Ташкилотимиз жисмоний шахсларга бузилган турар жойлар учун компенсация сифатида бериш мақсадида квартиралар сотиб олди. Етказиб берувчи 15%лик ҚҚСни ажратиб кўрсатган ҳолда квартираларга ЭҲФни тақдим этди.
Мазкур ҳолатда ҚҚС суммасини ҳисобга олиш мумкинми?
– Саволингизга шартнома ва жисмоний шахсларга бузилган турар жойларига ўрнига квартиралар берилишини расмийлаштириш шартларидан келиб чиққан ҳолда жавоб бериш лозим.
Квартираларни ҚҚС суммасини ажратиб кўрсатган ҳолда берадиган бўлсангиз, уларни сотиб олишда тўланган ҚҚСни ҳисобга олишингиз мумкин (СК 266-м. 1-қ. 1-б.).
Квартира бепул берилганда ушбу айланмага ҚҚС солинади, шундай бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар бундан мустасно (СК 239-м. 1-қ. 2-б.). Мазкур ҳолатда тўланган ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли бўласиз.
Турар жой бузилганда қурувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация тўлаши лозим. Мазкур ҳолатда квартирани бепул бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган ҳисобланади ва ҚҚС солинмайди (СК 239-м. 3-қ. 3-б.). Бу солиқ солинмайдиган айланма бўлганлиги сабабли у бўйича ҚҚСни ҳисобга олишингиз мумкин бўлмайди.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.