Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2017 год / № 31 / Стратегия – амалда

Касса аппаратини қўллашдаги инқилобий ўзгаришлар – давлат ва бизнес фойдасига

 

Ўзбекистонда ҳар бир урилган чек ҳақидаги ахборотни солиқ органларига жўнатувчи назорат-касса машиналарига (онлайн-НКМ) ўтилади. 2018 йилдан Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида янги намунадаги НКМлар қўлланила бошлайди. Республиканинг қолган ҳудудларида ҳам бу тизим босқичма-босқич жорий қилинади. Бу Президентнинг 18.07.2017 йилдаги ПФ-5116-сон Фармонида назарда тутилган.

 

Онлайн-НКМ нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат бўйича янги тизимнинг таркибий қисми бўлади. Амалдаги тизим товарлар, хизматларни реализация қилишдан нақд пул тушумининг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлай олмаяпти. Унда НКМни қўллашда чеклар ва назорат-касса дафтарлари билан боғлиқ фирибгарликлар истисно этилмайди, бу эса ноинсоф солиқ тўловчиларга ўз даромадларини камайтириб кўрсатиш имкониятини беради. Бу нафақат бюджетга, балки тенг бўлмаган шароитларда рақобат қилишларига тўғри келадиган қонунга итоаткор тадбиркорларга ҳам зарар келтиради.

Халқаро тажриба кўрсатганидек, онлайн-технологияларнинг жорий этилиши қуйидагиларни таъминлайди:

солиқларнинг йиғилувчанлигини оширади. Урилган чеклар реализацияни яширишни имконсиз қилиб қўяди – НКМ орқали ўтказилган сотиш ҳақидаги ахборот албатта солиқ хизматининг маълумотлар базасига бориб тушади. Бу «яширинча» бизнес юритишга тўсқинлик қилади. Жанубий Кореяда бундай технология давлат бюджетига савдо ва хизматлар соҳасидан тушумларни 2,5 баравар оширди;

солиқ тўловчининг ҳузурига бориш орқали назорат юритиш заруратини камайтиради. Савдо ва сервис корхоналарини онлайн-режимда назорат қилиш мумкин бўлади. Савдо маълумотларининг хатар таҳлили асосида жойга бориб текширишни манзилли ўтказиш имконияти юзага келади;

янада адолатли рақобат муҳитини яратади. Бозор иштирокчилари тенг шароитларда бўладилар ва яширинча савдо қила олмайдилар;

► давлат учун ҳам, бизнес учун ҳам зарур ҳисобланган талаб ва таклиф ҳақида катта миқёсда ахборот олинади.

Онлайн-НКМга ўтиш – назорат-касса техникасини қўллашда навбатдаги ўзгариш бўлибгина қолмайди. Бу савдо ва хизматлар соҳаси субъектларининг солиқ маъмуриятчилигидаги янги бурилиши бўлади. Унда қуйидагилар талаб этилади:

► НКМларни оммавий равишда янгиларига алмаштириш ёки уларни модернизация қилиш. Аппаратларга кетадиган харажатларнинг ўзи юз миллиардлаб сўмни ташкил қилади;

► мобил алоқанинг янада ишончли воситаларини топиш;

► катта ҳажмдаги маълумотларни узатиш, таҳлил қилиш ва сақлаш учун дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, серверларни харид қилиш;

► касса техникасини қўлловчилар ва хизмат кўрсатувчиларнинг барчасини қайта ўқитиш.

Бундай катта миқёсдаги янгиликларни амалга ошириш учун пухта тайёргарлик керак. Бу жараёнда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, дастурий тизимлар ва маҳсулотларни яратиш ва синаб кўриш, онлайн-НКМ ёки мавжуд касса техникасини модернизация қилиш учун мосламаларни рақобат асосида етказиб беришни таъминлаш лозим бўлади.

Пировардида, бизнесга зарар келтирмаган ҳолда ­онлайн-НКМни қўллашга ўтиш учун барча зарур чораларни кўриш керак.

Бунга қуйидагилар орқали эришилади:

1) янги технологияларни босқичма-босқич жорий қилиш. Аввал дастурий-техник мажмуалар тажрибадан ўтказилиб, синаб кўрилади. Кейин онлайн-назорат тизимига қуйидаги корхоналар босқичма-босқич киритилади:

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари билан савдо қилувчи корхоналар – 2018 йил 1 апрелдан;

йирик савдо ва сервис ташкилотлари – 2018 йил 1 июлдан;

юридик шахслар – кичик бизнес субъектлари – 2019 йил 1 январдан;

якка тартибдаги тадбиркорлар – 2019 йил 1 июлдан.

Таклиф этилаётган вақтдан олдинроқ ҳам ихтиёрий равишда янги техникани қўллашга ўтишни назарда тутиш керак, чунки у бизнеснинг самарадорлигини оширишда янги имкониятларни яратади;

2) солиқ юкини камайтириш. Чакана савдо оборотидаги миллиардлаб сўмларнинг яширин муомаладан чиқиши солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва бюджетга зарар келтирмаган ҳолда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун ЯСТ ставкасини пасайтириш имконини яратади;

3) қўшимча харажатларни оптималлаштириш, бизнесда улар янги ускуналарни сотиб олишга ва дастурий маҳсулотларни харид қилишга сарфланади. Буни уларнинг рақобат бозорини яратиш, мақсадли имтиёзли кредитлар тақдим этиш, ижарага бериш, амалдаги техникани модернизациялаш ва ҳоказолар ҳисобига таъминлаш мумкин. Кичик тадбиркорлик субъектлари учун онлайн-НКМни жорий қилишда солиқ чегирмаларини қўлласа ҳам бўлади;

4) янги НКМларни рўйхатдан ўтказиш жараёнларини енгиллаштириш. Тадбиркор буни ДСҚ сайтидаги шахсий кабинети орқали онлайн-режимда амалга ошириши лозим;

5) ҳужжатлар айланиши ва ҳисобга олинишини соддалаштириш. Онлайн-НКМ барча маълумотларни солиқ органларига автоматик тарзда юбориши туфайли бухгалтерларнинг иши камаяди. Масалан, ҳар куни Z-ҳисоботларни босиб чиқариш ва назорат-касса дафтарларини қўлда тўлдиришга ҳожат қолмайди;

6) мобил Интернет билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмагунга қадар нақд пул тушуми устидан онлайн-назорат жорий қилина олмайдиган аҳоли пунктлари рўйхатини белгилаш.

Агар бу ва шунга ўхшаш чора-тадбирларни амалга оширишга эришилса, ҳатто кичик ва микробизнес ҳам янги ахборот технологияларининг кенг имкониятларидан фойдаланиши мумкин бўлади. Тадбиркорлар исталган жойдан туриб савдо шохобчалари фаолиятини, шу жумладан смартфон ёки планшет ёрдамида назорат қилибгина қолмай, балки ҳар бир харид, кассир, чегирма суммаси, қайтарилган сумма, сменадаги ўртача чек миқдори ва ҳоказолар ҳақидаги маълумотларни олишлари мумкин. Сотишлар тўғрисидаги ахборотларнинг ишлов берилган шакли харидларни оптималлаштириш, талабни режалаштириш, маблағлар айланишини тезлаштириш ва рентабелликни ошириш имконини беради.

 

Жорилла Абдуллаев,

Михаил Перпер,

экспертларимиз.

Прочитано: 1447 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика