Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 22 / Божхона

Шартли чиқариб юбориш: эски ва янги қоидалар

 

Товарларни шартли чиқариб юбориш – жуда қулай тартиб-таомил, у божхона омборида сақлаш харажатларини камайтиради. У кўплаб турдаги товарларни олиб кирадиган импортчилар учун айниқса жозибали.

Эски таҳрирдаги Божхона кодексида уни расмийлаштириш шартлари чекланган, амалга оширилиши бироз мушкул эди. Янги таҳрирдаги БК лойиҳаси муҳокамасида божхоначилар унинг қўлланишини кенгайтириш ва ушбу тартиб-таомилни амалга оширишга рухсатнома олишни соддалаштиришни ваъда қилган эдилар. Масалан, агар расмийлаштиришда қандайдир ҳужжатлар етишмаса, уларнинг муайян муддат давомида тақдим этилишини кафолатлаган ҳолда товарларни шартли чиқариб юбориш мумкин.

Айни пайтда юкни шартли чиқариб юбориш зарурати юзага келди. Уни тақдим этиш тартибига қандайдир ўзгаришлар киритилганми? Божхонага мувофиқлик сертификатини кечроқ тақдим этишни кафолатлаб, бунда барча божхона тўловларини тўлаб, товарларни шартли чиқариб юбориш мумкинми?

Малик Р.,

ҚК директори.

– Товарларнинг шартли чиқариб юборилишига товарларнинг ҳуқуқий мақомини тартибга солувчи меъёрлар мажмуи сифатида қараш мумкин. Ушбу тартиб-таомилни аввало декларант ва божхона органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек божхона операциялари рўйхатини бажариш тартиби билан боғлаш зарур. Шахснинг белгиланган талаблар ва шартларга риоя этиш мажбуриятларига боғлиқ тарзда товарнинг чиқариб юборилиши шартли чиқариб юбориш ҳисобланади. Товарлар, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шартли чиқариб юборишнинг шартлари бўйича мажбуриятлар бажарилгунига қадар шартли чиқарилган ҳисобланади (БКнинг 22-моддаси).

 

Нималарни чиқариб юборамиз?

БКнинг 22-моддасида шартли чиқариб юборилган деб ҳисобланадиган товарларнинг қуйидаги рўйхати белгиланган:

● божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар берилганлиги муносабати билан фойдаланилиши ва тасарруф этилиши чекланган товарлар. Имтиёзлар берилган божхона тўловлари тўланган тақдирда шартли чиқариб юборилган товарлардан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилади;

 

Маълумот учун! Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар ва тариф преференциялари бериш БКнинг 43-бобида тартибга солинади. Чунончи, ташқи савдо сиёсати амалга оширилаётганда илгари тўланган божхона божини қайтариш, божхона божи ставкасини пасайтириш ва божхона божини тўлашдан озод этиш тарзида тариф имтиёзлари берилишига йўл қўйилади. Божхона божидан озод этилган товарлар БКнинг 297-моддасида кўрсатилган.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга ҚҚС ва акциз солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар Солиқ кодексига (БКнинг 298-моддаси), божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимларини тўлаш бўйича имтиёзлар БКнинг 299-моддасига мувофиқ берилади.

 

бож олинмайдиган савдо, божхона ҳудудида қайта ишлаш, вақтинча олиб кириш, божхона транзити божхона режимларида жойлаштирилган. «Вақтинча олиб кириш», «Божхона ҳудудида қайта ишлаш», «Бож олинмайдиган савдо» ва «Божхона транзити» режимларининг хусусиятлари БКнинг 11, 12, 17, 18-бобларида очиб берилган;

шартли божхона қийматини аниқлаш асосида улар бўйича божхона тўловлари тўланган. Товарнинг божхона қийматининг декларант ёки божхона брокери томонидан аниқланиши имкони бўлмаган тақдирда шартли чиқариб юборилиши БКнинг 321-моддасида назарда тутилган;

улар бўйича даврий божхона тўловлари тўланадиган. Товарларни вақтинча олиб кириш чоғида даврий божхона тўловларини ҳисоблаб чиқариш тартиби БКнинг 66-моддаси билан белгиланади;

улар учун зарур бўлган ҳужжатлар (мувофиқлик сертификати ва рухсат этиш хусусиятига эга бўлган бошқа ҳужжатлар бундан мустасно) ва маълумотлар тақдим этилмаган. Мазкур товарларни учинчи шахсларга бериш, шу жумладан сотиш ёки бошқача тарзда ўзга шахсга ўтказиш орқали бериш тақиқланади. Товарларни олиб киришга чеклов белгиланишига уларнинг сифати ва хавфсизлиги текшируви натижалари сабабчи бўлган бўлса, ҳар қандай шаклда фойдаланиш тақиқланади;

божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконини берган ҳолда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига мувофиқ расмийлаштирилган. Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш шартлари БКнинг 329-моддасида назарда тутилган.

 

Маълумот учун! Мувофиқлик сертификати ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда товарларни шартли чиқариб юбориб бўлмайди.

 

Қачон божхона қийматини аниқлаб бўлмайди

Товарнинг божхона қийматини аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда уни шартли чиқариб юбориш декларантнинг ёки божхона брокерининг аризасига кўра божхона органи томонидан амалга оширилади (БКнинг 321-моддаси), у БКнинг 44-«Товарнинг божхона қиймати» бобида белгиланган тартибда товарнинг шартли божхона қийматини мустақил равишда белгилайди. Божхона органи ариза келиб тушган кундан кейинги 3 иш куни ичида декларантга ёки божхона брокерига ушбу қийматнинг ва талаб қилинаётган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш миқдорлари тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабар қилади. Бу ҳолда, башарти божхона органи белгилаган товарнинг божхона қийматидан ҳисоблаб чиқарилган божхона тўловлари декларант ёки божхона брокери томонидан тўланса ёки тўланиши таъминланса, товар шартли чиқариб юборилади.

 

Маълумот учун! Божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг амал қилиш муддати товар чиқариб юборилган кундан эътиборан 60 календарь кунни ташкил этади.

 

БКнинг 339-моддасига мувофиқ, Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тўловчининг танловига кўра қуйидаги исталган усуллар орқали амалга оширилади: пул маблағларини божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритиш, товарларни гаровга қўйиш, банк кафолатини тақдим этиш, божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш, кафиллик. Унинг миқдори шартли божхона қийматини қўллаган ҳолда чиқариладиган товарларни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинганда тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва фоизларнинг суммасига мос бўлиши керак (БКнинг 337-моддаси).

Декларант ёки божхона брокери томонидан товарнинг божхона қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин божхона қиймати ва тегишли божхона тўловлари уларга тузатишлар киритиш шаклини тўлдирган ҳолда қайтадан ҳисоб-китоб қилинади. Улар белгиланган муддат (БКнинг 321-моддаси 4-қисми) ўтгач тақдим этилмаган тақдирда, божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммаси Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади. Бунда товарнинг божхона қийматига ва (ёки) божхона тўловларига тузатишлар киритиш шакли тўлдирилиб, у товарнинг божхона қиймати хусусидаги узил-кесил қарор ҳисобланади.

 

Айрим жиҳатлар

Шуни қайд этиш лозимки, янги таҳрирдаги Божхона кодексида шартли чиқариб юборилиши мумкин бўлган товарлар рўйхати кенгайтирилди. Хусусан, бож олинмайдиган савдо, божхона ҳудудида қайта ишлаш, вақтинча олиб кириш ва божхона транзити божхона режимларига жойлаштирилган товарлар улар сирасига киритилди.

Фикримизча, божхона омбори ҳисобланмайдиган жойда тургани ҳолда божхона омбори божхона режимига жойлаштириладиган товарларни ҳам (БКнинг 93-моддаси) шартли чиқариб юборилган товарларга киритиш мумкин. Ваколатли шахснинг аризасига кўра товар ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, унинг ташқи ўлчамлари, физик кўрсаткичлари туфайли ёки ­кимёвий хоссаларига кўра ёхуд сақланишига доир алоҳида шартлар қўйилиши туфайли божхона омборига жойлаштирилиши мумкин бўлмаса, шунингдек товар етказиб бериладиган жойда божхона омбори мавжуд бўлмаса, ушбу тартиб-таомил тақдим этилади.

Товарларнинг шартли чиқариб юборилишида манфаатдор шахслар улардан муайян қўшимча ҳолатларни, масалан, божхона тўловларини тўлашда имтиёз берилишини ҳисобга олиб жойлаштирилган божхона режими шартларига риоя этган ҳолда фойдаланишига рухсат берилиши назарда тутилади. Имтиёз деганда умумий қоидалардан истисно сифатида кимгадир енгиллик бериш тушунилади. Бир қатор ҳолларда эркин муомалага чиқаришда шундай имтиёз назарда тутиладики, унга давлат томонидан хўжалик юритувчи субъектларга муай­ян афзалликлар берилиши, белгиланган қоидалар, мажбуриятларни бажаришдан қисман озод этиш ёки уларни бажариш шартларини енгиллаштириш деб қаралади. Ундан фойдаланиш иқтисодий фаолиятнинг айрим турларини божхона томонидан тартибга солишнинг комплекс усули элементи ҳисобланади. У божхона дастакларини (шу жумладан божхона божлари, ҚҚС ва акциз тўлашдан озод этиш) қўллашнинг алоҳида тартибини назарда тутади. Иқтисодий шароит анъа­навий божхона тартиб-таомиллари такомиллаштирилишини, шунингдек уларнинг рўйхати кенгайтирилишини ва улар доирасида иқтисодиётнинг долзарб эҳтиёжларига кўпроқ мослашган янги усуллар қўлланишини талаб этди.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 2054 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика