Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 17 / Нуқтаи назар

Кўздан кечириш ва сўров ўтказиш тадбири – солиқ назоратининг янги шаклими?

Маълумки, Президентимизнинг «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (26.06.2018 йилдаги ПҚ-3802-сон, кейинги ўринларда ПҚ-3802-сон қарор) асосан давлат солиқ хизмати органлари 2018 йил 1 октябрдан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўладиган кўздан кечириш далолатномасини тузиш орқали солиқ тўловчиларнинг паспортлаштирилишини юритмоқдалар.

 

Бинобарин, Солиқ кодексига паспортлаштиришни назарда тутувчи қоидалар киритилмади, балки Кодекснинг солиқ назоратининг алоҳида шакли – солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олишни тартибга солувчи 68-моддаси қуйидаги таҳрирдаги бешинчи ва олтинчи қисмлар билан тўлдирилди:

«Давлат солиқ хизмати органларида мавжуд бўлган солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари заруратга қараб, лекин йилига кўпи билан бир марта кейинчалик солиқ солинадиган базага тузатишлар киритиш учун солиқ тўловчида кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказишни амалга оширишга ҳақли.

Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади».

Мазкур ўзгартиришларда «паспортлаштириш» тушунчаси қўлланилмади, балки у солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида солиқ тўловчида ўтказиладиган кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш тадбири сифатида белгиланди. Бундан ташқари, мазкур тадбирга «сўров ўтказиш» ҳам киритилди. Ҳолбуки, ­ПҚ-3802-сон қарорда «сўров ўтказиш» назарда тутилмаган эди.

2019 йил 4–19 апрель кунлари www. regulation.gov.uz Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.

Мазкур ҳужжат лойиҳаси билан тасдиқланадиган Низом «Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги низом» деб номланса-да, аслида лойиҳа мазмуни солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида солиқ тўловчиларда кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш тартибини белгилайди. Шунинг учун, фикримизча, Низом лойиҳаси номини «Солиқ тўловчиларда солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш тартиби тўғрисида низом» деб номласа тўғрироқ бўлар эди.

 

Низом лойиҳасининг 2-бандида кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш тадбири – давлат солиқ хизмати органлари томонидан заруратга қараб, лекин йилига кўпи билан бир марта кейинчалик солиқ солинадиган базага тузатишлар киритиш учун солиқ тўловчида кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш орқали амалга ошириладиган солиқ назорати шакли деб белгилаган.

Аммо таъкидлаш керакки, Солиқ кодекси 67-моддасида 13 та солиқ назорати шакллари санаб ўтилган ва унда кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш алоҳида солиқ назорати шакли сифатида қайд этилмаган. Солиқ кодекси 68-моддасига мувофиқ кўздан кечириш ва сўров ўтказиш алоҳида солиқ назорати шакли ҳисобланувчи солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олиш жараёнида ўтказиладиган тадбир ҳисобланади холос.

 

Шунингдек, Низом лойиҳаси ­8-бандида кўздан кечириш ва сўров ўтказиш тадбири давомида солиқ тўловчининг ҳужжатларини кўздан кечириш ва зарур ҳолларда тегишли ҳужжатлардан нусха олиш, солиқ тўловчига тегишли савдо ва ишлаб чиқариш объектларини, омборхоналарни, бошқа бино ва иншоотларни, шу жумладан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни, солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳамда уларнинг ҳужжатларини кўздан кечириш, зарур ҳолларда ушбу объектларни фото ва видеотасвирга олиш ҳамда мутахассислар, экспертлар ва таржимонларни тадбир жараёнига жалб этиш ва улардан хулоса олиш ҳуқуқлари берилган.

Ҳолбуки, ҳужжатлар нусхаларини олиш мазкур тадбир давомида амалга оширилиши керак эмас. Чунки, биринчидан, Солиқ кодекси 94 ва 95-моддалари қоидаларига мувофиқ ҳужжатларни талаб қилиш ва олиб қўйиш солиқ текширувлари тадбирларидан ҳисобланади ва фақатгина мазкур солиқ назорати шакли амалга оширилган пайтда қўлланилиши керак. Иккинчидан, Солиқ кодекси 68-моддасида солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олиш жараёнида объектларни фото ва видеотасвирга олиш, мутахассислар, экспертлар ва таржимонларни тадбир жараёнига жалб этиш ва улардан хулоса олиш назарда тутилмаган. Мазкур тадбирлар ҳам солиқ текшируви, хусусан, мавзули экспресс-ўрганиш жараёнида амалга ошириладиган тадбирлар ҳисобланади.

Гап шундаки, Солиқ кодекси ­2-моддасига асосан солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Солиқ кодекси қоидаларига мувофиқ бўлиши шарт. Демак, солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом ҳам Кодексга мос бўлиши зарур.

 

Низом лойиҳаси 17-бандида тадбир жараёнида солиқ объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар бўйича камчиликлар аниқланган тақдирда солиқ тўловчи билан профилактик суҳбат ўтказилади ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан солиқ тўловчига расмий огоҳлантириш хати берилади, деб белгиланган. Умуман олганда, солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш давомида таъсир чоралари қўлланилиши керак эмас. Чунки Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни хронометраж кўздан кечиришдан ўтказиш ҳамда камайтирилган тушум суммасидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 3.04.2019 йилда 3148-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 9-бандида солиқ тўловчиларнинг солиқ объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлари тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида кўздан кечириш ва сўров ўтказиш жараёнида тузилган маълумотномалардаги товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушган тушумларни ҳамда ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, қурилиш, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-қурилиш ҳажмларини камайтириб кўрсатишга оид шубҳали маълумотлар солиқ тўловчиларда хронометраж кўздан кечириш ўтказиш тайинлаш учун асос бўлиши белгиланган.

Давлат солиқ хизмати органлари «жазоловчи орган» эмас, балки солиқ тўловчиларга хизмат қилувчи орган бўлиши керак. Зеро, ­ПҚ–3802-сон қарорда ҳам солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори бўлиши лозимлиги белгиланган. Шунинг учун солиқ тўловчи билан «профилактик суҳбат» ўтказиш эмас, унга камчиликларни бартараф этишга тавсия бериш, зарур бўлган ҳолларда эса, кўмак бериш керак.

Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармонида (29.06.2018 йилдаги ПФ-5468-сон) солиқ назоратининг шакл ва механизмларини, шу жумладан, солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ тўловчиларни янада тўлиқ қамраб олиш ва ҳисобини таъминлайдиган замонавий АКТни кенг жорий этиш ҳисобига такомиллаштириш мамлакатимиз солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган. ­Аммо шунга қарамай, 2018 йилнинг ўзида солиқ қонунчилигига бевосита солиқ тўловчи фаолият олиб бораётган жойда солиқ тўловчи билан бевосита мулоқотга киришган ҳолда амалга ошириладиган 2 та солиқ назорати шакли – хронометраж кўздан кечириш ва мавзули экспресс-ўрганиш киритилди. Кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш тадбири ҳам солиқ тўловчи ва давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг бевосита мулоқоти орқали амалга ошириладиган тадбир ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, жойларда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.

 

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни 20-моддасида «давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг масофавий шаклларини кенг жорий этиш» тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олди олишга доир асосий чора-тадбирлардан бири сифатида белгиланган. Демак, солиқ назорати шаклларини қўллашда солиқ тўловчи ва солиқчи ўртасидаги ўзаро мулоқотни чеклайдиган АКТларни фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Маълумки, Президентнинг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сон қарори билан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга 2 йил муддатга мораторий эълон қилинган.

 

Фикримизча, хронометраж кўздан кечириш, мавзули экспресс-ўрганиш, солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш номлари остида янги солиқ текширувларининг амалиётга кириб келиши Президентимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини текшириш бобида эълон қилган мораторийдан кўзланган мақсадларга мувофиқ келмайди.

 

Ихтиёржон ТЎРАБОЕВ,

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.

 

Прочитано: 638 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика