Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 11 / Солиқ солиш

Солиқ солинадиган фойдани ўтган йиллардаги зарарлар суммасига қандай камайтириш мумкин

 

Умумий қоидалар

Корхона зарар кўрган бўлса, келгуси даврлардаги солиқ солинадиган фойдани зарар суммасига камайтиришингиз мумкин.

Чегириладиган харажатларнинг жами даромаддан ошиб кетиши кўрилган зарар деб эътироф этилади (СК 333-м.).

Уни қуйидаги зарарларни ҳисобга олган ҳолда аниқланг:

● муомаладаги қимматли қоғозлар ва муддатли битимларнинг муомаладаги молиявий воситаларига доир операциялар бўйича зарарларни. Улар тадбиркорлик фаолиятидан кўрилган зарарлар деб эътироф этилади (СК 333-м. 2-қ.);

● қайта ташкил этиш муносабати билан тақсимлаш баланси асосида ўтказиладиган активлар қийматининг қайта ташкил этилаётган корхона активлари қийматидаги солиштирма миқдорига мутаносиб равишда ўтказиладиган зарарлар (СК 334-м. 1-қ.).

2020 йил 1 январга қадар кўрилган зарар суммасини 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида ушбу зарар кўрилган солиқ давридан кейинги даврларга ўтказиш мумкин. Ўтказиладиган жами зарар суммаси жорий солиқ давридаги солиқ базасининг 50%идан ошмаслиги лозим (30.12.2019 йилдаги ­ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 6-м. 5-қ.).

Масалан, 2019 йилда кўрилган зарарни 2020–2024 йиллардаги фойда ҳисобига қоплашингиз мумкин. Бунда ҳар бир йилда фойдани камайтириш суммаси 50%дан ошмаслиги лозим.

2020 йил 1 январдан кейин кўрилган зарарни ушбу зарар кўрилган солиқ давридан кейинги даврларга 10 йил мобайнида кўчиришингиз мумкин. Ўтказиладиган жами зарар суммаси жорий солиқ давридаги солиқ базасининг 60%идан ошмаслиги лозим (СК 333-м. 5-қ.).

Масалан, 2020 йилда кўрилган зарарни 2021–2030 йилларда олинадиган фойда ҳисобига қоплашингиз мумкин. Бунда ҳар бир йилда фойдани камайтириш суммаси 60%дан ошмаслиги лозим.

Айрим операциялар бўйича зарарларни кўчиришнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд.

Уларга қуйидагилар киритилади:

● бошқа корхонанинг устав фондидаги иштирок этиш улушининг чиқиб кетишидан кўрилган зарарлар;

● мол-мулк мажмуи сифатидаги корхонанинг чиқиб кетишидан кўрилган зарарлар;

● ишончли бошқарув муассисининг ёки фойда олувчининг солиқ базасини белгилашда ишончли бошқарув шартномаси бўйича кўрилган зарарлар;

● оддий ширкат шартномасида иштирок этишдан шерикларнинг олган зарари;

● хизмат кўрсатувчи хўжаликлардан кўрилган зарарлар;

● муомалада бўлмаган қимматли қоғозлар ва муддатли битимларнинг муомалада бўлмаган молиявий воситаларига доир операциялар бўйича зарарлар (СК 336-м.).

Ушбу операцияларнинг ўзига хос жиҳатлари қуйидагилардан иборат:

● зарарлар фақат мазкур операциялардан олинган даромадлар ҳисобига қопланади;

● зарарлар 10 йил мобайнида қопланади;

● даромадлар камайтириладиган суммалар бўйича чекловлар мавжуд эмас. Яъни зарарлар мазкур операциялар бўйича олинган жами даромадлар суммаси ҳисобига қопланиши мумкин.

Масалан, корхона 2020 йилда хизмат кўрсатувчи хўжаликдан зарар кўрган. У зарарни 2021–2030 йиллар мобайнида ушбу хўжаликнинг фойдаси ҳисобига қоплаши мумкин.

Солиқ солинадиган фойданинг олдинги солиқ даврларидаги зарарлар суммасига камайтирилиши Фойда солиғи ҳисоб-китобига ­(3-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда ­3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-«Имтиёзлар» иловасининг 060-сатрида акс эттирилади. Камайтириладиган суммани аниқлаш учун Ҳисоб-китобга ­7-«Жорий солиқ давридаги солиқ солинадиган фойдани камайтирадиган ўтган йиллардаги зарарлар суммаси ҳисоб-китоби» иловасини тўлдириш лозим.

7-иловада юқорида айтиб ўтилган айрим операциялар бўйича зарарларни акс эттирманг. Уларни 8-«Айрим операциялар бўйича зарарларни кўчиришнинг ўзига хос хусусиятлари» иловасида акс эттиринг.

Зарарларга оид маълумотларни фақат ҳисобот йили учун Фойда солиғи ҳисоб-китобини тўлдиришда акс эттиринг. Бу фақат ҳисобот йили якунлари бўйича:

● жорий йилдаги зарар аниқланишини;

● фойда ўтган йилларда кўрилган зарарлар суммасига камайтирилишини англатади.

7-илованинг тўлдирилишини босқичма-босқич кўриб чиқамиз.

 

1-ҚАДАМ. Давр бошида ўтказилмаган зарар қолдиғи  

7-илованинг 010-сатрида жорий ҳисобот даври бошидаги ўтказилмаган зарар қолдиғини – жами суммасини (010-сатр) ва йиллар кесимида (0101–0110-сатрлар) акс эттиринг.

Сатрлар қиймати олдинги солиқ даври охиридаги ўтказилмаган зарарлар қолдиғига ­(0601–0611-сатрлар) мувофиқ келиши лозим.

2020 йил учун ҳисоботда 2019 йил учун Фойда солиғи ҳисоб-китобига 6-«Ноль даражали ставка қўлланиладиган солиқ солинадиган фойда» иловасининг ­062–066-сатрларидан ўтказилмаган зарар қолдиқларини кўрсатинг.

 

МИСОЛ. Ўтган йиллардаги зарарларни ҳисоботда акс эттириш

Корхона қуйидаги миқдорларда зарар кўрган:

2015 йил учун – 20 млн сўм;

2017 йил учун – 5 млн сўм.

2020 йил учун 7-иловада корхона қуйидагиларни акс эттиради:

0101-сатрда – 2015 йил учун қарздорлик – 20 млн сўм (2019 йил учун Ҳисоб-китобга 6-илованинг 062-сатри қиймати);

0102-сатрда – 2016 йил учун қарздорлик – 0 сўм (2019 йил учун Ҳисоб-китобга 6-илованинг 063-сатри қиймати);

0103-сатрда – 2017 йил қарздорлик – 5 млн сўм (2019 йил учун Ҳисоб-китобга 6-илованинг 064-сатри қиймати);

0104-сатрда – 2018 йил учун қарздорлик – 0 сўм (2019 йил учун Ҳисоб-китобга 6-илованинг 065-сатри қиймати);

0105-сатрда – 2019 йил учун қарздорлик – 0 сўм (2019 йил учун Ҳисоб-китобга 6-илованинг 066-сатри қиймати).

010-сатр қиймати автоматик тарзда 0101–0110-сатрлар суммаси сифатида шаклланади ва олдинги 5 йил учун ўтказилмаган зарар суммасига – 25 000 минг сўмга тенг бўлади.

 

2-ҚАДАМ. Жорий йил учун зарар

7-илованинг 020-сатрида жорий йил учун зарар суммаси (Ҳисоб-китобнинг 030-сатри) жами даромад ва чегириладиган харажатлар ўртасидаги фарқ сифатида (Ҳисоб-китобнинг 010-сатри – 020-сатри) автоматик тарзда аниқланади.

Корхонада йил якунлари бўйича фойда мавжуд бўлса, илованинг 020-сатрида 0 қиймати акс эттирилади.

Корхона йил якунлари бўйича зарар кўрган бўлса, илованинг 020-сатрида зарар суммаси «айирув» белгисисиз акс эттирилади.

 

МИСОЛ. Жорий йилдаги зарарни аниқлаш

I вариант. Ҳисобот йили учун:

жами даромад – 3 000 млн сўм;

чегириладиган харажатлар – 3 200 млн сўм.

Жорий йилдаги зарарни аниқлаймиз:

3 000 – 3 200 = –200 млн сўм.

Ҳосил бўлган зарар суммаси 7-илованинг 020-сатрида «айирув» белгисисиз акс эттирилади.

II вариант. Ҳисобот йили учун:

жами даромад – 3 000 млн сўм;

чегириладиган харажатлар – 2 800 млн сўм.

Солиқ солинадиган фойда 200 млн сўмни (3 000 – 2 800) ташкил этади.

Натижа ижобий, зарар кўрилмаган. Шу боис 7-илованинг 020-сатрида 0 қиймати акс эттирилади.

 

 

3-ҚАДАМ. Солиқ солинадиган фойда

Камайтириш суммасини солиқ солинадиган фойдадан фойда солиғи бўйича қўлланиладиган барча имтиёзлар суммасини (ўтган йиллардаги зарарлар ҳисобига камайтириш бундан мустасно) чегирган ҳолда аниқланг.

7-илованинг 030-сатрида имтиёзлар суммасига камайтирилган солиқ солинадиган фойда автоматик тарзда аниқланади (Ҳисоб-китобнинг 030-сатри – Ҳисоб-китобга 3-илованинг 040, 050, 070-сатрлари).

Натижа салбий бўлганда ­030-сатрда 0 қиймати акс эттирилади.

 

Сиз фойда солиғидан озод этиш тарзидаги имтиёздан фойдалансангиз, имтиёзли даврдаги зарарларни кейинги солиқ даврларига ўтказманг.

 

Агар фаолиятингизнинг бир тури бўйича фойда солиғини тўлашдан озод этилган бўлсангиз, имтиёз татбиқ этилмайдиган фаолият қисмида зарарларни кўчириш бўйича нормани қўллашга ҳақлисиз. Бунинг учун ҳар бир фаолият тури бўйича фойдани ва зарар суммасини тўғри аниқлаш мақсадида фаолият турлари бўйича даромадлар ва харажатлар ҳисобини алоҳида-алоҳида юритинг.

 

4-ҚАДАМ. Солиқ солинадиган фойдани камайтирадиган чекланган зарар суммаси

Солиқ солинадиган фойдани қуйидаги даврларда кўрилган зарарлар бўйича камайтириш мумкин:

● 2020 йилга қадар – кўпи билан 50%га;

● 2020 йилдан – кўпи билан ­60%га.

7-илованинг 040-сатрида фойда камайтириладиган чекланган сумма автоматик тарзда аниқланади.

 

МИСОЛ. Фойдани камайтирадиган чекланган суммани аниқлаш

2020 йилда корхонанинг солиқ солинадиган фойдаси 200 млн сўмни ташкил этган.

2020 йилги фойдадан 2015-2019 йилларда ҳосил бўлган зарар суммаси чегириб ташланиши мумкин, фойда суммаси 50%га камайтирилиши мумкин.

7-илованинг 040-сатрида 100 млн сўм (200 х 50%) акс эттирилади.

 

 

5-ҚАДАМ. Солиқ солинадиган фойдани камайтириш суммаси

7-илованинг 050-сатрида қуйидаги 2 қийматдан энг ками автоматик тарзда акс эттирилади:

● ўтган йиллардаги ўтказилмаган зарар суммаси (010-сатр);

● фойдани камайтиришнинг чекланган суммаси (040-сатр).

Зарар:

● фойда камайтириладиган чекланган суммадан кам бўлса, зарар жорий йилда тўлиқ сўндирилади;

● агар кўп бўлса, фақат фойда камайтириладиган чекланган сумма миқдорида сўндирилади. Қолдиқ кейинги даврга ўтказилади.

Корхонада бир неча йиллар учун зарар мавжуд бўлса, улар олинган даврлари бўйича кетма-кет сўндирилади (СК 333-м. 7-қ.).

Белгиланган муддат (5 ёки 10 йил) тугагач қолган зарар суммаси қопланмайди.

 

МИСОЛ. Фойданинг ўтган йиллардаги зарарлар суммасига камайтирилишини ҳисоботда акс эттириш

I вариант. Йил бошида:

қопланмаган зарар суммаси (7-илованинг 010-сатри) – 30 млн сўм;

бир йил учун фойдани камайтиришнинг чекланган суммаси (7-илованинг 040-сатри) – 50 млн сўм.

050-сатрда қопланмаган жами зарар суммаси – 30 млн сўм.

II вариант. Йил бошида:

қопланмаган зарар суммаси (7-илованинг 010-сатри) – 50 млн сўм;

бир йил учун фойдани камайтиришнинг чекланган суммаси (7-илованинг 040-сатри) – 30 млн сўм.

050-сатрда фойдани камайтиришнинг чекланган суммаси – 30 млн сўм акс эттирилади.

Зарар қолдиғи кейинги солиқ даврига ўтказилади.

 

 

6-ҚАДАМ. Йил охирида ўтказилмаган зарар қолдиғи

7-илованинг 060–0611-сатрларида йил охирига ўтказилмаган зарар қолдиғини – жами суммасини ­(060-сатр) ва йиллар кесимида ­(0601–0611-сатрлар) акс эттиринг.

 

МИСОЛ. Йил охирида сўндирилмаган зарарларни акс эттириш

Корхонада қуйидаги миқдорлардаги зарар мавжуд:

2015 йил учун (0101-сатр) – 50 млн сўм;

2017 йил учун (0103-сатр) – 5 000 млн сўм.

2020 йилда фойда камайтириладиган чекланган сумма (50%) ­(050-сатр) – 30 млн сўм. Бинобарин, 2020 йилда 2015 йил учун зарар суммасини 30 млн сўмга сўндириш мумкин.

2020 йил учун Ҳисоб-китобга 7-иловада йил охирига сўндирилмаган зарарларни акс эттирамиз:

0601-сатрда – 2015 йил учун сўндирилмаган зарар – 20 млн сўм (50 – 30);

0602-сатрда – 2016 йил учун – 0 сўм;

0603-сатрда – 2017 йил учун – 5 млн сўм;

0604-сатрда – 2018 йил учун – 0 сўм;

0605-сатрда - 2019 йил учун – 0 сўм;

0606-сатрда – жорий 2020 йил учун – 0 сўм.

060-сатрда автоматик тарзда сўндирилмаган зарар суммаси – жами – 25 млн сўм (20 млн сўм – 2015 йил учун ва 5 млн сўм – 2017 йил учун) акс этади.

2021 йилда:

2015 йил учун сўндирилмаган зарар суммасини (20 млн сўм) 5 йил ўтиб бўлганлиги сабабли қоплаб бўлмайди. У сўндирилмай қолади;

2017 йил учун зарар суммаси (5 млн сўм) 7-илованинг 0102 ва ­010-сатрларида акс эттирилади ва фойда суммаси етарли бўлганда қопланади.

 

Дилшод СУЛТОНОВ,

молия вазири ўринбосари,

Наталья МЕМЕТОВА,

«Normа» МЧЖ етакчи эксперти.

Прочитано: 463 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика