Norma.uz

«Obod uy»: сараги – саракка, пучаги – пучакка

 

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида уй-жой мулкдорлари ва ХУМШ онлайн-маълумотлар базаси ишламоқда

 

Йил бошида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги тўртта даҳа (Қорасув-1, 2, 3, 4) аҳолиси «Obod uy» дея ном олган янгиликнинг гувоҳи бўлди. Унинг ўзи нима эканлиги ва қай мақсадда ташкил этилганлиги ҳақида ХУМШнинг кўпчилик раҳбарлари ва аъзоларида ҳанузгача тўлиқ тушунча йўқ. Уни Мирзо Улуғбек тумани ХУМШ уюшмаси илгари сурмоқда. Умуман олганда, бу умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадаллар тўланишини ҳисобга олувчи ахборот тизимидир. Унинг кетидан ширкатлардаги муҳрлар билан бирга мазкур даҳалардаги ХУМШнинг бутун бухгалтериясини ўз қўлига олиб, кўп норозиликларни келтириб чиқарган яна бир янгилик амалга киритилди. Кимдир Ягона ҳисоб-китоб маркази (ЯҲМ) бухгалтерия ҳисобини юритиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатмоқда, деб ҳисоблаяпти. Уй-жой соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот доирасида ана шундай марказлар ташкил этилиши назарда тутилган. Кимдир – шаҳар ЯҲМнинг (дарвоқе, у ҳали ташкил этилгани йўқ) туман филиали деб, учинчиси – штаб деб қабул қилмоқда. Аксарият қисми – ривожланиш босқичидаги «Obod uy» деб ҳисобламоқда. Қисқаси, аниқлик йўқ. Бу эса ҳар хил ўй-хаёллар, миш-мишларни юзага келтиради, норозиликка, ижтимоий тармоқларда қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилишига, таҳририятга мурожаат қилинишига сабабчи бўлади. Биз Тошкент шаҳар ХУМШ уюшмаси раиси Кристина Тантибоева билан биргаликда Мирзо Улуғбек туманидаги янгиликлар билан танишишга киришдик. Пойтахтимизнинг барча туманларида ушбу пилот лойиҳалар татбиқ этилиши назарда тутилаётганлиги боис бу маълумотлар келгусида ҳамма учун фойдали бўлади.

 

«Obod uy» нима ўзи?

Бу ХУМШ аъзоларининг мажбурий бадаллари тўланишини ҳисобга олувчи интеграцияланган тизим, уй эгасининг электрон картасидир. «Obod uy» ВМнинг «2017–2019 йилларда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (12.12.2016 йилдаги 400-сон) доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳа ижрочиси – Ахборот коммуникациялари вазирлиги, унинг қиймати – 1 200 млн сўм. У ширкатлар аъзолари ва раҳбарларига мўлжалланган. У 32 та ХУМШ, 179 та кўп квартирали уйда яшовчи 9 075 та мулкдорни қамраб олган. Уй-жой мулкдорлари ва ХУМШни онлайн-маълумотлар базасига улаш бепул.

«Obod uy» тизими нима учун керак? Аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг маблағлари ҳаракати шаффофлигини таъминлаш учун. Ўз балансларини исталган пайтда онлайн режимда текшириб, пуллари ҳисоб-китоб счётига тушгани, белгиланган мақсадга, уйдаги умумий мол-мулкни яхшилаш ишларини бажаришга йўналтирилганлигига ишонч ҳосил қилсинлар. ХУМШ аъзолари ва раҳбарияти ўртасида юзага келадиган асосий савол ана шу.

Уй аҳли ушбу жараённи ўзлари, «Obod uy»сиз назорат қилишларига нима халақит беради? ХУМШ иши тўғрисида ахборотнинг йўқлиги ва ушбу маълумотларни ошкор қилишдан манфаатдор бўлмаган раҳбариятнинг суиистеъмолчиликлари. Ўз ширкати фаолиятидан норози бўлган кўп фуқаролар масалага ойдинлик киритишни, бунга вақтлари, асабларини кетказишни истамайдилар – шикоят билан чекланиб қўя қоладилар. Уларнинг бехабарлиги ва сусткашлиги масъулиятсиз раҳбарга қўл келади. Бу ҳолатда ахборот ололмасликлари аниқ. Одатда икки хил бухгалтерия юритувчи ширкатлар аслида бошқа мақсадни кўзлаб, кредит кетидан яна кредит олаверадилар (уларни қайтариш ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайдилар). Буларнинг бари ХУМШ аъзоларини хабардор қилмай, умумий йиғилишларда уларнинг фикрини олмай туриб амалга оширилади. Оқибатда – бадаллар жуда ошиб кетади, пул эса доим йўқ бўлади.

Муваффақиятли фаолият юритаётган ширкатларда «шаффофлик – ишонч – бошқарув кўмаги – тўлов интизомини ошириш – уй аҳли фаоллигининг ошиши» занжири натижани таъминлайди. Пуллари четга кетмай, ишлар амалда бажарилаётганининг гувоҳи бўлган одамлар бадалларни бажонидил тўлайдилар. Шу сабабли ХУМШ очиқ-ойдин ишлашини таъминлаш фақат фойда келтиради. Соғлом фикрловчи киши бунга эътироз билдирмайди.

 

«Obod uy» бунга қандай эришади?

«Obod uy» онлайн-базасининг шахсий кабинетида – турар жой, бадал таркиби, ойлик ҳисобланмалар, ойма-ой тўловлар тарихи, қарздорлик, шу жумладан уйнинг умумий қарзи бор-йўқлиги ҳақида ахборот бор. Шу ернинг ўзида уйда авария юз берганда қўнғироқ қилиш лозим бўлган телефон рақамлари кўрсатилган. Вақтни тежаб, квартирадан туриб ХУМШга буюртманомалар бериш имкони борлиги ҳам яхши. Уйнинг техник тавсифи, ширкат иши тўғрисида ахборот – таъсис ҳужжатларидан жорий ҳужжатларгача бор. Бу ерда уй аҳли учун айниқса муҳим бўлган бадаллар оширилиши, олинган кредитлар ва уларнинг сўндирилиши тўғрисидаги умумий йиғилишлар баённомалари, ХУМШ фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар, даромадлар ва харажатлар сметаси акс эттирилган бўлиши лозим. Уйдан чиқмай туриб, ҳужжатлар билан танишиб чиқиш мумкин. Қулайми? Шубҳасиз. Режада – уй аҳли ўртасида сўровлар ўтказиш, ХУМШ ишини баҳолаш ва шу каби мақсадлар турибди. Ширкат аъзолари учун фойдали ресурс. Шунга ўхшаш Латвия тажрибаси ҳақида «Норма маслаҳатчи» газетасининг 17.07.2018 йилдаги 29 (678)-сонида ёзган эдик.

 

Тўлқин мавжланди

Моҳиятан олганда, «Obod uy» фойдаланувчиларга ҳеч қандай мажбурият юкламайди. Бу АКТ маҳсулоти, аҳоли учун ХУМШ ҳақида фойдали ахборот берилган сайт. Улар учун бепул совға. Истасангиз – қабул қилинг, истамасангиз – йўқ. Ҳеч қандай мажбурлаш йўқ. Фойдали совғадан воз кечсангиз, ютқазасиз. «Obod uy» тизими аҳоли пулини ўғирлаяпти, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилаяпти қабилидаги гапларнинг бари ёлғон. Фуқаролар тизим мақсади ва вазифаларидан бехабарлиги оқибатида шундай миш-мишлар тарқалаяпти. Бу унинг ташаббускорлари йўл қўйган катта камчилик, улар олдиндан ахборот кампаниясини ўтказиш муҳимлигини назардан четда қолдирганлар.

«Obod uy» ХУМШнинг ишончли ахборотидан фойдаланиши жуда муҳим. Акс ҳолда қўйилган мақсадга эришмайди, ўз моҳиятини йўқотади, аҳоли ўша-ўша ҳолида қолаверади. Мурожаатларга қараганда, айнан шундай бўлаяпти. Фуқаролар тизимда кўпинча бадаллар нотўғри ҳисоблангани; тўловлар шахсий кабинетда акс этмаслиги; кредитлар олиш, бадал миқдорини ошириш тўғрисидаги муҳим қарорлар остига қалбаки имзолар қўйилган сохта умумий йиғилишларнинг баённомалари тақдим этилганлигидан шикоят қилмоқдалар.

Бизга тушунтиришларича, «Obod uy» ахборот тизими сифатида ХУМШни назорат қилиш ваколатини олмаган. Бу унинг аъзоларининг иши. Унинг мақсади – аҳоли учун ХУМШ иши тўғрисидаги ахборотни очиб бериш. Токи улар ҳақиқий манзаранинг гувоҳи бўлиб, фаоллик кўрсатсинлар, ўз уйлари ва пулларини ишониб топширган шахсларни ўзлари назорат қилсинлар. Бу мантиққа тўғри келади.

Бироқ аҳолига ёрдам бериш ниятида ташкил этилган «Obod uy» аввалбошдан ишонч туғдирмай, норозиликларни келтириб чиқаришига нима сабабчи бўлди?

У билан параллель равишда Мирзо Улуғбек тумани ХУМШ уюшмасида иккинчи пилот лойиҳа – ХУМШ учун марказлаштирилган ягона бухгалтерия иш бошлади. Унинг ходимларининг сўзларига қараганда, улар ўзаро боғлиқ бўлмаган иккита буткул турли маҳсулот. Бироқ аҳоли бундан бехабар бўлгани сабабли улар яхлит тизим деб қабул қилинмоқда, ягона бухгалтерия хато равишда «Obod uy» деб номламоқда. Уй аҳли бухгалтерия ишига алоқадор муаммоларни ахборот тизимига боғлаб, улар ўртасидаги фарқни кўрмаяпти.

 

«Obod uy» ғоясига нималар тўсқинлик қилмоқда

Биз тизим ишига алоқадор бўлган ўқувчиларнинг мурожаатларидаги қатор саволлар, ижтимоий тармоқлардаги фикр-мулоҳазаларни умумлаштирдик.

 

1. «Obod uy» мақсади ва вазифалари ҳақида олдиндан кенг ахборот кампанияси ўтказилмаган.

 

2. Бадалларни тўлашга квитанция олиш учун одамлар ягона бухгалтерияга мурожаат қилишлари керак. Илгари уларни ширкатлардан олиш қулайроқ эди.

Квитанцияни уйда ёки ширкатлар жойлашган маҳаллалар ҳудудидаги операторлик пунктларида ёхуд ягона бухгалтерияда қоғозга чиқариш, ҳақни эса исталган банкда тўлаш мумкин.

 

3. «Obod uy»даги шахсий кабинетда тўловлар акс этмайди.

«Obod uy» ҳозирча онлайн режимда тўловларни акс эттирадиган банк тизими билан интеграцияланмаганлиги сабабли шундай вазият юзага келмоқда. Яқин орада «Obod uy» ЎзР Марказий банки ягона клиринг тизимига уланади, бу тўлов тўланганлиги ҳақида фойдаланувчига дарҳол хабар бериш имконини яратади.

 

4. Тизимдан фойдаланувчилар тўловни тасдиқлашлари керак.

«Obod uy»ни Марказий банкнинг клиринг тизимига улаш масаласи ҳал этилмагунча аҳоли тизимдаги шахсий кабинетда тўловни кўриш учун уни тасдиқлаши керак бўлади. Бунинг учун ягона бухгалтерияга квитанция билан келиш ёки унинг фотосуратини Телеграмда кўрсатилган ягона бухгалтерия рақамига жўнатиш зарур. Фойдаланувчи учун бу ноқулай, уларни тушуниш мумкин. Фуқаро ўз мажбуриятини бажариб, бадалларни тўлади, қолгани билан иши бўлмаслиги керак. Тизим иши яхши йўлга қўйилмаганлиги, банклар билан ҳамкорлик қилинмаётганлиги сингари муаммоларнинг унга дахли бўлмаслиги даркор.

Тизимдан фойдаланувчилар амалга оширган тўловлар ҳақида тезкор ахборот бериш мақсадида Телеграмда банкирлар учун «Obod uy» гуруҳи ташкил этилган. Бироқ у тез-тез янгилаб турилмайди. Тўловлар ҳақида ҳар куни ахборот берилмайди. Баъзан тўловчиларнинг фамилиялари, манзиллари, шахсий счётларини кўрсатмаган ҳолда тўловларнинг умумий сони ва миқдори қайд этилади.

 

5. Тўлов тўланганлиги ҳақидаги квитанциялар қўл билан қайд этилади.

Тўловлар тўланганлиги қўл билан қайд этиб тасдиқланади. Ахборот тизимига инсон омили аралашган жойда доим қонунбузарлик хавфи юзага келади. Масалан, иши кўпайган пайтда бухгалтер адашиб бошқа катакча, бошқа сатрга белги қўйиши мумкин. «Obod uy» клиринг тизимига уланиши билан ушбу муаммога барҳам берилишини бизга маълум қилдилар.

 

6. Шахсий кабинетдаги турар жойнинг умумий майдони фарқланади.

Туманлар ҳамда шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри органи маълумотлар базалари бирлаштирилмаганлиги оқибатида ана шундай ҳолатлар юз беради. Натижада мулкдор квартиранинг эски режасини янгиламаган бўлса, фойдаланувчининг шахсий кабинетида квартиранинг умумий майдони кадастр хизмати маълумотларига мос келмаслиги мумкин. Ёхуд янгилаган бўлса ҳам, туман хизмати маълумотларни шаҳар хизматига тезкор топширмаган бўлади. Бу муҳим масала. Бадал, ХУМШга тушумлар миқдори унга боғлиқ, сабаби бадал турар жойларнинг умумий майдонидан келиб чиқиб ҳисобланади. Майдонларни аниқлаштириш билан ширкатлар шуғулланиши лозим эди, бироқ улар бу ишнинг уддасидан чиқа олмадилар. Ҳозир бу масала билан ягона бухгалтерия шуғулланмоқда.

 

7. ХУМШ билан алоқа ўрнатилмаган.

Ахборот тизимида аҳолининг ХУМШга мурожаат қилишини назарда тутувчи «Менинг буюртманомаларим» сервиси ишламайди. Фойдаланувчилар буюртманома қабул қилинганлиги ҳақидаги ахборот тизимда бир ойдан сўнг ва ундан ҳам кеч пайдо бўлишидан шикоят қилмоқдалар. Тизим «буюртманома ХУМШга берилган, ижроси назорат остига олинган» дея хабар беради, вассалом. Ваъда қилинган назорат йўқ. ХУМШга етиб борадими-йўқми – номаълум. Бизга «Obod uy» назорат функцияларини бажармаслигини эслатиб қўйдилар. Фойдаланувчи буюртманомалар билан бевосита ХУМШга мурожаат қилишини таъминлаш учун ушбу сервисга ишлов бериш керак. Кейинчалик эса – форумларда уй хўжалигига оид масалаларни муҳокама қилиш, умумий мол-мулкни бошқариш масалалари бўйича қарорларни электрон тарзда қабул қилиш мумкин бўлади.

 

8. «Obod uy»да нотурар жойлар мулкдорлари кўрсатилмаган.

Ахир улар ҳам умумий мол-мулкни сақлаш учун бадаллар тўлайдилар, айрим ширкатларда улар ХУМШ аъзоларининг бадалларидан бир неча баробар юқори бўлади. Уларнинг тушумлари даромадлар ва харажатлар сметасида акс этиши лозим. Бундай қилинмаса, уларнинг пуллари қаерга кетаяпти, ширкат нотурар жой мулкдори билан шартнома тузганми ёки томонлар ўзаро келишиб оладиларми деган саволлар юзага келади.

 

9. Шахсий кабинетда ХУМШ фаолиятига доир муҳим ҳужжатлар: раиснинг ҳисоботлари, даромадлар ва харажатлар сметалари, бадал таркиби, кредитлар олинганлиги ва сўндирилганлиги ҳақида ахборот ва ҳ.к. мавжуд эмас.

Бу дастурнинг камчилиги. Унга кириш имкони йўқлиги боис ХУМШ раиси ушбу блокларни тезкор тўлдириб, янгилай олмайди. Масала ҳал этилиши керак, акс ҳолда тизим ўз вазифасини бажармаган бўлади.

 

10. ХУМШ фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларда нотўғри ахборот акс эттирилган.

Бунда аслида ўтказилмаган умумий йиғилишлар баённомалари ёки муҳим ҳужжатлар остидаги ХУМШ аъзоларининг сохта имзолари ҳақида сўз бормоқда. «Obod uy» ёрдамида бундай ахборот ошкор бўлган, бироқ тизимнинг ўзи ушбу жараённи назорат қила олмайдиган бўлса, нима қилмоқ керак? Бундай ҳолларда у мулкдорларга ХУМШдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги барча ахборотни кўрсатиш орқали ижобий таъсирини кўрсатиб улгуради, бу аҳолининг ўзи ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар чора кўриши учун асос бўлиши керак.

 

11. Тизимга тезкор ишлов беришнинг имкони йўқ.

Дастурчи қўшимча ишлов беришни талаб этадиган «Obod uy»нинг заиф жойларини топадиган маъмурлар билан бевосита ишлаши керак.

 

12. Мулкдорнинг электрон картаси учун айримлар 5 000 сўм тўлашига тўғри келди.

Бизга хабар беришларича, «Obod uy» тизимига кириш учун мулкдорнинг электрон картаси бепул тарқатилган экан. Бироқ бунда пул ишлаб олишга қарор қилган ноинсофлар ҳам топилибди.

 

Якун ясаймиз

Тошкент шаҳар ХУМШ уюшмаси раиси Кристина Тантибоева:

– «Obod uy» – пилот лойиҳа, амалга оширилаётган даврда синовдан ўтказилиб, такомиллаштирилиб бормоқда. Демак, дастурчи маъмурлар билан бирга ишлаб, амалиётга, таклиф ва фикр-мулоҳазаларга таянган ҳолда тизимга қўшимча ишлов бериши лозим. Ҳозирча дастур сервери топширилган УКХ вазирлиги уларнинг барчасини кўриб чиқмоқда. Ундан пойтахтнинг бошқа туманларида фойдаланилиши кўзланмоқда. Шу сабабли ҳам у хомаки эмас, балки қўшимча ишлов берилган, янада функционал маҳсулот бўлиши лозим. Вақт ўтиши билан мулкдорлар уй хўжалигини бошқаришда иштирок этишига имкон берадиган ресурсга айланиши мумкин.

 

Аксарият ҳолларда бўлганидек, лойиҳа ташаббускорлари уни ишлаб чиққач, буткул тақдир измига ташлаб қўмасликларига умид билдириб қоламиз.

 

 

Муҳрсиз муносабатлар

 

Мирзо Улуғбек туманида бир қатор ХУМШ муҳрдан маҳрум бўлди

 

Мирзо Улуғбек тумани ХУМШ уюшмаси ҳузурида ярим йил аввал ташкил этилган марказлаштирилган ягона бухгалтерия аввалбошдан норозиликларга сабабчи бўлди. Туманнинг тўртта даҳасидаги (Қорасув-1, 2, 3, 4) ширкатларга ихтиёрий-мажбурий тартибда ХУМШ муҳрлари ва бутун бухгалтериясини унга топширишлари кераклиги хусусида кўрсатма берилди. Бу каби кескин ва кишини шошилтириб қўядиган қарор қабул қилинишига нима асос бўлди?

 

УКХ вазирлигида тушунтиришларича, туман ХУМШ уюшмаси ҳузурида ягона бухгалтерия ташкил этилишига у ерда «Obod uy» уй-жой мулкдорларининг онлайн-маълумотлар базаси ишга туширилгани муайян даражада туртки бўлди. Унинг мақсади – аҳоли маблағлари ҳаракатланиши ва умуман ширкат ишининг шаффофлигини таъминлаш. Бироқ шаффофлик аниқ ҳисобга олинган маълумотларга асосланиши лозим. Айнан шу маълумотлар панд бермоқда. Аксарият ХУМШларда бухгалтерия ҳисоби қонунларни бузган ҳолда юритилган. Натижада ҳеч қандай шаффофлик ва ишончлилик ҳақида сўз юритиб бўлмайди. Ягона бухгалтерия маблағлар ҳисобга олинишини тартибга келтириши, ХУМШ аъзоларини ХУМШ ходимларининг молиявий суиистеъмолчиликларидан ҳимоялаши лозим. 2 та жиҳат: муҳрнинг олиб қўйилиши ва мажбурлашни инобатга олмасак, ҳаммаси жойида.  

Уй-жой соҳасини ислоҳ қилиш тўғрисидаги ҳужжатларда УКХ вазирлиги ҳузурида «Ягона ҳисоб-китоб маркази» (ЯҲМ) давлат унитар корхоналарини ташкил этиш назарда тутилган. Бошқача айтганда, у ширкатлар шартномалар асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш учун буюртма бера оладиган марказлаштирилган бухгалтерия бўлиши керак. Бироқ бир йилдан ортиқ вақт ўтди, Вазирлик ЯҲМни амалга ошириш услубияти, механизмларини белгиловчи биронта ҳужжатни ишлаб чиқмади. Мирзо Улуғбек тумани ХУМШ уюшмаси ҳузурида ягона бухгалтерия ташкил этиб, уни синаб кўришга қарор қилди.

У мазкур хизматларни Уюшма аъзолари билан тузилган, «ХУМШ бухгалтерия фаолиятига доир маълумотлар базасини яратиш ва ҳисоботларни топшириш» хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги бандлар киритилган мужмал шартнома доирасида кўрсатмоқда. Шартномада Уюшманинг мажбуриятлари қайд этилмаган. Бунда юридик шахсларнинг (ХУМШ) муҳрлари ноқонуний равишда унинг бўлинмасида сақланмоқда.

ХУМШ учун бухгалтерия ҳисобини юритишга алоҳида ҳақ белгиланмаган. Уюшмага аъзолик бадаллари ҳисобига хизматлар кўрсатилмоқда. Улар ойига ҳар битта квартирага ҳисобланадиган мажбурий бадаллардан 1 950 сўмни ташкил этади. Бу квартиралар сони оз бўлган кичик ХУМШ учун фойдали бўлса керак. Аслида уларга бундай ёндашув ҳам адолат принципларига жавоб бермайди. 4 хонали ва 1 хонали квартира мулкдорлари бир хил ҳақ тўламоқда. Бунда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ қайд этилган бухгалтерия ҳисобини юритишга доир алоҳида шартнома тузилиши, барча квартираларга бир хил қатъий белгиланган ҳақ эмас, шартнома доирасида турар жойнинг умумий майдонидан келиб чиқиб хизматлар ҳақи ҳисобланиши лозим.

 

Муҳрларни топшириш ҳам ҳуқуқбузарлик

Ягона бухгалтерияда бизга хабар беришларича, ширкатлардан муҳрлар олиб қўйилмаган. Улар муҳрларни ихтиёрий равишда топширганлар, бу ХУМШ раҳбариятининг суиистеъмолчиликларидан аҳолини ҳимоялаш, ҳисобни тартибга келтириш мақсадида кўрилган вақтинчалик чора. Муҳр бўлмаса, ҳуқуқбузарликлар ҳам бўлмас эмиш. Бироқ ноқонуний усулларга қарши қонунга зид бошқа усул билан кураш олиб борилса, бунинг оқибати яхши бўлмайди. Бу бошқа ҳуқуқбузарликларга олиб келади.

Тўғри, аввалбошдан муҳрларни ихтиёрий равишда топшириш ҳақида сўз бормаган. Бош тортганларга текширувлар уюштириш билан пўписа қилганлар, айнан шундай қилганлар ҳам. Бу аҳолини ширкат раҳбариятининг молиявий суиистеъмолчиликларидан ҳимоялаш мақсадида қилинган бўлса, Уюшма бошқача усулда ёрдам бериши мумкин эди. Мулкдорлар номидан прокуратура, судга мурожаат қилиб, ҳуқуқбузарларни жавобгарликка тортиши мумкин эди. Ана шунда муҳрлар ҳам ёнларида қолган, норозилик ҳам юзага келмаган, қонунларга ҳам риоя этилган бўлар эди.

Бироқ ўзларини қурбон сифатида кўрсатаётган ХУМШ раҳбарлари ҳам текширувлардан чўчиб, муҳрларни ихтиёрий равишда топшириб, моҳиятан олганда худди шундай ҳуқуқбузарликка йўл қўйганлар. Демак, чўчишларига асос бор экан-да?

Бу борада қонунчилик нима дейди?

 

Эксперт шарҳи

Фақат муҳр соҳиби бўлган юридик шахс унга бевосита эгалик қилиш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Муҳр юридик шахснинг мулки саналади. Муҳр йўқотилса, унга бевосита эгалик қилинмай қўйилганини англатади.

Мазкур ҳолда чет шахс томонидан олиб қўйилиши натижасида муҳр йўқотилмоқда. Бу бошқанинг мол-мулкини ноқонуний эгаллаб олиш, яъни жиноятдир.

Муҳр салмоқли моддий қийматга эга бўлмаган, бироқ алоҳида ҳуқуқий аҳамиятга молик бўлган мол-мулкнинг алоҳида тури ҳисобланиши сабабли бундай ҳоллар учун махсус жиноий жавобгарлик нормаси белгиланган (ЎзР ЖКнинг 227-моддаси).

Раҳбар чет шахсга муҳрни ихтиёрий равишда топширган тақдирда ўзбошимчалик билан иш кўриб, муҳрни ноқонуний эгаллаб олиш тарзидаги ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатни амалга оширишда қатнашган шахсга айланади

Раҳбар ихтиёрий равишда муҳрни топширган шахс унга эгалик қилишга ҳақли эмас. Яъни унда муҳрнинг бўлиши ноқонуний эгалик қилиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, юридик шахснинг муҳрини эгаллаб олиш ўзбошимчалик билан иш кўришда ва юридик шахснинг фаолиятига тўсқинлик қилишда айблов қўйилишига, бу эса жиноий ва фуқаролик ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, ўз муҳридан маҳрум бўлган шахс етказилган моддий зарар қопланишини сўраб даъво қилиши мумкин.

Мисол учун, ХУМШ бир шахс билан арзон нархда ишларни бажаришга шартнома тузиш имконига эга бўлди, бироқ муҳр йўқлиги боис вақтни бой берди, ижрочи бошқа буюртмачининг ишини бажаришга киришди. Мазкур ижрочининг нархи билан бошқа ижрочиларнинг юқорироқ нархи ўртасидаги фарқ бой берилган фойда ҳисобланади, уни ундириш ҳақида судга даъво қилиш мумкин.

В.Стаховский.

 

Маблағлар тўпланган счётнинг калити

Қуйидаги саволлар ХУМШ раҳбарлари ва аъзоларига тинчлик бермаяпти:

1) «банк-мижоз» тизими калитлари бухгалтерия ходимлари қўлида.

Бизга хабар беришларича, ХУМШ ишончномалари асосида банклар ягона бухгалтерия ходимларига «банк-мижоз» тизими калитларини тақдим этганлар. Калитлар фақат фойдаланилаётган счётни кўриш учун, операцияларни ўтказиш ҳуқуқисиз берилганлигини кўрсатдилар. Нима бўлмасин, бировнинг муҳрини ноқонуний сақлаш сингари, бу ҳам юридик шахснинг ҳисоб-китоб счётига аралашиш хавфини туғдиради. Айниқса ушбу хатти-ҳаракатлар учун иккинчи томоннинг жавобгарлиги қайд этилмаган, бухгалтерия ҳисобини юритиш хизматларини кўрсатишга доир тўлақонли шартнома тузилмаган шароитда;

 

2) аванс тариқасида тўланган мажбурий бадаллар қайта ҳисобланади.

Дастур умумий мол-мулкни сақлаш учун аванс тўловларини қайта ҳисоблайди. Аҳоли бундан хабардор қилинмайди. Натижада уларда қарз юзага келади. Қонун ҳужжатларида тариф ошган тақдирда истеъмолчиларнинг коммунал хизматлар учун аванс тўловлари қайта ҳисобланмаслиги белгиланган. Умумий мол-мулкни сақлаш учун аванс тариқасида тўланган мажбурий бадалларга келсак, бу масала тартибга солинмаган ва ширкат аъзолари умумий йиғилишида кўриб чиқилиши қайд этилган. У турлича ҳал этилади. Баъзилар у ХУМШ учун фойда, уй аҳли учун рағбат деб ҳисоблайдилар. Айримларнинг аванслари бошқаларининг қарзларини қоплайди, режалаштирилган ишларни бажариш имконини беради. Ўзгача фикр ҳам мавжуд: бадал ошганда қайта ҳисоб-китоб қилинмаса, бу ХУМШ учун йўқотиш бўлади. Қандай бўлмасин – умумий йиғилиш қарор қабул қилиши шарт. Мулкдорларни бу борадаги фикри инобатга олиниши учун ягона бухгалтерияга умумий йиғилиш баённомасини тақдим этиш лозим;

 

3) бадалларнинг бир қисми қонунбузарликка йўл қўйган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Ягона бухгалтерия ходимларининг сўзларига қараганда, ширкатлар мулкдорлар ўз ёнларидан сарфлаган салмоқли нақд пуллар ҳисобига бажарилган ишлар суммаларини қайта ҳисоб-китоб қилганлар. Бунда ХУМШ мулкдорлар мажбурий бадалларининг бир қисмини тўлашнинг пул шаклини уларнинг умумий харажатлардаги иштирокининг бошқа турларига алмаштиришни назарда тутувчи «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддасига ҳавола қилганлар.

Қайта ҳисоб-китоб катта суиистеъмолчиликлар билан амалга оширилган (ҳатто айрим ХУМШларда 2025 йилгача, ҳужжатларсиз, материаллар ҳақини тўлаш учун чекларсиз, умумий йиғилишлар баённомаларисиз ва ҳ.к.), молиявий ҳужжатларда акс этмаган. Ширкатлар аъзолари ишларни бажариш учун нақд пулда тўплаган катта пул маблағлари кўпинча ҳеч қаерда акс эттирилмаган.

Бизга айтишларича, ягона бухгалтериянинг мақсадларидан бири – одамларни нақд пулда тўлашдан воз кечишга ўргатиш, сабаби уларнинг пуллари ҳисоб-китоб счётига тушмай қолиши хавфи бор. ХУМШ бухгалтерия ҳисобини юритишнинг ягона услубияти йўқлиги ҳам қайта ҳисоб-китобда адашишга сабабчи бўлади. Битта бухгалтер йил бошида, бошқаси чоракда бир марта, учинчиси йил охирида қайта ҳисоб-китоб қилади. Натижада квитанция қўлда бўлса ҳам, бухгалтерия ҳужжатларида ҳеч қандай пул ўтказилмаган бўлиб чиқади.

«Биз уларнинг маблағлари ҳаракатланишини кўриб турган ҳозирги пайтда ҳам квитанциялардаги тўлов суммаси билан ширкатларнинг ҳисоб-китоб счётига тушган тушумлар ўртасида фарқ юзага келмоқда», – дея қайд этдилар бухгалтерия ходимлари. – «Муҳрларни топширишдан олдин айрим ХУМШ раислари ҳисоб-китоб счётини четлаб ўтадиган бўш тўлов топшириқномаларини қоғозга чиқариб олдилар»;

 

4) уйбошилар фақат умумий йиғилиш қарори асосида мажбурий бадалларни (ёки уларнинг бир қисмини) тўлашдан озод қилиниши мумкин.

ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан яхши ишлайдиган уйбошилар мажбурий бадаллар ёки уларнинг бир қисмини тўлашдан озод қилиниши мумкин. Бу рағбатлантириш бир марталик тусга эга бўлиши ёхуд муайян даврда берилиши мумкин, буни умумий йиғилиш баённомасида қайд этиш зарур. Бироқ ҳамма жойда қонунбузарликларга йўл қўйилади. Ягона бухгалтерия уйбошиларни фақат умумий йиғилиш баённомаси асосида ҳаққоний равишда тўловдан озод қилади;

 

5) тўлов ҳужжатларидаги имзо, маълумотномалар бериш.

Тўлов ҳужжатларига муҳр қўйиш заруратидан ташқари, солиштириш ва бажарилган ишлар далолатномалари, шартномаларда раҳбар имзоси ҳам бўлиши керак. ХУМШ раҳбарияти учун бу ноқулай: вақт сарфлаши, имзо қўйиш учун келиши керак. Мажбурий бадаллар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисидаги маълумотномаларни ҳам ягона бухгалтерия беради, бу ХУМШ аъзолари учун ноқулайлик туғдиради. Ширкат аъзолари ХУМШ билан яқин муносабат ўрнатганини унутмаслик лозим. Ягона бухгалтерия чет шахс сифатида ХУМШ аъзолари учун қўшимча хатти-ҳаракат қилиш мажбурияти ва заруратини юзага келтиришга ҳақли эмас;

 

6) ягона бухгалтерия қарз тўланганлиги тўғрисидаги билдиришномаларни шакллантиради.

Ягона бухгалтерия қарздорлар билан фаол ишлайди. Ҳар ойда мажбурий бадаллар бўйича қарзни тўлаш зарурлиги ҳақида билдиришномалар тайёрлайди, ХУМШ ва банк ходимлари уларни тўламайдиган фуқароларга етказадилар. Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра бу иш самара бермоқда. Аҳоли қарзларни тўлайдиган, ширкатлар эса кредитларни қайтарадиган бўлди;

 

7) мажбурий бадаллар бўйича қарз бўлганда пеня ундириш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.

Қарзни тўлаш зарурлиги ҳақидаги билдиришномаларда тушунчалар чалкаштириб юборилган: «умумий мол-мулкни сақлаш учун мажбурий бадаллар» ва «коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар». Улар ўртасида катта фарқ бор, бундай ноаниқлик сабабли ХУМШ аъзоларига асоссиз пеня ҳисобланиши мумкин, айни пайтда мажбурий бадаллар бўйича қарз бўлганда пеня ундирилмайди. 

Билдиришномада айтилишича: «ЎзР УЖКнинг 134-моддасига мувофиқ, кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун мажбурий бадаллар ўз муддатида тўланмаган тақдирда, давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорлари, ижарага, арендага олувчилари кечиктирилган ҳар бир кунга юридик шахслар учун 0,4%, жисмоний шахслар учун 0,1% миқдорида, бироқ кечиктирилган тўлов суммасининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайди». Бироқ мажбурий бадаллар бўйича қарз ҳақида сўз бораётган бўлса, коммунал хизматлар ҳақида гапиришга не ҳожат?

 

Бадалларнинг йиғилувчанлиги ошди

«Ягона бухгалтерия» маҳсулотидан муҳрлар билан бўлган воқеалар; мажбурлаш; ноқулайликлар ва барқарор ишлаётган ХУМШ ҳуқуқларининг чекланиши; ижро этиш жараёнида қонун ҳужжатларига мос келмайдиган бошқа «агар»лар ҳисобга олинмаса; у синов тариқасидаги хизмат деб қабул қилинса, уни яратиш ғояси яшашга ҳақли. Қайси фуқаро доим ўз жойида ўтирадиган; тўғри ҳисоб юритилишини таъминлайдиган; уй аҳлининг киссасига қўл югуртиришни эмас, ҳар бир тийинни тежаш ҳақида қайғурадиган тажрибали бухгалтерлар томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайд этилган шартнома асосида маблағлари ҳисобини юритишини истамайди дейсиз.

Бухгалтерия ходимларининг маълумотларига кўра, биринчи 10 кунда фақат битта даҳа бўйича бадалларнинг йиғилувчанлиги 10 (!!!) баравар ошди. Бу эса натижа, ютуқ демак. Унинг ишидан кўпроқ ХУМШ раҳбарлари норози бўлаётганлари қизиқ. Қизиқувчилар орасида буларнинг барини нима учун кераклиги тушунтирилган аҳоли кўпчиликни ташкил этади.

Бироқ муҳрларни олиб қўймасдан ширкат раҳбариятининг эҳтимолий суиистеъмолчиликларига қарши курашиш мумкин эди, бу муваффақиятли ишлаётган ХУМШ ишини тўхтатиб қўйди. Бунинг учун фуқаролар совуққонлик, ­масъу­лиятсизлик, ўғирлик, ўзбошимчалик учун жавобгарликни белгиловчи ҳуқуқий дастаклардан фойдаланиши керак. Ушбу дастаклар эса ишлаши керак.   

Ягона бухгалтерия ишидан шикоятлар қилганда жиддий суиистеъмолчиликларда ҳам айбладилар. Бироқ биронта далил келтирилмади, ахборот манбаига ҳавола қилинмади, суд, прокуратурага биронта мурожаат тушмади – «текширув билан келишларидан чўчиймиз» дедилар. Бироқ бу ҳолда ўзгариш бўлмайди. Тўғри, текшириш ҳеч кимга хуш ёқмайди, бироқ қонун бўйича ишласа, бунинг чўчийдиган жойи йўқ-ку. Бизга маълум қилишларича, 10 та ширкат ягона бухгалтерия энди иш бошлаганда унинг хизматидан воз кечган. Яна бир қанчаси қатъият билан муҳрларни қайтаришни талаб қилиб, уларни қайтариб олган. Хўш, гап нимада экан? Фуқаролик позициямиз сустлиги оқибатида қонунга хилоф иш юритишларига қўйиб берган бўламиз.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

 

Прочитано: 955 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика