши ёки қайтариб олиб чиқиб кетилишини маълум қилиш ҳуқуқига эга.

33. Ваколатли шахс:

товарларнинг божхона қийматини тасдиқловчи товар ҳужжатларини тақдим этиши;

товарларни ташиш, юклаш (қайта юклаш), тушириш ва бошқа шу каби юк операцияларини амалга ошириши;

товарларни қайтариб олиш учун далолатноманинг давлат божхона хизмати органлари томонидан тасдиқланган нусхасини ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиши;

белгиланган муддат ва тартибда тегишли амалларни бажарган ҳолда товарларни олиб кетиш учун ҳозир бўлиши;

вақтинча сақланадиган, олиб кетиш истаги билдирилган товарларга ҳисобланган божхона тўловлари тўланишини таъминлаши;

божхона органларининг қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида берган кўрсатмаларини бажариши;

божхона ва чегара назорати зонаси режими қоидаларига амал қилиши шарт.

 

7-БОБ. ДАВЛАТ БОЖХОНА ХИЗМАТИ ОРГАНЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

34. Давлат божхона хизмати органлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вақтинча сақлаш учун топширган товарларни ушлаб туриш, қайтариб юбориш ҳамда вақтинча сақлаш даврида талаб қилиб олинмаган товарлар тақдирини ҳал этиш учун тегишли тартибда судга ариза билан мурожаат қилиш;

ваколатли шахсдан товарлар тўғрисидаги маълумотлар ва уларнинг ҳужжатларини сўраб олиш;

бошқа жисмоний шахс томонидан олиб кетилиши ёки қайтариб чиқариб юборилиши бўйича аризада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлигини талаб қилиб олиш;

божхона қийматини тасдиқловчи товар ҳужжатлари тақдим этилмаганда товарларнинг божхона қийматини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ мустақил равишда белгилаш.

35. Давлат божхона хизмати органлари:

товарларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиши;

товарларнинг мақсадини аниқлаши;

товарлар бўйича электрон далолатномани расмийлаштириши;

товарларнинг вазни ва миқдорини ўлчовдан ўтказиши;

товарлар ва уларнинг ҳужжатлари белгиланган талаблар асосида сақланишини таъминлаши;

белгиланган амаллар бажарилгандан сўнг товарларни ваколатли шахсга топшириши шарт.

 

8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

36. Ваколатли шахс томонидан ушбу Низомда белгиланган муддатларда ва тартибда талаб қилиб олинмаган, мулк ҳуқуқини сақлаб қолиш ниятисиз қолдирилган товарлар юзасидан давлат божхона хизмати органлари томонидан мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб эътироф этиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича судга алоҳида тартибда иш юритиш бўйича ариза билан мурожаат қилинади.

37. Мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб эътироф этиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилинган ва вақтинча сақловга олинган товарларга нисбатан божхона йиғимини ундириш ёки ундирмаслик масаласи суд қарори асосида ҳал этилади.

38. Мазкур Низомни қўллаш натижасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

39. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 27.05.2021 йилдан кучга киради.

**Низомга 1–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 364 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика