Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 25 / Қонунчиликдаги янгиликлар

ЎзР ДСҚнинг «Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида жисмоний шахсларнинг солиқ солиш объектлари ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш, ягона электрон платформани юритиш ва унга кўчмас мулк объектлари ижарага берилганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш тартиби ҳақида вақтинчалик низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори

 

Идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 12 июнда рўйхатидан ўтказилди, рўйхат рақами 3243 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги «Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартибини жорий этиш тўғрисида»ги 107-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида жисмоний шахсларнинг солиқ солиш объектлари ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш, ягона электрон платформани юритиш ва унга кўчмас мулк объектлари ижарага берилганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш тартиби ҳақида вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

3. Мазкур қарор 2021 йил 1 майга қадар амал қилади.

Давлат солиқ қўмитаси раиси

Ш.КУДБИЕВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 25 май

2020-20-сон.

ЎзР ДСҚнинг 2020 йил 25 майдаги 2020-20-сон қарорига
ИЛОВА

 

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИНИНГ БЎСТОНЛИҚ ТУМАНИДА ТАЖРИБА ТАРИҚАСИДА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ СОЛИҚ СОЛИШ ОБЪЕКТЛАРИ ҲИСОБГА ҚЎЙИЛГАНЛИГИ ТЎҒрисида гувоҲнома БЕРИШ, ЯГОНА ЭЛЕКТРОН платформани юритиш ва унга кЎчмас мулк объектлари ижарага берилганлиги тЎҒрисидаги маълумотларни киритиш ТАРТИБИ ҲАҚИДА ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ

Мазкур Вақтинчалик низом (бундан буён матнда Низом деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 107-сон «Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида солиқ солиш объектларини ҳисобга олиш ва солиқ маъмуриятчилигининг алоҳида тартибини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тажриба тариқасида жисмоний шахсларнинг солиқ солиш объектларини ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳномани бериш, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ягона электрон платформасини (бундан буён матнда электрон платформа деб юритилади) юритиш ва унга кўчмас мулк объектлари, шунингдек айрим мол-мулк турларининг ижарага берилганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш тартибини белгилайди.

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Тажриба даврида жисмоний шахслар томонидан дам олиш уйлари, дала ҳовли, якка тартибда қурилган уй-жойлар ва яшаш учун мўлжалланган бошқа турар жойлар (бундан буён матнда кўчмас мулк объектлари деб юритилади), шунингдек айрим мол-мулк турлари (бундан буён матнда айрим мол-мулклар деб юритилади) солиқ органларида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома асосида ижарага берилади.

2. Жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк объектлари солиқ органларида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома асосида ижарага берилган тақдирда, Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида низомга (рўйхат рақами 3077, 2018 йил 11 октябрь) асосан кўчмас мулк ижара шартномасини тузиш ва уни солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйиш талаб этилмайди.

3. Жисмоний шахсларнинг даромад манбаи сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиладиган айрим мол-мулкларга қуйидагилар киради:

сув транспорти (моторли ва моторсиз, шу жумладан шишириладиган);

сув мотоцикллари (скутерлар ва бошқалар);

қорда юрадиган техника воситалари (қор автоулови);

квадрацикллар;

парапланлар ва дельтапланлар;

супа, сўри, топчанлар ва шунга ўхшаш дам олиш учун мўлжалланган.

4. Жисмоний шахслар томонидан гувоҳнома асосида ижарага берилган солиқ солиш объектлари ҳақидаги маълумотлар электрон платформага мобил илова ёки веб-сайт орқали киритилиши лозим.

5. Мазкур Низом талаблари тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтган меҳмонхона хизмати билан шуғулланадиган юридик шахсларга, оилавий меҳмон уйи хизматлари кўрсатадиган юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек ушбу Низомда кўрсатилмаган мол-мулкларни ижарага бериш билан шуғулланадиган жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2-БОБ.  СОЛИҚ СОЛИШ ОБЪЕКТЛАРИНИ СОЛИҚ ОРГАНЛАРИДА ҲИСОБГА ҚЎЙИЛГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДА ГУВОҲНОМА БЕРИШ

6. Жисмоний шахс ёки унинг ишончли вакили ижарага бериладиган солиқ солиш объектини ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун солиқ органига қуйидаги ҳужжатларни электрон платформа орқали юборади:

мазкур Низомнинг 1-иловасига** мувофиқ шаклда кўчмас мулк объектини ҳисобга қўйиш ҳақида ёки 2-иловасига** мувофиқ шаклда айрим мол-мулкни ҳисобга қўйиш ҳақида ариза;

жисмоний шахснинг шахсини ёки унинг ишончли вакили ваколатини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

7. Икки ва ундан ортиқ солиқ солиш объектларини ҳисобга қўйиш истагини билдирган жисмоний шахслар ушбу солиқ солиш объектлари тўғрисидаги маълумотларни солиқ солиш объектларини ҳисобга қўйиш ҳақидаги аризаларида қўшимча равишда кўрсатишлари мумкин.

8. Жисмоний шахслардан мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари бошқа қўшимча ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

9. Ижарага бериладиган солиқ солиш объектини ҳисобга қўйиш билан боғлиқ мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган ҳужжатлар ижарага берувчи ёки унинг ишончли вакили хоҳишига кўра Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳри, Дўстлик, Сижжак ва Новобод маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ташкил этиладиган солиқ таянч пунктларига (бундан буён матнда Солиқ таянч пункти деб юритилади) қоғоз шаклида тақдим этилиши мумкин.

10. Кўчмас мулк объектлари ва айрим мол-мулкларни ҳисобга қўйиш жисмоний шахс томонидан ариза электрон платформа орқали электрон тарзда тақдим этилганда реал вақт режимида, Солиқ таянч пунктларига қоғоз шаклида тақдим этилганда эса, ўша вақтнинг ўзида амалга оширилади.

11. Ижарага бериладиган солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома жисмоний шахс томонидан ариза электрон тарзда тақдим этилганда электрон платформа орқали ёки қоғоз шаклида тақдим этилганда Солиқ таянч пунктлари томонидан ушбу Низомнинг 3-иловасига** мувофиқ шаклда бепул берилади.

12. Икки ва ундан ортиқ солиқ солиш объектларига эга бўлган жисмоний шахсларга битта умумий солиқ солиш объектини ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади. Гувоҳноманинг орқа томонида QR-код орқали ҳар бир қўшимча солиқ солиш объектлари алоҳида кўрсатилади. Бунда супа, сўри, топчанлар ва шунга ўхшаш дам олиш учун мўлжалланган жойларга гувоҳнома беришда солиқ солиш объектининг номи билан бирга унинг сони ҳам кўрсатилади.

13. Гувоҳноманинг ҳақиқийлиги QR-кодни махсус мобил илова орқали текшириб кўриш билан аниқланади.

3-БОБ.  ЯГОНА ЭЛЕКТРОН ПЛАТФОРМАНИ ЮРИТИШ ВА УНГА ИЖАРАГА БЕРИЛАДИГАН ОБЪЕКТЛАР ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТЛАРНИ КИРИТИШ

14. Электрон платформада солиқ органлари томонидан жисмоний шахсларнинг ижарага берилган кўчмас мулк объектлари ва айрим мол-мулкларнинг ҳисоби юритилади.

Бунда, электрон платформа барча фойдаланувчилар (ижарага берувчилар, ижарага олувчилар ва солиқ органлари) учун ягона тизим доирасида ўзаро уйғунликда, ундан фойдаланувчилар гуруҳларга ажратилган ва бир-бирига таъсир кўрсатмаган ҳолда мустақил ишлаш имкониятига эга бўлади.

15. Электрон платформада кўчмас мулк объектлари ва айрим мол-мулкларни ижарага олиш истагини билдирган шахслар ижарага берувчи жисмоний шахсларнинг солиқ солиш объектлари тўғрисидаги маълумотлари асосида танлашлари, уларни онлайн банд қилишлари ва тўловларни амалга оширишлари мумкин.

16. Кўчмас мулк объектлари ва айрим мол-мулкларни ижарага бериш солиқ органларида ҳисобга олинадиган махсус чекларни тақдим этиш орқали амалга оширилади.

17. Жисмоний шахслар кўчмас мулк объектларини ижарага берилган вақтда ҳамда айрим мол-мулкларни ижарага берилган кун якунига қадар ижарага олувчилар сони ва махсус чеклар орқали қабул қилинган ижара тўлови миқдори тўғрисидаги маълумотларни мобил илова ёки веб-сайт орқали электрон платформага киритадилар.

Бунда, икки ва ундан ортиқ солиқ солиш объектлари ҳисобга қўйилган жисмоний шахслар томонидан маълумотлар электрон платформага ҳар бир солиқ солиш объекти бўйича алоҳида киритилиши лозим.

18. Жисмоний шахслар томонидан ижарага берилган солиқ солиш объектлари учун тақдим этиладиган махсус чеклар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ товарларни (хизматларни) реализация қилишда харидорга бериладиган чеклар ёки уларни ўрнини босувчи бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади.

4-БОБ.  СОЛИҚ СОЛИШ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲИСОБГА ҚЎЙИЛГАНЛИГИ ТЎҒРИСИДАГИ ГУВОҲНОМАНИ БЕКОР ҚИЛИШ

19. Солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тажриба даври тугаганидан кейин тугатилади.

20. Жисмоний шахслар ёки уларнинг ишончли вакиллари кўчмас мулк объектлари ва айрим мол-мулклар бошқа шахс эгалигига ўтганда ёки бузилганда (яроқсиз ҳолатга келганда) солиқ солиш объектининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш ҳақида мазкур Низомнинг 4-иловасига** мувофиқ шаклдаги ариза билан электрон платформа орқали солиқ органларига ёки қоғоз шаклда Солиқ таянч пунктига мурожаат қилишлари мумкин.

Бунда, икки ва ундан ортиқ солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилганлигини бекор қилиш истагини билдирган жисмоний шахслар аризага тегишли солиқ солиш объектлари тўғрисидаги қўшимча маълумотларни киритади.

21. Солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилиш жисмоний шахс томонидан ариза солиқ органига электрон платформа орқали тақдим этилганда реал вақт режимида, Солиқ таянч пунктларида қоғоз шаклида тақдим этилганда эса ўша вақтнинг ўзида амалга оширилади.

22. Солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилинганлиги ҳақида мазкур Низомнинг 5-иловасига** мувофиқ шаклда QR-коди мавжуд бўлган билдиришнома электрон тарзда электрон платформа орқали ёки қоғоз шаклида Солиқ таянч пункти орқали ижарага берувчи жисмоний шахсга ёхуд унинг ишончли вакилига тақдим этилади.

Бунда, ҳисобга қўйилганлиги бекор қилинган солиқ солиш объекти QR-коди текширилганда «Бундай объект мавжуд эмас» ёзуви электрон шаклда ҳавола қилинади.

23. Солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилинганлиги ҳақидаги билдиришноманинг ҳақиқийлиги QR-кодни махсус мобил илова орқали текшириб кўриш орқали аниқланади. Билдиришноманинг QR-коди текширилганда ҳисобга қўйилган солиқ солиш объектлари ҳақидаги маълумотлар электрон шаклда ҳавола қилинади.

 

5-БОБ.  ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

24. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

25. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

 

 *Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.06.2020 йилдан кучга кирди.

**Вақтинчалик низомга 1–5-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 293 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика