Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2016 год / № 14 / Парламент хабарлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

2016 йил 31 март – 1 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев бошқарди.

 

 

Сенаторлар парламент юқори палатаси Кенгаши томонидан тасдиқланган кун тартибига биноан қуйидагиларни кўриб чиқишди:

«Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунни. Кўриб чиқилаётган Қонуннинг асосий мақсади Конституция ва қонунлар талабларининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ягона ва бир тизимга солинган қонунчилик базасини яратишдан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг, шунингдек, муҳим давлат дастурларининг рўёбга чиқарилиши юзасидан ушбу давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ҳамда жавобгарлигини оширишдан иборат. Қонунда парламент назорати субъектлари ва объектлари белгилаб берилган, унинг шакллари мустаҳкамланган, парламент назорати натижалари бўйича кўриладиган чора-тадбирлар тартибга солинган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди;

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунни (янги таҳрирда). Қонун бухгалтерия ҳисобини тартибга солиш тизимини халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга, бухгалтерия ҳисоби ошкоралигини оширишга, бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш муддатларига аниқлик киритишга, бухгалтерия ҳисоби субъектлари раҳбарларининг ҳамда бухгалтерия хизматлари раҳбарларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ фарқлаб қўйиш орқали уларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган. Қонунда бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш тизимида уни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижасида аниқланган амалдаги қонун ҳужжатларидаги эскирган нормалар ва бўшлиқлар бартараф этилди. Айрим нормалар миллий қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларга ва халқаро амалиётдаги бухгалтерия ҳисобини ривожлантириш тамойилларига мувофиқлаштирилди. Хусусан, бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбарларига, уларнинг малака кўникмаларига, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузишга доир ишларга, бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш муддатларига, шунингдек, ушбу соҳада ташқи ва ички назоратни ташкил этишга доир фаолиятга қўйиладиган талаблар аниқ белгилаб берилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди;

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни. Ушбу Қонуннинг асосий мақсади ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат. Мазкур Қонун билан Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунларга ва бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, ушбу Қонун билан қулай инвестиция имкониятларини ва ишчанлик муҳитини янада яхшилашга, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди. Қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жисман ишлатиб бўлинган ҳамда маънавий эскирган асбоб-ускуна ва технологияларни олиб кирганлик ҳамда ўрнатганлик учун жавобгарликнинг янада кучайтирилишини назарда тутувчи тузатишлар киритилди. Бу тармоқларни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг самарадорлигини оширишга, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини, рақобатбардошлигини юксалтиришга кўмаклашади. Паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Фуқаролик кодексига киритилган тузатишларга мувофиқ турар жойларни ижарага бериш, текинга фойдаланишга бериш, улардан мақсадли фойдаланилаётганликни назорат қилиш тартиби такомиллаштирилди;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тўғрисидаги масалани. Мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бўйича прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида жорий йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тузиш тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарори қабул қилинди.

Қарорда Комиссия аъзолари сенаторлар орасидан уларнинг ваколатлари муддатига республиканинг барча минтақаларидан вакил бўлган 15 кишилик таркибда Сенат томонидан сайланиши белгиланган.

Шу муносабат билан батафсил ва ҳар томонлама муҳокамадан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси таркибини туздилар ва тасдиқладилар.

Шундан сўнг сенаторлар:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар. Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилаётганлиги устидан парламент назоратини амалга ошириш, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилганлиги таъкидланди. Омбудсман томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётганлиги тўғрисидаги мурожаатлари кўриб чиқилишига, уларни тиклаш бўйича қонуний чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий саводхонлик ошиб бораётганлиги қайд этилди;

Ҳисоб палатасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитишди. Ҳисобот йилида Ҳисоб палатаси томонидан мамлакатнинг 90 та муассасасида 30 та назорат йўналиши бўйича назорат тадбирлари ўтказилди. Назорат тадбирлари якунларига кўра текширилган вазирликлар ва идоралар манзилига Ҳисоб палатасининг 28 та кўрсатмаси юборилди. Ушбу кўрсатмалар текширув давомида аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этишга доир тадбирлар рўйхатидан, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлардан иборат. Ҳисобот даврида кўрилган чора-тадбирлар натижасида 75,9 миллиард сўм давлат фойдасига ундирилди.

Ҳисоботни муҳокама этиш чоғида сенаторлар Ҳисоб палатасининг назорат тадбирларини кучайтириш ва самарадорлигини оширишга, молиявий ҳуқуқбузарликларни камайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришга ҳамда келажакда уларнинг олдини олишга қаратилган ўз тавсияларини берди. Давлат бюджети ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш соҳасида Ҳисоб палатаси ва Олий Мажлис ҳамкорлигини кучайтиришга доир таклифлар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишди.

2015 йилда банк тизимининг янада мустаҳкамланиши, банклар капиталлашув даражасининг ошиши ва инвестиция фаолиятининг кенгайиши таъминланди. Банк тизимининг умумий капитали 2014 йилдагига нисбатан 23,3 фоиз ошди ва 7,8 трлн сўмни ташкил этди. Охирги 5 йилда бу кўрсаткич 2,4 баравар ўсди. Мамлакат банк тизими капиталининг етарлилик даражаси қарийб 24 фоизни ташкил этди, бу эса Базель қўмитаси томонидан белгиланган умумэътироф этилган халқаро стандартларнинг энг кам даражасидан 3 баравар ортиқдир, банк тизимининг ликвидлиги энг юқори индикатор баҳолардан 2 баравар юқори бўлди. Ҳисобот йилида банкларнинг жами активлари 25,1 фоизга кўпайди ва 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 65,2 трлн сўмни ташкил этди.

Пул-кредит сиёсати 2015 йилда истеъмол нархлари индекси бўйича мўлжалланган инфляция даражасини таъминлашга кўмаклашди. 2014 йилдагига нисбатан инфляция даражаси (6,1%) 0,5 фоиз пасайди ва 5,6 фоизни ташкил этди.

2015 йилда тижорат банклари томонидан иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 27,3 фоиз ошди. Ички маблағлар ҳисобидан ажратилган кредитлар тижорат банклари кредит портфелининг умумий суммасида 86,7 фоизни ташкил этди, шундан 79,8 фоизи инвестиция мақсадларига ажратилган узоқ муддатли кредитлардир.

2015 йилда тижорат банклари томонидан ушбу лойиҳаларга 10,2 трлн сўмлик кредитлар ажратилди, бу эса 2014 йилдагига нисбатан 20 фоиз кўп демакдир. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан ажратилган кредит ҳажми 2014 йилдагига нисбатан 1,3 баравар ошди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Уларга ўз бизнесини яратишлари ва эгаллаган билим ҳамда кўникмаларини амалиётда қўллашлари учун қарийб 280 млрд сўм ажратилди, бу эса 2014 йилдагидан 1,3 баравар кўпдир.

Банк хизматлари турлари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Жумладан, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар ҳажми охирги беш йилда 3,5 баравар ошди.

Мамлакат банк тизимида эришилган ижобий натижалар халқаро рейтинг агентликлари берган баҳоларда ўз аксини топди.

Ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни билдирдилар. Хусусан, банк-молия тизимининг барқарорлигини сақлаш, омонатчилар, қарз олувчилар ва кредиторлар манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг пул маблағларини узоқ муддатли депозитларга жалб қилиш ҳисобига банкларнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишини рағбатлантириш, банкларнинг инвестиция фаолиятини юксалтириш, шунингдек, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида назарда тутилаётган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида банклар ва бошқа молия муассасалари фаолияти устидан назорат қилиш самарадорлигини ошириш тавсия этилди;

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар. «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонунни ижро этиш мақсадида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташаббусига кўра жамоат экологик назоратини амалга ошириш юзасидан бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, бу эса атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга, табиатдан фойдаланувчиларнинг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги жавобгарлигини кучайтиришга кўмаклашди. Қўмита томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ва биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни тиклаш юзасидан 2015 йилда 14 та минтақавий дастур таклиф этилди ва ҳукумат томонидан маъқулланди. Энергиянинг қайта тикловчи манбаларини жорий этиш, экологик тоза товарлар ишлаб чиқариш каби масалалар ҳам диққат марказида бўлди.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан 2015 йилда олиб борилган аниқ мақсадга қаратилган ишлар натижасида табиатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий база мустаҳкамланди, давлат экологик назорати кучайтирилди ҳамда кичик ва ўрта бизнес зиммасига тушадиган юк камайтирилди, тармоқлараро бошқарув такомиллаштирилди ҳамда халқаро ҳамкорлик ривожлантирилди. Бажарилган ишлар табиий муҳит сифатига, биологик хилма-хилликни сақлашга ва тиклашга қўйилган талабларга риоя этилишини таъминлаш имконини берди.

Ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида сенаторлар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятининг самарадорлигини – ҳам давлат экологик назоратининг, ҳам жамият экологик назоратининг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклиф ва тавсияларни билдирдилар.

● Сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди таркибига ўзгартишлар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг Туркманистондаги Фавқулодда ва мухтор элчисини тайинлаш тўғрисидаги масалаларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқдилар.

Барча кўриб чиқилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати материаллари асосида тайёрланди.

Прочитано: 2937 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика