Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 49 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган четдан олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарга божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бериш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 27 июндаги ПФ-5755-сон Фармонига ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 246-моддасига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналарга божхона имтиёзлари бериш механизмини такомиллаштириш, мақбуллаштириш ҳамда уларни маҳаллий ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилишидан манфаатдорликни ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасининг Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига четдан олиб киришда уларнинг ўнта рақамдан иборат ТИФ ТН коди ва асосий параметрларини кўрсатган ҳолда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик асбоб-ускуналарнинг рўйхатини (кейинги ўринларда – Рўйхат) қайта кўриб чиқиш ва уни янгидан шакллантириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудига четдан олиб киришда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

технологик асбоб-ускуналарни Рўйхатга киритиш ёки чиқариш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар тўплами;

технологик асбоб-ускуналарни Рўйхатга киритиш ёки чиқариш мақсадида экспертиза ўтказиш шартлари;

Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимча киритиш тартиби.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ва «Ўзстандарт» агентлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар 2017–2019 йилларда импорт қилинган технологик асбоб-ускуналарнинг номенклатурасини ва уларнинг ўхшаши республикада ишлаб чиқарилиши мавжудлигини ўрганиш натижалари асосида янгидан шакллантирилган Рўйхатни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

4. Имтиёзлар фақат янги технологик асбоб-ускуналарга қўлланилиши ҳамда битта контрактга (шартномага) мувофиқ мазкур технологик асбоб-ускуналар билан бирга уларнинг ажралмас қисми сифатида етказиб берилган бутловчи ва эҳтиёт қисмларга татбиқ қилиниши белгилаб қўйилсин.

5. Белгилансинки:

четдан олиб келинадиган технологик асбоб-ускуналарнинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига божхона расмийлаштируви вақтида технологик асбоб-ускунанинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқловчи ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти ёки ишлаб чиқарувчининг асбоб-ускуналар у томонидан ишлаб чиқарилганлиги, жумладан, ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўз ичига олган бошқа ҳужжати тақдим этилади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК Рўйхатга киритиш ёки ундан чиқариш учун импорт қилинаётган технологик асбоб-ускунанинг республикада ўхшаши ишлаб чиқарилиши мавжудлигини аниқлаш бўйича ваколатли экспертиза органи ҳисобланади.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 27 ноябрь

750-сон.

ЎзР ВМнинг 2020 йил 27 ноябрдаги 750-сон қарорига
ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИГА ЧЕТДАН ОЛИБ КИРИШДА БОЖХОНА БОЖИ ВА ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ ТЎЛАШДАН ОЗОД ҚИЛИНАДИГАН, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЎХШАШИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМАЙДИГАН ТЕХНОЛОГИК АСБОБ-УСКУНАЛАР РЎЙХАТИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА
ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудига четдан олиб киришда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатига (кейинги ўринларда – Рўйхат) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ариза берувчи – импорт қилинаётган технологик асбоб-ускунанинг ўхшашлари (кейинги ўринларда – ўхшаш технологик асбоб-ускуна) ишлаб чиқарилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мавжудлиги/мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида экспертизадан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКга (кейинги ўринларда – Марказ) мурожаат қилган шахс;

технологик асбоб-ускуна – товар (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқариш технологик жараёнида бевосита фойдаланиладиган машиналар, аппаратлар, қурилмалар, механизмлар;

технологик асбоб-ускунани сотиб олишга импорт контракти (кейинги ўринларда – импорт контракти) – технологик асбоб-ускунани импорт қилиш учун мурожаат қилувчи ва Ўзбекистон Республикаси норезиденти ўртасида тузилган шартнома;

экспертиза – Марказ томонидан республикада ўхшаш технологик асбоб-ускуна ишлаб чиқарилиши мавжудлиги/мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган ва натижаси бўйича хулоса бериладиган таҳлилий ўрганиш;

янги технологик асбоб-ускуна – «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилган йили уч йилдан кўп бўлмаган технологик ускуна.

3. Имтиёзлар янги технологик асбоб-ускуналарга қўлланилади ҳамда битта контрактга (шартномага) мувофиқ мазкур технологик асбоб-ускуналар билан бирга уларнинг ажралмас қисми сифатида етказиб берилган бутловчи ва эҳтиёт қисмларга татбиқ қилинади.

 

2-БОБ. ЭКСПЕРТИЗА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

4. Ўхшаш технологик асбоб-ускунанинг ишлаб чиқарилиши республикада мавжудлиги/мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса бериш мақсадида Марказ томонидан ариза берувчининг мурожаатига асосан қуйидаги йўналишларда экспертиза ўтказилади:

технологик асбоб-ускунани Рўйхатга киритиш учун экспертиза;

технологик асбоб-ускунани Рўйхатдан чиқариш учун экспертиза.

5. Марказ томонидан экспертиза ўтказганлик учун тўлов ундирилмайди.

6. Экспертиза ўтказиш учун Марказга ариза берувчи томонидан қуйидаги ҳужжатлар тўплами тақдим этилади:

ушбу Низомга иловага** мувофиқ шакл бўйича ариза;

Рўйхатга киритиш/чиқариш таклиф этилаётган технологик асбоб-ускунанинг номи ва унинг тавсифини ўз ичига оладиган маълумот, шу жумладан, функционал вазифаси, техник параметрлари, чизмалар, схемалар ва бошқалар;

технологик асбоб-ускунанинг паспорти (мавжуд бўлганда);

импорт контракти нусхаси (мавжуд бўлганда);

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 52-бобига мувофиқ божхона органлари томонидан бериладиган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига мувофиқ технологик асбоб-ускунанинг таснифланишига нисбатан дастлабки қарор (мавжуд бўлганда);

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида технологик асбоб-ускунани ишлаб чиқариш ҳамжмлари ва қувватлари, уларнинг сертификатлари ва бошқа ҳужжатларнинг мавжудлиги (технологик асбоб-ускунани Рўйхатдан чиқариш тўғрисида ариза тушганда).

Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни асослаш мақсадида ариза берувчи томонидан бошқа ҳужжатлар ҳам илова қилиниши мумкин.

Экспертизага тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги учун ариза берувчи жавобгар ҳисобланади.

7. Ариза берувчи томонидан хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

8. Марказ ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ариза берувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатлар асосида бир ой муддатда экспертиза ўтказади.

Зарурат бўлганда, киритилган ҳужжатларни ва тақдим қилинган маълумотларни верификация қилиш мақсадида Марказ ходимлари ушбу бандда белгиланган муддат давомида манфаатдор томоннинг мурожаатига асосан ариза берувчи фаолиятини амалга ошираётган (ишлаб чиқариш жойлашган) жойга чиқишлари мумкин.

9. Марказ томонидан экспертиза ўтказиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ ариза берувчи томонидан тақдим қилинадиган маълумотлар ва ҳужжатлар асосида қайд этилган маҳсулотлар параметрларини аниқлаш;

ўхшаш технологик асбоб-ускунанинг республикада ишлаб чиқарилишининг мавжудлиги/мавжуд эмаслигини аниқлаш.

10. Ўхшаш технологик асбоб-ускунанинг республикада ишлаб чиқарилиши мавжудлиги/мавжуд эмаслигини белгилаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишга таклиф қилинаётган технологик асбоб-ускунанинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотни Марказнинг расмий сайтига жойлаштириш, Марказ томонидан расмий сўровномаларнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Давлат статистика қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, тармоқ хўжалик бирлашмалари, ишлаб чиқариш корхоналари, илмий ва таълим ташкилотлари ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига юбориш орқали амалга оширилади.

11. Технологик асбоб-ускунани Рўйхатга киритиш мақсадида ўтказилган экспертиза натижалари бўйича:

ўхшаш технологик асбоб-ускунани ишлаб чиқариш Ўзбекистон Республикасида мавжуд эмаслиги аниқ бўлганда – Марказ уч иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ушбу Низомнинг 3-бобига мувофиқ кейинги кўриб чиқиш ва Рўйхатга ўзгартириш киритиш учун хулосани юборади ҳамда икки иш куни мобайнида қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчини хабардор қилади;

Ўзбекистон Республикасида ўхшаш технологик асбоб-ускунанинг ишлаб чиқарилиши мавжудлиги аниқланганда – Марказ икки иш куни мобайнида ариза берувчига ишлаб чиқарувчилар рўйхатини кўрсатган ҳолда хулосани юборади.

12. Технологик асбоб-ускунани Рўйхатдан чиқариб ташлаш мақсадида ўтказилган экспертиза якунлари бўйича:

ўхшаш технологик асбоб-ускунани ишлаб чиқариш Ўзбекистон Республикасида мавжудлиги аниқланганда – Марказ уч иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ушбу Низомнинг 3-бобига мувофиқ кейинги кўриб чиқиш ва Рўйхатга ўзгартириш киритиш учун хулосани юборади ҳамда икки иш куни мобайнида қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчини хабардор қилади;

Рўйхатга киритилган ўхшаш технологик асбоб-ускунанинг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши (ишлаб чиқариш бўйича режалар) аниқланганда – Марказ уч иш куни мобайнида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ушбу Низомнинг 3-бобига мувофиқ кўриб чиқиш ва Рўйхатга ўзгартириш киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун хулосани юборади ҳамда икки иш куни мобайнида бунинг тўғрисида ариза берувчини хабардор қилади.

Рўйхатга киритилган ўхшаш технологик асбоб-ускунани ишлаб чиқариш Ўзбекистон Республикасида мавжуд эмаслиги аниқланганда – Марказ икки иш куни мобайнида ариза берувчига ишлаб чиқариш мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосани юборади.

13. Марказ бир йилда камида бир марта мажбурий тартибда Рўйхатни экспертизадан ўтказади ва технологик асбоб-ускунани Марказда мавжуд бўлган Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва «Ўзстандарт» агентлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тўғрисида олинган маълумотлар асосида Рўйхатдан чиқариш ташаббуси билан чиқади.

14. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар Марказнинг сўровига асосан зарур маълумотни бепул тақдим қиладилар.

 

3-БОБ. РЎЙХАТГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ ТАРТИБИ

15. Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимча киритиш Марказнинг хулосаси мавжуд бўлганда амалга оширилади.

16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Марказнинг ўтказилган экспертиза якунлари бўйича ва зарурат бўлганда, бироқ ҳар чоракда камида бир марта умумлаштирилган маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва «Ўзстандарт» агентлигига кўриб чиқиш ва келишиш учун юборади.

Вазирликлар ва идоралар томонидан маълумотларни кўриб чиқиш муддати ўн календарь кундан ошиб кетмаслиги лозим.

17. Келишиш натижалари бўйича киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар тегишли қарор лойиҳаси сифатида расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

 

4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

18. Экспертиза ўтказиш учун тақдим этиладиган аризалар Марказ томонидан юритиладиган реестрга киритилади ва унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

19. Ариза берувчи Марказ томонидан ўказилган экспертиза натижалари бўйича берилган хулоса устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш хуқуқига эга.

20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 28.11.2020 йилдан кучга кирди.

**Низомга илова «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 364 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика