Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 1-2 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш асослари ва турларини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш масаласини кўриб чиқиш тартибини назарда тутувчи Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 31 декабрь

829-сон.

ЎзР ВМнинг 2020 йил 31 декабрдаги 829-сон қарорига
ИЛОВА

КОРРУПЦИЯГА ОИД ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ҲАҚИДА ХАБАР БЕРГАН ЁКИ
КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШГА БОШҚА ТАРЗДА КЎМАКЛАШГАН ШАХСЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартибини белгилайди.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарори талаблари ушбу Низом билан тартибга солинадиган муносабатларга татбиқ этилмайди.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар – фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг ёхуд давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчиси;

коррупцияга қарши курашишда фаол иштирок этиш – тай­ёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ёхуд коррупцияга оид жиноятларни содир этганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахсларни топишда ёрдам кўрсатиш;

коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашиш – коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашиш;

коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар – Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 611, 1931 ва 1932-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар;

коррупцияга оид жиноятлар – Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 167-моддасининг иккинчи қисми «г» банди, 168-моддасининг учинчи қисми «в» банди, 1929 ва 19210, 205, 209–214-моддалари, 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиш ҳамда 301-моддасида кўрсатилган жиноятлар;

коррупцияга оид жиноятларни аниқлаш ва фош этиш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбирларини ҳамда процессуал ҳаракатларни амалга оширувчи органлар (кейинги ўринларда – коррупцияга қарши курашувчи органлар) – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

4. Қуйидагилар коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантиришнинг (кейинги ўринларда – рағбатлантириш) асосий вазифалари ҳисобланади:

жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш;

коррупцияга оид жиноятларнинг барвақт профилактикасини таъминлаш, бунга имкон бераётган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш;

аҳолининг коррупцияга қарши курашишдаги фаоллигини янада ошириш ҳамда уларни ушбу соҳага қўшаётган ҳиссаси учун муносиб тақдирлаш.

5. Рағбатлантириш қонунийлик, адолатлилик, холислик, ошкоралик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш ва хоҳиш-истакларини ҳисобга олиш принциплари асосида амалга оширилади.

6. Ушбу Низом талаблари қуйидаги шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди:

мансабдор шахслар, шу жумладан, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга махфийлик асосида кўмаклашувчи шахслар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ коррупцияга оид жиноятлар ҳақида ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилган ёки коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни бевосита содир этган шахслар.

7. Рағбатлантириш бир марталик пул мукофоти, ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклида белгиланади.

 

2-БОБ. КОРРУПЦИЯГА ОИД ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ҲАҚИДА ХАБАР БЕРГАН ЁКИ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШГА БОШҚА ТАРЗДА КЎМАКЛАШГАН ШАХСЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ АСОСЛАРИ ВА ТУРЛАРИ

8. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ўзларига нисбатан пора талаб қилган шахс ҳақида ёки ўзларига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга берган хабари асосида бундай ҳуқуқбузарлик фош этилиши;

нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг ёхуд давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчиси ўзига нисбатан пора беришни таклиф этган ёки пора талаб қилган шахс ҳақида ёхуд ўзига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга (коррупцияга қарши курашувчи органларнинг ходимлари эса бевосита ўз раҳбарига) берган хабари асосида ҳуқуқбузарлик фош этилиши;

коррупцияга оид жиноятни содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахс тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилган хабар асосида қидирувдаги шахс ушланиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.

9. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар қуйидаги миқдордаги бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

а) коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида;

б) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлса:

ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида;

унча оғир бўлмаган жиноят учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида;

оғир жиноят учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида;

ўта оғир жиноят учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида;

в) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлса:

ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида;

унча оғир бўлмаган жиноят учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида;

оғир жиноят учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида;

ўта оғир жиноят учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида;

г) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:

анча миқдор учун – пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг ўн беш фоизи миқдорида;

кўп ёки жуда кўп миқдор учун – пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматининг ўн фоизи миқдорида.

Бунда пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулк қийматини фоизларда ҳисоблашда қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорнинг энг кам миқдоридан келиб чиқилади;

д) қидирувда бўлган шахснинг яширинган жойи ҳақида хабар берганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, икки ёки ундан ортиқ қидирувда бўлган шахсларнинг яширинган жойи ҳақида бир вақтда хабар берганлиги учун эса – базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида.

10. Коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга хабар берганлик ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашганлик учун шахс ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклида рағбатлантириш тарзида тақдирланади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.

Эсдалик совға қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан ошмаслиги лозим.

11. Қуйидаги ҳолатларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахс:

икки ва ундан ортиқ коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари;

ҳар хил таснифдаги икки ва ундан ортиқ коррупцияга оид жиноятлар ҳақида хабар берганлик учун ушбу жиноятларнинг ижтимоий хавфлилигидан келиб чиқиб оғирроқ таснифи бўйича бир марта;

бир хил таснифдаги икки ва ундан ортиқ коррупцияга оид жиноятлар ҳақида хабар берганлик учун бир марта;

коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят ҳақида ёхуд қидирувдаги шахс тўғрисида икки ёки ундан ортиқ шахснинг берган хабари учун мазкур Низомнинг 9 ва 11-бандларида кўрсатилган пул мукофоти миқдорининг тенг улушларида рағбатлантирилади.

12. Шахс коррупцияга қарши курашишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат мукофотига ҳам тавсия этилиши мумкин.

13. Қуйидаги қарорлардан бири қабул қилингандан сўнг рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилади:

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жиноят ишлари юзасидан суднинг айблов ҳукми ёки маъмурий ишлар бўйича суднинг қарори қонуний кучга кирганда;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси биринчи қисмининг 1–3-бандлари, учинчи қисми ҳамда бешинчи қисмининг 1-банди асосида айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарор прокурор томонидан тасдиқланганда ёки суднинг ажрими қонуний кучга кирганда;

қидирувдаги шахсга нисбатан қидирувнинг бекор қилинганлиги тўғрисида прокурорнинг, суриштирувчининг, терговчининг қарори ёки суднинг ажрими қабул қилинганда.

14. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

3-БОБ. КОРРУПЦИЯГА ОИД ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ҲАҚИДА ХАБАР БЕРГАН ЁКИ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШГА БОШҚА ТАРЗДА КЎМАКЛАШГАН ШАХСЛАРНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ МАСАЛАСИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

15. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш масаласи коррупцияга қарши курашувчи органлар ҳузурида тузиладиган махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.

Бунда республика даражасидаги коррупцияга қарши курашувчи органлар рағбатлантириш тўғрисидаги тақдимнома билан республика махсус комиссиясига, уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан эса ҳудудий махсус комиссияларга чиқадилар.

16. Махсус комиссияларнинг таркиби, фаолият юритиш тартиби, раиси ва аъзоларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари коррупцияга қарши курашувчи органлар томонидан белгиланади.

17. Тақдимномага рағбатлантириш учун асос бўлувчи қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

рўйхатдан ўтган ариза нусхаси ёки оғзаки берилган хабарни тасдиқловчи маълумотлар;

суднинг қонуний кучга кирган қарори ёки айблов ҳукми нусхаси;

қидирувни бекор қилиш ҳақида, шунингдек, айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш тўғрисида чиқарилган ажрим ёки қарор нусхаси;

шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларнинг шахсий ҳисобварағи бўлган банк реквизитлари.

18. Коррупцияга қарши курашувчи органларнинг рағбатлантириш бўйича тақдимномаси ва унга илова қилинган асословчи ҳужжатлар рағбатлантириш учун асос юзага келган кундан бошлаб уч иш куни ичида махсус комиссияларга тақдим этилади.

19. Махсус комиссиялар томонидан рағбатлантиришга оид ҳужжатлар олинган кундан бошлаб беш иш куни ичида тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлилиги, асослилиги ҳамда ушбу Низом талабларига риоя қилинганлиги кўриб чиқилади.

20. Рағбатлантириш учун тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги ҳамда ушбу Низом талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланган тақдирда, икки иш куни ичида қайтарилади.

Қайтарилиш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилган тақдирда, тегишли ҳужжатлар ушбу Низом талаблари асосида рағбатлантириш учун қайта тақдим этилиши мумкин.

21. Рағбатлантириш бўйича махсус комиссиялар томонидан чиқарилган қарорлар уч иш куни ичида тақдимномани киритган коррупцияга қарши курашувчи органга ижро учун юборилади.

22. Махсус комиссияларнинг раислари комиссия қарори қонунийлиги, холислиги ҳамда шахсларнинг шахсига оид маълумотлар ошкор этилмаслиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

23. Коррупцияга қарши курашувчи орган махсус комиссиянинг қарори асосида бир иш куни ичида бир марталик пул мукофоти ёки эсдалик совғаси билан тақдирлаш ҳақида қарор чиқаради.

Бир марталик пул мукофоти харажатлар сметасига ўзгартириш киритилгандан сўнг ўн иш куни ичида шахсларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиб берилади, эсдалик совғаси эса қонун ҳужжатларига мувофиқ совға қилинадиган буюм харид қилингандан сўнг беш иш куни ичида топширилади.

24. Ташаккурнома шаклида рағбатлантириш масаласи бевосита коррупцияга қарши курашувчи орган раҳбари томонидан кўриб чиқилади.

 

4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

25. Рағбатлантирилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларнинг ҳисоби коррупцияга қарши курашувчи органлар тақдим этган маълумот асосида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритилади.

26. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар, уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар ҳақидаги маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида ошкор этилиши мумкин.

27. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар, уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларини ҳимоя қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

28. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

29. Ушбу Низом талаблари бузилганлигида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 31.12.2020 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 64 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика