Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 29 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

ЎзР ДСҚнинг «Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори

 

Идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжати

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Қарори

Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида*

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3251 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 140-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Давлат солиқ қўмитаси Раиси Ш.КУДБИЕВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 18 май 

2020-17-сон.

 

 

ЎзР ДСҚнинг 2020 йил 18 майдаги 2020-17-сон қарорига ИЛОВА

СОЛИҚ АУДИТИНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига (бундан буён матнда Солиқ кодекси деб юритилади) мувофиқ солиқ аудитини ўтказиш тартибини белгилайди.

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Солиқ аудити солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг муайян давр учун солиқлар ва йиғимларнинг ҳисобланиши ҳамда тўланишининг тўғрилигини текшириш мақсадида, унинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш йўли билан ўтказилади.

2. Жиноят иши доирасида солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси ва Солиқ кодекси талаблари асосида ўтказилади.

3. Солиқ аудити қуйидаги солиқ тўловчиларда ўтказилади:

солиқ органида хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган ахборот тизими («Таҳлика-таҳлил» дастурий маҳсулоти) орқали аниқланган, юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда;

камерал солиқ текшируви натижаси бўйича солиқ органининг талабномасига жавобан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган (шу жумладан, аниқлаштирилган талабномадан кейин), аниқланган тафовутлар бўйича асос келтирмаган ёки тақдим қилинган асосномалар етарли эмас деб топилган юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда;

ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчиларда;

жиноий иш қўзғатилган солиқ тўловчиларда;

аввал ўтказилган солиқ аудити чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган солиқ тўловчиларда.

4. Солиқ аудити доирасида солиқ органлари томонидан солиқ тўловчига ҳужжатлар электрон ҳужжат тарзида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади. Юборилган ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан ўқиб чиқилганидан кейин, лекин ушбу ҳужжат жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади.

Агар солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, ҳужжатлар буюртма хат қилиб почта орқали юборилади ва улар жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади.

Ҳужжатлар солиқ тўловчига ёки унинг вакилига шахсан мазкур ҳужжатлар олинган сана кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб топширилиши мумкин.

2-БОБ. СОЛИҚ АУДИТИНИ ТАЙИНЛАШ

5. Солиқ аудити солиқ тўловчиларни олдиндан хабарнома юбориш орқали амалга оширилади, бундан мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолат мустасно.

Агар солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор қилмасдан солиқ аудитини бошлайди.

Солиқ тўлашдан бўйин товлаш белгилари Солиқ кодексининг 223-моддасига асосан аниқланади.

6. Солиқ аудитини ўтказиш учун солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва (ёки) солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида солиқ аудити дастури тайёрлангандан кейин чиқарилади.

Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан уни ўтказиш дастури ҳам тасдиқланади.

Жиноят иши юзасидан ўтказиладиган солиқ аудити учун буйруқ тафтиш ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарор ёки ажрим солиқ органига келиб тушган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида чиқарилади.

7. Тугатилаётган солиқ тўловчиларда рўйхатдан ўтказилган тегишли органдан солиқ органи хабардор қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида солиқ аудитини амалга оширишга киришади.

Фаолиятини доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезиденти тугатилаётганда, солиқ аудити унинг солиқ органида ҳисобга қўйилишига асос бўлган ҳужжатларда кўрсатилган муддат тугаган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида бошланиши лозим.

Тугатилаётган солиқ тўловчида солиқ аудитини ўтказиш тўғрисида буйруқ солиқ аудитини ўтказиш дастури тайёрланган кундан сўнг уч иш кунидан кечиктирмасдан чиқарилади.

8. Солиқ аудити:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан ўз ҳудудида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган солиқ тўловчиларда;

йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан йирик солиқ тўловчиларда;

Давлат солиқ қўмитаси томонидан юқори даражадаги таваккалчилик (солиқ хавфи) тоифасига мансуб бўлган солиқ тўловчиларда.

Солиқ аудитида иштирок этиш учун бошқа солиқ органларининг мансабдор шахслари жалб этилиши мумкин.

9. Солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

солиқ аудити ўтказиш учун асослар;

солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами;

солиқ аудитини ўтказувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

солиқ аудитини ўтказиш муддати;

солиқ аудитининг мақсади (текшириладиган солиқ даврида барча солиқлар ва йиғимлар ёки айрим солиқ тури).

10. Солиқ аудити ўтказилаётган даврда текширилаётган даврнинг солиқ ҳисоботига солиқ тўловчи томонидан ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

Бунда солиқ тўловчи томонидан текширилаётган даврнинг айнан текширилаётган солиқ ҳисоботларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши юзасидан жўнатилган қайта ҳисоботлари қабул қилинмайди (қайтарилади) ва солиқ аудити жараёнида солиқлар ҳисобланишида ҳисобга олинмайди.

Солиқ аудитини ўтказиш муддати ўтказилган солиқ аудити тўғрисида далолатнома тузилган (имзоланган) кунда тугайди.

Солиқ аудитида икки ва ундан ортиқ солиқ аудитини ўтказувчи шахслар қатнашганда, текшириш жараёнини бошқариш ва натижаларини умумлаштириш мақсадида буйруқда биринчи кўрсатилган текширувчи гуруҳ раҳбари ҳисобланади.

11. Солиқ органи солиқ аудити бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида ушбу Низомнинг 1-иловасига** мувофиқ шаклда хабарнома юборади, бундан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлган, ихтиёрий равишда тугатилаётган ҳамда жиноят иши доирасида тафтиш ўтказиладиган солиқ тўловчилар мустасно.

Хабарномада солиқ аудитининг бошланиш санаси, текширилиши лозим бўлган масалаларнинг рўйхати, зарур ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати, шунингдек солиқ аудитини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади.

Солиқ тўловчи солиқ аудити бошлангунга қадар хабарномада кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни тайёрлаб қўйиши лозим.

12. Солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома солиқ тўловчининг шахсий кабинети ёки буюртма хат қилиб почта орқали юборилади.

13. Солиқ аудити фақат Солиқ кодексининг 88-моддасида белгиланган даъво қилиш муддати ўтмаган охирги солиқ аудитидан кейинги даврни қамраб олиши мумкин.

14. Солиқ органлари солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас, бундан солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатлар аниқланган ҳоллар мустасно. Янги ҳолатлар аниқланган тақдирда солиқ органи такрорий солиқ аудитини тайинлашга ҳақли.

Солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги ҳолатларга солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳамда солиқ тўловчи томонидан солиқ аудити ўтказилган даврлар учун солиқлар ва йиғимлар суммасининг камайишини назарда тутувчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботларини тақдим қилиниши киради.

15. Солиқ аудитини ўтказиш муддати ўттиз иш кунини ташкил қилади, бундан мазкур Низомнинг 16-бандида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.

16. Агар мазкур бандда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ аудитини ўтказиш муддати икки ойгача, алоҳида ҳолларда эса — уч ойгача узайтирилиши мумкин.

Солиқ аудитини ўтказиш муддати ўтказилиши қуйидагилар учун ҳам узайтирилиши мумкин:

талаб қилинган ҳужжатлар (ахборотлар) беш иш куни ичида тақдим қилинмаганда (узайтириш ҳужжатлар талаб қилинаётган ҳар бир шахс бўйича кўпи билан бир марта йўл қўйилади);

чет эл давлат органларидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида ахборот олишда;

экспертизалар ўтказишда;

чет тилида тақдим этилган ҳужжатларни таржима қилишда (ҳужжатлар давлат тилига таржима қилинган асл нусхалари шаклида ёки нотариал тарзда тасдиқланган шаклда бўлиши мумкин);

солиқ аудити жараёнида ўрганилиши лозим бўлган ҳужжатлар ҳажмининг кўплиги сабабли солиқ аудитини ўтказиш учун буйруқда кўрсатилган муддатнинг етарли эмаслигида;

яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларнинг ҳамда солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ электрон ахборот жисмларни қайта тикланишида;

мутахассис фикри олинишида;

эксперт жалб қилинганда.

17. Солиқ аудитини ўтказишнинг умумий муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас.

18. Cолиқ аудитининг муддатини узайтириш солиқ аудитини ўтказувчи шахснинг асослантирилган илтимосномасига асосан юқори турувчи солиқ органининг рухсати билан амалга оширилади. Бунда асослантирилган илтимоснома солиқ аудитининг муддати тугашидан беш иш куни олдин берилиши керак.

19. Солиқ аудитининг муддати узайтирилганда олдинги буйруқнинг рўйхатга олиш рақами ва санаси кўрсатилган ҳолда солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан қўшимча буйруқ чиқарилади.

20. Текширилаётган календарь йилда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромади бир миллиард сўмдан ошмаган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларда солиқ аудитини ўтказиш муддати ўттиз иш кунидан ортиқ давом этиши мумкин эмас, бундан жиноят иши доирасида ўтказиладиган солиқ аудити (тафтиш) мустасно.

3-БОБ. СОЛИҚ АУДИТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

21. Солиқ аудитини ўтказиш муддати солиқ тўловчига (солиқ агентига) солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ топширилган кунда бошланади.

22. Солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ нусхаси солиқ тўловчига ёки унинг вакилига буйруқнинг иккинчи нусхасига уни олганлиги тўғрисида имзо қўйдирган ҳолда топширилади.

Агарда солиқ тўловчи юридик манзилида жойлашмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра буйруқни тақдим қилишни имкони бўлмаганда, буйруқ унинг шахсий кабинетига юборилади.

Солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, буйруқ буюртма хат қилиб почта орқали юборилади.

23. Солиқ аудити бошланишидан олдин солиқ аудитини ўтказувчи шахс қуйидагиларни амалга ошириши лозим:

шахсий хизмат гувоҳномасини ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатиши;

солиқ тўловчини ёки унинг вакилини текширув мақсади билан таништириши;

«Текширувларни рўйхатга олиш китоби»ни тўлдириши, китоб ёки унинг электрон шаклини тўлдириш имкони мавжуд бўлмаган тақдирда, бу ҳақда солиқ аудити далолатномасида қайд этиши;

солиқ аудитини тайинлаш тўғрисидаги буйруқнинг бир нусхасини солиқ тўловчига тақдим этиши;

солиқ тўловчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан текширув устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ёки тадбиркорлик субъектларининг бошқа тегишли бирлашмаларини жалб қилишга ҳақли эканлигини тушунтириши.

24. Солиқ аудити «Текширувларни рўйхатга олиш китоби» тўлдирилганидан сўнг ўтказилади.

Солиқ аудити далолатномасига «Текширувларни рўйхатга олиш китоби»нинг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда — электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки китоб тақдим этилмаганда — унинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида солиқ аудитини ўтказувчи шахс томонидан тегишли ёзув киритилади.

Солиқ аудитини ўтказувчи мансабдор шахс «Текширувларни рўйхатга олиш китоби»ни тўлдиришдан бош тортган тақдирда, солиқ тўловчи солиқ аудитининг ўтказилишига йўл қўймасликка ҳақли.

25. Солиқ аудити 2022 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни солиқ аудити тайинланганлиги тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабардор қилиш орқали ўтказилади.

2022 йил 1 январдан бошлаб солиқ аудити Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низомга (рўйхат рақами 3067, 2018 йил 7 сентябрь) асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда «Текширувларни рўйхатга олиш китоби» тўлдирилганидан сўнг ўтказилади.

Солиқ аудити натижалари солиқ органлари томонидан текширув тамомлангандан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

26. Солиқ аудитини солиқ тўловчининг ҳудудида ўтказишнинг имкони бўлмаганида, солиқ аудити солиқ органи жойлашган жойда ўтказилади. Бунда солиқ аудитини ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар солиқ тўловчи (тугатувчи) томонидан солиқ органига тақдим этилади.

4-БОБ. ТУГАТИЛАЁТГАН СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРДА СОЛИҚ АУДИТИНИ ЎТКАЗИШ ХУСУСИЯТЛАРИ

27. Ихтиёрий равишда тугатилаётган тадбиркорлик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорларда солиқ аудити Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низом қоидалари қўлланилмайдиган корхона ва ташкилотлар тугатилишида солиқ аудити уларни тегишлилиги бўйича рўйхатдан ўтказувчи органнинг хабарномаси ёки уларнинг аризасига биноан амалга оширилади.

Солиқ органида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилган Ўзбекистон Республикаси норезидентининг доимий муассасасида солиқ аудити унинг солиқ органида ҳисобга қўйилишига асос бўлган аризада ёки унга илова қилинган шартномада (мавжуд бўлган тақдирда) кўрсатилган муддат тугаганда ўтказилади.

28. Давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган тижорат ташкилотларида солиқ аудити ўтказилмайди.

29. Ихтиёрий равишда тугатилаётган солиқ тўловчида солиқ аудити охирги солиқ аудитидан кейинги солиқ даврини, лекин солиқ аудити ўтказилаётган йилдан олдинги уч йилдан ошмаган даврни қамраб олиши мумкин.

5-БОБ. ҲУДУД ВА БИНОЛАРНИ КЎЗДАН КЕЧИРИШ

30. Солиқ органларининг бевосита солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахслари кўрсатилган объектлар тўғрисидаги аниқ маълумотларнинг текширилаётган шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосланган маълумотларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида текширилаётган шахснинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланиладиган ҳудудларини ёки биносини ёхуд солиқ солиш объектларини кўздан кечиришни ўтказиши мумкин.

Ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш холислар иштирокида амалга оширилади ҳамда зарур бўлган ҳолларда, кўздан кечириш чоғида фотосуратга олиш ва видеоёзувга тушириш амалга оширилади, ҳужжатлардан кўчирма нусхалар олинади ёки кўздан кечириш билан боғлиқ бошқа ҳаракатлар бажарилади.

31. Бевосита солиқ аудитини ўтказувчи солиқ органлари мансабдор шахсларининг текширилаётган шахснинг ҳудудига ёки биносига кириши ушбу мансабдор шахслар томонидан хизмат гувоҳномалари ва солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) ушбу шахснинг солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи (қарори) тақдим этилган тақдирда амалга оширилади.

Солиқ органларининг солиқ аудитини ўтказувчи мансабдор шахсларига мазкур ҳудудларга ёки биноларга (бундан турар-жой бинолари мустасно) киришига тўсқинлик қилинган тақдирда солиқ органининг мансабдор шахси ўзи ва текширилаётган шахс томонидан имзоланадиган далолатномани ушбу Низомнинг 2-иловасига** мувофиқ шаклда тузади. Бундай далолатнома асосида солиқ органи текширилаётган шахс тўғрисида ўзида мавжуд бўлган маълумотлар ёки худди шундай солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини мустақил тарзда аниқлашга ҳақли.

Текширилаётган шахс кўрсатилган далолатномани имзолашни рад этган тақдирда мазкур далолатномага тегишли қайд киритилади.

Солиқ аудитини ўтказувчи шахсга ҳудудларга ёки биноларга (бундан турар жой бинолари мустасно) киришига тўсқинлик қилинган ёки солиқ тўловчи рўйхатга олиш маълумотларида кўрсатилган манзилида жойлашмаган тақдирда, солиқ органлари Солиқ кодексининг 111-моддасига мувофиқ солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриши мумкин.

32. Ҳудуд ва биноларни кўздан кечириш учун уларга киришга тўсқинлик қилинган ҳолат бўйича далолатнома тузилганидан кейин солиқ тўловчи томонидан ҳудуд ва биноларга киришга рухсат берилган тақдирда, солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор бекор қилинади ҳамда кўздан кечириш белгиланган тартибда амалга оширилади.

33. Ҳудуд ва бинолар кўздан кечириш натижасида ушбу Низомнинг 3-иловасига** мувофиқ шаклда баённома тузилади.

34. Агарда мазкур солиқ солиш билан боғлиқ объектлар бошқа вилоят ҳудудида жойлашган тақдирда, ушбу объектларни кўздан кечириш, солиқ тўловчининг мол-мулкини хатловдан ўтказиш ва савдо қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш солиқ аудитини ўтказувчи шахснинг мурожаати асосида объект жойлашган жойдаги солиқ органи раҳбарининг (ўринбосарининг) буйруғига биноан амалга оширилади.

6-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАЛАБ ҚИЛИБ ОЛИШ

35. Солиқ аудитини ўтказувчи шахс солиқ тўловчидан солиқ аудити учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олишга ҳақли. Бунда солиқ тўловчига ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисидаги талабнома (бундан буён матнда талабнома деб юритилади) юборилади.

Талабнома солиқ тўловчига шахсан имзо қўйдирган ҳолда топширилади. Агар талабномани мазкур усулда топшириш имкони бўлмаса, у мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган тартибда юборилади.

Талаб қилиб олинадиган ҳужжатлар солиқ органига шахсан ёки вакил орқали тақдим этилиши, почта орқали буюртма хат билан юборилиши ёхуд телекоммуникация алоқа тармоқлари ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда топширилиши мумкин.

36. Солиқ аудити давомида талаб қилиб олинган ҳужжатлар талабнома олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида тақдим этилади. Агар текширилаётган шахс талаб қилинаётган ҳужжатларни ушбу муддатда тақдим этиш имконига эга бўлмаса, у солиқ аудитини ўтказувчи шахсни бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади.

Солиқ тўловчи талаб қилинган ҳужжатларни белгиланган муддатларда тақдим этишнинг имкони йўқлиги тўғрисида унинг сабабларини кўрсатилган ёзма шаклдаги хабарномани талабнома олинган кундан кейинги кун давомида юбориши керак. Ушбу хабарномада солиқ тўловчи талаб қилинган ҳужжатларни тақдим эта олиши мумкин бўлган муддатлар кўрсатилиши лозим.

37. Солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) солиқ тўловчидан хабарномани олган кундан эътиборан икки кун ичида ушбу хабарнома асосида ҳужжатларни тақдим этиш муддатларини узайтириш ёки муддатларни узайтиришни рад этишга ҳақли бўлиб, бу ҳақда алоҳида қарор чиқаради.

38. Солиқ тўловчининг талаб қилинаётган ҳужжатларни тақдим этишни рад этганлиги солиқ аудитини ўтказувчи шахс томонидан ушбу Низомнинг 4-иловасига** мувофиқ шаклда тузиладиган ҳамда солиқ тўловчи ва солиқ аудитини ўтказувчи шахс томонидан изоланадиган далолатномада қайд этилади.

Солиқ тўловчи далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, бу ҳақда тегишли қайд киритилади. Ҳужжатларни тақдим этиш солиқ тўловчи томонидан рад этилганлиги ёки белгиланган муддатларда тақдим этилмаганлиги ушбу ҳужжатларни олиб қўйиш учун асос бўлади.

39. Солиқ аудити жараёнида солиқ органларига текширилаётган шахснинг камерал ёки сайёр солиқ текширувлари ўтказилганда илгари тақдим этилган ҳужжатларни, шунингдек солиқ мониторингини ўтказиш жараёнида тасдиқланган кўчирма нусхалар шаклида тақдим этилган ҳужжатларни текширилаётган шахсдан талаб қилиб олишга ҳақли эмас.

Агар ҳужжатлар илгари солиқ органига асл нусхалар тарзида тақдим этилиб, кейинчалик текширилаётган шахсга қайтарилган бўлса, шунингдек солиқ органига тақдим этилиб, бартараф этиб бўлмайдиган куч ҳолатлари оқибатида йўқотилган тақдирда, ҳужжатлар текширилаётган шахсдан қайта талаб қилиб олиниши мумкин.

7-БОБ. УЧИНЧИ ШАХСЛАРДАН ҲУЖЖАТЛАРНИ (АХБОРОТНИ) ТАЛАБ ҚИЛИБ ОЛИШ

40. Солиқ аудитини ўтказувчи шахс солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларга (ахборотга) эга бўлган контрагентдан ёки бошқа шахслардан ушбу ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олишга ҳақли.

41. Агар текширилаётган солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатлар (ахборот) бошқа ҳудудда ҳисобда турган солиқ тўловчидан (учинчи шахсдан) олиш талаб этилса, солиқ аудитини ўтказувчи солиқ органи тегишли ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш тўғрисида солиқ тўловчи (учинчи шахс) ҳисобда турган жойидаги солиқ органига топшириқнома юборади.

Топшириқномада солиқ аудити жараёнида талаб қилиб олинадиган ҳужжатлар (ахборот) кўрсатилади ҳамда солиқ аудитини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилинади.

Топшириқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида ҳужжатлар (ахборот) қайси шахсдан талаб қилинаётган бўлса, ўша шахснинг ҳисобда турган жойидаги солиқ органи томонидан учинчи шахсга талабнома юборилади.

Талабномага ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш тўғрисидаги топшириқноманинг кўчирма нусхаси илова қилинади.

42. Талабномани олган шахс талабнома олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида уни бажаради ёки талаб қилиб олинаётган ҳужжатларга (ахборотга) эга эмаслигини ҳабар қилади.

Агар талаб этиладиган ҳужжатларни (ахборотни) мазкур муддатда тақдим этиш имкони бўлмаса, солиқ органи учинчи шахснинг илтимосномасига кўра ушбу ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш муддатини узайтиришга ҳақли.

8-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ ВА ЭЛЕКТРОН АХБОРОТ ЖИСМЛАРИНИ ОЛИБ ҚЎЙИШ

43. Солиқ аудитини ўтказувчи шахс солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжатларни ва электрон ахборот жисмларини (солиққа оид ахборотларни сақловчи мосламалар, шу жумладан компьютернинг қаттиқ диски, ноутбуклар ва бошқалар) Солиқ кодексининг 148-моддасида белгиланган тартибда олиб қўйишга ҳақли.

44. Ҳужжатлар ва электрон ахборот жисмлари қуйидаги ҳолларда олиб қўйилади:

солиқ аудитини ўтказиш жараёнида ҳужжатларни тақдим этиш солиқ тўловчи томонидан рад этилганлиги ёки белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;

ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари етарли бўлмаса ҳамда солиқ органларида ҳужжатларнинг асл нусхалари йўқ қилиниши, яширилиши, ўзгартирилиши ёки алмаштириб қўйилиши мумкинлиги тўғрисида тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлганда.

45. Олиб қўйилган ҳужжатлар ва электрон ахборот жисмларини сақлаш зарурати тугагунга қадар сақлаб турилади.

Солиқ аудити учун аҳамияти бўлмаган ҳужжатлар ва электрон ахборот жисмлари солиқ аудитини ўтказувчи шахс томонидан кўздан кечириб бўлганидан кейин эгаларига дарҳол қайтариб берилади. Қайтарилган ҳужжатлар ва электрон ахборот жисмлари бўйича солиқ тўловчидан қабул қилиб олганлигини тўғрисида тилхат олинади.

46. Ҳужжатларнинг асл нусхалари олиб қўйилганда, солиқ органлари уларнинг сақланишини таъминлашлари шарт.

47. Ҳужжатлар ва электрон ахборот жисмларини олиб қўйиш ушбу Низомнинг 5-иловасига** мувофиқ шаклдаги солиқ аудитини ўтказувчи шахснинг асослантирилган қарори асосида амалга оширилади.

48. Ҳужжатлар ва электрон ахборот жисмларини тунги пайтда (соат 23-00 дан 06-00 га қадар бўлган вақт оралиғида) олиб қўйишга йўл қўйилмайди.

Солиқ текшируви предметига алоқаси бўлмаган ҳужжатлар ва буюмлар олиб қўйилмайди.

49. Ҳужжатлар ва электрон ахборот жисмларини олиб қўйиш холислар ҳамда ҳужжатлари ва электрон ахборот жисмларини олиб қўйиш амалга оширилаётган шахслар иштирокида ўтказилади. Барча олиб қўйиладиган ҳужжатлар ва электрон ахборот жисмлари холисларга ҳамда олиб қўйишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кўрсатилади ва зарур бўлган тақдирда олиб қўйилган жойда ўралади.

50. Ҳужжатлар ва электрон ахборот жисмларини олиб қўйиш тўғрисида ушбу Низомнинг 6-иловасига** мувофиқ шаклда баённома тузилади ва унинг кўчирма нусхаси солиқ тўловчига имзо қўйдирилган ҳолда тақдим этилади.

51. Солиқ тўловчи баённомани олишдан бош тортса, баённомага тегишли ёзув киритилади ва бир нусхаси солиқ тўловчининг шахсий кабинетига ёки почта орқали буюртма хат билан юборилади.

9-БОБ. СОЛИҚ АУДИТИНИНГ ИШТИРОКЧИЛАРИ

52. Солиқ аудитини ўтказувчи шахс ходимлар, солиқ тўловчи ва унинг вакиллари солиқ аудитининг иштирокчиларидир.

53. Солиқ аудити ўтказилишида Солиқ кодексининг 149 — 153-моддаларида белгиланган тартибда гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ва холислар жалб этилиши, шунингдек, агар юзага келадиган масалаларни тушунтириш учун илм-фан, санъат, техника ёки ҳунармандчилик соҳасидаги махсус билимлар талаб этилса, экспертиза тайинланиши мумкин.

54. Эксперт, мутахассис ва таржимонни жалб қилиш учун солиқ органи томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотига мурожаат қилинади. Мазкур шахсларни давлат органлари ва ташкилотларидан жалб қилишнинг имкони бўлмаган тақдирда эса, мустақил эксперт, мутахассис ёки таржимонлар шартнома асосида жалб қилинади.

55. Солиқ аудитини амалга оширишда гувоҳлардан кўрсатмалар олишдан аввал солиқ аудитини ўтказувчи шахс гувоҳни кўрсатмалар беришни рад этганлик ёки бундан бош тортганлик ёхуд била туриб ёлғон кўрсатмалар берганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради ва гувоҳнинг берган кўрсатмалари юзасидан ушбу Низомнинг 7-иловасига** мувофиқ шаклда баённома тузилади. Баённома солиқ аудитини ўтказувчи шахс ва гувоҳ томонидан имзоланади.

56. Экспертиза тайинлаш тўғрисида солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) солиқ аудитини ўтказувчи шахснинг илтимосномаси асосида ушбу Низомнинг 8-иловасига** мувофиқ қарор қабул қилади.

57. Солиқ аудитини ўтказувчи шахс солиқ тўловчини экспертиза тайинланганлиги тўғрисидаги қарор билан таништиради ва ҳуқуқларини тушунтириб, бу ҳақида ушбу Низомнинг 9-иловасига** мувофиқ баённома тузади.

58. Солиқ органлари ходимлари холислар сифатида иштирок этишига йўл қўйилмайди.

59. Жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва (ёки) бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари солиқ тўловчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қуйидаги ҳолларда солиқ аудити жараёнида иштирок этиши мумкин:

солиқ тўловчида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси аъзоси эканлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда;

вакилнинг хизмат гувоҳномаси ва текширишда қатнашиш учун ишончномаси бўлганда.

Вакил солиқ аудитини ўтказувчи шахс ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида улар қонуний фаолиятига аралашмаслиги лозим.

10-БОБ. СОЛИҚ АУДИТИ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

60. Солиқ аудити натижасига кўра солиқ аудитини ўтказувчи шахс томонидан мазкур Низомнинг 10-иловасига** мувофиқ шаклда уч нусхада солиқ аудити далолатномаси тузилади.

61. Солиқ аудити далолатномасига текширув давомида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари фактларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Агар солиқ аудити натижасида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари аниқланмаган бўлса, бу ҳақда солиқ аудити далолатномасида қайд этилади.

62. Солиқ аудити далолатномасининг барча нусхалари солиқ аудитини ўтказувчи шахс (шахслар) томонидан имзоланади. Солиқ аудити далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига солиқ аудити тугаганидан кейин уч кун ичида топширилади.

63. Солиқ тўловчининг солиқ аудити далолатномасидаги имзоси унинг солиқ аудити натижаларига розилигини билдирмайди.

64. Солиқ тўловчи солиқ аудити далолатномасини олишдан бош тортган тақдирда, солиқ аудитини ўтказувчи шахс бу ҳақда солиқ аудити далолатномасига тегишли ёзув киритади.

Бундай ҳолда солиқ аудити далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига почта орқали буюртма хат билан юборилади.

65. Солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномасида баён этилган фактларга ва (ёки) солиқ аудитини ўтказувчи шахснинг хулосалари ҳамда таклифларига рози бўлмаган тақдирда, солиқ аудити далолатномасини олган кундан эътиборан ўн иш куни ичида тегишли солиқ органига мазкур далолатнома бўйича умуман ёки унинг айрим ҳолатлари юзасидан ёзма эътирозларини тақдим этишга ҳақли.

66. Солиқ тўловчи ўз эътирозларининг асосланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини) ёзма эътирозларга илова қилишга ёки келишилган муддатда солиқ органига топширишга ҳақли.

67. Солиқ аудити материаллари солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органига юборилади ҳамда солиқ аудити тугаган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилади ва солиқ аудити натижаси бўйича маълумотлар солиқ текширувлари ҳисобини юритиш ахборот тизимига киритилади.

68. Солиқ аудити материалларини кўриб чиқиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш Солиқ кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.

11-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

69. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

70. Мазкур Низом талабларига риоя қилмасдан, солиқ аудитини тўлиқ, ҳар томонлама ва ҳолисона ўтказмаганлиги натижасида бюджетга ёки солиқ тўловчига етказилган зарар учун солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) ҳамда солиқ аудитини ўтказган текширувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

71. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

 *Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.06.2020 йилдан кучга кирди.

**Низомга 1–10-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

 

Прочитано: 389 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика