Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 29 / Долзарб мавзу

Давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадини декларациялаш коррупциянинг олдини оладими?

 

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни, шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг турли жиҳатларини тартибга солувчи 10дан ортиқ қонун ва 40 дан ортиқ қонуности ҳужжати қабул қилинган.

 

Коррупциянинг олдини олишда энг самарали усуллардан бири давлат органлари ва муассасалари мансабдор шахслари устидан молиявий ва бошқа назорат чораларини кучайтиришдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида янги ташкил этилаётган Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири этиб давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш, шунингдек, ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш белгиланди.

Шунингдек, агентликка Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда уч ой муддатда – «Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Амалдаги коррупцияга қарши халқаро стандартлар, жумладан, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси, Жаҳон банкининг қатор ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларда давлат хизматчилари томонидан активларнинг эълон қилиниши коррупцияга қарши самарали восита эканлиги эътироф этилган. Ҳозирги кунда давлат хизматчиларининг активлари декларацияси 150 дан ортиқ мамлакатда қўлланилмоқда. Жаҳон банкининг 2018 йилги маълумотларига асосан, 149 аъзо мамлакатдан фақат 36 тасида даромад ва мулк декларациялари талаб қилинмаган бўлиб, бу мамлакатларнинг деярли ярми Африкада жойлашган.

Давлат хизматчиларининг мулкий декларация тизими коррупциянинг олдини олиш, ноқонуний бойиш ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашнинг қудратли воситасидир. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 160 дан ортиқ мамлакатда активлар декларацияси талаблари жорий этилган. Декларацияларнинг оммавийлиги, яъни жамоатчилик учун очиқлиги уларнинг коррупцияга қарши курашишдаги аҳамиятини янада оширади, чунки фуқаролик жамияти ва журналистлар кўпинча коррупцияга қарши курашувчи органлар томонидан декларацияларнинг ҳаққонийлигини расмий текширишдаги номувофиқликларни аниқлашда асосий роль ўйнамоқда.

Ҳар қандай мамлакатда давлат хизматчиларининг активларини эълон қилиш тизимининг жорий этилиши унинг ижобий ва салбий томонлари хусусида жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Шунга асосан активлар декларациясини жорий этиш тарафдорлари қуйидаги далилларни келтиради.

Биринчидан, халқаро мажбуриятлар мансабдор шахсларнинг декларациялари уларнинг мол-мулкидаги ўзгаришларни мунтазам кузатиш имконини белгилайди. БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси 20-моддаси барча давлатларда «ноқонуний бойиш» учун жиноий жазо жорий этишни назарда тутади, ноқонуний бойишни қидириш коррупциянинг энг оддий ҳолатларини аниқлашга қаратилган.

Иккинчидан, декларациялар қўлланиладиган коррупцияга қарши курашнинг муҳим соҳаси – манфаатлар тўқнашувларининг олдини олишдир.

Учинчидан, декларация тизимини коррупцияга қарши курашда самарали қўллаш учун муҳим далил – виждонсиз (нопок) давлат хизматчиларини жавобгарликка тортишни соддалаштиришдир. Пора ёки бошқа фойда олиш далилларини исботлаш жуда қийин бўлиши мумкин. Шу билан бирга, агар мамлакатда декларацияда тўлиқ бўлмаган маълумотларни қасддан тақдим этганлик учун жиноий жавобгарлик мавжуд бўлса, ушбу норма бўйича жавобгарликка тортиш муқаррарлигини таъминлаш мумкин. Декларациялар бўлмаса, муайян мулкни сотиб олишда маблағнинг ноқонуний келиб чиқишини исботлаш учун жуда кўп ресурс ва процессуал ҳаракатлар талаб этилади. Агар декларациялар топширилган бўлса, у ҳолда декларацияларда кўрсатилмаган мулкнинг мавжуд бўлиши ўз-ўзидан қонунбузилиши ҳисобланади.

Тўртинчидан, декларацияларнинг мавжудлиги ўғирланган активларни қайтаришда муҳим роль ўйнаши мумкин. Замонавий дунёда, хорижда кўчмас мулк сотиб олганда ва мамлакатда муаммоларга дуч келганда, амалдор мамлакатни тарк этадиган вазиятлар мунтазам равишда юзага келади. Декларациялаш тизими мавжуд бўлмаганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ушбу мулк ноқонуний манбалардан олинган пул билан сотиб олинганлигини исботлаши лозим. Агар декларациялар тизими самарали ишлаётган бўлса, уни исботлаш мажбурий бўлмайди, декларацияларда мулк йўқлигини кўрсатиш кифоя саналади.

 

Активлар декларациясини жорий этишга қаршилар қандай фикрда бўлишлари мумкин?

Биринчидан, бундай тизимни амалга ошириш ва сақлаш учун давлат томонидан қилинган бевосита харажатларга урғу бериб, ушбу механизмнинг сарф-харажатлари декларация тизимининг ўзига хос жиҳатларига қараб катта фарқ қилиши мумкин. Давлат энг оддий усулда сўровномаларни тўлдириш ва уларни архивлаш харажатларини ўз зиммасига олади. Декларацияларда кўрсатилган маълумотларни тасдиқлаш юқори сифатли тизимда амалга оширилиши сабабли жиддий харажатлар талаб қилинади.

Иккинчидан, давлат билвосита йўқотишларга, жумладан, ходимларни йўқотиш хавфига дуч келади. Даромадлар ва мулк тўғрисида декларацияларни топшириш мажбурияти давлат хизматининг жозибадорлигини камайтирадиган қўшимча талабдир. Агар декларацияда яқин қариндошлар тўғрисидаги маълумотлар киритилган бўлса ва маълумотлар оммага эълон қилинса, бу мажбурият янада оғирлашади. Шахслар ишга қабул қилинишида оиласининг даромади ва мол-мулкини декларация қилиш мажбуриятини қабул қилишдан бош тортиши ва хусусий секторда ишлашни афзал кўриши мумкин.

Учинчидан, давлат хизматчиларининг мол-мулки тўғрисида маълумотларнинг нашр этилиши жиноятчилар учун шубҳасиз қизиқиш уйғотиши, декларация топширадиган шахсларга хавф туғдириши мумкин.

Тўртинчидан, мансабдор шахс томонидан нақд пул маблағлари ва давлат рўйхатидан ўтказилмайдиган мол-мулк тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини текшириш деярли мумкин эмас.

Бешинчидан, биринчи декларацияни топширишда мансабдор шахслар келгусидаги харажатларни тушунтириш имкониятини таъминлаш учун нақд пул миқдори ва қимматбаҳо мулк қийматини ошириб юбориши хавфи ҳам мавжуд.

Олтинчидан, улар банк сири, мулкий ҳолати ва бошқалар билан боғлиқ қатор инсон ҳуқуқларининг бузилиши тўғрисидаги далилни алоҳида таъкидлайдилар.

Декларацияланган активлар масаласи ҳам баҳс-мунозараларнинг марказида туради. Кўпгина мамлакатларда мансабдор шахслар нафақат даромадларини, балки активларини ҳам декларация қилиши шарт. Бунда мулкнинг кенг доираси эълон қилиниши мумкин – кўчмас мулк, ҳар хил турдаги кўчар мулк (йўл транспорти воситалари, кемалар, қадимий қадриятлар ва санъат асарлари, ҳайвонлар (масалан, Хорватияда)), ҳатто қурилиш материаллари (масалан, Беларусда ва бошқалар), акциялар ва бошқа нарсалар, бошқа қимматли қоғозлар, берилган ссудалар, банк омонатлари ва нақд пуллардаги омонатлар.

Давлат хизматчиларининг даромадлари тўғрисидаги маълумот сингари, активлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам маълум манфаатлар тўғрисида фикр юритишга имконият яратади. Масалан, маълум бир парламент аъзоси муайян бир жойда кўчмас мулк эгаси эканлигини билиш мазкур масала бўйича ўз позицияси тўғрисида тушунча олишга кўмаклашади. Ушбу жойнинг ҳолати билан боғлиқ ҳар қандай тарзда шунга ўхшаш, унга тегишли бўлган қимматли қоғозлар тўғрисидаги маълумотлар иқтисодиётнинг маълум бир соҳасидаги ташаббусларини танқидий баҳолашга имкон беради.

Шу билан бирга, ҳеч бўлмаганда баъзи тизимларда активларни декларациялашни талаб қиладиган муҳим сабаб молиявий аҳволни назорат қилишдир. Хусусан, активлар ва даромадлар тўғрисидаги маълумотлар мансабдор шахсларнинг молиявий аҳволидаги ўзгаришлар уларнинг қонуний даромадлари билан боғлиқ ёки йўқлигини баҳолашга имкон беради. Бундай ҳолларда декларацияларда активларни тўплашнинг барча мумкин бўлган турлари кўрсатилиши муҳимдир.

Хулоса қилиш мумкинки, жисмоний шахсларнинг даромад ва харажатлари тўғрисида декларация амалиёти бутун дунёда коррупция ҳуқуқбузарликларига қарши курашишда кенг тарқалган институт ҳисобланади. Декларация, унда баён этилган маълумотларнинг ошкоралиги давлат хизматига қадр-қиммат ва кўрсатган хизматлари асосида кириш учун зарурий шарт ҳисобланади. Шунингдек, жаҳон амалиётида парламент аъзолари учун ҳам тадбиркорлик ва хусусий шахслар манфаатларини ҳимоя қилишни чеклашга қаратилган активларни декларациялаш тизими кенг тарқалган. Жисмоний шахсларнинг умумий декларацияси шаффофлик, ҳисобдорлик ва давлатнинг иқтисодий ўсишини кафолатлайдиган муҳим восита саналади. Хорижий давлатларда давлат мансабдор шахсларининг декларация тизимига тўлиқ ва бепул кириш имконияти учун ташкилий-ҳуқуқий тартиб-таомиллар ҳам ишлаб чиқилган.

Қайд этиш лозимки, давлат хизматчиларининг барча тоифалари учун активларни декларация қилиш тизимининг бир уринишда жорий этилиши катта ресурсларни талаб қилиб, уни тегишли тайёргарлик ишларини қилмасдан амалга ошириш қийин. Активлар декларациясини киритишда дастлаб ижро ҳокимияти, прокуратура, хавфсизлик идораларининг давлат хизматчилари, шунингдек, давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари билан чекланиш таклиф этилади.

 

Баҳодир ИСМОИЛОВ, 

Бош прокуратура академияси

Коррупцияга қарши курашиш

илмий таълим маркази бошлиғи;

Умид АБДУРАҲИМОВ,

Бош прокуратура академияси

магистранти.

ЎзА.

Прочитано: 422 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика