Norma.uz
Газета СБХ / 2017 год / № 6 / Ҳисоботга тайёрланамиз

2016 йилнинг тўртинчи чораги учун ягона солиқ тўловини ҳисоблаш бўйича тавсиялар

 

«СБХ»нинг 19.04.2016 йилдаги 16, 12.07.2016 йилдаги 28 ва 11.10.2016 йилдаги 41-сонларида иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги корхоналар учун 2016 йилнинг I, II ва III чораклари учун ягона солиқ тўловини ҳисоблашга доир тавсиялар чоп этилган эди. «Norma Ekspert» мутахассислари ушбу мавзуни давом эттирган ҳолда IV чорак учун ЯСТни қандай ҳисоблаш ва унга доир ҳисоботни қандай тўлдириш ҳақида тушунтиришларни тайёрладилар.

 

Ягона солиқ тўлови солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ягона солиқ тўловининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

Ягона солиқ тўлови:

микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан – ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай;

микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган корхоналар томонидан – ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириш муддатидан кечиктирмай тўланади.

Солиқ кодексининг 360-моддаси 1, 4 ва 5-қисмлари

 

*ЯСТни ҳисоблашга доир тавсиялар «Norma Ekspert» мутахассисларининг эксклюзив ишланмаси саналади, у «Практическое налогообложение» («Амалий солиқ солиш»), «Практическая бухгалтерия» («Амалий бухгалтерия») ва «Малое предприятие: учет, налоги, право» («Кичик корхона: ҳисоб, солиқлар, ҳуқуқ») электрон маълумотнома тизимлари асосида тайёрланди. Уларни «Norma» gazetalari birlashgan tahririyati» МЧЖ ёки «Norma Ekspert» ХКнинг ёзма рухсатномаси билангина, шу жумладан электрон ОАВларда қайта босишга рухсат берилади.

 

Диққат! Мисолларда ҳисоб-китоб минг сўмда кўрсатилган. ЯСТ бўйича ҳисобот шаклларида барча кўрсаткичлар сўмда бутун рақамларда кўрсатилади.

 

1-вазият.

КЎП ПРОФИЛЛИ КОРХОНА (ЧАКАНА САВДО,
УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ, ХИЗМАТЛАР) УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

 

Навоий шаҳридаги кичик корхона учта фаолият турини амалга оширади:

озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари (озиқ-овқат маҳсулотлари, санитария ва шахсий гигиена товарлари) билан чакана савдо қилади;

умумий овқатланиш – пиво тайёрланадиган пивохонаси бўлган қаҳвахона мавжуд. Ишлаб чиқарилган пиво фақат ўз қаҳвахонасида сотилади;

маиший электрон ва электр ускуналарни таъмирлайди.

 

9 ой якунларига кўра қуйидаги маълумотлар мавжуд:

дўкон бўйича тушум – 158 500 минг сўм, шу жумладан терминал орқали тўланган – 91 500 минг сўм;

пиво бўйича акциз солиғини чегирганда қаҳвахонадан тушум – 62 500 минг сўм;

таъмирлаш хизматларини кўрсатишдан тушум – 18 200 минг сўм;

бошқа даромадлар (I чоракда муассисга дивидендлар тўлаш ҳисобига автомобилнинг чиқиб кетишидан олинган) – 3 000 минг сўм.

 

Корхона иккита имтиёзни қўллайди:

1) Президентнинг 10.05.2012 йилдаги ПҚ-1754-сон қарори 4-бандига мувофиқ, маиший электр ускуналарни таъмирлаш хизматларига ЯСТ солинмайди;

2) солиқ солинадиган базани жорий этилган янги технологик асбоб-ускуналар қийматига камайтириш (Солиқ кодексининг 356-моддаси 3-қисми). Корхона II чоракда қиймати 120 000 минг сўмлик (етказиб бериш ва монтаж қилиш харажатларини, божхонада расмийлаштирганлик учун йиғимни ҳисобга олган ҳолда) янги технологик асбоб-ускунани импорт қилган ва фойдаланишга жорий этган.

 

9 ой якунларига кўра ЯСТ имтиёзларни ҳисобга олганда 9 588,88 минг сўмни, шу жумладан I чоракда ЯСТнинг энг кам миқдоригача қўшимча ҳисоблаш суммаси – 59,68 минг сўмни ташкил этди.

 

IV чоракда:

дўкон бўйича товар обороти 53 800 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан терминал орқали 36 800 минг сўм келиб тушди;

пиво бўйича акциз солиғини чегирганда қаҳвахонадан тушум – 36 400 минг сўм. Пиво 70 дал (700 л) ҳажмида сотилган;

маиший электр ускуналарни таъмирлаш хизматларини кўрсатишдан тушум – 20 600 минг сўм.

Ноябрь ойида товарлар туркуми чегирма билан сотиб олинди. Чегирма суммаси 2 000 минг сўмни ташкил этди. Чегирмани ҳисобга олганда товарлар қиймати – 16 000 минг сўм.

Декабрь ойида Янги йилга бағишлаб болалар уйига 6 200 минг сўм суммасидаги товарларни текин бериш тарзида ёрдам кўрсатилди.

 

IV чорак учун ЯСТни ҳисоблашда қуйидагиларни ҳисобга оламиз:

турли солиқ солиш объектлари ва (ёки) ставкалар белгиланган бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган ЯСТни тўловчилар шу фаолият турлари бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритадилар ҳамда тегишли ставкалар бўйича ЯСТни тўлайдилар (Солиқ кодексининг 353-моддаси).

ЯСТ ставкалари қуйидагича:

шаҳардаги чакана савдо фаолияти бўйича – 4%;

умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият юзасидан – 10%;

хизматлар бўйича – 5% (22.12.2015 йилдаги ПҚ-2455-сон қарорга 10-1, 10-2-иловалар);

акциз тўланадиган маҳсулот, хусусан, пиво ишлаб чиқарувчи савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ЯСТ ва акциз солиғини тўлайдилар (ДСҚ ҳузуридаги Эксперт кенгашининг 19.02.2013 йилдаги йиғилиши 21-сон баённомасидан кўчирма).

Сотилган пиво ҳажми бўйича солиқ 1 дал учун (1 дал = 10 л) 5 133 сўм ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (Солиқ кодексининг 230, 232, 236-моддалари; ПҚ-2455-сон қарорга 13-1-илова). Тўлов акциз солиғининг ҳисоб-китобини тақдим этиш муддати – ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай ҳар ойда тўланади (Солиқ кодексининг 239-моддаси). Ҳисоб-китоб МВ ва ДСҚнинг қарорига (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 4-иловага мувофиқ шаклда тақдим этилади.

ЯСТни ҳисоблашда қаҳвахона бўйича реализация қилишдан тушум акциз солиғини чегирган ҳолда белгиланади (Солиқ кодексининг 355-моддаси 2-қисми 1-банди); 

товарлар текин берилганда ЯСТ солинадиган тушумга уларни олиш баҳоси қўшилади (Солиқ кодексининг 355-моддаси). Ушбу норма экология, соғломлаштириш ҳамда хайрия жамғармаларига, маданият, соғлиқни сақлаш, меҳнат, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт, таълим муассасаларига текин бериладиган товарларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Декабрда товарлар болалар уйига берилганлиги сабабли кўрилган зарарлар (6 200 минг сўм) ЯСТни ҳисоблашда инобатга олинмайди, яъни текин берилган товарлар таннархи ялпи тушумга киритилмайди;

чегирма билан сотиб олинган товарлар ҳисобда чегирмасиз қиймати бўйича – 18 000 минг сўм тарзида қайд этилади. Чегирма суммаси (2 000 минг сўм) молиявий-хўжалик фаолиятидан даромадларга киритилади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 13-банди) ва солиқ солиш мақсадида бошқа даромадлар таркибида ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 16-банди). Бироқ Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 6-бандига мувофиқ, солиқ солинадиган ялпи тушум маҳсулот етказиб берувчиларнинг сийлови тариқасида олинган бошқа даромадлар суммасига камайтирилади.

Ҳисоботда чегирмалар аввал ЯСТ ҳисоб-китобига ­2-илова «Бошқа даромадлар»да (2439-сон қарорга ­13-илова), кейин эса 4-илова «Солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайиши»да (0206-сатр, 020-сатр) акс эттирилади;

корхона қуйидаги имтиёзларни қўллаш ҳуқуқига ҳам эга:

маиший электр ускуналарни таъмирлаш хизматларини кўрсатишдан тушумга ЯСТ солинмайди (ПҚ-1754-сон қарорнинг 4-банди). Агар таъмирлаш хизматларини кўрсатишдан тушум товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган соф тушум ҳажмининг 80%и ва ундан ортиқни ташкил этса, корхона олинган барча даромадлардан ЯСТни тўлашдан озод қилинади.

ЯСТ солинмайдиган тушум ЯСТ ҳисоб-китобига ­4-иловада 030, 0301-сатрларда кўрсатилади ва 010-сатрда солиқ солинадиган ялпи тушумни камайтириш тарзида имтиёзларнинг умумий суммасида ҳисобга олинади;

солиқ солинадиган ялпи тушум янги технологик асбоб-ускунани олишга йўналтирилган, қопланмаган маблағлар қолдиғига камайтирилади. Солиқ солинадиган базанинг 25%идан ошмайдиган суммага камайтириш мумкин (Солиқ кодексининг 356-моддаси 3-қисми). Имтиёз асбоб-ускуна фойдаланишга топширилган пайтдан бошлаб 5 йил ичида қўлланади.

Камайтириладиган суммани аниқлаш учун ЯСТ ҳисоб-китобига 5-илова тўлдирилади. Камайтириш фоизи (25%) қўлланадиган солиқ солинадиган база ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аниқланади. Мазкур ҳолда ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатридаги тушумдан ЯСТ солинмайдиган, маиший электр ускуналарни таъмирлашдан олинган тушум, шунингдек чегирмалар суммаси чегирилади. Шу тариқа ҳисоблаб чиқарилган солиқ солинадиган база 5-илованинг 030-сатрида кўрсатилади ҳамда ушбу суммадан солиқ солинадиган базанинг камайтириладиган чекланган суммаси аниқланади (5-илованинг 040-сатри). Агар технологик асбоб-ускунанинг қиймати 040-сатрдаги кўрсаткичдан ошса, 050-сатрда 040-сатр кўрсаткичи такроран қайд этилади.

ЯСТ ҳисоб-китобида технологик асбоб-ускуна бўйича имтиёз суммаси (5-илованинг 050-сатри) фаолиятнинг ҳар бир тури бўйича Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида кўрсатилган салмоғидан келиб чиқиб акс эттирилади. Маиший электр ускуналарни таъмирлаш фаолияти ЯСТни тўлашдан озод қилинганлиги сабабли технологик ускунага доир имтиёзни тақсимлаш мақсадида сотишнинг умумий ҳажмидан имтиёзланадиган фаолият бўйича тушумни чиқариб ташлаб, фаолият турлари бўйича тушум салмоғини қайта ҳисоблаш керак бўлади. Тегишинча, ЯСТ ҳисоб-китобида солиқ солинадиган база қайта ҳисобланган салмоқдан келиб чиқиб камайтирилади;

корхона бир нечта фаолият турини амалга оширади, шу сабабли ЯСТнинг энг кам миқдорини аниқлаш учун (қатъий белгиланган солиқни ёки ер солиғининг 3 бараварини ҳисобга олган ҳолда) ҳар чоракда асосий фаолият турини ортиб бормайдиган якун билан белгилаш зарур.

Агар озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилиш асосий фаолият тури ҳисобланса, ЯСТ қатъий белгиланган солиқни ҳисобга олган ҳолда тўланади (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом).

Агар умумий овқатланиш ёки маиший техникани таъмирлаш хизматлари соҳасидаги фаолият асосий бўлса, ЯСТ ер солиғининг 3 баравари суммасини ҳисобга олган ҳолда тўланади (АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Бунда таъмирлаш хизматларини кўрсатишдан тушумнинг улуши реализациянинг умумий ҳажмида 80%дан ортиқни ташкил этса, корхона ЯСТни тўлашдан тўлиқ озод этилади. Бундай ҳолда ЯСТ энг кам миқдорни ҳисобга олмаган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (2203-сон Низомнинг 2-банди «б» кичик банди).

 

IV чорак учун тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммасини аниқлаймиз.

Амалга ошириладиган фаолият турлари бўйича товарлар ва хизматларни реализация қилишдан соф тушум 350 000 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ Ҳисоб-китобининг 010-сатри «Жами» устуни), шу жумладан:

савдо фаолияти бўйича (1-устун) – 212 300 минг сўм (158 500 + 53 800);

умумий овқатланиш бўйича (2-устун) – 98 900 минг сўм (62 500 + 36 400);

маиший техникани таъмирлаш хизматларини кўрсатиш бўйича (3-устун) – 38 800 минг сўм (18 200 + 20 600).

ЯСТ ҳисоб-китобининг 020-сатрида фаолият турлари бўйича тушумнинг салмоғи кўрсатилади:

чакана савдо – 61% (212 300 / 350 000 х 100);

умумий овқатланиш – 28% (98 900 / 350 000 х 100);

хизматлар – 11% (38 800 / 350 000 х 100).

 

Бошқа даромадлар ЯСТ ҳисоб-китобига 2-иловада акс эттирилади:

020-сатрда – 3 000 минг сўм (I чоракда дивидендлар тўлаш ҳисобига автомобилнинг чиқиб кетишидан олинган бошқа даромадлар суммаси такроран қайд этилади);

180 ва 1802-сатрларда – 2 000 минг сўм (олинган чегирмалар).

Бошқа даромадларнинг умумий суммаси 010-сатрда акс эттирилади – 5 000 минг сўм ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатрига (1-устун) кўчирилади.

Йил якунларига кўра солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 355 000 минг сўмни ташкил этади, шу жумладан:

савдо бўйича – 217 300 минг сўм (212 300 + 5 000);

умумий овқатланиш бўйича – 98 900 минг сўм;

хизматлар бўйича – 38 800 минг сўм.

 

Сўнгра имтиёзларни қўллаш оқибатида солиқ солинадиган тушумни камайтирадиган сумма аниқланади. ЯСТ ҳисоб-китобига 4 ва 5-иловалар тўлдирилади.

4-иловада:

0206-сатрда 2 000 минг сўм – Солиқ кодексининг ­356-моддаси 1-қисми 6-бандига мувофиқ ЯСТ солинмайдиган чегирма суммаси кўрсатилади;

030 ва 0301-сатрларда – 38 800 минг сўм – маиший техникани таъмирлаш хизматларини кўрсатишдан тушган, ЯСТ солинмайдиган тушум.

 

Солиқ солинадиган ялпи тушум камайтириладиган умумий суммани (4-илованинг 010-сатри) аниқлаш учун солиқ солинадиган базанинг олинган янги технологик асбоб-ускуна қийматига камайтирилиши акс эттириладиган 050-сатр кўрсаткичини ҳисоблаш зарур. Шу мақсадда 5-илова тўлдирилади:

020, 0201 ва 02011-сатрларда импорт қилинган асбоб-ускуна қиймати – 120 000 минг сўм;

030-сатрда – белгиланган камайтириш фоизи (25%) қўлланадиган солиқ солинадиган база кўрсатилади. Сатр кўрсаткичи солиқ солинадиган ялпи тушумдан (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) ЯСТ солинмайдиган таъмирлаш хизматлари ва чегирма суммасидан олинган тушумни (4-илованинг 030-сатри + 020-сатри) чегириш йўли билан аниқланади – 314 200 минг сўм (355 000 – 38 800 – 2 000);

040-сатрда – ҳисобот давридаги энг кўп камайтириш суммаси (ССБнинг 25%и) – 78 550 минг сўм (314 200 х 25%);

050-сатрда – солиқ солинадиган базанинг амалдаги камайтириш суммаси – 78 550 минг сўм, сабаби технологик асбоб-ускунани харид қилишга ССБнинг 25%идан ортиқ сарфланган.

5-илованинг 050-сатри кўрсаткичи 4-илованинг ­050-сатрига кўчирилади.

41 450 минг сўм (120 000 – 78 550) суммасидаги қопланмаган маблағлар қолдиғи 5-илованинг 060-сатрида акс эттирилади. Корхона белгиланган муддат (асбоб-ускуна фойдаланишга топширилган солиқ давридан бошлаб 5 йил) тугагунча кейинги солиқ даврларида солиқ солинадиган ялпи тушумни қолган суммага камайтириш (бироқ ССБнинг 25%идан ортиқ эмас) ҳуқуқига эга.

 

Йил якунларига кўра солиқ солинадиган ялпи тушумни камайтирадиган умумий сумма (4-илованинг 010-сатри) 119 350 минг сўмни (2 000 + 38 800 + 78 550) ташкил этади. Ушбу сумма ЯСТ ҳисоб-китобининг «Жами» устуни 0502 ва 050-сатрларига кўчирилади.

ЯСТ ҳисоб-китобида технологик асбоб-ускуна бўйича имтиёз суммаси 2 фаолият турига – савдо ва умумий овқатланишга тақсимланади, сабаби таъмирлаш хизматлари ЯСТ тўлашдан тўлиқ озод этилган. Камайтириш суммасини тақсимлаш учун сотишнинг умумий ҳажмидан маиший электр ускуналарни таъмирлашдан олинган тушумни чегириб, фаолият турлари бўйича тушумнинг салмоғини қайта ҳисоблаш лозим.

Йил якунларига кўра савдо фаолияти ва умумий овқатланиш бўйича реализациядан тушум 311 200 минг сўмни ташкил этади. Савдодан тушумнинг салмоғи 68%ни (212 300 / 311 200 х 100), умумий овқатланишдан эса – 32%ни (98 900 / 311 200 х 100) ташкил этади. Қайта ҳисобланган салмоқдан келиб чиқилса, солиқ солинадиган ялпи тушум:

савдодан – 53 414 минг сўмга (78 550 х 68%);

умумий овқатланишдан – 25 136 минг сўмга (78 550 х 32%) камаяди.

ЯСТ ҳисоб-китобида имтиёзларнинг умумий суммаси – 119 350 минг сўм «Жами» устунининг 050-сатрида кўрсатилади, шу жумладан:

1-устунда – 55 414 минг сўм (2 000 + 53 414);

2-устунда – 25 136 минг сўм;

3-устунда – 38 800 минг сўм.

 

Йил якунларига кўра солиқ солинадиган база (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри) қуйидагиларни ташкил этади:

савдо бўйича (1-устун) – 161 886 минг сўм (217 300 – 55 414);

умумий овқатланиш бўйича (2-устун) – 73 764 минг сўм (98 900 – 25 136);

хизматлар бўйича (3-устун) – «0» қўйилади (38 800 – 38 800);

умуман корхона бўйича («Жами» устуни) – 235 650 минг сўм (161 886 + 73 764).

 

Ягона солиқ тўлови суммаси (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатри) қуйидагиларни ташкил этади:

савдо фаолияти бўйича (1-устун) – 6 475,44 минг сўм (161 886 х 4%);

умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият бўйича ­(2-устун) – 7 376,4 минг сўм (73 764 х 10%);

йил учун умуман корхона бўйича («Жами» устуни) – 13 851,84 минг сўм (ЯСТ ҳисоб-китобининг 120 ва 130-сатрлари).

 

Бюджетга тўланадиган ЯСТ суммасини аниқлаш учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси қатъий белгиланган солиқдан келиб чиққан ҳолда унинг энг кам миқдори билан солиштирилади, сабаби корхонанинг асосий фаолият тури чакана савдо ҳисобланади. ЯСТнинг энг кам миқдори ва ҳисоб-китоб суммаси ҳисоб-китоби Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловининг маълумотнома-ҳисоб-китобида (2449-сон Низомга 1-илова) келтирилади. У ортиб бормайдиган якун билан тўлдирилади.

Чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050-сатри) 2 539,68 минг сўмга тенг (6,5 х 130 240 х 3, бунда 6,5 ЭКИҲ – қатъий белгиланган солиқ ставкаси).

 ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси фаолиятнинг барча 3 тури, шу жумладан имтиёз қўлланадиган тури ва ушбу фаолият турларининг белгиланган ставкалари (4, 10 ва 5%) бўйича олинган, ҳисобот чорагидаги солиқ солинадиган ялпи тушумдан (ҳисобот ва ундан олдинги ҳисобот даврларидаги ЯСТ ҳисоб-китоби 040-сатрлари фарқидан) келиб чиқиб аниқланади. Бунда имтиёзлар ҳисобга олинмайди.

IV чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 6 902 минг сўмга тенг ((217 300 – 161 500) х 4% + (98 900 – 62 500) х 10% + (38 800 – 18 200 ) х 5%)) (Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 030-сатри).

Ҳисоб-китоб суммаси энг кам ЯСТдан кўп, шу сабабли IV чорак якунларига кўра қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмайди, Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 060-сатрида «0» қўйилади.

I чорак якунларига кўра ЯСТнинг энг кам миқдоригача қўшимча ҳисобланган сумма (59,68 минг сўм) Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 070-сатрига кўчирилади. Шу сумманинг ўзи Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 080-сатри ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрида такроран қайд этилади.

 

Йил учун бюджетга тўланадиган ЯСТ суммаси (I чоракда энг кам ЯСТгача қўшимча ҳисоблаб ёзишни ҳисобга олган ҳолда) 13 911,52 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 180-сатри). IV чорак учун бюджетга 9 ой якунлари бўйича тўланган солиқни (9 588,88 минг сўм) чегирган ҳолда сумма, яъни 4 322,64 минг сўм ўтказилади.

 

2-вазият.

УЛГУРЖИ САВДО КОРХОНАСИ УЧУН
ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

 

Тошкент шаҳридаги дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан улгуржи савдо қилувчи ташкилот воситачилик шартномалари бўйича тиббиёт ускуналарини етказиб беришга доир воситачилик хизматларини ҳам кўрсатади.

Корхона қуйидагиларни ижарага беришдан даромадлар ҳам олади:

январь ойидан – ойлик ижара тўлови 3 300 минг сўмдан иборат 220 кв.м майдонга эга бўлган омборхона;

март ойидан – ойлик ижара тўлови 1 500 минг сўмдан иборат 60 кв.м майдонга эга бўлган савдо шохобчаси (дорихона);

август ойидан – ойлик ижара тўлови 300 минг сўмдан иборат 300 кв.м майдонга эга бўлган омборхона.

Объектлар, шу жумладан ижарага берилганлари жойлашган ер участкаси майдони 1 480 кв.метрни ташкил этади.

Чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори III чорак якунларига кўра тақдим этилган аниқлаштирилган Ягона солиқ тўлови энг кам миқдорининг маълумотнома-ҳисоб-китоби (2203-сон Низомга 2-илова) маълумотларига кўра 2 201,963 минг сўмга тенг.

 

9 ой якунларига кўра:

товарларни (дори воситалари ва тиббиёт буюмларини) сотишдан тушум – 203 200 минг сўм;

воситачилик ҳақи – 72 000 минг сўм;

товарларнинг бир қисмини таннархидан паст нархда сотиш натижасида кўрилган зарарлар – 5 800 минг сўм;

бошқа даромадлар 42 000 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан:

мол-мулкни ижарага беришдан – 40 800 минг сўм;

ижобий курс фарқи сальдоси – 1 200 минг сўм.

 

9 ой якунларига кўра бюджетга 31 293,222 минг сўм миқдорида ЯСТ тўланган.

 

IV чоракда қуйидагилар олинган:

воситачилик ҳақи – 189 000 минг сўм;

дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини сотишдан тушум – 44 000 минг сўм (улгуржи савдога лицензия ноябрь ойида олинган).

Мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар 15 300 минг сўмни ташкил этди, шу жумладан:

дорихона бўйича (60 кв.м) – 4 500 минг сўм (ойига 1 500 минг сўм);

1-омборхона бўйича (220 кв.м) – 9 900 минг сўм (ойига 3 300 минг сўм);

2-омборхона бўйича (300 кв.м) – 900 минг сўм (ойига 300 минг сўм).

Бухгалтерия ҳисоби маълумотларига кўра чорак учун курсдаги фарқлар қуйидаги миқдорни ташкил этди: ижобий – 1 200 минг сўм, салбий – 900 минг сўм.

 

Октябрь ойида корхона фоизлар тўлаш шарти билан пул кўринишида қарз берди. Октябрь–декабрь ойларидаги фоизлар кўринишидаги даромадлар (9530-ҳисобварақ кредити) 2 600 минг сўмни ташкил этди, шундан қарздор 260 минг сўм миқдорида солиқни ушлаб қолди, корхонага эса 2 340 минг сўм ўтказилди.

 

Йил якунларига кўра ЯСТ ҳисоб-китобида қуйидагиларни ҳисобга олиш лозим:

солиқ солишнинг турли объектлари ва (ёки) ЯСТ ставкалари белгиланган бир нечта фаолият турлари юритилганда корхона алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши ва ЯСТни қуйидаги ставкаларда тўлаши шарт:

воситачилик хизматлари бўйича – воситачилик ҳақи суммасига 33% (ПҚ-2455-сон қарорга 10-1-илова);

улгуржи савдо бўйича – товар оборотига 3% (ПҚ-2455-сон қарорга 10-2-илова);

бошқа даромадлар таркибига қуйидагилар киритилади:

ижарадан даромадлар. Улар ЯСТ ҳисоб-китобига 1-иловада акс эттирилади. Ижарадан даромадларга солиқ солишда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳисобга олиниши лозим (Тошкент шаҳри бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг 4.01.2016 йилдаги 1-сон қарори билан тасдиқланган). Агар ижара шартномасига кўра ижара тўлови суммаси ижара тўловининг энг кам ставкалари асосида ҳисобланган суммадан кам бўлса, ЯСТ энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланади (МВ ва ДСҚнинг 26.01.2012 йилдаги ММ/04-01-32-14/87, 13/1-954-сон тушунтириш хати);

валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошиши. Курс фарқидаги салбий сальдо ЯСТни ҳисоблашда солиқ солинадиган базани камайтирмайди (Солиқ кодексининг 355-моддаси 5-қисми);

фоизлар тарзидаги даромадлар (Солиқ кодексининг 132-моддаси 14-банди). Бунда фоизли даромадлар ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани ҳисоблашда ялпи тушумдан чегирилади (Солиқ кодексининг 356-моддаси ­1-қисми 2-банди), сабаби фоизлардан солиқни ушлаб қолиш мажбурияти уларни тўлаш манбаига, яъни қарздор зиммасига юклатилган (Солиқ кодексининг 156-моддаси). ЯСТ бўйича ҳисоботда фоизлар тарзидаги даромадлар 2-иловада бошқа даромад сингари, шунингдек 4-иловада солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайиши сифатида кўрсатилади;

2203-сон Низомга кўра ЯСТ ер солиғининг 3 бараварига тенг сумма кўринишидаги энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади. Ҳисобот чораги якунларига кўра (ортиб бормайдиган якун билан) воситачилик хизматлари корхонанинг асосий фаолият тури бўлса, энг кам ЯСТ улгуржи дорихона ташкилотлари учун белгиланган пасайтирувчи коэффициентсиз белгиланади. 

 

Йил якунларига кўра ЯСТ қуйидаги тартибда ҳисобланади:

 

Йил якунларига кўра реализациядан соф тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри) 508 200 минг сўмга тенг, шу жумладан:

воситачилик фаолияти  – 261 000 минг сўм (72 000 + 189 000) (1-устун);

улгуржи савдо – 247 200 минг сўм (203 200 + 44 000) (2-устун).

 

Тушум салмоғи (020-сатр) қуйидача:

воситачилик хизматлари бўйича – 51% ((261 000 / 508 200) х 100) (1-устун);

улгуржи савдо бўйича – 49% ((247 200 / 508 200) х 100) (2-устун).

 

II чоракда дори воситаларининг туркуми таннархидан паст нархда сотилгани натижасида кўрилган зарар суммаси ЯСТ ҳисоб-китобининг 025-сатри 2-устунида такроран қайд этилади (5 800 минг сўм) ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрида солиқ солинадиган ялпи тушумга қўшилади.

Бошқа даромадлар суммаси аниқланади.

Курсдаги фарқлар бўйича сальдо ортиб борувчи якун билан белгиланади. Йил якунларига кўра у 1 500 минг сўмга (1 200 – 900 + 1 200) тенг, ЯСТ ҳисоб-китобига ­2-илованинг 140-сатрида кўрсатилади.

 

Йил якунларига кўра мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар – 56 100 минг сўм (40 800 + 15 300) реализациянинг умумий ҳажмида устунлик қилмайди, тегишинча, бошқа даромадларга киради.

Шартномадаги ижара тўлови суммасини давлат мулки бўйича белгиланган энг кам ставкалар билан солиштириш учун ЯСТ ҳисоб-китобига 1-илова тўлдирилади. Ушбу ҳолатда солиштириш ҳар бир ижара шартномаси юзасидан алоҳида амалга оширилади.

1-омборхона ва дорихона юзасидан шартномага кўра ижара тўлови суммаси энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган ижара тўлови суммасидан кўп (031, 033-сатрлар қиймати 041, 043-сатрлардагидан катта), шу сабабли ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага шартнома бўйича ижара тўлови киритилади.

2-омборхона бўйича ҳисобот даврида 1 кв.м учун шартнома билан белгиланган ижара тўлови суммаси 5 000 минг сўмни (300 000 / 300 кв.м х 5 ой) ташкил этади (032-сатр), энг кам ставкадан келиб чиқиб ҳисоблангани эса – 5 896 сўм (14 150 / 12 ой х 5 ой) (042-сатр). 1 кв.м учун ошиш суммаси 896 сўмни (5 896 – 5 000) (052-сатр), ҳисобот даврида умуман 2-омборхона бўйича – 268 800 сўмни (896 х 300 кв.м) ташкил этади (062 ва 060-сатрлар).

2-омборхона бўйича ижара тўловининг ошиши ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 035-сатрига ўтказилади.

Йил якунларига кўра мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар суммаси (56 100 минг сўм) ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 030-сатрида кўрсатилади.

 

IV чоракда олинган фоизлар тарзидаги даромадлар (2 600 минг сўм) 2-илованинг 160-сатрида кўрсатилади.

 

Йил якунларига кўра бошқа даромадларнинг умумий суммаси ижара тўлови бўйича ошиш суммасини ҳисобга олганда 60 468,8 минг сўмга тенг (56 100 + 268,8 + 1 500 + 2 600), 2-илованинг 010-сатрида акс эттирилади ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатрига ўтказилади.

Бошқа даромадларга 33%лик ставкада ЯСТ солинади, сабаби йил якунларига кўра воситачилик хизматлари корхонанинг асосий фаолият тури ҳисобланади.

 

Йил якунларига кўра солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 574 468,8 минг сўмга тенг, шу жумладан:

воситачилик фаолиятидан – 321 468,8 минг сўм (261 000 + 60 468,8) (1-устун);

улгуржи савдодан – 253 000 минг сўм (247 200 + 5 800) (2-устун).

 

Солиқ солинадиган ялпи тушум тўлов манбаида солиқ солинган фоизлар тарзидаги даромадлар суммасига камаяди. ЯСТ ҳисоб-китобига 4-илова тўлдирилади: 0202 ва 010-сатрларда солиқ ушлаб қолингандан кейин қарздордан амалда келиб тушган пул маблағлари суммаси (2 340 минг сўм) эмас, балки ҳисобланган фоизлар суммаси – 2 600 минг сўм кўрсатилади.

ЯСТ ҳисоб-китобида солиқ солинадиган ялпи тушумнинг камайиши 0502 ва 050-сатрларда акс эттирилади.

 

Солиқ солинадиган база (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри) 571 868,8 минг сўмни ташкил этади, шу жумладан:

воситачилик фаолиятидан – 318 868,8 минг сўм (321 468,8 – 2 600) (1-устун);

улгуржи савдодан – 253 000 минг сўм (2-устун).

 

Йил якунларига кўра ҳисоб-китоб бўйича ЯСТ суммаси 121 816,704 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатри, «Жами» устуни), шу жумладан:

воситачилик фаолиятидан – 105 226,704 минг сўм (318 868,8 х 33%);

дори-дармонларнинг улгуржи савдосидан – 7 590 минг сўм (253 000 х 3%).

ЯСТ ҳисоб-китобининг 120 ва 130-сатрларида 112 816,704 минг сўм кўрсатилади.

 

Сўнгра ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китоб суммаси билан солиштирилади. Чорак учун энг кам ЯСТ 2 201,963 минг сўмни ташкил этади.

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ҳисобот чорагидаги солиқ солинадиган ялпи тушумдан келиб чиқиб белгиланади (ҳисобот ва олдинги ҳисобот даврларидаги ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатрлари ўртасидаги фарқ). Бунда солиқ солинадиган ялпи тушумнинг фоизлар тарзида олинган даромадлар суммасига камайиши ҳисобга олинмайди. IV чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 82 381,482 минг сўмга тенг ((321 468,8 – 72 500) х 33% + (253 000 – 251 107,4) х 3%).

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси энг кам ЯСТдан кўп, шу сабабли қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмайди ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрида «0» қайд этилади. Йил якунларига кўра бюджетга 112 816,704 минг сўм тўланиши керак. 9 ой якунларига кўра тўланган ЯСТ суммасини ҳисобга олган ҳолда IV чорак учун 81 523,482 минг сўм ўтказилади (112 816,704 – 31 293,222).

Шуни ҳисобга олиш лозимки, йил якунларига кўра улгуржи савдо асосий фаолият тури ҳисобланмаслиги сабабли корхона, башарти ходимларининг сони бўйича микрофирмалар ёки кичик корхоналарга кирса, ЯСТни тўлашга ҳақли бўлади. Акс ҳолда у Солиқ кодексининг 351-моддасига мувофиқ умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китобларга асосан 2016 йил учун ЯСТни қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт.

 

3-вазият.

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАСИ УЧУН
ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

 

Фарғона шаҳридаги ишлаб чиқариш корхонаси (ихтиёрий асосда ҚҚС тўловчиси) «Камолот» жамғармасига ажратмалар тўлайди. ЯСТ ва ҚҚС бўйича имтиёзларга эга эмас. Кадастр ҳужжатларига кўра офис, ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналар жойлашган ер участкаси майдони 1 230 кв.метрни ташкил этади. Шунингдек корхона майдони 120 кв.метрлик дўконни ижарага олган.

Чорак ҳисобида ЯСТнинг энг кам миқдори ЯСТнинг энг кам миқдори маълумотнома-ҳисоб-китобига кўра 497,825 минг сўмга тенг.

 

9 ой якунларига кўра:

маҳсулот реализациясидан соф тушум 104 100 минг сўмни (ҚҚСсиз) ташкил этди;

тайёр маҳсулотни муассисга текин беришдан зарарлар – 3 000 минг сўм (ҚҚСсиз);

бошқа даромадлар – 14 500 минг сўм, шу жумладан:

I чоракда олинган дивидендлар – 13 500 минг сўм;

контрагентдан олинган жарима – 1 000 минг сўм;

солиқ солинадиган айланмалардан ҳисоблаб ёзилган ҚҚС – 21 420 минг сўм;

ҳисобга қабул қилинган ҚҚС – 5 500 минг сўм;

бюджетга тўланадиган ҚҚС – 15 920 минг сўм.

 

9 ой якунларига кўра бюджетга 2 539,874 минг сўм миқдорида ЯСТ, ЯСТнинг энг кам миқдоригача қўшимча ҳисоблашни (53,574 минг сўм) ҳисобга олган ҳолда тўланди. «Камолот» жамғармасига 216,2 минг сўм ўтказилди.

IV чоракда корхона ўз маҳсулотининг бир қисмини экспортга реализация қилди. Экспорт контракти бўйича тушум тўлиқ миқдорда келиб тушди.

Чорак якунларига кўра реализациядан тушум қуйидагича бўлди:

республика ичида, шу жумладан фақат ўз маҳсулоти сотиладиган дўкон орқали – 42 000 минг сўм (ҚҚСсиз);

экспортга – 39 000 минг сўмга эквивалент суммада (БЮД расмийлаштирилган санадаги МБ курси бўйича қайта ҳисоблаганда).

24 400 минг сўмлик суммада ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хом ашё ва материаллар харид қилинди, шу жумладан ҚҚС билан 14 400 минг сўм (олинган ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС 2 400 минг сўмни ташкил этди).

Бухгалтерия ҳисоби маълумотларига кўра ижобий курс фарқи 1 860 минг сўмни, салбийси – 1 540 минг сўмни ташкил этди.

 

IV чорак учун ЯСТ ва ҚҚСни ҳисоб-китоб қилишда қуйидагилар ҳисобга олинади:

дўкондан тушган тушум тайёр маҳсулотни сотишдан тушган умумий тушумда ҳисобга олинади ва 5%лик ставкада ЯСТ солинади, сабаби ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг фирма дўконлари орқали сотилишига савдо фаолияти сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 350-моддаси).

Ўз маҳсулотларини (ишларни, хизматларни) экспорт қилувчи корхоналар экспорт улуши қуйидагича бўлганда ЯСТнинг пасайтирилган ставкасини қўллашга ҳақли:

реализациянинг умумий ҳажмида 15%дан 30%гача миқдорда бўлганида – ставка 30%га камайтирилади;

30% ва ундан кўпроқ бўлганида – 50%га камайтирилади (5.06.2000 йилдаги ПФ-2613-сон).

Имтиёзни қўллаш мақсадида экспорт улуши ортиб борувчи якун билан белгиланади.

Экспорт улушига боғлиқ ҳолда ЯСТнинг пасайтирилган ставкаси ЯСТ ҳисоб-китобига 6-иловада белгиланади;

баланснинг валюта моддаларини қайта баҳолаш чоғида курсдаги ижобий ва салбий фарқлар ўртасидаги сальдо ЯСТ солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 355-моддаси 5-қисми). Салбий сальдо ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани камайтирмайди.

ҚҚС Солиқ кодексининг VII бўлимига мувофиқ ҳисобланади ва тўланади. Маҳсулотнинг фирма дўкони орқали сотилиши ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланади.

Товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) оборотига ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади (Солиқ кодексининг 212-моддаси). Ноль даражали ставкани қўллаш учун уларнинг экспорт қилинганлигини тасдиқлаш зарур. Солиқ кодексининг 213-моддасига мувофиқ, экспорт контракти, БЮД ва божхона органининг белгиси қўйилган товарга илова қилинадиган ҳужжатлар ана шундай тасдиқ бўлиб хизмат қилади.

ҚҚС билан сотиб олинган (етказиб берувчининг ҳисобварақ-фактурасида ҚҚС алоҳида ажратиб кўрсатилган) товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС Солиқ кодексининг 218-моддасида белгиланган шартларга риоя этилганда ҳисобга олинади. Чет эллик сотиб олувчи томонидан товарлар учун ҳақ тўланганлиги ноль даражали ставка қўлланган ҳолда товарларни экспортга реализация қилиш обороти мақсадида фойдаланиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш шарти ҳисобланади. Агар банк кўчирмаси товарнинг ҳақи тўлиқ тўланганлигини тасдиқласа, ҳисобот даврида ҚҚС билан сотиб олинган ва экспортга реализация қилинган товарни ишлаб чиқаришда фойдаланилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚСнинг бутун суммаси ҳисобга олинади.

Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси солиқ солинадиган оборотлардан ҳисобланган ҚҚС суммаси билан ҳисобга қабул қилинган ҚҚС ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади. Ноль даражали ставка қўлланиши муносабати билан экспорт қилувчи корхоналарда ушбу суммалар ўртасида салбий фарқ юзага келиши мумкин. Солиқ кодексининг 227, 228-моддалари ва Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 7.04.2016 йилда 2775-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган тартибда у солиқ тўловчига қайтарилади.

Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС 2439-сон қарорга 3-иловада келтирилган шакллар бўйича тўлдириладиган Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобида ва унга иловаларда аниқланади.

ЯСТнинг ҳисоблаб ёзилган суммаси, бироқ ЯСТ суммасининг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда бюджетга ўтказиладиган ҚҚС суммасига камайтирилади.

 

Йил якунларига кўра ЯСТ қуйидаги тартибда ортиб борувчи якун билан ҳисобланади.

 

Маҳсулот реализациясидан ҚҚСсиз соф тушум 185 100 минг сўмга тенг (104 100 + 42 000 + 39 000) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри).

Муассисга маҳсулотни текинга беришдан III чоракда кўрилган зарарлар – 3 000 минг сўм йил якунлари бўйича ЯСТ ҳисоб-китобининг 025-сатрида такроран қайд этилади ва кейинчалик солиқ солинадиган тушумни аниқлашда ҳисобга олинади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри).

 

Йил якунларига кўра бошқа даромадлар 14 820 минг сўмни ташкил этди (ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 010-сатри, 030-сатр), шу жумладан:

олинган жарима – 1 000 минг сўм (2-илованинг ­130-сатри);

курсдаги ижобий ва салбий фарқ ўртасидаги сальдо – 320 минг сўм (1 860 – 1 540) (2-илованинг 140-сатри);

олинган дивидендлар – 13 500 минг сўм (2-илованинг 150-сатри).

 

13 500 минг сўмлик дивидендлар тарзидаги даромадлар Солиқ кодексининг 356-моддаси 1-қисми 2-бандига асосан солиқ солинадиган ялпи тушумни камайтириш кўринишида ЯСТ ҳисоб-китобига 4-иловада ҳам акс эттирилади. 4-илованинг 0202, 020 ва 010-сатрлари ҳамда ЯСТ ҳисоб-китобининг 050, 0502-сатрлари тўлдирилади.

Йил якунларига кўра солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 202 920 минг сўмни ташкил этади (185 100 + 3 000 + 14 820).

Солиқ солинадиган ялпи тушумни дивидендлар суммасига камайтиришни ҳисобга олган ҳолда солиқ солинадиган база 189 420 минг сўмни (202 920 – 13 500) ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатри).

 

Ишлаб чиқариш корхоналари учун ЯСТ ставкаси 5% миқдорида белгиланган (ПҚ-2455-сон қарорга 10-1-илова) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 070-сатри). Экспорт улушига қараб ЯСТ ставкасига тузатиш киритиш қуйидагиларни кўрсатган ҳолда ЯСТ ҳисоб-китобига 6-иловада амалга оширилади:

010-сатрда – ЯСТ ҳисоб-китобига 010-сатр маълумотларига кўра реализациядан соф тушум – 185 100 минг сўм;

020 ва 030-сатрларда – ўз маҳсулотини экспорт қилишдан тушум – 39 000 минг сўм;

040-сатрда – реализациянинг умумий ҳажмида экспортдан тушум салмоғи. У 21%ни ((39 000 / 185 100) х 100) ташкил этади;

050-сатрда – ЯСТнинг белгиланган ставкаси – 5%;

060-сатрда – ЯСТнинг тузатилган ставкаси. Экспорт улуши 21%ни ташкил этгани сабабли ставка 30%га камайтирилади ва 3,5%ни (5 – (5 х 30 / 100)) ташкил этади.

ЯСТ ҳисоб-китобининг 080-сатрида 3,5% қайд этилади.

 

Йил якунларига кўра ЯСТ суммаси Ҳисоб-китобга кўра 6 629,7 минг сўмни (189 420 х 3,5%) ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатри).

 

Сўнгра ҚҚСни ҳисоблаш лозим. Солиқ солинадиган оборотлардан IV чорак учун ҚҚС 8 400 минг сўмга тенг (42 000 х 20%). Йил якунларига кўра ҚҚС:

солиқ солинадиган оборотлар бўйича – 29 820 минг сўмни (21 420 + 8 400);

ҳисобга киритиладиган – 7 900 минг сўмни (5 500 + 2 400);

бюджетга тўланадиган – 21 920 минг сўмни ташкил этади. Бу сумма ҚҚС ҳисоб-китобининг 050-сатрида ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 100-сатрида кўрсатилади.

 

ЯСТ суммаси ҚҚС суммасига, бироқ ЯСТ ҳисоб-китобининг 090-сатрида кўрсатилган ЯСТ суммасининг 50%идан ортиқ бўлмаган суммага камайтирилади. ҚҚС суммаси ЯСТ суммасининг 50%идан кўп бўлганлиги сабабли ҳисобланган ЯСТ фақат 3 314,85 минг сўмга (6 629,7 / 2) камайтирилади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 110-сатри).

Ҳисоб-китобга кўра ҳисоблаб чиқарилган ЯСТ (ЯСТ ҳисоб-китобининг 120-сатри) 3 314,85 минг сўмга тенг. Йил якунларига кўра «Камолот» жамғармасига ажратмалар (ЯСТ ҳисоб-китобининг 160-сатри) 265,188 минг сўмни ташкил этади (3 314,85 х 8%).

 

«Камолот» жамғармасига ажратмаларни чегирган ҳолда ЯСТ (ЯСТ ҳисоб-китобининг 130-сатри) – 3 049,662 минг сўм (3 314,85 – 265,188).

 

Бюджетга тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммасини аниқлаш учун энг кам ЯСТ (ер солиғининг 3 баравари суммаси) ва ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси Энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ЯСТнинг маълумотнома-ҳисоб-китобига асосан солиштирилади.

Ҳисобот чораги учун ЯСТнинг энг кам миқдори 497,825 минг сўмга тенг.

Ҳисобот чораги учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси чорак учун солиқ солинадиган тушумдан белгиланади (олинган дивидендлар суммасига камайтиришни ва ЯСТнинг пасайтирилган ставкасини ҳисобга олмасдан ҳисобот ва ўтган ҳисобот даврларидаги ЯСТ ҳисоб-китобининг ­040-сатрлари фарқи). ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 4 066 минг сўмни ташкил этади ((202 920 – 121 600) х 5%).

Ҳисоб-китоб суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан кўп, шу сабабли чорак якунларига кўра қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмайди. ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050-сатрида «0» кўрсатилади, 060 ва 070-сатрларда эса II чорак учун қўшимча ҳисоблаб ёзиш суммаси – 53,574 минг сўм қайд этилади. Ушбу кўрсаткич ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрига ҳам ўтказилади.

 

Йил якунларига кўра тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммаси (ЯСТ ҳисоб-китобининг 180-сатри) II чорак якунларига кўра энг кам ЯСТгача қўшимча ҳисоблаб ёзишни ҳисобга олганда 3 103,236 минг сўмга тенг (3 049,662 + 53,574). Бюджетга IV чорак учун 563,362 минг сўм миқдорида ЯСТ (3 103,236 – 2 539,874), «Камолот» жамғармасига – 48,988 минг сўм (265,188 – 216,2) ўтказилади.

 

4-вазият.

СТОМАТОЛОГИЯ КЛИНИКАСИ ВА ДОРИХОНА УЧУН ЯСТ ҲИСОБ-КИТОБИ

 

Самарқанд шаҳридаги кичик корхона стоматология хизматларини кўрсатади, шунингдек дорихонага эга. «Камолот» жамғармасига ажратмалар тўлайди.

Корхона эгаллаган, стоматология клиникаси жойлашган ер участкаси майдони – 0,036 га. Ижарага олинган (дорихона учун) хоналар майдони – 160 кв.м.

 

9 ой якунларига кўра қуйидалар олинган:

стоматология хизматлари реализациясидан тушум – 144 000 минг сўм;

дорихонадан тушум – 94 000 минг сўм;

сентябрь ойида мебель тўплами сотилишидан олинган бошқа даромад – 1 200 минг сўм.

9 ой якунларига кўра ЯСТ 9 273,6 минг сўмни, «Камолот» жамғармасига ажратмалар 806,4 минг сўмни ташкил этди.

 

IV чоракдаги тушум:

стоматология хизматларини кўрсатишдан – 15 000 минг сўм (таъмирлаш якунлангандан сўнг декабрь ойида хизматлар кўрсатила бошлаган);

дорихонадан – 74 000 минг сўм.

Клиника таъмирланганидан кейин қолган қурилиш материалларининг ортиқчаси декабрь ойида 8 900 минг сўмга сотилган. Материаллар таннархи 7 400 минг сўмни ташкил этган.

 

IV чорак учун ЯСТни ҳисоб-китоб қилишда қуйидагилар ҳисобга олинади:

стоматология хизматлари ҳамда дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритилади ва стоматология хизматлари бўйича 5%, дорихона бўйича 3% ЯСТ тўланади (ПҚ-2455-сон қарорга 10-1, 10-2-иловалар);

сотилган қурилиш материалларининг ортиқчаси бўйича молиявий натижа сотишдан тушум билан уларнинг баланс қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда ­1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг ­50-банди).

Материалларни сотишдан олинган даромад бошқа даромадлар таркибига киритилади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 1-банди) ва унга асосий фаолият тури ставкасида ЯСТ солинади. Бошқа даромадлар ЯСТ ҳисоб-китобига 2-иловада кўрсатилади;

2203-сон Низомга мувофиқ, ЯСТ ер солиғининг 3 баравари кўринишидаги энг кам миқдорни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади ва тўланади. Стоматология клиникаси жойлашган ер участкасига Солиқ кодексининг 282-моддаси 2-қисми 9-бандига асосан ер солиғи солинмайди. Шу сабабли энг кам ЯСТни ҳисоблаб чиқаришда ушбу участка майдони ҳисобга олинмайди. Энг кам ЯСТ ижарага олинган майдонлардан (160 кв.м) келиб чиқиб ҳисобланади.

Агар ҳисобот чораги якунларига кўра дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш (дорихона) асосий фаолият тури (ортиб бормайдиган якун билан) бўлса, корхона ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблашда 0,2 пасайтирувчи коэффициентини қўллашга ҳақли (2203-сон Низомга 1-илованинг 4-банди). 

 

Йил якунларига кўра ЯСТ қуйидаги тартибда ҳисобланади.

 

Хизматлар ва товарлар реализациясидан соф тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатри) 327 000 минг сўмни ташкил этади, шу жумладан:

дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана реализацияси (дорихона) – 168 000 минг сўм (94 000 + 74 000) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 1-устуни);

стоматология хизматлари – 159 000 минг сўм (144 000 + 15 000) (ЯСТ ҳисоб-китобининг 2-устуни).

ЯСТ ҳисоб-китобининг 020-сатрида фаолият турлари бўйича тушумнинг салмоғи белгиланади:

дорихона – 51% (168 000 / 327 000 х 100);

стоматология хизматлари – 49% (159 000 / 327 000 х 100).

 

Клиника таъмирланганидан кейин қолган қурилиш материалларини сотишдан даромад 1 500 минг сўмни (8 900 – 7 400) ташкил этди. У III чоракда мебель тўпламини сотишдан олинган бошқа даромад (1 200 минг сўм) билан бирга ЯСТ ҳисоб-китобига 2-илованинг 020-сатрида кўрсатилади. Йил якунларига кўра бошқа даромадларнинг умумий суммаси – 2 700 минг сўм 2-илованинг 010-сатрида кўрсатилади ва ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатрига ўтказилади.

 

Йил якунларига кўра солиқ солинадиган ялпи тушум (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 329 700 минг сўмни ташкил этади, шу жумладан:

дорихона бўйича – 170 700 минг сўм (168 000 + 2 700);

стоматология бўйича – 159 000 минг сўм.

Корхона имтиёзларга эга эмас, шу сабабли 040-сатрдаги маълумотлар ЯСТ ҳисоб-китобининг 060-сатрига (солиқ солинадиган база) ўтказилади.

 

Ягона солиқ тўлови суммаси:

дорихона бўйича (1-устун) – 5 121 минг сўмни (170 700 х 3%);

стоматология хизматлари бўйича (2-устун) – 7 950 минг сўмни (159 000 х 5%);

йил якунларига кўра умуман корхона бўйича («Жами» устуни) – 13 071 минг сўмни (ЯСТ ҳисоб-китобининг 090, 120-сатрлари) ташкил этади.

Йил якунларига кўра «Камолот» жамғармасига ажратмалар (ЯСТ ҳисоб-китобининг 160-сатри) 1 045,68 минг сўмни (13 071 х 8%) ташкил этади.

«Камолот» жамғармасига ажратмаларни чегирган ҳолда ЯСТ (ЯСТ ҳисоб-китобининг 130-сатри) – 12 025,32 минг сўм (13 071 – 1 045,68).

 

Бюджетга тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммасини аниқлаш мақсадида унинг ҳисоб-китоб суммаси ва энг кам миқдори солиштирилади. Мисол маълумотларига кўра чорак якунлари бўйича салмоғи (ортиб бормайдиган якун билан) 83%га тенг бўлган (74 000 / 89 000 х 100) дорихона фаолияти асосий фаолият тури ҳисобланади. Шу сабабли ЯСТнинг энг кам миқдори чакана дорихона ташкилотлари учун белгиланган 0,2 пасайтирувчи коэффициентидан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

Чорак учун ЯСТнинг энг кам миқдори 33,553 минг сўмга тенг (3 х 0,016 х 13 980 605 х 0,2 / 4, бунда 0,016 – ижарага олинган хоналар майдони, 13 980 605 сўм – Самарқанд шаҳридаги ер солиғининг энг кам ставкаси).

Ҳисобот чорагидаги ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси фаолиятнинг иккита тури бўйича олинган солиқ солинадиган ялпи тушум ва улар бўйича белгиланган ЯСТ ставкаларидан келиб чиқиб аниқланади (ҳисобот ва аввалги ҳисобот даврларидаги ЯСТ ҳисоб-китобининг ­040-сатрларидаги фарқ). IV чорак учун ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси 2 991 минг сўмга тенг ((170 700 – 94 000) х 3% + (159 000 – 145 200) x 5%) (ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯСТнинг маълумотнома-ҳисоб-китоби 030-сатри).

ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси энг кам суммасидан кўп, шу сабабли IV чорак якунларига кўра қўшимча ҳисоблаб ёзиш амалга оширилмайди ва Маълумотнома-ҳисоб-китобнинг 050-сатрида, шунингдек ЯСТ ҳисоб-китобининг 170-сатрида «0» қайд этилади.

 

Йил якунларига кўра бюджетга тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммаси 12 025,32 минг сўмни ташкил этади (ЯСТ ҳисоб-китобининг 180-сатри). Чорак учун бюджетга 9 ой якунларига кўра бюджетга тўланган солиқни чегирган ҳолдаги сумма, яъни 2 751,72 минг сўм ўтказилади (12 025,32 – 9 273,6). «Камолот» жамғармасига 239,28 минг сўм тўланади (1 045,68 – 806,4).

 

Бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси 1 ва 2-қисмлари

 

 

«Norma Ekspert»

Прочитано: 1596 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика