Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 23 / Амалий бухгалтерия

Жисмоний шахсга қарз бўйича фоизлар: қандай пасайтириш ва тўғри ҳисоблаб чиқиш мумкин

 

Кичик корхона 2016 йил октябрида ўзи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган жисмоний шахсга 150 млн сўм миқдорида 3 йил муддатга (2019 йилгача) йилига 12% тўлаш шарти билан пулни қарзга берди.

1. 2016 йилда МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси 9%ни ташкил этганини ҳисобга олиб, қарздор (жисмоний шахс) учун ставкани 12%дан 9%га пасайтириш ҳақида қўшимча келишув тузиш мумкинми?

2. Қарздор асосий қарз билан бирга қайтариши керак бўлган 3 йиллик фоизларни қандай қилиб тўғри ҳисоблаб чиқиш лозим?

3. Қарздор асосий қарзни қайтармаганда қарз берувчи ва қарз олувчида қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?

Елена, бухгалтер.

 

1

Фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ, тарафлар ўз ўрталаридаги дастлабки мажбуриятни бошқа нарсани ёки бошқача ижро этиш усулини назарда тутувчи янги мажбурият билан алмаштиришга ҳақли (ФКнинг 347-моддаси).

Шу сабабли тарафларнинг келишувига кўра қарз шартномасидаги дастлабки 12%лик ставкани 9%гача пасайтиришга ҳақлисиз. Бунинг учун шартнома шартларига тегишли ўзгартиришлар киритиш зарур. Шартномага қўшимча келишув тузиб, буни амалга ошириш мумкин («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддаси).

 

2

Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш ҳисоблаб ёзиш усулида амалга оширилади.

Солиқ тўловчиларнинг даромадлари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун улар бўйича тегишли чегирмалар тўлов тўланган вақт ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади (Солиқ кодексининг 39-моддаси).

Фойда солиғи бўйича ҳам, ягона солиқ тўлови бўйича ҳам ҳисобот даври йилнинг чораги ҳисобланади (Солиқ кодексининг 162, 359-моддалари).

Шу сабабли қарз шартномаси бўйича фоизлар кўринишидаги даромадларни қарздор қарзини тўлиқ сўндирмагунча ҳар чорак якунида белгилашингиз керак.

 

МИСОЛ. Агар 2016 йил 1 октябрда қарз шартномасини тузган бўлсангиз, фоизлар кўринишидаги даромад суммаси қуйидагича бўлади:

2016 йил 1 октябрдан 31 декабргача (92 кунда) – 4 536 986,3 сўм (150 000 000 сўм х 12% / 365 кун х 92 кун);

2017 йил 1 январдан 31 мартгача (90 кунда) – 4 438 356,2 сўм (150 000 000 сўм х 12% / 365 кун х 90 кун) ва ҳ.к.

 

Жисмоний шахс билан тузилган қарз шартномаси бўйича ҳисоблаб ёзилган фоизларни бошқа даромадлар таркибига киритишингиз керак (Солиқ кодексининг 132-моддаси ­14-банди).

Умумбелгиланган солиқларни тўловчилар томонидан бошқа даромадлар жами даромад таркибига киритилади ва уларга фойда солиғи солинади (Солиқ кодексининг ­129-моддаси).

ЯСТ тўловчилар бошқа даромадларни ялпи тушум таркибига киритадилар ва унга асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ЯСТ ставкасида солиқ соладилар (Солиқ кодексининг 353-моддаси).

 

3

Корхона қарздан ихтиёрий равишда воз кечди, дейлик. Чунки акс ҳолда жисмоний шахсдан дебиторлик қарзини мажбуран, шу жумладан суд идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари орқали ундириш чораларини кўришингизга тўғри келади.

Агар қарздор жисмоний шахс асосий қарзини қайтармаса, воз кечилган қарз унинг учун текинга олинган мол-мулк ҳисобланади.

Пул маблағлари мол-мулк ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Жисмоний шахсга текинга берилган мол-мулк унинг моддий наф тарзидаги солиқ солинадиган даромади ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-қисми ­2-банди). Ундан ЖШДС ушлаб қолиниши керак.

Қарздор жисмоний шахс корхона билан меҳнатга оид муносабатларда бўлмаганлиги боис унинг аризаси асосида ундан ЖШДСни ушлаб қолмасликка ҳақлисиз. Бу ҳолда жисмоний шахс ушбу даромадлардан Солиқ кодексининг 189-моддасига мувофиқ солиқни декларация асосида мустақил равишда тўлайди (Солиқ кодексининг 184-моддаси 3-қисми).

Сиз асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида солиқ даври тугаганидан сўнг 30 кун ичида солиқ органларига (корхонангиз ҳисобга олинган жойдаги) маълумотнома тақдим этишингиз шарт (Солиқ кодексининг 187-моддаси 1-банди). Маълумотнома шакли жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботи шаклларида келтирилган (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1670 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика