Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 8 / Бухгалтерга тавсиялар

Нарх сиёсати ёрдамида қўшимча солиқ ҳисоблашдан қандай ҳимояланиш мумкин

 

Корхонада товарлар ва хизматларга нархларни иқтисодиёт ва маркетинг бўлимлари, баъзан эса раҳбариятнинг ўзи белгилайди, чунки кўпинча сотувлар муваффақияти нархларга боғлиқ бўлади. Янги таҳрирдаги СК қабул қилиниши билан нарх белгилаш масалаларига бухгалтерия ходимларини ҳам фаол жалб этишга тўғри келади.

Бош бухгалтерга нарх сиёсати нима учун зарурлиги, у нима учун солиқ ҳисоб сиёсатининг бир қисми бўлиши кераклиги ва уни қандай қилиб тўғри тузиш ҳақида солиқ маслаҳатчиси ­Ирина ПОДОЛЬСКАЯ сўзлаб берди.

 

– ҚҚС ва фойда солиғи тўлайдиган компаниянинг айланмадан олинадиган ва қатъий белгиланган солиқлар тўловчилар билан ҳамкорлиги солиқ органлари томонидан нархларни кучайтирилган тарзда назорат қилиш хавфини оширади.

Солиқ органлари буни нархлар билан манипуляция қилган ҳолда солиқ базасини камайтириш ва шу орқали бюджетга зарар етказиш мумкинлиги билан изоҳлашади. Масалан, реализация қилинаётган товарлар нархини пасайтириб, айланмадан олинадиган солиқ, қўшилган қиймат солиғи ёки фойда солиғи бўйича солиқ базасини камайтириш мумкин. Харид нархларини ошириб, фойда солиғи бўйича солиқ базасини камайтириш мумкин. Бунда фойдани айланмадан олинадиган солиқ ёки қатъий белгиланган солиқ тўлайдиган шахсга «ўтказиш» мумкин бўлади.

Шу тариқа, турли солиқ солиш тизимидан фойдаланадиган субъектлар ўртасида тузиладиган битимлар солиқчиларнинг эътиборини жалб қилади. Солиқ солиш мақсадларида нарх белгиланишини назорат қилиш ҳуқуқини Солиқ кодекси, айнан, унинг қуйидаги учта қоидаси тақдим этади:

1) агар солиқ тўловчи ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини амалга оширса, унинг бундай ҳаракатлари ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади (СК 14-м. 5-қ.);

2) агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли (СК 248-м. 4-қ.);

3) битимнинг тарафларидан бири томонидан трансферт нархни белгилаш натижасида олинмаган ҳар қандай даромадлар солиқ солиш мақсадида битимнинг шу тарафида ҳисобга олинади (СК ­176-м. 3-қ.). Ушбу норма, СКнинг бутун VI «Трансферт нархни белгилашда солиқ назорати» бўлими қатори 2022 йил 1 январдан кучга киради.

 

Нима қилмоқ керак?

Ўзингизнинг нархни белгилашга оид қоида ва ­тамойилларингизни компаниянинг Нарх сиёсатида баён этинг. У текширувларда салмоқли далил бўлиши мумкин. Айнан унда назорат қилувчи органнинг сизнинг нархларингиз бўйича саволларига жавоблар бўлиши мумкин.

Компаниянинг нарх сиёсати солиқ тўловчининг бошқарув органи тасдиқлаган унинг ички ҳужжати ҳисобланади. У қуйидагиларни белгилайди:

компаниянинг амалдаги нархлари самарадорлиги, уларнинг маркетинг сиёсатига мувофиқлиги;

янги маҳсулотларга ва янги харидорлар (ёки аксинча, доимий харидорлар) учун нарх белгилаш қоидаларига риоя қилиниши;

нархларни ўзгартириш тартиби ва асослари, шу жумладан – товарлар нархи арзонлаштирилган ҳолларда;

чегирмалар беришнинг асосланганлиги, асослари ва шартлари;

айнан битта маҳсулотга нархларнинг фарқланиши ва бундай ҳолатларнинг сабаблари.

 

Нарх сиёсатида нималар кўрсатилиши шарт?

1. Нарх белгилаш принциплари, ёндашувлари ва усулларини (корхонанинг маркетинг стратегиясига таянилиши лозим):

таннарх асосида;

фойда асосида;

талабни баҳолаш асосида (бозорда юзага келган ёки янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришда тахмин қилинадиган);

рақобатчилар нархларини инобатга олган ҳолда.

2. Нархларнинг табақалашувини:

товарнинг сифати бўйича;

ҳудудлар ва аҳоли гуруҳлари (талабалар, пенсионерлар ва ҳоказо) бўйича;

реализация қилиш вақти бўйича;

товарларга (хизматларга) талаб ўзгарганда, жумладан, яроқлилик муддати ўтган ёки маънан эскирган (хусусиятлари яхшиланган худди шундай янги товарларнинг пайдо бўлиши) товарларга нисбатан талабнинг тушишига олиб келувчи омилларни инобатга олган ҳолда;

бошқа аломатлар бўйича.

3. Чегирмалар бериш шартлари

олдиндан тўлов ёки илгари етказиб берилган товар (хизмат) учун муддатидан олдин тўлов амалга оширилганда;

реализация қилиш ҳажми бўйича (масалан, чегирма реализация қилиш ҳажмига боғлиқ ҳолда бевосита сотиш пайтида ёки – муайян вақт даврида харидор айрим ҳажмга эришганда тақдим этилади);

бошқа шартлар бажарилганда.

4. Айнан битта товарга (хизматга) нархни ошириш шартлари

5. Нархнома (прайс-лист).

 

Ушбу нархлар ва нарх сиёсати қоидалари харидор айнан ким бўлишидан қатъи назар – доимо ва бир хилда қўлланилиши керак.

Текширувчи келган тақдирда ҳам сиздан айб топиши қийин кечади. Сиз унга «Бизда сиёсат шундай, уни ҳаммага нисбатан татбиқ этяпмиз, бу биз учун – бозор нархи. Тўғри, рақобатчиларда нарх юқорироқ бўлиши мумкин, мисол учун, бизнинг компаниямиз яқиндагина очилди, рақобатчининг эса машҳур бренди бор. Бунда корхонамизнинг нарх сиёсати харидорлар доираси муайян даражада кенгайган тақдирдагина нарх оширилишини назарда тутади», дейсиз. Ва ҳоказо...

Нарх сиёсатини муайян даврийликда қайта кўриб чиқиш, бир йўла қандай шартларда у бозорда юзага келган вазиятдан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилишини кўрсатиш мумкин.

 

Нарх сиёсати – солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатининг бир қисми сифатида

Нарх сиёсатини алоҳида бўлим сифатида солиқ ҳисоб сиёсати таркибига киритиш мумкин, сабаби улар энди бир-бирига боғлиқ ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, Солиқ кодекси талабларининг ўзгариши, қолаверса солиқ органларининг назоратни янгича усулда ўтказиши нафақат бухгалтер, балки тадбиркорнинг бутун фаолияти учун нарх сиёсати муҳим ўрин тутишини кўрсатди.

Прочитано: 592 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика