Norma.uz
Газета СБХ / 2016 год / № 22 / Мавзуга қайтиб

Ходима учун эмас, таътилдаги онага нафақа

Газетамизда аёлларга тўланадиган ижтимоий тўловлар хусусидаги саволларга жавоблар мунтазам босиб чиқарилади. Хусусан, маслаҳатлар тўпламида («Бола парваришлаш таътили вақтида бухгалтер бўлиб ишласангиз», «СБХ»нинг 16.12.2014 йилдаги 50-сони) ушбу масалани ёритганмиз.

Шунга қарамай, ишловчи оналарга бола 2 ёшга тўлгунча нафақалар тўлаш мавзуси ўқувчиларимизни қизиқтириб келмоқда. Профессионал соҳада баҳс-мунозаралар юзага келмоқда: корхона тўлиқ иш куни ишловчи ходимага нафақа тўлаши керакми ёки уни тўлашни рад этишга ҳақлими?

Бугун ушбу мавзуга қайтиб, Меҳнат вазирлигининг жавобини, шунингдек мазкур масала юзасидан қонун ҳужжатлари меъёрлари таҳлилига асосланган экспертларимизнинг фикрини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

АСОСИЙ МЕЗОН – БОЛАНИ ПАРВАРИШЛАШ ТАЪТИЛИ

 

Бухгалтерлар ҳамжамиятида аёл болани 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилида бўлиб, шу давр учун қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда тегишли нафақа олган ҳолда тўлиқ иш вақти шароитида ишлаши ҳам мумкинми деган савол муҳокама қилинмоқда. Иш берувчи аёл болани парваришлаш таътилида бўлган даврда нафақани ҳисоблаб ёзиш ва тўлашдан бош тортишга ҳақлими?

 

Ушбу саволга жавоб бериш учун бир қатор қонун ҳужжатлари меъёрларини таҳлил қилиш лозим.

Биринчидан, Меҳнат кодексининг 234-моддаси 1-қисмига мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади. Таътил – ходим иш жойидан ташқарида бўлиб, меҳнат мажбуриятларини бажармайдиган вақт. Болани парваришлаш даврида бериладиган таътил давомий тусга эгалиги ва уни беришдан мақсад – ходимага болани тарбиялаш ва парваришлаш учун бўш вақт бериш бўлганлиги боис, аёл таътилда бўлган вақтда ўз хоҳишига кўра тўлиқ бўлмаган иш вақти шароитида ёки иш берувчи билан келишиб уйда ишлаши мумкин. Бу ҳолда унинг нафақа олиш ҳуқуқи (бюджетдан молияланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишловчи аёллардан ташқари) сақланиб қолади (МКнинг 234-моддаси 4-қисми; АВ томонидан 14.03.2002 йилда 1113-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ишлаётган оналарга болани икки ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича ҳар ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом преамбуласининг 2-хатбошиси, бундан кейин – 1113-сон Низом).

Иккинчидан, 1113-сон Низомга мувофиқ, ишлаётган оналар бир вақтнинг ўзида бола парваришлаш учун нафақа билан бирга тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб уйда ишлаган давридаги иш ҳақини олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Бу нафақа, одатда, бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни амалда парваришлаётган онага, отага, фарзандликка олган шахсга, васийга ёки бошқа қариндошларга (бундан кейин – она ўрнини босувчи шахсларга) тайинланади ва тўланади.

Бола парваришлаш учун нафақа тўлови корхоналарда (ташкилотларда) ишлаётган оналар (она ўрнини босувчи шахслар) учун ушбу хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Таҳлил қилинган меъёрлардан қуйидагича хулоса чиқариш мумкин: агар ишлаётган она тўлиқ иш вақти шароитида ишласа, бу амалда таътил олиш ҳуқуқидан фойдаланмаганлигини ва болани парваришлаётган деб ҳисобланмаслигини англатади. Шу сабабли аёл тўлиқ иш вақти шароитида ишлаши ва нафақа олиши мумкинми деган саволга йўқ жавоби берилади.

Иш берувчи тўлиқ ставкада ишлаётган, 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёлга ўз қарорига асосан қўшимча пул маблағлари тўлаши мумкин. Бундай тўловлар, ҳатто уларни нафақа деб номласа ҳам, уларни нафақага киритиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган мезонларга – амалда болани парваришлаш, онанинг уни парваришлаш таътилида бўлиши ва тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ишлаши мезонига мувофиқ келмайди. Бунинг оқибатида Солиқ кодекси томонидан тақдим этилган ва ­1113-сон Низомда белгиланган солиқ имтиёзлари уларга татбиқ этилмайди. Уларга белгиланган ставкада солиқ солинади ва улар жисмоний шахснинг бошқа даромади ҳисобланади.

Шу тариқа, агар 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёл тўлиқ иш вақти шароитида ишлашга қарор қилиб, болани парваришлай олмаса, болани амалда парваришлаётган (1113-сон Низомнинг 1-банди) ва тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб уйда ишлаётган шахс (МКнинг 234-моддаси 4-қисми) нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар аёл таътилда бўлса ва болани парваришлаш таътили берилишини сўраб ёзган аризасида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида (ёки уйда) ишламоқчи эканлигини кўрсатган бўлса, иш берувчи унга ўз маблағлари ҳисобидан нафақа ва амалда ишлаган вақти ёки бажарган ишига (меҳнат шартномаси шартларига қараб) иш ҳақи тўлаши шарт.

 

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Norma Online» МЧЖнинг бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш масалалари бўйича бўлим бошлиғи.

 

Фикр билдираман!

Ушбу нафақа моҳияти номидан англашилади – у болага эмас, болани парваришлаётган ходимага тўланади. Агар у 2 ёшга тўлмаган болага тўланганда, аёлнинг мақомидан: у ишлаш-ишламаслигидан, парвариш қилиш-қилмаслигидан қатъи назар, унинг мажбурийлиги ҳақида сўз юритиш ўринли бўлар эди. Туғилиши далили билан нафақага эга бўлиш ҳуқуқини олган боланинг бўлиши кифоя. Бунинг устига, иккита ёки учта эгизак туғилганда нафақа миқдорини икки ёки уч баравар ошириш мантиққа тўғри келган бўларди. Бироқ амалдаги қонун ҳужжатларида нафақа болани парваришлаётган аёлга ёки бошқа шахсга тўланиши назарда тутилган.

Л.Рўзметов,

газетхон.

 

РАСМИЙ ЖАВОБ

 

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги мурожаатни кўриб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддасига мувофиқ, аёл ёки ушбу модданинг 3-қисмида кўрсатилган шахслар ўз хоҳишларига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлашлари мумкин. Бунда уларнинг нафақа олиш ҳуқуқлари сақланиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 114-моддасига мувофиқ, ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади. Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. 40 соатлик иш ҳафтасида 1 иш кунининг нормал муддати 8 соатни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 119-моддасига мувофиқ, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ишга қабул қилиш чоғида ҳам, кейинчалик ҳам тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаб қўйилиши мумкин.

Агар аёл болани парваришлаш таътилида бўлган вақтда барча билан тенг равишда тўлиқ иш вақти режимида ишлашни хоҳласа, у таътилдан чиқиши зарур. Бунда унинг нафақа олиш ҳуқуқи сақланмайди.

 

Баҳодир НИЗОМОВ,

меҳнат вазирининг ўринбосари.

 

 

ОНАНИНГ ЎРНИНИ КИМ БОСАДИ

 

Умуман олганда тегишли нафақа тўланадиган, болани парваришлаш таътилидаги аёл тўлиқ иш вақти шароитида ишлай олмайди дея жавоб берган Гўзал Исломованинг фикрларига қўшилган ҳолда қуйидаги ҳолатга эътибор қаратмоқчиман.

Меҳнат кодекси ва 1113-сон Низом болани бевосита парваришлаётган бошқа шахсларга нафақа олиш имконини беради. 1113-сон Низомда улар она ўрнини босувчи шахслар деб аталган. Она ўрнини босувчи шахслар болани парвариш қилиш бўйича нафақа тайинланиши учун ариза ва бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасидан ташқари, онанинг йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат – бола онаси ўлими тўғрисидаги гувоҳнома, онанинг оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги ҳақида суд органлари берган маълумотнома ёки боланинг онаси болани парвариш қилиш бўйича нафақани олиш имконияти йўқлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларни тақдим этадилар.

Она ўрнини босувчи шахс нафақа олиш ниятини билдирганда қонун чиқарувчи она уни олиши мумкин эмаслиги тасдиғини талаб қилишига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Тегишинча, агар боланинг онаси тўлиқ иш вақти шароитида ишласа ва болани парваришлаш нафақасини ола олмаса, она ўрнини босувчи шахс қўшимча равишда тасдиқловчи ҳужжатларни (масалан, онанинг иш жойидан маълумотнома ва буйруқдан кўчирмани) тақдим этганда, нафақа олишга ҳақли бўлади. Шуни ҳам қайд этиш зарурки, агар она ўрнини босувчи шахс нафақа олса, нафақани онанинг иш берувчиси эмас, мазкур шахснинг иш берувчиси тўлайди.

 

Абдураҳмон БАХТИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

 


БАНК НАФАҚАНИ ТЎЛАШИ КЕРАК

 

Мен болани 2 ёшга тўлгунча парваришлаш бўйича декрет таътилидаман. Болам 5 ойлик бўлди, бироқ ҳанузгача нафақа олмадим. Мен ишлайдиган акциядорлик-тижорат банки иш берувчи 2 йилгача нафақа тўламасликка ҳақли деган фикр билдирмоқда. Бола туғилганида суюнчи бердилар, декретдаги касаллик варақаси ҳақини тўладилар. Бола 2 ёшга тўлгунча уни парваришлаш нафақасини олишга ҳақлиманми? Иш берувчига қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?

А.Қодирова.

 

Агар ходима болани парваришлаш таътилида бўлиб, ишламаётган бўлса, иш берувчи молиявий имкониятидан қатъи назар нафақа тўлаши шарт. Меҳнат кодексининг 234-моддаси билан шундай кафолат берилган, унда қайд этилишича, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда нафақа тўланади. Болаларни парваришлаш нафақаларини олишнинг ўзгача тартиби белгиланган бюджет ташкилотлари ходималари бундан мустасно.

Аёл ўз хоҳишига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки уйда ишлаши мумкин. Бунда Ишлаётган оналарга болани икки ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича ҳар ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 14.03.2002 йилда 1113-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бундан кейин – 1113-сон Низом) билан назарда тутилган унинг нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Бу ҳолда унга иш ҳақи ишланган вақтга мутаносиб равишда ёки бажарган ишига қараб ҳисоблаб ёзилиши керак.

Агар ходима тўлиқ иш куни ишласа ва, тегишинча, тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олса, иш берувчи унга болани 2 ёшга тўлгунча парваришлаш нафақасини тўламасликка ҳақли.

Корхонанинг ўзи болани 2 ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича ҳар ойлик нафақа тўланишини бекор қилишга ёки тўхтатиб қўйишга ҳақли эмас. Мазкур меъёр Меҳнат кодексидан ҳам, 1113-сон Низомнинг 10-бандидан ҳам келиб чиқади, унда болани 2 ёшга тўлгунча парвариш қилиш бўйича нафақа тўлови бекор қилиниши ҳолатларининг ёпиқ рўйхати келтирилган. Бундай ҳолатларга қуйидагилар киради:

а) парвариш қилинаётган бола 2 ёшга тўлиши;

б) бола ихтисослаштирилган муассасага (гўдаклар уйига) тўлиқ давлат таъминотига жойлаштирилиши;

в) бола вафот этиши;

г) оила, бола билан биргаликда, доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетиши.

Болани парвариш қилиш бўйича нафақанинг бутун суммаси, уни тўловчи органнинг айби билан ўз вақтида олинмаган бўлса, ўтган вақт учун ҳеч қандай муддат билан чегараланмасдан бир йўла тўланади. Болани парвариш қилиш бўйича нафақа тайинлаш учун уни тайинлаш ҳақидаги ариза ва бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси тақдим қилинади.

 

Елена ЕРМОХИНА,

«Norma Online» эксперти.

 

 


ИШСИЗ ОНА ҚАЕРГА БОРСИН?

 

Корхона тугатилди. Шу сабабли ишга жойлаштирилмаган ходима болани 2 ёшга тўлгунча парваришлаш нафақасини қаерда олиши керак?

Л.Рихсаева.

 

– Бу ҳолда ишламайдиган онага нафақа Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон Қарорига 1-илова) мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланади ва тўланади. Болани 2 ёшга тўлгунча парваришлаш бўйича нафақа ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган ЭКИҲнинг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади (Низомнинг 8-банди).

Низомда бола парвариши бўйича нафақа олиш учун мурожаат қилиш, нафақа олиш учун аризани кўриб чиқиш, оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромадни аниқлаш тартиби белгиланган.

 

 

ИККИ ЙИЛ УЧУН БЎНАК ТАРИҚАСИДА

 

Болани 2 ёшга тўлгунча парваришлаш нафақасини 24 ой учун бўнак тариқасида тўлаш мумкинми? Шу жумладан корхонадан ишдан бўшаш чоғида?

Р.Бурова.

 

– Ишлаётган оналарга болани икки ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича ҳар ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 14.03.2002 йилда 1113-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланишича, бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун нафақа, одатда, туғилган, фарзандликка ёки васийликка олинган бола 2 ёшга тўлгунга қадар онага (бироқ у отаси, фарзандликка олган шахс, васий ёки бошқа қариндош бўлиши мумкин) тайинланади ва тўланади. Мазкур Низом бюджет соҳасида ишловчи оналарга татбиқ этилмайди. Ишлаётган (ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиётган, хизматни ўтаётган) оналарга (она ўрнини босувчи шахсларга) болани парвариш қилиш бўйича нафақа иш (ўқиш, хизмат) жойидан тайинланади.

Болани парвариш қилиш бўйича нафақа тўлови жорий ой учун корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятининг қарорига асосан амалга оширилади. Низомда унинг 24 ой учун олдиндан бир йўла тўланиши назарда тутилмаган. Нафақа бир йўла тўланадиган ягона ҳолат унинг олувчиси томонидан нафақа тўловчи корхона (муассаса, ташкилот)нинг айби билан ўз вақтида олинмаганлиги ҳолати ҳисобланади. Бундай ҳолларда нафақа ўтган вақт учун ҳеч қандай муддат билан чегараланмасдан бир йўла тўланади.

 

 

УЧ ЙИЛГАЧА ИШДАН БЎШАТА ОЛМАЙСИЗ

 

Агар боласи 2 ёшга тўлгач, болани 3 ёшга тўлгунча парваришлаш бўйича иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил берилишини сўраб ариза ёзган аёл билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинми?

Е.Уварова.

 

– Меҳнат кодексида аёллар ва оилавий мажбуриятларни бажариш билан банд бўлган шахслар учун кафолатлар назарда тутилган. Хусусан, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда нафақа тўланади. Аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади. Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади (МКнинг 234-моддаси).

3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади. Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаслиги керак (МКнинг 237-моддаси).

 

Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар.

Прочитано: 4242 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика