Norma.uz

Ҳуқуқ мажбуриятсиз бўлмайди

 

Ишнинг моҳияти

2015 йил январида ХФ (сотувчи) ва МЧЖ (харидор) 300 млн сўмлик олди-сотди шартномасини тузишди. Харидор шартнома билан белгиланган муддатда (3 банк куни) ва миқдорда (50%) олдиндан ҳақ тўлади. Сотувчи шундан кейин 30 кун мобайнида 2015 йил февралида товарни етказиб берди. Шартнома суммасининг қолган 50%ини тўлаш учун етказиб бериш кунидан бошлаб 45 кун белгиланди.

2015 йил апрели бошларида ХФ МЧЖни шартнома бўйича тўлаш ҳуқуқни хусусий корхонага берганлик тўғрисида хабардор қилиб, МЧЖга битим нусхасини юборди. 7 кундан кейин ХК қолган 150 млн сўмни тўлаш талаби билан МЧЖга мурожаат қилди. Бироқ МЧЖ етказиб берилган товар сифатига эътирозлар туфайли уни тўлашдан бош тортди. Шартномага кўра товарнинг яроқлилик муддати етказиб бериш пайтида ишлаб чиқарувчи белгилаган муддатнинг 40%идан ўтган бўлиши керак эмас. Товарнинг бир қисми кўрсатилган талабни бузган ҳолда етказиб берилган. Мазкур далил бўйича ХК ва МЧЖ тегишли далолатнома туздилар. Шу сабабли МЧЖ қарзни 10 млн сўмга камайтиришни илтимос қилди.

МЧЖнинг важ-далилларига қўшилмаган ХК 2015 йил майда хўжалик судига 150 млн сўм асосий қарз, 1 500 минг сўм давлат божи, 7 200 сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан мурожаат қилди.

Ишни кўриб чиқишга мустақил талабларни қўймаган учинчи шахс сифатида ХФ жалб этилди.

Суд жараёни боришида МЧЖ ХКдаги 10 млн сўм асосий қарз ва тегишинча 118 400 сўм давлат божи, 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида қарши даъво тақдим этди.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан ХКнинг даъво талаблари қисман қондирилди. Апелляция ва кассация инстанцияларида мазкур иш кўрилмади.

 

ХКнинг позицияси

– ХФ билан МЧЖ ўртасида 2015 йил январида 300 млн сўмлик олди-сотди шартномаси тузилган. Товар етказиб беришдан кейин МЧЖнинг ХФ олдидаги қарзи 150 млн сўмни ташкил этди. 2015 йил апрели бошида ХФ билан бизнинг ўртамизда 150 млн сўмни тўлашни талаб қилиш ҳуқуқини ХКга бериш тўғрисида икки тарафлама шартнома тузилди. Фуқаролик кодекси ­313-моддасининг ­2-қисмига мувофиқ МЧЖнинг розилиги талаб қилинмади ва ХФ уни ҳуқуқ берилганлиги тўғрисида хабардор қилиши ва ХФга битим нусхасини бериши керак эди, айни шу нарса қилинган. Бироқ МЧЖ 150 млн сўмни тўлашдан бош тортиб, товарнинг бир қисми сифатсиз етказиб берилганлигини кўрсатди. Лекин ушбу камчиликлар учун биз жавоб бермаймиз ва ушбу талабни ХФга билдириш лозим. Шу сабабли даъвони қондиришни сўраймиз.

 

МЧЖнинг позицияси

– Олди-сотди шартномаси бўйича биз олдиндан 150 млн сўм тўладик. Шартнома шартларига кўра биз қолган 150 млн сўмни ХФга 2015 йил 20 апрелдан кечиктирмай тўлашимиз керак эди. Шунингдек шартномага кўра етказиб бериш пайтида товарнинг яроқлилик муддати ишлаб чиқарувчи белгилаган муддатнинг кўпи билан 40%дан ўтиб кетмаслиги керак. Бироқ товарнинг 10 млн сўмлик қисми кўрсатилган талабни бузган ҳолда етказиб берилган. Ушбу шартнома шартлари бузилишини биз ва ХК тузилган далолатномада қайд этдик.

2015 йил апрель бошида ХФ бизни биздан тўлашни талаб қилиш ҳуқуқини ХКга берилганлиги тўғрисида хабардор қилиб, битим нусхасини юборди. Сўнгра бизга ХК қолган 150 млн сўмни, талаб қилиш ҳуқуқи унга берилганлиги боис, унга тўлашимиз талаби билан мурожаат қилди. Биз бош тортдик, чунки етказиб берилган товарларнинг сифатидан норози эдик ва шартнома бўйича тўлов суммасини 10 млн сўмга камайтиришни илтимос қилдик.

ХК судга мурожаат этганидан кейин биз 10 млн сўм ва суд харажатларини ундириш тўғрисида қарши талаб тақдим этдик. Шу муносабат билан даъво талаблари суммасини камайтиришни сўраймиз.

 

ХФнинг позицияси

– Биз билан МЧЖ 2015 йил январида 300 млн сўмлик олди-сотди шартномасини туздик. 2015 йил январи охирида биз билан ХК ўртасида МЧЖдан 150 млн сўм тўловни талаб қилиш ҳуқуқини унга бериш тўғрисида икки тарафлама битим тузилди. Биз МЧЖга талаб қилиш ҳуқуқини бериш амалга оширилганлиги тўғрисидаги хабарномани юбордик. МЧЖнинг биздан қарзи миқдори талаб қилиш ҳуқуқини бериш пайтида 150 млн сўмни ташкил қилди.

 

Суднинг ҳал қилув қарори

Биринчи инстанция суди иш материалларини ўрганиб, даъвогарнинг важ-далиллари ва жавобгарнинг эътирозлари, учинчи шахснинг фикрини тинглаб ҳамда муҳокама қилиб, қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, юқорида баён этилган, ХКнинг 150 млн сўм асосий қарз, 1 500 минг сўм давлат божи, 7 200 минг сўм почта харажатларини ундириш даъвоси билан хўжалик судига мурожаат қилиши сабабига айланган далилларнинг қисман тасдиғини топди. ФКнинг 313, 317 ва 434-моддаларига асосланиб, шунингдек жавобгарнинг қарши даъво аризаси асослилигини ҳисобга олиб, суд шундай қарор қилди:

МЧЖнинг ХКдан 10 млн сўм асосий қарз, 118 400 сўм давлат божи, 7 200 сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида қарши даъвоси тўлиқ ҳажмда қондирилсин;

ХКнинг МЧЖга нисбатан 151 млн 507 минг 200 сўм ундириш тўғрисидаги даъво талаблари қисман қондирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 141 млн 381 минг 600 сўм ундирилсин.

 

Юристнинг шарҳи

ФКнинг 236-моддасига асосан мажбуриятлар шартнома шартлари ва қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.

ФКнинг 313-моддасига мувофиқ мажбурият асосида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқ (талаб) унинг томонидан битим бўйича бошқа шахсга ўтказилиши (талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш) ёки қонун асосида бошқа шахсга ўтиши мумкин. Кредиторнинг ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтиши учун, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарздорнинг розилиги талаб қилинмайди. Бу ХКнинг тўлаш тўғрисида МЧЖга талаб билдириш ҳуқуқини исботлайди.

ФКнинг 315-моддасига асосан дастлабки кредиторнинг ҳуқуқи янги кредиторга ҳуқуқ ўтиш пайтида мавжуд бўлган ҳажмда ва шартлар асосида ўтади. ФКнинг 317-моддасига мувофиқ қарздор мажбурият бўйича ҳуқуқлар янги кредиторга ўтганлиги ҳақида огоҳлантириш олган пайтида дастлабки кредиторга қарши эътирозларини янги кредиторнинг талабига қарши қўйишга ҳақли.

Юқорида кўрсатилган қоидалар шуни англатадики, талаб қилиш ҳуқуқи бошқага берилгандан кейин қарздор ҳуқуқлар ўтишига қадар мавжуд бўлган барча эътирозларини сақлаб қолади, мажбуриятда кредиторнинг алмашинуви эса қарздорнинг ҳолатини ҳеч ҳам ёмонлаштирмаслиги ёки ўзгартирмаслиги керак. Шу сабабли агар МЧЖ дастлабки кредиторга (ХФ) нисбатан етказиб берилган товарнинг сифати бўйича эътирозларга эга бўлса, у эътирозларни янги кредиторга (ХК) ҳам тақдим этиш ҳуқуқини сайлайди.

ФК 408-моддасининг 1-қисмига кўра агар товарнинг камчиликлари сотувчи томонидан маълум қилинмаган бўлса, тегишли даражада сифатли бўлмаган товар топширилган харидор ФКнинг 434-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади. Улардан бири – сотувчидан харид нархини мутаносиб равишда камайтириш талаби. Шу сабабли МЧЖ тақдим этган, 10 млн сўмлик сифатсиз товар қийматини ундириш тўғрисидаги қарши даъво тўлиқ асосланган.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, суд ХКнинг даъво талабларини қисман қондириш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилди.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, сифатсиз товар тўғрисидаги, шу жумладан уни худди шундай русумдаги сифатли товарга алмаштириш мумкинлиги тўғрисидаги масала лозим даражада кўриб чиқилган ва тарафлар (ХК ва МЧЖ) томонидан ҳал этилган тақдирда ХКга судга мурожаат қилиш ва суд харажатларини тўлашга тўғри келмас эди. Ушбу ҳолда тарафлар низони судгача тартибда ҳал эта олардилар.

 

Павел Сильнов,

адвокат.

Прочитано: 1286 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика