Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 39 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузурида Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Илғор халқаро тажриба асосида давлат қарзига ўз вақтида, тўлиқ ва кафолатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси (кейинги ўринларда – Кафолат жамғармаси) ташкил этилсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузуридаги Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Кафолат жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ҳамда улардан фойдаланиш йўналишларини белгилаш;

давлат қарзи ҳисобига молиялаштирилган лойиҳа ва дастурлар бўйича қарздор ташкилотлар ёки қайта молиялаштирувчи банклар ўз қарз тўловларини вақтида ва тўлиқ амалга оширмаган ҳолатларда мазкур қарздорликни қарздор ташкилотлардан ундириш шарти билан Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш;

Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобига қарздорликни қоплаш ва Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланган маблағларни қарздордан ундириш тартиби;

Кафолат жамғармасининг бўш турган маблағларини вақтинча депозитга жойлаштириш, чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш ҳамда юқори ликвидли қимматли қоғозларга инвестиция қилиш орқали самарали бошқариш;

Кафолат жамғармаси маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш.

3. Белгилансинки:

давлат қарзи ҳисобига молиялаштирилган лойиҳа ва дастурлар бўйича қарздор ташкилотлар ёки қайта молиялаштирувчи банклар ўз қарз тўловларини вақтида ва тўлиқ амалга оширмаган ҳолатларда мазкур қарздорлик, биринчи навбатда Кафолат жамғармаси маблағлари, Кафолат жамғармаси маблағлари етарли бўлмаган тақдирда эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади;

Кафолат жамғармаси маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланган қарздорлик, ҳисобланган пеня ва жарима тўловлари қарздор ташкилотлар ёки қайта молиялаштирувчи банклар томонидан мос равишда Кафолат жамғармаси ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилади.

4. Давлат қарзи ҳисобига молиялаштирилган лойиҳа ва дастурлар бўйича қарздор ташкилотлар ёки қайта молиялаштирувчи банклар:

ҳар йили кейинги молия йили учун шакллантириладиган бизнес режа ёки харажатлар сметаларида қарз тўловлари билан боғлиқ харажатларни мажбурий равишда назарда тутсин;

қарзларни ўз вақтида тўлаш мақсадида қўшимча даромад манбаларини аниқлаштириб борсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 15 ноябрга қадар ушбу қарор мазмунидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А.Ишметов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 21 сентябрь

573-сон.

ЎзР ВМнинг 2020 йил 21 сентябрдаги 573-сон қарорига

1-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ҒАЗНАЧИЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ ҚАРЗИГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ БЎЙИЧА КАФОЛАТ ЖАМҒАРМАСИ МАБЛАўЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги (кейинги ўринларда – Ғазначилик) ҳузуридаги Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси (кейинги ўринларда – Кафолат жамғармаси) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Кафолат жамғармаси давлат қарзига ўз вақтида, тўлиқ ва кафолатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида тузилади.

Кафолат жамғармаси даромадлари ва харажатлари Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига киритилади.

3. Кафолат жамғармаси юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари миллий ва чет эл валютасида шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.

4. Давлат қарзи ҳисобига молиялаштириладиган дастурлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда – Молия вазирлиги) томонидан суверен халқаро облигациялар чиқариш, бюджетни қўллаб-қувватлаш дастурларини амалга ошириш ва бошқа дастурларни ўз ичига олади.

5. Давлат қарзи ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳалар давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилади ва ушбу қарз уларнинг ўз маблағлари ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланиши назарда тутилган лойиҳаларни ўз ичига олади.

6. Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари учун тўловлар (кейинги ўринларда – тақдирлаш пули) қарзнинг қолдиқ суммасига (қарзни қоплаш жадвалига мувофиқ) камида йиллик 0,5 фоиз миқдорида белгиланади.

Тўлаш манбаи Давлат бюджети маблағлари бўлган кредитлар бўйича тақдирлаш пули ундирилмайди.

Тақдирлаш пули жалб этиладиган кредитни қайтариш жадвалига мувофиқ фоизлар тўланадиган тегишли саналарда «Ўзбекистон Республикаси валюта биржаси» АЖ савдо майдончаси сессияларида белгиланган жорий курс бўйича тенг миқдорда сўмда тўланади.

Тақдирлаш пулини тўлаш уч банк иш кунидан ортиқ муддат мобайнида кечиктирилган тақдирда, қарз олувчилар томонидан муддати ўтказиб юборилган суммага қўшимча равишда ҳар бир кечиктирилган кун учyн муддати ўтказиб юборилган қарз суммасининг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўланади, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси қарз суммасининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим.

7. Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валютасида жалб қилинган кредитларни (қарзларни) қайтадан кредитлашда кредит (қарз) бўйича хизмат кўрсатиш юзасидан эҳтимолдаги таваккалчиликларни қоплаш мақсадида фойдаланиш учун қайта кредитланадиган битимларда Молия вазирлиги томонидан жалб қилинаётган кредит (қарз) ставкасининг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорда Ўзбекистон Республикаси маржаси (кейинги ўринларда – маржа) белгиланади.

Тўлаш манбаи Давлат бюджети маблағлари бўлган қайта кредитланадиган битимларда маржа белгиланмайди.

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига мувофиқ тақдирлаш пули ва (ёки) маржадан тўлиқ ёки қисман озод қилиш бўйича имтиёз берилиши мумкин.

 

2-БОБ. КАФОЛАТ ЖАМҒАРМАСИ МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

9. Қуйидагилар Кафолат жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

а) жалб этиладиган кредитлар (қарзлар) бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатлари берилганлиги учун ундириладиган тақдирлаш пули;

б) Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валютасида жалб қилинадиган ва шу валютада кайта кредитланадиган битимлардаги кредит (қарз) бўйича қарздорлик тўлиқ тўланган тақдирда, кредит (қарз) бўйича Ўзбекистон Республикаси маржасининг фойдаланилмай қолган суммасига тенг миқдорда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ўтказиладиган маблағлар;

в) Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валютасида жалб қилинадиган ва миллий валюта, шунингдек, чет эл валютасида қайта кредитланадиган битимлар бўйича тўлов муддатларининг талаблари тўлиқ бажарилмаганда муддати ўтган қарздорликлар (асосий қарз, фоиз, маржа ва бошқа тўловлар) юзасидан ҳисобланган ва тўланган (ундирилган) пенялар (шу билан биргаликда жарималар);

г) Ўзбекистон Республикаси номидан тузиладиган барча турдаги ҳалқаро ва маҳаллий қарз битимларида, қайта кредитлаш битимларида, Молия вазирлиги томонидан чет эл валютасида маблағларни депозитга қўйиш, ссуда ва кредит линияларини ажратиш ҳамда Молия вазирлиги олдидаги бошқа мажбуриятлар бўйича шартномаларда белгиланган молиявий шартлар ва талабларнинг (ковенантлар) бузилиши ҳолатлари аниқланганда ундириладиган тўловлар;

д) Ўзбекистон Республикаси номидан хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси номидан шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки улар ваколат берган орган томонидан чет эл валютасида жалб қилинадиган ёки миллий валютада қайта кредитланадиган битимларда кредитларнинг фоиз тўловлари ўртасидаги ижобий фарқдан тушадиган тушумлар;

е) Молия вазирлигида вақтинча бўш турган халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган қарзларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларига белгиланган тартибда депозитга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

ж) Ўзбекистон Республикасининг халқаро облигацияларини жойлаштиришдан тушган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларига белгиланган тартибда депозитга жойлаштиришдан олинадиган фоиз тўловлари ўртасидаги ижобий фарқ бўйича даромадлар;

з) қайта кредитлаш шартномаларига асосан қарздорлар томонидан қайтарилган маблағларнинг давлат ташқи қарзи тўловларидан ортиб қолган қисмини келгусида давлат ташқи қарзи тўловлари учун захира сифатида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларига белгиланган тартибда депозитга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

и) Кафолат жамғармасининг вақтинча бўш турган миллий ва чет эл валютасидаги маблағларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банкларига белгиланган тартибда депозитга жойлаштиришдан ҳамда юқори ликвидли қимматли қоғозларга инвестиция қилишдан олинадиган даромадлар;

к) Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига тушадиган Ўзбекистон Республикасининг халқаро облигацияларини жойлаштиришдан тушган маблағларни депозитга жойлаштириш, кредит линияси очиш ва бюджет ссудасини ажратишдан фоиз тарзида тўланадиган даромадлардан олинган фойда солиғи миқдорида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратмалар;

л) Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига тушадиган ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг прогноздан орттириб бажарилган қисмининг 50 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратмалар;

м) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

 

3-БОБ. КАФОЛАТ ЖАМҒАРМАСИ МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

10. Кафолат жамғармаси маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилади:

а) қарздор ташкилотлар давлат қарзи бўйича тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширмаган ҳолатларда қарздор ташкилотлар томонидан қайта қоплаш шарти билан қарз тўловларини амалга ошириш;

б) Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валютасида жалб қилинган давлат ташқи қарз маблағларини миллий валюта ҳамда чет эл валютасида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш натижасида юзага келадиган валюта курси хатарларининг олдини олиш учун. Бунда чет эл валютасида жалб қилинган ва миллий валюта ҳамда чет эл валютасида берилган кредитларнинг фоиз тўловлари ўртасидаги ижобий фарқ Кафолат жамғармасида жамланади ва валюта курси ўзгариши таъсирида юзага келадиган тафовутлар ушбу маблағлар ҳисобига қопланади;

в) чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш.

11. Кафолат жамғармаси маблағларидан мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилмаган бошқа мақсадлар учун фойдаланиш тақиқланади.

 

4-БОБ. КАФОЛАТ ЖАМҒАРМАСИ МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ

12. Давлат қарзи ҳисобига молиялаштирилган лойиҳа ва дастурлар бўйича қарздор ташкилотлар ёки қайта молиялаштирувчи банклар ўз қарз тўловларини вақтида ва тўлиқ амалга оширмаган ҳолатларда мазкур қарздорлик, биринчи навбатда, Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобига, Кафолат жамғармаси маблағлари етмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан қайтарилади.

13. Кафолат жамғармасининг жорий молия йилида фойдаланилмаган маблағлари молия йили охирида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилларда фойдаланилади.

14. Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобига давлат ташқи қарзи учун амалга оширилган тўловдан сўнг бир банк иш куни мобайнида Ғазначилик томонидан қарздор ташкилот(лар)га амалга оширилган тўлов ва қарзларни қайтариш бўйича хабарнома жўнатилади.

15. Молия вазирлиги билан қарздор ташкилот ўртасида тузилган қайта кредитлаш шартномаларида бошқа муддат белгиланмаган бўлса, қарздор ташкилотнинг қарздорлиги Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобига тўланган кундан бошлаб Молия вазирлиги томонидан қарздор ташкилотнинг асосий банк ҳисобварақларига инкассо топшириқномалари қўйилади. Инкассо топшириқномалари қонун ҳужжатлари талаблари асосида бажарилади.

Молия вазирлиги амалдаги қарздор ташкилотларнинг қарздорлигини маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ёки бошқа шерик қарздорлар маблағлари ҳисобига ундириб олиш бўйича қонун ҳужжатлари доирасида чоралар кўради.

Қарздор ташкилотлардан тўловлар 30 календарь кун давомида тўлиқ қайтарилмаган тақдирда, мазкур тўланмаган қарздорлик ва унга ҳисобланган пенялар ҳамда қўлланилган жарималар суд тартибида ундирилади.

16. Қарздор ташкилотларнинг қарздорлиги Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобига тўланишидан қатьи назар, қарздор ташкилотнинг қайта кредитлаш шартномаларига мувофиқ Молия вазирлиги олдидаги мажбуриятлари ўз кучида қолади ҳамда ўз вақтида қопланмаган муддати ўтган қарздорликлар учун шартнома шартлари бўйича пенялар ва жарималар қўлланиланади.

 

5-БОБ. КАФОЛАТ ЖАМҒАРМАСИ МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ЮЗАСИДАН ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТ

17. Кафолат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш ҳисоби Ғазначилик томонидан юритилади ва чораклик, ярим йиллик ҳамда йиллик ҳисоботлар тузилади.

18. Ғазначилик Кафолат жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботни Молия вазирлигига тақдим этади.

 

6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

20. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

ЎзР ВМнинг 2020 йил 21 сентябрдаги 573-сон қарорига

2-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 8 январдаги 7-сон қарори билан тасдиқланган Жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси кафолатлари берилганлиги учун тўлов ундириш тартиби тўғрисидаги низомда:

а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«2. Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб этиладиган хорижий кредитлар бўйича қарз олувчилардан (субқарз олувчилардан) тушадиган тақдирлаш пули Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузуридаги Кафолат жамғармаси даромадларини шакллантириш манбалари сифатида ҳисобга олинади ва Кафолат жамғармасининг чет эл ва миллий валютадаги очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказилади»;

б) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«4. Ўзбекистон Республикасининг кафолатлари учун тўловлар қарзларнинг қолдиқ суммасига камида йиллик 0,5 фоиз миқдорида белгиланади.

Тўлаш манбаи Давлат бюджети маблағлари бўлган кредитлар бўйича тақдирлаш пули ундирилмайди.»;

в) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«8. Қарз олувчилар (субқарз олувчилар) томонидан тўланган тақдирлаш пули қайтарилмайди ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузуридаги Кафолат жамғармаси тасарруфида қолади».

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 июлдаги 189-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши доирасида Ислом тараққиёт банкининг жалб этилган молиявий маблағларидан фойдаланиш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни қайтариш тартиби тўғрисидаги низомида:

а) 27 ва 30-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

б) Низомга илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён қилинсин: 

«Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши» лойиҳаси доирасида Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларини, шу жумладан, устама ҳақи қайтарилиши
СХЕМАСИ

Т/р

 

Кўрсаткичлар номи

 

Қарзнинг қайтарилиши

 

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига

 

Иштирок этувчи тижорат банклари маблағлари ҳисобига (Қишлоқ қурилиш банк билан тузилган Ислом тараққиёт банки молиявий маблағларига хизмат кўрсатиш ва қайтариш ҳақидаги шартномага асосан асосий қарз ва фоизлар бўйича тушумлар ҳисобига)

 

1.

 

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган маблағлар, шу жумладан, устама ҳақи харажатлари

 

 

100%

 

Қарзни қайтаришда вужудга келадиган валюта курсинининг ўзгариши билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан, устама ҳақи харажатлари

 

100%

 

 

2.

 

Сув таъминоти ва кириш автомобиль йўллари қурилиши учун сарфланган молиялаштириш харажатлари, шу жумладан, устама ҳақи харажатлари

 

100%

 

 

3.

 

Лойиҳани амалга ошириш бўлимини молиялаштириш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан, устама ҳақи харажатлари

 

100%

 

 

 

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши доирасида Ислом тараққиёт банкининг жалб этилган молиявий маблағларидан фойдаланиш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни қайтариш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида» 2018 йил 6 февралдаги 79-сон қарорига илованинг 4 ва 5-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.09.2020 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 511 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика